Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари нусхалари Дунёнинг турли мамлакатлари кутубхоналарида сақланмоқда. Жумладан, АҚШнинг Мичиган кутубхонасида ушбу асарнинг “Ваҳийнинг бошланиши” бобидан “Саҳобаларнинг фазилати” бобидаги 3758-ҳадисгача бўлган қисми нусхаси сақланиб келаётганини аввалги мақоламизда баён қилган эдик.
Навбатдаги ноёб нусха “Ваҳийнинг бошланиш китоби” бобидаги 1-ҳадисдан бошланиб, “Дуолар китоби” бобидаги 7563-ҳадис билан ниҳояланган.
Китоб яхлит ҳолатда, яхши сақланиб қолган. бўлиб, басмала ва муқаддимаси икки бетни ташкил қилади. Асар Нисо сурасининг 163-ояти билан бошланган, яъни:
إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَىٰ نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ ۚ وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ ۚ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا
Маъноси: “Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Исо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик”.
Асар 594-варақда қуйидаги ҳадис билан якунланган:
قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كَلِمَتَانِ خَفِيفَتَانِ علَى اللِّسَانِ، ثَقِيلَتَانِ في المِيزَانِ، حَبِيبَتَانِ إلى الرَّحْمَنِ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ.
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар:”
سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ سُبْحَانَ اللهِ الْعَظِيمِ
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм», деб айтдилар”.
(Маъноси: Аллоҳни ҳамд айтиш ва улуғлаш билан поклайман.)
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Асарнинг библиографияси: Brock, GAL, I, 164; S I, 261 ; EI2 I/296-297; GAL I/157-160 S I/260-265; GAS I/115-134; Hajji Khalifah II/512-541, no. 3908; Kahhalah IX/52-53; Zirikli VI/34; R.L. V5.P, I, 8.
Асар кўчирилган сана 975/1567-1568 йил.
Хаттот Шоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ҳусайн Зирбаий.
Асар колофонида араб тилидаги қуйидаги битикларни кўришимиз мумкин:
تم بعون الله وحسن توفيقه من يد عبد الصعيف الرجي لما رحمة الله العزيز الرحيم شاه محمد بن ابراهيم بن حسين زيربائي روضه مشكلة مخدوم شيخ احمد قدس الله شاه العزيز غفر الله له ولوالدينا ولاستاذيا و الجميع المؤمنين و المؤمنات الاخيار منهم والاموات روز جمعة ماه شوال وقت ظهر سنة خمسة و سبعين تسعمائة هجرية هركه …
Асар насх хатида битилган бўлиб, ҳар бети 25 қатордан иборат. Мистара ва пойгирлари бор. Сиёҳи қора, зарҳал нақш билан безатилган, боб фасллари қизил сиёҳда, матн қизил-кўк рангли, тилла рангли рамкага олинган. Ҳошиясида шарҳлар бор. Шарқ қоғози; курроса 8; матн ўлчами: 200-130 mm; варақ ўлчами: 340-250 mm; саҳифалар рақамланмаган. Қўлёзма 1924 йил Қоҳира шаҳрида бир яҳудий тижоратчи томонидан сотиб олинган бўлиб, бу китоб Абдулҳамид II нинг шахсий коллекциясида сақланган.
Муқоваси бинафшаранг, теридан тайёрланиб, бахмал ва тилла билан безатилган. Шарқ муқоваси. Таякиси чармдан. Қўлёзманинг ҳолати: таъмирланган, яхши сақланган.
ИБХИТМ илмий ходими
Булғор ислом академияси магистранти