Бир ҳадис шарҳи
Дарҳақиқат, илм Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг гўзал атоси, бебаҳо неъмати лутфу-марҳаматидир. Зеро, унинг сабабидан инсон Аллоҳни, унинг Расулини, ҳалол-ҳаромни, бу дунёга нима мақсадда келганини англайди. Натижада ҳаёти давомида Унинг розилигини истаб иш юритади. Дунёнинг тараққий этиши, инсоният фаровон ҳаёт кечиришининг негизида ҳам илм ётади.
Муқаддас ислом таълимотида ҳам инсонлар илм олишга тарғиб қилинган. Ҳақ таоло уни ўрганган ва амал қилганларни юксак даражаларга кўтариши хабарини бериб, бундай марҳамат қилган:
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур”[1].
Ушбу оят билан Аллоҳ таоло илм одамларининг даражасини кўтариб қўйди. Олимлар жамиятда инсонларга яхшилик таълимини беради. Улар ваъз-насиҳатларда, илмий суҳбатларда, ёзган асарлари орқали бошқаларга дунёвий илмлардан, соф ислом дини, пайғамбарнинг суннати ва уламоларнинг ўгитларидан таълим бериб, тўғри йўлни кўрсатади. Ундай олимларга само аҳли ҳамда ер юзидаги барча нарсалар тасбеҳу саловатлар айтар экан.
Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом бундай деб марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва Ер аҳли ҳамда денгиздаги балиқлар одамларга яхшиликни ўргатадиган кишига саловат айтади”(Термизий ривояти).
Олим билан оддий обид (ибодат қилувчи) кишини самодаги ой ва юлдузларга ўхшатиш мумкин. Самога назари тушган одамга ой катта бўлиб кўриниб, у ер юзига нур сочаётгани яққол билинади. Юлдузлар эса кичик кўриниб, уларнинг нури фақат ўз атрофини ёритади, холос. Олимнинг оддий ибодат қилувчидан фарқи шу кабидир. Обид инсон илм тарқатмасдан фақат билганича ибодат қилади. Олим киши эса қоронғу кечада нур сочган ой каби жаҳолатда юрганларга ислом ҳидояти нурини таратади. Шунинг учун обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати эса ҳамма учундир.
Ҳадисда таъкидланганидек, илм аҳлини нафақат инсонлар, балки тилсиз жонзотлар ҳам ҳурмат қилар экан. Юқорида келган оят ва ҳадисдан инсон шундай манфаат олиши мумкинки, ўша банданинг ҳаққига саловат Раҳим бўлган Зот томонидан айтилса, бу Аллоҳнинг раҳматини ифода этар экан. Фаришталар томонидан бўлса, унга истиғфор айтган бўлади. Инсонлар томонидан бўлганда эса, уларнинг дуо қилиши назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, илм ва олимнинг қадр-қиймати нақадар юксак эканини юқоридаги оят ва ҳадисдан англаш мумкин. Аллоҳ таоло барчамизга олимлар қаторида бўлишни насиб қилсин.