Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Тунис фан, санъат ва адабиёт академиясининг собиқ Президенти, Тунис университети фахрий профессори Абдулмажид Шарфий ташриф буюрди.
Меҳмонни Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев ва директор Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тураев кутиб олиб, Марказ ва музей фаолияти билан таништирди.
Ташриф доирасида илмий ходимлар учун “Қуръон – дунёни англашда инсониятнинг буюк интеллектуал воситаси” мавзусида илмий учрашув ташкил этилди. Унда ислом тафаккурини ўрганиш бўйича етук мутахассис, “Ислом ва ҳозирги замон” туркумидаги бир неча китоблар муаллифи, кўплаб халқаро журналларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси, проф. Абдулмажид Шарфий мавзу юзасидан маъруза қилди.
Маърузачи исломни асл ҳолатида сақлашнинг ўзига хос жиҳатлари, динга сиёсий тус берилишининг салбий оқибатлари ҳамда бағрикенглик ғоясининг умумэътироф этилган тамойилларига асосий эътибор қаратиб, бугунги кунда ислом уммати олдида турган муҳим вазифаларни санаб ўтди. Таъкидланганидек, инсон ҳур ва эркиндир. Исломнинг қатъий ҳукми ҳам шу. Бу дин барча замон ва маконда тинчлик тарафдори бўлиб келган. Исломни билмоқчи, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши Қуръони каримга мурожаат қилиши керак. Қуръонни билган атроф-муҳитга, ўзи яшаётган борлиққа тинч муомалада бўлади.
Шимолий Африканинг етук олими Тунис давлатида диний эътиқод масалалари, фан ва таълим соҳасига оид қизиқарли маълумотлар билан ҳам ўртоқлашди.
Учрашув қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар билан ўтди.
Тадбир якунида меҳмонга Марказ нашрларидан намуналар тақдим этилди.