Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ ҚУШЧИ – ИККИНЧИ РЕНЕССАНС ЮТУҚЛАРИНИ ЕВРОПАГА УЗАТГАН МУТАФАККИР(давоми)

АЛИ ҚУШЧИ – ИККИНЧИ РЕНЕССАНС ЮТУҚЛАРИНИ ЕВРОПАГА УЗАТГАН МУТАФАККИР(давоми)

Мавлоно Алоуддин усмонийлар салтанатида ҳам дунёвий, ҳам диний илмларни ривожлантирувчи маърифий марказ ташкил этишга киришади. Самарқандда эгаллаган билимлари ва тажрибасига таянган ҳолда шогирдларга илм ўргата бошлайди. Унинг мадрасасида илмнинг турли соҳаларини ривожлантиришга кенг йўл очилади.

У кезлари Истанбулда математика ва астрономияни Али Қушчидек мукаммал биладиган олимлар кам эди. Шу сабабли туркиялик илм аҳли ўз даврининг Батлимуси, Шарқ Птоломейи деб ном қозонган мутафаккир атрофида жипслашиб, унинг маърузаларини меҳр билан тинглай бошлайди. Али Қушчи уларга математика ва астрономия фани эришган ютуқлар, астрономик қийматларни ўлчаш методлари, астрономик кузатиш асбоблари, математик амалларни бажаришнинг Самарқанд мактабига хос усуллари, ўнли касрлар, математик амалларда қўлланадиган манфий (минус) ва мусбат (плюс) ишоралар моҳияти ва тригонометрик функцияларни ечишнинг хилма-хил турларидан дарс беради[1].

Бу улуғ устоз ҳақидаги шов-шувлар Европага ҳам етиб боради. Европалик ҳисобдонлар тажриба олиш мақсадида Истанбулга оқиб кела бошлайди. Шундай қилиб, Улуғбек академияси ютуқлари Али Қушчи орқали Европага узатила бошлайди. Академик И.Мўминов: “Али Қушчи [асарлари] 16-17 асрларда Яқин Шарқ мамлакатларида математика фанининг ривожланишига [жиддий] таъсир кўрсатган”[2], деб тўғри таъкидлаган. Германиялик коссистлар ҳам Али Қушчидан ўнли касрлар, мусбат ва манфий сонлар ҳамда тригонометрик функциялар ҳақидаги илғор математик ғояларни ўрганиб кетган[3].

Коссистлар кейинчалик Али Қушчининг мусбат ва манфий қийматлар ҳақидаги ғоясидан илҳомланиб, математикага плюс “+” ва минус “-“ белгиларини киритади.

Али Қушчи жуда кўп асарларини Самарқанддалигида ёзган. Истанбулда ҳам самарали ижод қилган. Лекин энг катта хизмати “Зижи жадиди Кўрагоний”ни, унга ёзилган кўплаб шарҳларни сақлаб қолгани ва жаҳонга ёйганидир. У Самарқанд академияси олимларининг математик, астрономик меросини шогирдлари орқали Европага етказиб берди. Туркияда унинг Мирам Чалабийдек[4] буюк шогирдлари етишиб чиққан. Али Қушчи Туркияда ташкил қилган мактаб илм соҳасида том маънода Шарқ билан Ғарбни, Осиё билан Европани туташтирувчи кўприк вазифасини ўтаган. Самарқандда шаклланган астрономия ва математика мактаблари ҳамда Улуғбекнинг илмий академияси, бу академия замирида вужудга келган иккинчи Шарқ ренессанси таъсирида эришилган ютуқларининг Туркиядан Европага ёйилишида Али Қушчи муҳим роль ўйнаган.

Али Қушчининг “Зижи жадиди Кўрагоний” шарҳи бошқаларидан мукаммаллиги, тушунарлилиги билан фарқ қилади. Бундан ташқари, унинг ўзи “Зиж”ни туркчага таржима қилган. Бу эса юлдузлар жадвалини Европа тилларига таржима қилишга асос бўлган. XVII асрда поляк астрономи Ян Гевелий “Зижи жадиди Кўрагоний”ни Европада нашрдан чиқарган[5].

Улуғбек академиясининг математика ва астрономия соҳасида эришган ютуқлари Туркияда кенг тарғиб қилинди. Бу ютуқлар сирасига математикада ўнли касрларни жорий қилиш, доирага ички чизилган учбурчакларни ўлчаш методлари, тригонометрик функцияларни ечишнинг Самарқанд математикларига хос усуллари, π сонининг қийматини аниқлаш (Али Қушчи бу қийматни 16-рақамгача аниқликда ҳисоблаб чиққан) киради. Европа π борасида Али Қушчидан 250 йил кейин ундан ўтиб кетишга эришди. Кёльнлик математик Лудольф ван Цейлен бу сонни 32 белгигача аниқлади.

Али Қушчи математика, астрономия ва тилшуносликка оид 30дан ортиқ асар ёзган. Хусусан,“Рисола фил ҳисоб” (“Арифметикага оид рисола”) 1425 йили Самарқандда ёзилган бўлиб, унда ўнлик ва олтмишлик саноқ системалари, муҳандислик фаолиятига оид масалалар ёритилган. Унинг айрим нусҳалари Лейден кутубхонасида (№1050) ва Ўзбекистон Фанлар академияси [Абу Райҳон Беруний номидаги] Шарқшунослик институтида (№3356) сақланмоқда[6].

Али Қушчининг арифметика, алгебра, геометрия, тригонометрия масалаларига оид “Рисола ал-Муҳаммадия фил ҳисоб” (“Муҳаммаднинг ҳисобга оид рисоласи”), “Рисола фи ҳалли аш-шакл ал-ҳилол” (“Ярим ой шаклидаги фигураларни ўлчаш”), «Шарҳи мифтоҳил улум Тафтазоний” (“Тафтазонийнинг «Фанлар калити» асарига шарҳ”), “Рисола дар илми ҳайъат” (“Астрономияга оид рисола”) асарларида Самарқанд олимларининг ютуқлари ўз ифодасини топган.

Али Қушчининг «Ал-Рисола ал-фатҳия» асари қўлёзмасидан.

Бу асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунёнинг нуфузли фондларида сақланмоқда, жумладан, Истанбулдаги Аё София кутубхонасида ҳам.

Али Қушчи Самарқанд астрономлари сингари Ернинг Қуёш атрофида ва ўз ўқи атрофида айланишига қатъий амин бўлган. Унинг фикрича, ёритқичларнинг шарқдан ғарбга қараб ҳаракатланиши, ғарбга ботиши Ер шарининг ғарбдан шарққа қараб ҳаракатланиши (ўз ўқи атрофида айланиши) оқибатида рўй беради. Бизга шу сабабли гўёки ёритқичлар шарқдан чиқиб, ғарбга ботаётгандек туюлади. Бу сузиб бораётган кемадан туриб қирғоқни кузатаётган йўловчи ҳолатини эслатади. Йўловчига кема эмас, балки ундан қарама-қарши томонга қирғоқ ҳаракатланаётгандек бўлиб туюлади[7].

Али Қушчининг бой маънавий мероси нафақат Туркия, балки Европа ва бутун дунё олимларига илмий, маърифий озуқа бўлиб хизмат қилди ва унинг Самарқанддан олиб келган нодир илмий ғоялари Европа ренессансига катта туртки берди.

Олим 1474 йили Истанбулда вафот этган ва Абу Айюб Ансорий масжиди ҳудудига дафн қилинган. Масжидга кираверишдаги катта мармар тахтага “Али Қушчи – фан одами” деб ёзиб қўйилган. Француз маърифатпарвар файласуфи Франсуа Мари Аруэ Вольтер (1694-1778)[8] “Миллатларнинг ҳолатлари ва одатлари ҳақида” (1753-1758) асарининг 3-жилдида Улуғбек ташкил қилган илмий марказни “том маънодаги фанлар академияси”[9] деб атаган, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари олимларни эса инсониятни уйғотган буюк донишмандлар деб улуғлаган.

Тарихий манбалар шундан шоҳидлик берадики, Али Қушчининг авлодлари ҳам илм-маърифатга катта эътибор билан қараган. Набираси Ҳофиз Кўҳакий 1528 йили Ҳиндистонга бориб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан учрашган. Тошкентда Эски жўва яқинида (ҳозирги Пахта ва Форобий кўчалари туташган жой) мадраса очган[10].

Сўз якунида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Самарқанд илмий академияси ғояларидан озиқланиб вояга етган, Мирзо Улуғбек даҳосидан илҳомланган, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Кошоний сингари алломалар таълимини олган буюк ватандошимиз – астроном, математик, файласуф Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий Марказий Осиёда рўй берган иккинчи Ренессанс ютуқларини Европага узатган, мусулмон Шарқининг муваффақиятлари билан энди уйғониб келаётган Ғарбни озиқлантирган мутафаккир бўлган.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Али Қушчи. Астрономияга оид рисола (И.М.Мўминов таҳрири остида). Т.: Фан, 1968.
  2. Аҳмедов А. Али Қушчи. https://www.e-tarix.uz/shaxslar/506-cola.html).
  3. Баврин И.И., Фрибус Е.А. Старинные задачи: Кн. для учащихся.— М.: Просвещение, 1994.(С.36)— 128 с:
  4. Вольтер. Философские повести. М.: Художественная литература, 1978.
  5. Гевелий, Я. Атлас звёздного неба = Юлдузлар осмонининг атласи/ Ред. и вступ. ст. акад. АН УзССР В.П.Щеглова; Академия наук Узбекской ССР, Ордена Труд. Красн. Знамени Астроном. ин-т.— 3-е изд., доп.— Ташкент: Фан, 1978.— XLVII+ 66с.
  6. Қодиров Б. Али Қушчи// http://oyina.uz/kiril/generation/139
  7. Қулматов Ш., Бердимуродов А. Самарқанд ёдгорликлари. – Самарқанд: ИБХМ, 2017. Б.186.
  8. Лафасов У. Али Қушчи. https://www.academia.edu/41879171/%D0%9B%D0%B0%D1%84%D0%B0%D1%81%D0%BE%D0%B2_%D0%90%D0%BB%D0%B8_%D2%9A%D1%83%D1%88%D1%87%D0%B8_%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D1%87%D0%B0
  9. Матвиевская Г. П. Учение о числе на средневековом Ближнем и Среднем Востоке. Ташкент: Фан, 1967.
  10. Матвиевская Г. П., Розенфельд Б. А. Математики и астрономы мусульманского средневековья и их труды (VIII—XVII вв.). В 3 т. М.: Наука, 1983.
  11. Мўминов И.М. Али Қушчи // Ўзбек Совет энциклопедияси. 1 том. Т., 1971. Б.240.
  12. Муҳаммадкаримов Абдулазиз Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб) “Тошкентнома”. 2009 йил. https://shosh.uz/hofiz-kohakiy/
  13. Самарқанд тарихи. Биринчи том. (Масъул муҳаррир И.М.Мўминов). Тошкент: Фан, 1971. Б.227.
  14. Улугбек Мухаммад Тарагай. Зиджи джадиди Гурагони. Новые Гурагановы астрономические таблицы / (Вступ. статья, перевод, комментарии и указатели Ахмедова А.А.)- Ташкент: Фан, 1994. 456 с
  15. Шамсутдинов Р., Мўминов X. Ўзбекистон тарихи. (ўқув қўлланмаси).- Андижон: АДУ, 2011. Б.164.
  16. Ўлжаева Шоҳистахон. Ўзбекистон тарихи. https://m.facebook.com/groups/ 246149995752425/posts/418463715187718/?locale=sw_KE&_rdr
Бахтиёр ТУРАЕВ,
фалсафа фанлари доктори (DSc), профессор,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори бош маслаҳатчиси
[1] Матвиевская Г. П. Учение о числе на средневековом Ближнем и Среднем Востоке. Ташкент: Фан, 1967.
[2] Мўминов И.М. Али Қушчи // Ўзбек Совет энциклопедияси. 1 том. Т., 1971. Б.240.
[3] XVI асрда немис алгебрачилар коссистлар дейишган, чунки улар алгебрани coss деб атаган. Coss италянча cossа (номаълум буюм), [сон] деган сўз бўлиб, номаълум сонларни топувчи, алгебрачи маъносини билдирган.
[4] Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Қозизода ар-Румий– Мирам Чалабий (ваф. 1524) —Темурийлар салтанати математиги, астрономи ва қонуншуноси. Келиб чиқиши турк ва ўзбек миллатидан, ота томонидан Қозизода Румийнинг невараси, она томондан Али-Қушчининг невараси ва шогирди.
[5] Гевелий, Я. Атлас звёздного неба = Юлдузлар осмонининг атласи/ Ред. и вступ. ст. акад. АН УзССР В.П.Щеглова; Академия наук Узбекской ССР, Ордена Труд. Красн. Знамени Астроном. ин-т.— 3-е изд., доп.— Ташкент: Фан, 1978.— XLVII+ 66с.
[6] Самарқанд тарихи. Биринчи том. (Масъул муҳаррир И.М.Мўминов). Тошкент: Фан, 1971. Б.227.
[7] Қаранг: Али Қушчи. Астрономияга оид рисола (И.М.Мўминов таҳрири остида). Т.: Фан, 1968.
[8] См.: Вольтер. Философские повести. М.: Художественная литература, 1978.
[9] Қаранг: Шамсутдинов Р., Мўминов X. Ўзбекистон тарихи. (ўқув қўлланмаси).- Андижон: АДУ, 2011. Б.164.
[10] Муҳаммадкаримов Абдулазиз Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб) “Тошкентнома”. 2009 йил. https://shosh.uz/hofiz-kohakiy/

 

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …