Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”(Бақара сураси, 183-оят).
Оятдан шуни англаб олишимиз мумкинки, рўзадан кўзланган энг олий мақсад тақвога эришиш экан. Рўза бандада тақво сифатини тарбиялайди, унинг сўзи, иши, юриш-туришида, каттаю кичик билан муомаласида гўзал ахлоқни шакллантиради.
Рўза ибодати одамларни гўзал амалларга, чиройли хулққа ошно қилади. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик каби бошқалар обрўсига путур етказадиган, одамлар орасига совуқлик туширадиган гаплардан тийилиш ҳам рўзанинг шартларидан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк қилмас экан, Аллоҳга унинг ейиш ва ичишни тарк қилишидан беҳожатдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Зеро, рўзадан асл мурод қалбларни разил, ёмон иллатлардан поклаш, тақвонинг имкон қадар олийроқ даражасига эришишдир.
Рўза инсонни ёлғизликда ҳам, одамлар орасида ҳам Аллоҳ таолони унутмасликка, сабрли ва хушхулқ бўлишга, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқ туришга ўргатади.
Уламолар, пешволар Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига алоҳида эътибор берган. Албатта, бунда улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган. Яъни, ҳадислардан биламизки, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом у зотга Қуръондан таълим берар эди. Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда одамларнинг энг сахийси, олий ҳимматлиси эдилар, Рамазон ойи келганида эса, у зотнинг сахийликлари янада зиёда бўлар эди. Чунки, Жаброил алайҳиссалом билан учрашар эдилар. Жаброил алайҳиссалом билан Рамазоннинг ҳар кечасида кўришар ва унга Рамазон якунига етгунча Қуръонни ўқиб топширар эдилар. У зот Жаброил билан учрашганларида тез эсадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар”.
Бу ҳадисдан Рамазонда Қуръонни нисбатан кўпроқ тиловат қилиб, хатмлар қилишнинг ажру мукофоти катта эканини билиб оламиз.
Рамазон ана шундай гўзал фазилатлар, саховат ва мурувват шаклланадиган, камол топадиган ойдир. Шу боис бу ойда Аллоҳ таолога яқин қиладиган яхшилик ва ибодатларимиз кўпайиб, юриш-туришимиз, сўзимиз ва ишларимиз гўзал бўлиши керак.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Бизни гуноҳлардан покловчи ой, хуш келдинг!” дер экан. Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ эса, “Рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг ва тилинг ҳам рўза тутсин”, деб ўгит бераркан.
Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кундузлари оч юр, саҳарларгача ибодатда қоим бўл, Аллоҳ таолонинг ажойиб мукофотларига эришасан”, дегани нақл қилинган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бу ой ҳақида: “Аллоҳ таоло Рамазонни бандалари учун мусобақа майдони қилди. Бандалар унда Аллоҳнинг тоати бўйича мусобақалашади”, деган.