Имом Бухорий ўзининг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий”ни жамлашда барча жиҳатларни эътиборга олган. Дейлик, бу тўпламдан фиқҳ ё калом илми мутахассислари ҳам, ёки ақида уламолари ҳам кенг фойдаланади. Яъни, ҳар бир соҳа вакили ундан ўзига фойда олади.
“Саҳиҳул Бухорий” билан танишган киши Имом Бухорий бу асарни ёзишда оддий инсонларни, яъни тақвоси кучли, лекин олимлик қилмаган одамларни ҳам ўйлаган, деган хаёлга боради. Негаки, олим адабиётларни пайдарпай варақлаб, керакли маълумотни амаллаб топиб олиши мумкин. Лекин косибнинг бунга ҳамиша ҳам имкони бўлавермайди – гоҳ илми етмаса, гоҳ вақти бўлмайди.
Қуйидаги ҳадисдан – айтилганидек – ё фиқҳ, ё ақоид илми мутахассиси кенгроқ фойда олиши равшан. Лекин олимлик қилмаган оддий инсон учун ҳам бу содда, равон сўзлар ҳаёт заруратларидан бирини белгилаб беради.
Ҳишом отасидан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб айтади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига кирганларида, олдида бир аёл бор эди. У зот: “Бу ким?” дедилар. “Фалона” деб, унинг намозини зикр қила кетди. “Тўхта! Тоқатингиз етадиган нарсани қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизга малол келмагунича, Аллоҳга малол келмайди”, дедилар. У зотга дин (амаллари)нинг энг севимлиси соҳиби унда бардавом бўладигани эди”[1].
Ҳадисда зикр қилинган аёлнинг номи Ҳавла бинти Тувлодир. Набий алайҳиссалом бу “Бу ким?” деб сўраганларида, Оиша онамиз унинг исмини айтиб, дарров кўп намоз ўқишини гапира кетди. У аёл, ҳақиқатан ҳам, кечаси уйғониб, туннинг қолгани қисмини ибодат билан ўтказар ва шу фазилати билан машҳур бўлган эди.
Оиша онамиз аёлнинг шу хислатини мақтай бошлаган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтатдилар. У зот буни яхши санамадилар. “Тоқатингиз етадиган нарсани қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизга малол келмагунича, Аллоҳга малол келмайди”, дедилар. Яъни, тоқатингиздан зиёд амал қилсангиз, вақти келиб, малолланиб қолишингиз мумкин. Оқибатда амални тарк этиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Ўша пайтда Ҳақ таоло сизга жавоб беришни тарк қилади.
Албатта, Аллоҳга нисбатан “малол келиш” калимаси айтилгани Парвардигорнинг савоб беришдан чарчашини англатмайди. Балки савоб беришни тўхтатиб қўйишини билдиради.
Аллоҳга “малолланиш” нисбатининг берилиши гўзал мажозий ифода, холос. Чунки, чарчоқ ё малолланиш Ҳақ таолога хос эмас. У Зот бундай туйғулардан покдир.
Энди яна гапнинг дебочасига қайтадиган бўлсак, ҳадисдан оддий одам қандай сабоқ олади? Ҳа, инсон ғайрат билан амалининг барқарорлигини сақлаши кераклигини тушуниб етади! Бир бошлаб тўхтаб қолгандан кўра, кам бўлса-да, давомли қилиш кераклигини англаб олади. Имом Бухорий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан кейин Оиша онамизнинг изоҳини бежиз келтирмаяпти: “У зотга дин (амаллари)нинг энг севимлиси соҳиби унда бардавом бўладигани эди”.
Бу ўринда аллома Гангуҳийнинг сўзларини келтириш ўринлидир: “Агар нафл амал қилсанг, у амални қилишдан шу ҳолатда тўхтагинки, хоҳиш ҳали боқий қолган (барқарор турган) бўлсин”[2]. Яъни, нафл намоз ўқияпсиз. Қизиқиш, интилиш ҳали яхши. Ўша пайти тўхтатинг. Токи ғайратингиз тугаб қолмасин. Ўша амални яна бажаришга иштиёқ қолсин. Қилавериб-қилавериб, чарчаб, тарк этадиган бўлсангиз, кейин давом эттира олмайсиз. Чунки, аввалги ғайрат, аввалги ҳафсала сизни тарк этган бўлади.
Модомики, диндан мурод амал экан, ана шу амалда бардавом бўлмоқ керак.