Home / АЛЛОМАЛАР / КУБРОВИЯ ТАРИҚАТИ НАМОЯНДАЛАРИ (Алоуддин Муҳаммад Бухорий)

КУБРОВИЯ ТАРИҚАТИ НАМОЯНДАЛАРИ (Алоуддин Муҳаммад Бухорий)

Кубровия силсиласи Алоуддин Муҳаммадга ота-боболари орқали[1] етиб келган. Унга кўра, отаси Саййид Мир Жалолиддин Муҳаммад, унинг устози ва отаси Саййид Мир Олим, унинг устози халифа Ашур Муҳаммад, унинг устози Саййид Амир Закариё хожа Вожкатий орқали аждоди Саййид Амир Али Ҳамадоний, унинг устозлари Шайх Нуриддин Али Тусий ва Шарафиддин Маздақоний, уларнинг устози Шайх Рукниддин Алоуддавла Симноний[2], унинг устози Шайх Нуриддин Абдураҳмон Исфароёний, унинг устози Шайх Жамолиддин Аҳмад Журжоний ва унинг устози Шайх Розиддин Али Лоло воситасида[3] Шайх Нажмиддин Куброга уланган.

Ота-бола ва аждодлар кетма-кетлигида тариқат силсиласи узвий давом этган ҳолатлар ҳам кузатилган. Алоуддин Муҳаммаднинг кубровия силсиласида отаси билан бирга ўн тўртта аждоди тургани бунинг далилидир. Бу Зарафшон воҳаси тасаввуф тарихида ягона насаб (ота-боболари)-ҳасаб (устозлари) шажарасидир. Яъни ўн тўртта авлод вакили устоз-шогирд сифатида кубровия силсиласини узвий давом эттирган. Бундай ҳолат Муҳаммад Ҳусайн Бухорий (5 та) ва Шайх Мирзо Абул Ҳасан (4 та авлоди давом эттирган) силсилаларида кузатилган.

Саййид Амир Закариё хожа Вожкатий 1078/1667 йил Ҳисори Шодмоннинг Симганж мавзесида таваллуд топган. Отаси Хожа Неъматуллоҳ воситасида кубровия силсиласига уланган. Амир Закариё хожа устозига йигирма бир йил хизмат қилгач, нақшбандия тариқати ижозатини олади. Бухорода Хожа Муҳаммад Порсо хонақосида[4] истиқомат қилади. Бухоро хони Абулфайзхон ушбу хонақоҳга ташриф буюриб, унга мурид бўлади[5]. Кейинчалик бироз муддат[6] Ҳисорда истиқомат қилади. Амир Дониёл давридан[7] то Амир Шоҳмурод даври (1785 йил)гача Хожа Муҳаммад Порсо хонақосида таълим-тарбия ишлари билан машғул бўлади. Шундан сўнг Бухоронинг Вожкат мавзесига кўчиб боради ва у ерда умрининг охирига қадар истиқомат қилади. Шайх 1203[8]/1788 йили 125 ёшида вафот этгач, Каъбул Ахбор қабристонига дафн қилинади. У Муҳаммад Сафар ва Ашур Муҳаммад[9] каби шогирдларни тарбиялаган.

Амир Закариё хожа Вожкатийнинг фарзанди Олим хожа Ромитаннинг Камол қасабасида[10] 1150/1737 йилда таваллуд топган ва шу ерда 1226/1811 йилда вафот этган.

Олим хожанинг фарзанди ва шогирди Жалолиддин Муҳаммад “Қасабаи Камол”да 1200/1785 йилда таваллуд топган. У Ашур Муҳаммаддан нақшбандия ва кубровия таълимини олиб, иршод мақомига етган. Кейинчалик Бухоро ҳукмдори Амир Насруллоҳ унинг суҳбатига етади ва иззат-икром кўрсатиб, Шайх Ҳабибуллоҳ хонақосига кўчириб келади[11]. Натижада у шу ерда илмий-маърифий фаолиятини давом эттирган. Жалолиддин Муҳаммад 1286[12]/1869 йилда вафот этган ва Хожа Ҳафс Кабир қабристонига дафн этилган.

Унинг фарзанди ва шогирди Алоуддин Муҳаммад силсилани давом эттириб, Қори Абдураҳим Торобий, Эшон Садр, халифа Нур, Эшон Боқи хожа, Эшон Ҳусайн хожа, Абдураҳим Хўқандий каби шогирдларни тарбиялаган. У араб тилида “Ҳужжатул комилин фий атворус соликин” (Комиллар ҳужжати ва соликлар қиёфаси) номли асар ёзган. 1298/1880 йили вафот этгач, Хожа Ҳафс Кабир хонақосининг қибла томонига дафн этилган.

Жалолиддин Муҳаммаднинг иккинчи ўғли Султон хожа бўлиб, Эшон Қози номи билан машҳур бўлган. Акаси вафот этгандан сўнг амирдан рухсат олгач (Хузор қозилигини топшириб), Бухорога келиб, тариқат маснадига ўтирган. У бу даврда Ориф Меҳтар масжидида яшаган. 1319/1901 йили вафот этган Султон хожа Ҳазрати Имом[13] қабристонига дафн қилинади. Жалолиддин Муҳаммаднинг учинчи ўғли Қамариддин ҳам 1319/1901 йили вафот этгач, акаси Алоуддин қабрининг жануб томонига дафн этилган.

Жалолиддин Муҳаммаднинг шогирди Мавлоно Абдураҳим Қурро Торобий тариқат силсиласида устозининг ўғли Алоуддин Муҳаммаддан ижозат олган. У Бухородаги Кўкалдош мадрасасида Қуръон қироати ва ҳадис илмидан талабаларга сабоқ берган. У “Ҳужжатул воқифин” (Маърифатдан воқиф бўлганларнинг ҳужжати), “Туҳфаи хоний” (Хонларга туҳфа), “Шарҳи фиқҳи Кайдоний” (Фиқҳи Кайдоний шарҳи), “Шарҳи қасидаи бонати саодат”[14] (Бонати саодат қасидасининг шарҳи) каби бир қатор асарларни тасниф этган. Мавлоно Абдураҳим Қурро 1322/1904 йилда вафот этгач, халифа Муҳаммад Ҳусайн қабрининг[15] шимоли ғарб томонига юз қадам масофада дафн этилган. “Туҳфатуз зойирин” (Зиёратчиларга туҳфа) асари муаллифи Носириддин Бухорий ҳам[16] Мавлоно Абдураҳим Қурро Торобийга шогирд тушиб, тариқат силсиласига боғланган.

Алоуддин Муҳаммад Бухорий нафақат кубровия тариқати, балки нақшбандия тариқатида ҳам фаолият олиб боргани тўғрисидаги маълумотлар манбаларда қайд этилган. Унинг бир неча тариқатда фаолият олиб боргани, замонасининг етук тасаввуф намояндаларидан бири эканини кўрсатади.

[1] Носириддин Бухорий ҳам айтиб ўтган. Қаранг: Туҳфатуз зойирин. – Б. 79.
[2] Алоуддин Муҳаммад Бухорий. Ҳужжатул комилин фий атворус соликин. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди. Инв №4400/II. – 147б варақ.
[3] Ўша манба: – 148б варақ.
[4] Туҳфатуз зойирин. – Б. 75.
[5] Бу вақтда хонақоҳда Абул Ҳоди хожа ва Мулла Муҳаммади Имло Балхий каби олтмиш уч нафар машойихлар фаолият олиб борган.
[6] Эрон шоҳи Нодиршоҳ Бухорони эгаллаган даврдан то Амир Дониёл тахтга келгунига (тахминан 1736-1757 йиллар) қадар.
[7] Туҳфатуз зойирин. – Б. 77.
[8] Шу жойда.
[9] Қабри Ғиждувонда.
[10] Бухородан шимол томонга 2 фарсах масофада жойлашган.
[11] Туҳфатуз зойирин. – Б. 79.
[12] Ўша асар: – Б. 80.
[13] Хожа Ҳафс Кабир назарда тутилмоқда.
[14] Туҳфатуз зойирин. – Б. 82.
[15] Бухоро каналининг жанубида, Қавола дарвозасининг ташқарисидаги Беҳиштиён тепалигида жойлашган.
[16] Туҳфатуз зойирин. – Б. 85.
Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …