Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Қўлёзмаларни тадқиқ ва таржима қилиш борасида халқаро тажриба” мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари – Санкт-Петербург давлат университети шарқшунослик факультети Узоқ Шарқ мамлакатлари тарихи кафедраси доценти Ирина Каткова, “Қирғиз-Турк Манас университети” тадқиқотчиси Дерйа Идикурт ва Париждаги “College de France” тадқиқот маркази Қуръоншунослик бўлими раҳбари Др. Мари Эфтимию иштирок этди.
Семинарда дастлаб Марказнинг қўлёзмалар бўлими бошлиғи Й.Исаев қадимий манбаларни тўплаш, ўқиш ва уларни каталоглаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Айни пайтда Марказда илмий амалиёт ўтаётган Ирина Каткова ва Дерйа Идикурт ҳам ўз мавзулари доирасидаги тадқиқот ишлари ва улар натижалари ҳақидаги маълумотларини тақдим этди. Шу билан бирга, Қуръон қўлёзмаларнинг кодикологияси йўналишида изланиш олиб бораётган франциялик тадқиқотчи Др. Мари Эфтимию ўз илмий тажрибаси билан ўртоқлашди.
Таъкидлаш жоизки, хорижлик тадқиқотчилар қўлёзмалар билан ишлаш ва уларни археологик предмет сифатида тадқиқ этишда етарли илмий салоҳиятга эга. Уларнинг Марказ фондидаги қўлёзмалар асосида олиб борилаётган ўрганишлар давомида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, ёзма манбаларни қоғоз тури, уни тайёрлаш усуллари ва хусусиятларига кўра таснифлашга оид билим ва кўникмалари мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Илмий семинар эркин мунозара ва қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди.