Home / МАҚОЛАЛАР / СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ

СУЛОСИЁТУЛ БУХОРИЙ

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий “Амирул муминин фил ҳадис” “(Ҳадис илмида муминларнинг амири)” “Имомул муҳаддисин” (Муҳаддислар имоми), “Имомуд дунё” “(Дунё имоми)” ва “Шайхулислом”[1] рутбаларига сазовор бўлган. Алломанинг ҳаёти ва бой маънавий меросини кенг тадқиқ этиш юзасидан нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Манбаларда Имом Бухорий қирқ йил мобайнида кўплаб мамлакатларда илмий сафарда бўлиб, йигирма тўртта асар ёзгани қайд этилган. Алломанинг шоҳ асари – “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами бўлиб, унда 7563 ҳадис жамланган. Ҳадислар санади (ровийлар силсиласи)даги ровийларнинг сони учтадан то тўққиз нафаргачани ташкил этади. Жумладан, 7135-тартиб рақами билан келган биргина ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Имом Бухорийгача тўққиз нафар ровий орқали етиб келган. Қолган ҳадисларнинг аксари 5-6 ровийлик ҳадислар ҳисобланади.

Уч ровий орқали етиб келган ҳадислар эса 22 тани ташкил этади. Яъни, муаллиф билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртасидаги ровийларнинг сони уч кишидан иборат. Масалан, Имом Бухорий ҳадисни табаъ тобеиндан, у тобеиндан, у саҳобадан ва саҳоба эса шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитган. Бу турдаги уч ровийли – олий санадли ҳадисларни ўз ичига олган асарлар “Сулосиёт” деб номланган.

Бундай китоблар талайгина бўлиб, улар орасида “Сулосиётул Бухорий” анча машҳурдир. Имом Доримийнинг (797-869 й.) сулосиётида ўн еттита, Ибн Можанинг (824-887 й.) сулосиётида бешта, Имом Абу Исо Термизийнинг (824-892 й.) сулосиётида битта, Имом Табарий (873-971 й.) томонидан битилган ҳадис тўпламларида учта ва Имом Аҳмаднинг (780-855) “Муснад” асарида 332 та ҳадис уч ровийлидир.

Бу турдаги ҳадислар олти саҳиҳ ҳадис тўпламига кирувчи барча китобларда ҳам учрамайди. Жумладан, Имом Муслим (820-875), Имом Абу Довуд (817-889) ва Имом Насоий (830-915)нинг тўпламларида уч ровийлик ҳадислар келмаган[2].

Ҳозирги кунда “Сулосиётул Бухорий”нинг нодир қўлёзма нусхалари дунёнинг барча минтақаларидаги кутубхона ва архивларида сақланмоқда.

Жумладан:

  • Германия Федератив Республикасидаги Берлин давлат кутубхонасида инв. № 1620 (Кўчирилган сана: 949/1542 й. ҳажми: 1-4 варақ) ва инв. № 1621 (Кўчирилган сана: 1150/1737 й. ҳажми: 37-41 варақ);
  • Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар кутубхонасида инв. №125 (ҳажми: 1б – 17б варақ);
  • Покистон Ислом Республикасидаги Қосимия кутубхонасида инв. № 20 (ҳажми: 15 варақ);
  • Россия Федерациясидаги Санкт-Петербург кутубхонасида инв. № B 2283 (ҳажми: 28б-33б варақ.), инв. № B 3004 (Кўчирилган сана: 1313/1896 й. ҳажми: 50б-68б варақ) ва инв. № B 4250 (Кўчирилган сана: 1016/11607 й. ҳажми: 246б-251б варақ);
  • Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги “Подшоҳ Файсал илмий тадқиқотлар ва исломшунослик маркази кутубхонаси” кутубхонасида инв. №-1884, فك-1885,ف -3-1148 (Хаттот: Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад Жуъфий. Кўчирилган сана: 1285/1842 й. ҳажми: 8 варақ);
  • Тунис Республикасининг Тунис Миллий кутубхонасида инв. № 139. № A-MSS-6809;
  • Туркиядаги Анқара миллий кутубхонасида инв. № 139 (Кўчирилган сана: 934/1527 й. ҳажми: 57б-61а варақ), инв. № № 543/6 (ҳажми: 84б-88а варақ), Коня ўлка ёзма асарлар кутубхонасида инв. № 374/4 (ҳажми: 30б-38а варақ.), Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасининг Асад Афанди коллекциясида инв. № 3547 (ҳажми: 1-4 варақ), Аясофия коллекциясида инв. № 000882 (ҳажми: 120-122 варақ), Лалели коллекциясида инв. № 000255-006 (ҳажми: 81-83 варақ), Раисул куттаб коллекциясида инв. № 001190 (Кўчирилган сана: 949/1542 й. ҳажми: 24-26 варақ), Шаҳид Али Пошо коллекциясида инв. № 000333 (Хаттот: Қосим ибн Муҳаммад. ҳажми: 56-61 варақ), Ҳамидия коллекциясида инв. № 001456 (Кўчирилган сана: 879/1474 й. ҳажми: 235-240 варақ);
  • Ўзбекистон Республикасидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида инв. № 428/IV (Кўчирилган сана: 994/1585-86 й. ҳажми: 188а-192а варақ) ва Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида инв. № 4079 (ҳажми: 111б-116б варақ), инв. № 4079/II (Кўчирилган сана: 998/1590 й. ҳажми: 111а-116б варақ), инв. № 4876 (ҳажми: 116б-123б варақ), инв. № 6591 (ҳажми: 59б-63а варақ), инв. № 6767 (ҳажми: 145б-149б варақ) ва инв. № 7131 (ҳажми: 225а-226б варақ);
  • Ҳиндистон Республикасининг Мавлоно Абу Калом Озод араб ва форс тадқиқотлар институти кутубхонасида инв. № Т/1987/5 (Кўчирилган давр: XIII/XIX аср. ҳажми: 2 варақ), инв. № Т/1987/6 (Кўчирилган давр: XIII/XIX аср. ҳажми: 2 варақ) рақамлар остида сақланмоқда.

Мазкур нусхалар турли замонларда, ҳар хил жойларда, бошқа-бошқа хаттотлар томонидан кўчирилгани боис уларнинг ёзилиши ва ҳажми бир-биридан бироз фарқ қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасида № 428 рақам билан сақланаётган қўлёзма мажмуа бўлиб, унда Шамсиддин Муҳаммад Жазарийнинг (1350-1429 й.) “Ал-Ҳиснул ҳасин”, Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг (824-892 й.) “Аш-Шамойилул Муҳаммадия”, Муҳиддин Нававийнинг (1233-1277 й.) “Арбаин”, Жалолиддин Суютийнинг “Лубобул ҳадис” ва “Сулосиётул Бухорий” каби рисолалар жамланган.

Мазкур “Сулосиётул Бухорий” № 428/IV рақам остида бўлиб, унинг умумий ҳажми 269 варақни, ўлчами эса 15х9 см.ни, ташкил этади. “Сулосиётул Бухорий” мажмуанинг 188а-192а варақларидан ўрин олган бўлиб, 5 варақдан иборат. Асардаги матн ўлчами 6х3.5 см.ни ташкил этади. Унинг 188а варағида матн сатрлари 6 қаторни, 188б варағида 12 қаторни, 189а – 191б варақларида 13 қаторни ва 192а варағида эса 10 қаторни ташкил этади. Асар Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан насх хатида кўчирилган. Матн ичидаги ҳадисларнинг тартиб рақами ва зарурий деб топилган айрим қайдлар қизил сиёҳда ёзилган. Унинг ҳошиясида изоҳ ва қайдлар ҳам мавжуд. Асар номи 188а ва 188б варақларда “الْأَحَادِيثُ الثلاثِيَاتُ” (“Ал-Аҳодисус сулосиёт”)[3] шаклида қайд этилган. Асарнинг кўчирилган санаси ва хаттот номи кўрсатилмаган. Лекин ундан олдинги “Ал-Ҳиснул ҳасин” асарининг колофон қисмида 821/1418 йили жумодус соний ойи кўчирилгани қайд этилган[4]. Мазкур асарлар бир мажмуада жамлангани ва ҳуснихати, хат тури, ёзиш услуби, қоғоз турининг бир хиллигидан келиб чиқиб, “Сулосиётул Бухорий”ни ҳам шу санада кўчирилган деб хулоса қилиш мумкин. Китоб яхши сақланган, муқоваси ва таякиси чармдан ишланган бўлиб, четлари бироз емирилган. Орқа муқоваси жойидан ажралгани боис таъмирланган. Давоми бор…

[1] Саид Азим Муҳаммад Али. Имом Бухорий таърифи. –Т.: Чўлпон нашриёти. 1996. –Б. 11-12.
[2] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Сулосийёт ал-Бухорий. (Тадқиқот, таржима ва шарҳ муаллифи: Ҳамидулла Аминов) –Т.: Irfonnashr. 2021. –Б. 7-8.
[3] Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, №428/IV. –В.188а-б.
[4] Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди, №428/I. –В.87б.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …