Иккинчи дарс. Аллоҳдан қўрқиш
Эй ўғлим! Раббинг қалбингда сир сақлаётган ва тилинг билан ошкора сўзлаётган нарсаларни билур. У барча амалларингдан хабардор Зот. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқ! У рози бўлмайдиган ҳолатда сени кўриб қолишидан эҳтиёт бўл!
Раббинг сенга ғазаб қилишидан огоҳ бўл! Зеро, У сени яратди, ризқлантирди ва сенга барча ишингда ишлатадиган ақлни берди. Тасаввур қил, отанг бир ишдан қайтарган бўлса-ю, сен уни қилсанг ва у бундан хабардор бўлса, ҳолатинг қандай бўлади? Қаттиқ жазоланишдан қўрқмайсанми? Албатта, Аллоҳ таоло билан ҳам ҳолатинг мана шундай бўлсин. Чунки У сени ҳар тарафдан кўра олади. Шундай экан, сенга буюрган ҳар бир ишда бепарволик қилма, қайтарган нарсасига қўлингни чўзма!
Эй ўғлим! Раббингнинг (азобга) тутиши ўта қаттиқ. Унинг ғазабидан қўрқ. Унинг ҳалимлиги сени ғурурга кетказмасин. Ҳадисда: “Аллоҳ таоло золимга муҳлат беради. Уни ушлаганда эса, Ундан қутула олмайди”[1], дейилган.
Эй ўғлим! Аллоҳга итоат қилиш аввалида оғирликни сезасан. Сен мана шу оғирликни кўтар ва унга сабр қил, бора-бора итоат қилишинг сен учун одатий ҳолга айланади. Аллоҳга итоат қилишда лаззат ва роҳат ҳис этасан.
Эй ўғлим! Мактабдалик чоғингни эслаб кўр. Ўқиш ва ёзишни ўрганардинг, Қуръони каримни ёддан айтиб беришга буюрилардинг. Ўша пайтда мактаб ва муаллимни ёқтирмасдинг. Дарслардан бутунлай озод бўлишни истардинг. Мана, бугун мактабдаги дарсларга сабр қилиш фойдасини тушунадиган ёшга етдинг. Муаллиминг манфаатинг учун саъй-ҳаракат қилганини ҳам билдинг. Мактабдаги дарсларга сабр қилганингдек, Аллоҳга итоат қилишда ҳам бардошли бўл.
Эй ўғлим! Аллоҳдан қўрқиш фақат намоз, рўза ва шу каби ибодатларни бажариш деб ўйламагин. Аллоҳдан қўрқиш ҳар бир ишда бўлиши лозим. Жумладан, дўстларинг борасида ҳам Ундан қўрқ, бирортасига азият берма. Яшаб турган ватанинг борасида ҳам Аллоҳдан қўрқ. Унга хоинлик қилма, душманга топшириб қўйма. Ўзинг ҳаққингда ҳам Аллоҳдан қўрқ. Соғлиғингга бепарво бўлма. Ёмон хулқларни орттирма. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ. Ёмонлик кетидан яхшиликни эргаштир, уни ўчирсин. Одамларга гўзал хулқ билан муомала қил!”[2], дедилар.
Устозлар илми ва ҳаётий хулосаларидан келиб чиқиб сўз айтади. У сўзки, ҳар бири бебаҳо ўгит. Умид қиламизки, бу ўгитларни ўқиган йигит-қизларимиз уқиб, амал қилишади. Зеро, ҳар бир хайрли амал саодатга элтади.