Home / МАҚОЛАЛАР / ЭНГ ЯХШИ НАСИҲАТ

ЭНГ ЯХШИ НАСИҲАТ

Насиҳат кишини нотўғри, хато йўлдан тўғри йўлга, залолатдан ҳидоятга олиб чиқувчи омилдир. Шу сабабли инсон тойилиш ва хатолардан, жамият эса ахлоқсизлик ва ижтимоий тубанликдан сақланади. Насиҳат сабаб мўмин-мусулмонлар бу муқаддас динда қоим туради. Имом Бухорийнинг ушбу мавзуга оид “ал-Адабул муфрад” асарида келтирган бир ҳадисининг шарҳига тўхталиб ўтамиз:

٨ – حَدَّثَنَا مُسَدَّدٌ، قَالَ‏:‏ حَدَّثَنَا إِسْمَاعِيلُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ، قَالَ‏:‏ حَدَّثَنَا زِيَادُ بْنُ مِخْرَاقٍ قَالَ‏:‏ حَدَّثَنِي طَيْسَلَةُ بْنُ مَيَّاسٍ قَالَ‏ :» كنتُ مع النَّجَداتِ، فأصبْتُ ذُنوبًا لا أراها إلَّا مِنَ الكبائرِ، فذكَرْتُ ذلكَ لابنِ عُمرَ رَضِيَ اللهُ عنهما، قال: ما هي؟ قلتُ: كذا وكذا، قال: ليستْ هذهِ مِنَ الكبائرِ؛ هُنَّ تِسْعٌ: الإشراكُ باللهِ، وقَتْلُ نَسَمَةٍ، والفِرارُ مِنَ الزَّحفِ، وقَذْفُ المُحْصَنةِ، وأكْلُ الرِّبا، وأكْلُ مالِ اليتيمِ، وإلحادٌ في المسجدِ، والذي يَستَسخِرُ، وبُكاءُ الوالدَيْنِ مِنَ العُقوقِ،  قال لى ابن عمر: أتَفرَقُ منَ النارِ أن تَدخُلَها ؟ قال: قلتُ: إيْ واللهِ، قال: أَحَيٌّ والِدُكَ؟ قلتُ: عِندي أُمِّي، قال: فواللهِ، لو أَلَنْتَ لها الكلامَ، وأطعمْتَها الطَّعامَ، لَتَدْخُلَنَّ الجنَّةَ ما اجتَنَبْتَ الكبائرَ.

Тайсала ибн Майёсдан ривоят қилинади:

“Мен хорижийларнинг Нажадот фирқасидагиларни[1] тарафдорлари билан бирга эдим. Шу сабабли бир неча гуноҳ ишларга қўл урдим. Уларни ўзимча катта гуноҳлардан деб ўйлаб, уни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга айтдим. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: “Улар нима ишлар экан?” деб сўради. Мен: “Шундай шундай ишлар”, дедим. “Булар катта гуноҳ эмас, У (катта гуноҳ)лар тўққизтадир: Аллоҳга ширк келтириш, айбсиз инсонни ўлдириш, уруш майдонидан қочиш, муҳсина (ўзини покиза сақлаган) аёлни зинокор (фоҳиша) деб айблаш, судхўрликдан ризқ ейиш, етимнинг молини ейиш, масжидда диндан чиқиш, одамларни масхара қилиш, (фарзанд озори сабабли) ота-онанинг йиғлаши ҳам фарзанднинг оқ бўлишидандир”, деди. Кейин Ибн Умар менга: “Сен дўзахдан сақланиб, жаннатга киришни хоҳлайсанми?” деди. Мен: “Аллоҳга қасамки, шундай,” дедим. У киши: “Ота-онанг ҳаётми?” деди. Мен: “Онам бор”, дедим. У киши: “Аллоҳга қасамки, онангга гапиришда юмшоқсўз бўлсанг, уни таомлантирсанг, албатта, жаннатга кирасан, модомики катта гуноҳлардан сақланган бўлсанг”, деди [2].

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактабларини ўтаган буюк саҳобий, умматнинг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурига Тайсала ибн Майёс адашган фирқага қўшилиб қолиб, билиб-билмай қилиб қўйган гуноҳлари юзасидан маслаҳат сўраб келди. Ундан гуноҳларидан қандай покланиб, дўзахдан қандай сақланишни сўради. Абдуллоҳ ибн Умар унинг нима гуноҳ қилганини сўраганида Тайсала бирма-бир қилган гуноҳ амалларини, адашган оқимга қўшилиб қилган хатоларини айтиб берди. Абдуллоҳ унинг бу қилган амаллари гуноҳи кабира (катта гуноҳ)лар тоифасига кирмаслигини айтди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган катта гуноҳларни бирма-бир санаб берди:

  1. Аллоҳга ширк келтириш

Аллоҳ таолодан бошқага сиғинишга ширк амал дейилади. Киши кичкина ширк амали сабабли ҳам имонидан маҳрум бўлади. Шунинг учун бу амал катта ва кечирилмас гуноҳ сифатида қаралади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва лекин ана шундан бошқа (гуноҳ)ларни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур”. (Нисо сураси, 48-оят).

Шунингдек, Аллоҳ таоло ширк келтиришни Луқмон сурасининг 13-оятида “Албатта ширк энг катта зулмдир” деб ширк амалини зулмга тенглаштиради. Чунки,  мушрик ҳар қандай шерикдан пок Аллоҳга бир махлуқни тенглаштириб, уни Холиқ даражасига кўтарди ва бу амали билан Аллоҳ таолонинг ўзига нисбатан ғазабини қўзғаб, ўзига-ўзи зулм қилган бўлади.

Бошқа амаллар сингари ширк амаллари ҳам зоҳирий (кўриниб турадиган) ва ботиний (махфий) бўлади. Зоҳирий ширкка Аллоҳ таолога ибодат қилиш билан бирга бошқа бут-санамларга сиғиниш, ёки мутлақ ҳолда Аллоҳ таолодан бошқасига сиғиниш киради.

Ботиний ширк амалларга фолбин, сеҳргар, мунажжимларнинг сўзларини тасдиқ қилиш киради. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 59-оятида Ғайб очқичлари (сирлари) Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур” деган бўлса-ю, бошқа бир гумроҳ чиқиб; Мен ғайб илмини биламан деб, келажакдан фол очиб, ғайб илмига даъво қилса, бошқаси бири эса унинг сўзини тасдиқлаб турса, бу ҳолатнинг ҳукми қандай бўлади? Унинг ғайбни билиш ҳақидаги бу даъвоси илоҳлик даъвоси эмасми? Шу сабабли фолбин, коҳин, сеҳргарлар шайтон қавмидан ҳисобланади.  Унинг сўзини тасдиқлаган киши ҳам ширк амалга қўл урибди.

  1. “Айбсиз инсонни ўлдириш”

Дунёда Аллоҳ таолодан бошқасига ибодат қилишдан кейин бегуноҳ инсонни ўлдиришдек оғир гуноҳ йўқ. Зеро, қотиллик сабабли жамиятда беқарорлик, фитна-фасод авж олади. Аллоҳ таоло ноҳақ одам ўлдиришнинг гуноҳини Моида сурасининг 32-оятида бундай баён қилади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” дея ноҳақдан бирор одамни ўлдирган кишига дунёдаги барча одамларни ўлдирганнинг гуноҳи ёзилишини айтиб, инсонларни қотилликдек оғир гуноҳдан қайтармоқда.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 93-оятида “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”  деб, қасддан одам ўлдиришнинг гуноҳи кечирилмас ва жуда оғир эканини баён қилмоқда. Шунинг учун бу амал ҳам катта гуноҳлар қаторига киради.

  1. Уруш майдонидан қочиш

Душманга уруш майдонида рўпарў келганда орқа ўгириб қочиш ҳам гуноҳи кабиралардан бири саналади. Чунки, Ватанни обод ва озод ҳолда сақлаш ҳамда душмандан уни ҳимоя қилиш шу ватанда истиқомат қилиб турган ҳар бир киши учун муқаддас бурч саналади. Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 16-оятида урушда душманга орқа ўгириб қочган кишининг жазоси ҳақида бундай хабар беради: “Кимки ўша куни улардан ортга чекинса – жанг иши билан четлаган ва бирор бўлинмага қўшилишга борганлар бундан мустасно – Аллоҳнинг ғазаби билан (бирга) қайтган бўлиб, жойи жаҳаннам бўлур. Қандай ҳам ёмон тақдирдир бу?!”

  1. “Муҳсина (ўзини покиза сақлаган) аёлни зинокор (фоҳиша) деб айблаш”

Муборак динимизда аёл шаъни, ор-номуси жуда қаттиқ қўриқланади. Бир аёлни фоҳиша деб айблаш учун камида тўрт солиҳ киши гувоҳлик бериши керак, агар кам бўлса, ёки тўртта бўлса ҳам солиҳ деб топилмаса, бу гувоҳлар инсон шаънига тажовуз учун жазоланади. Чунки, мўминнинг шаъни ва молига тажовуз унинг қонини тўкиш билан баробар ҳисобланади. Шу боис ўзини зино ва фаҳш ишлардан пок тутган муҳсина аёлни фоҳишалик билан айблаш гуноҳлар ичра энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларда ҳам келтирилган.

  1. Судхўрликдан ризқ ейиш”

Инсоннинг охиратда мутлақ ҳалокатга юз тутишига сабаб бўладиган гуноҳлардан бири судхўрликдир. Судхўрликка тижорат, тадбиркорликнинг бир кўриниши деб қарамаслик лозим. Чунки, Аллоҳ таоло савдони ҳалол, судхўрликни ҳаром қилди. Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган.:

 “Аллоҳ савдони ҳалол, рибо (судхўрлик)ни ҳаром қилди”[3].

Судхўрлик – фоизга пул бериш орқали фойда кўриш юқорида айтилганидек, шариатда ҳаром қилинган амаллардан биридир. Чунки, бу амал сабабли қарздор хоҳ фойда кўрсин, хоҳ кўрмасин, барибир олинган қарзнинг фоизини тўлашга мажбур. Бу эса жамиятда ўзаро меҳр-оқибат йўқолишига, бузғунчилик ва оқибатсизлик авж олишига сабаб бўлади. Шунинг учун исломда тижорат – нарсани сотиб олиб яна қайта сотиш ҳалол қилинди, судхўрлик эса ҳаром қилинди.

  1. Етимнинг молини ейиш”

Абдуллоҳ ибн Умар гуноҳи кабираларни бирма-бир баён қилар экан, улар орасида етимнинг молини ейиш ҳам борлигини уқтирди. Шариатда етим моли жуда қаттиқ эътибор билан қўриқланади. Ҳаттоки Суфён Саврий ва Абдуллоҳ ибн Муборак каби айрим уламолар етимнинг молидан закот олинмайди, деб айтган. Аслида бировнинг ҳаққини ейиш кечирилмас катта гуноҳлардан бири саналади. Аммо етимнинг молини ейиш ундан-да каттароқ ва ҳисоби оғирроқ гуноҳ амаллардан биридир.

  1. “Масжидда диндан чиқиш”

Бошқа ҳадисларда мазкур ҳадис матнида “Масжидул ҳаром – Каъба жойлашган масжидни ҳалол санаш” деган сўзлар ҳам бор.  Масжидул Ҳаромнинг ҳарамлигини тан олмаган киши ҳам кечирилмас оғир ва улкан гуноҳ қилган саналади. Яъни, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром деб, ҳаром қилганини ҳалол санаш билан ҳам гуноҳи кабира содир этган бўлади. Инсон илми етмаган нарсалар устида масжидда баҳс юритиб, исломда кўрсатилган ҳукмларга тескари сўзларни айтиб юбориши сабабли ҳам диндан чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун мусулмон киши, хусусан дин пешволари ислом ҳукмларидан сўзлаётганда, ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, фитнага сабаб бўладиган сўзлардан қочиши керак.

  1. Одамларни масхара қилиш

Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 6-оятида Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир деб, кибру ҳаво билан ўзини ўзгалардан баланд олиб масхаралаб куладиганлар учун охиратда аламли азоб борлигидан огоҳ этмоқда. Бошқалардан ўзини катта олиш, масхара қилиш, ноўрин ҳазил-мазахлар ҳам гуноҳи кабиралар қаторига киради. Чунки, бунинг замирида бошқа бир инсон қадрини поймол қилиш, обрўсини тўкиш ётади. Ҳадисларда айтилганидек, инсон шаънини ерга уриш, мўминнинг обрўсига дахл қилиш унинг қонини тўкиш билан баробардир.

  1. “Ота-онанинг йиғлаши, яъни ота-онани йиғлатиш ҳам фарзанднинг оқ бўлишидандир”.

Ота-онанинг хизматини қилиб, уларни рози қилиш, дуоларига мушарраф бўлиш фарзанднинг бахтидир, иқболининг баландлигидир. Ота-онани йиғлатиш, қаровсиз ташлаб қўйиш фарзанднинг бадбахтлиги, толесининг қоралигидир. Афсуски, ота-онанинг хизматини қилмаслик, ҳаққи – мартабасини билмаслик сабабли уларнинг норозилигига олиб борадиган нарсалар ҳозир ҳам баъзан учраб туради. Бу ишнинг оқибати инсон учун салбий ҳолатлар билан тугаши яхши маълум. 

“Оқ бўлиш”  атамасининг “гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган”, деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш”ни англатади.

Хусусан, ота-онага оқ бўлиш – уларга бегона бўлиш маъносида қўлланиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир. Ота-она ҳеч қачон ўз ихтиёри билан фарзандини оқ қилмайди, аксинча, бунга фарзанд мажбур қилади. Ота-онасига оқ бўлиб, уларнинг кўзларидан ёшини оқизган фарзанд кечирилмас улкан гуноҳга қўл урибди.

“Кейин Ибн Умар менга: Сен дўзахдан сақланиб, жаннатга киришни хоҳлайсанми? деди. Мен: “Аллоҳга қасамки, шундай,” дедим. У киши: Ота-онанг ҳаётми? деди. Мен: “Онам бор, дедим. У киши: “Аллоҳга қасамки, онангга гапиришда юмшоқсўз бўлсанг, уни таомлантирсанг, албатта, жаннатга кирасан, модомики катта гуноҳлардан сақланган бўлсанг”, деди”.

Бу ҳадисда биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир ҳолат, тўғри йўлдан адашган Тайсала дин ишлари соҳасида бу умматнинг энг билимдони бўлган Абдуллоҳ ибн Умар ҳузурига маслаҳат сўраб борганидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимларини олган Абдуллоҳ ибн Умар ҳидоят йўлини истаб келган Тайсала ибн Майёсга насиҳат қилишда давом этиб, дўзахдан сақланиб, жаннатга кириш йўлини кўрсатди. Яъни, бу йўлдан қайтишга, залолатга юз тутган фирқадан ажралиб чиқиб, онасини хизматини қилишга буюрди.

Бугунги кунда ота-онасини ташлаб, залолатдаги оқимларга кириб қолаётган биродарларимизга Имом Бухорий келтирган  ушбу ҳадис энг яхши насиҳатдир.

[1] Ямомалик Нажда ибн Омир (ёки Уваймир) хаворижлар (яъни адашган оқим) бошлиғи бўлиб, уларнинг эътиқодича, кишилар учун раҳбар (халифа ёки амир) бўлиши шарт эмас. Одамларнинг ўзлари ҳақни ноҳақдан ажрата билишлари ва ўз-ўзларини, жамият йўналишини бошқара билишлари керак. (Муҳаммад Абу Зуҳра, «Ал-Мазоҳиб ал-Исломия», 33-бет).
[2] Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 5-боб. Ота-онага мулойим гапириш. 8-ҳадис.
[3] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири, Бақара сураси, 275-оят мазмуни.
Нодир ҚОБИЛОВ,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …