Home / МАҚОЛАЛАР / БЕШИКДАН ҚАБРГАЧА ИЛМ ИЗЛАНГ!

БЕШИКДАН ҚАБРГАЧА ИЛМ ИЗЛАНГ!

Исломда илм талаби ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз қилинган. Буни қуйидаги ҳадислар мисолида кўриш мумкин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қаноатларини ёзиб қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”. (Бухорий ривояти)

Ушбу ҳадисларда илм талаб қилиш билан бирга, илмнинг ва олим одамнинг фазли баён қилинмоқда. Исломда илм талаб қилганнинг нечоғли улуғ даражада бўлиши таъкидланмоқда.

Истиғфор айтиш – бировнинг ҳаққига дуо қилиш маъносида бўлиб, ҳадисда олим киши илм олгани ва одамларни ҳидоятга бошлагани учун осмондаги ва ердаги зотлар томонидан шарафланиши айтилмоқда.

Олим – диний ва дунёвий илмларни яхши билувчи шахс бўлиб, обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул кишидир. Кечаси осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади ва у Ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади ва уларнинг нурлари ўз атрофини зўрға ёритгандек бўлиб кўринади. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун нур чиқарса, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият (билимсизлик) зулматида юрган одамларга ҳидоят нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учундир[1].

Имом Ғаззолий Аллоҳ таолонинг Ал-Кабир исми шарҳида: “Банданинг аъмоли унинг ақли, тақвоси ва илмидадир. Демак, кабир банда – олим, тақводор, солиҳ киши бўлиб, ўз илмининг зиёсидан халқни баҳраманд этувчи муршиддир” деб[2], илмни ва олимларни улуғлайди.

Аллома Ал-Боис исми шарҳида: “Баъс – тирилтириш сўзининг ҳақиқий маъноси ўликларни қайтадан тирилтиришга нисбатан қўлланади. Билимсизлик – жаҳолат катта ўлимдир, илм эса шарафли ҳаётдир. Илм ва жаҳолат ҳақида сўз кетар экан, комил ҳуқуқ билан айтиш мумкинки, биринчиси ҳаёт бўлса, иккинчиси ўлимдир”[3]. Шу жиҳатдан, кимки бировни жаҳолатдан илм томон йўналтирса, ҳақиқатда уни қайтадан тирилтирган ва унга ширин ҳаёт бахш этган бўлади.

Демак, инсон халққа илм туфайли бирор фойда етказиш имкониятига эга бўлса, одамларни ҳидоятга даъват этса, ана шу амали тирилтиришнинг бир ифодаси бўлади. Бу эса пайғамбарларнинг ва уларнинг вориси саналмиш олимларнинг юксак мартабасидир.

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 3-жуз. –Т.: “HILOL-NASHR”, 2018. –Б. 104.
[2] Мирзо Кенжабек. Фақиҳ Абу Лайси Самарқандий хазинаси: Муқаддима // Самарқандий, Абу Лайс. Бўстон ул-орифийн/А.Л.Самарқандий; араб тилидан таржимонлар: Масъудхон Исмоилов ва Бекназар Муҳаммадшукур. –Самарқанд: “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази”, 2018. –Б. 8.
[3] Ўша манба. –Б. 23.
Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …