Абу Райҳон Беруний (973-1048) бутун ҳаёти ва фаолиятини табиий, тарихий ва ижтимоий фанлар тадқиқига бағишлаган йирик қомусий олимдир. Бунинг исботи сифатида Берунийнинг яқин кишиларидан бўлган қози Валволижийнинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Мен Абу Райҳон ҳузурига у оғир нафас олаётган, хириллаб қолган вақтда кирдим. “Кимлар меросхўр бўлиши ҳақида айтганларингни такрорлаб бер”, – деди. Унга ичим ачиб: “Шу ҳолингда шуни сўрайсанми!” дедим. У эса: “Эй фалончи, мен учун бу масалани билган ҳолимда дунёдан ўтиш, уни билмай кетишдан афзалроқ эмасми?” деди. Мен уни (масалаларни) такрорлаб беришга мажбур бўлдим. У ёдида сақлаб қолди. Кейин менга бу ҳақдаги ўй-фикрларини айтиб берди, шундан сўнг мен чиқиб кетдим. Ташқарига чиқишим билан уйдан йиғи овози эшитилди”[1].
Илмга бундай юксак ихлос, ҳурмат ва садоқат фаннинг чинакам фидойиларигагина хос бўлиб, бу жиҳат мутафаккирнинг билим-маърифат талабида кўпчиликка ибрат эканини кўрсатади.
Берунийни биз асосан табиий фанларнинг долзарб масалалари билан шуғулланган олим деб биламиз. Аммо аллома ижодининг асосини борлиқнинг яралиши, ҳаётнинг моҳияти, инсон муаммолари каби фалсафанинг муҳим масалалари ташкил этгани кўпчиликка номаълум.
Мутафаккир борлиққа ночизиқли ёндашув асосида қарайди. Унинг таъкидлашича, оламдаги ҳамма мавжудот беш унсур (осмон, шамол, олов, сув ва тупроқ)дан иборатдир[2]. Оламни идора қилувчи манба – “тузилиш ва бузилиш”дан иборат зиддиятдир[3]. Оламда нарсалар ривожланиб туради, нарсаларнинг ниҳоясиз равишда “яширинликдан юзага чиқиши”[4], мавжудликка чиқиши уларнинг тараққиётига далилдир. Ушбу жиҳат улар доимо ўзгаришда эканини, моҳият билан ҳодиса ўртасидаги боғланиш чексиз диалектик жараёнлигини ўзида ифода этади.
Олимнинг қайд этишича, ҳар бир мураккаб нарсанинг содда бўлаклари бор, мураккаблик шулар йиғиндисидан келиб чиқади. Мураккаблик бўлакларга ажралиб тарқалади. Ушбу фикр мураккаблик, мураккаб системаларнинг ҳамкорликдаги ўзини-ўзи ривожлантириши ҳақидаги фан ҳисобланган синергетиканинг[5] мураккабликдаги оддийлик ва оддийликдаги мураккаблик тамойилларига мос келади. Синергетиканинг услубий ва эвристик аҳамияти шундаки, бу назария мувозанатдан узоқда бўлган турли табиатли тизимларнинг ўзини ўзи ташкиллаштириши, бошқариши, ривожлантириши каби фаолиятнинг универсал қонуниятларини очиб беради[6].
Мутафаккир одамларнинг ранг, сурат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши нафақат нарсаларнинг, балки тупроқ, сув, ҳаво ва жойлар табиати (муҳит)нинг турличалигидандир[7], деб ёзади. Бу эса инсоннинг очиқ ва мураккаб тизим сифатида атроф-муҳит билан модда, энергия ва ахборот алмашуви натижасида ривожланиб боришига оид синергетик тамойил хусусиятларига хосдир.
Беруний инсонни ўрганар экан, унинг одатларини яхши ва ёмонга ажратиб, ёқимли хислатларга тақводорлик, тўғрилик, ўзини сақлаш, диндорлик, одиллик, инсоф, камтарлик, латофат, собитқадамлик, эҳтиёткорлик, сахийлик, мулойимлик, сиёсат ва бошқаришдаги (ишларида билимдонлик) тадбиркорлик, тўғри тахмин қила билиш (илмий башорат) ва бошқа сифатларни киритади. Ёмон одатлар эса қасдлашиш, рақобатлашиш, нафсига эргашиш, мансаб учун курашиш ва шунга ўхшашлардан иборатдир. “Фахрланиш, – дейди аллома, – яхши хулқлар ва олий феълларда илғор бўлиш, илму ҳикматни эгаллаш ва нопокликлардан имкон қадар тозаланишдир. Кимда шундай сифатлар топилса, ҳукм унинг фойдасига ва кимда булар етишмаса, ҳукм унинг зарарига бўлади”[8].
Олим инсон ривожланишининг нафақат ижобий томонларини, балки салбий ва ҳалокатли жиҳатларини ҳам очиб бериб, уларни “синхронизмга жалб қилиш”, “хаосни тартибга эврилтириш”, “ўзини ўзи ташкил этиш” тамойиллари орқали муаммоларни ҳал этишнинг конструктив йўлларини таклиф қилади.
Таъкидланишича, аҳмоқлик даъвоси йўқ касалликдир. Бундайларнинг эътиқодича, дунёда улар еридан бошқа ер йўқ, улар жинсидан бошқа халқ йўқ, улар бошлиғидан бошқа подшоҳ йўқ, улардагидан бошқа илм йўқ ва динидан бошқа дин йўқдир. Улар ўзини юқори тутиб, бемаъни ҳаракатлар қилади ва кибрланиб, оқибатда билимсиз қолади[9]. Аллома шу тариқа худбинлик, бахиллик, ҳасад ва кибрни инсон маънавий таназзулининг асл манбалари сифатида қоралаб, улардан сақланишга чақиради.
Мутафаккирнинг қайд этишича, “Фалсафа – мумкин бўлганича Тангрига эргашиш ва қойил бўлишдан иборат”[10]. Бу фикр фалсафанинг бош масаласи бўлган инсон ҳаётининг мазмуни, инсонийликнинг моҳияти нима, деган саволларга мухтасар жавобдир. Барча динлар, шу жумладан, ислом ҳам ўзининг Қуръони карим, ҳадиси шариф каби муқаддас манбаларида Аллоҳ амрига бўйсунишни тарғиб этади. Кўпроқ эзгу амалларни бажариш ва ёвузликлардан тийилишни буюради.
Беруний: “Муҳтож бўлинган нарсаларга етишиш учун бўладиган тама кўпларни Тангрига ёлвортиради[11]. Файласуф (мутафаккир наздида файласуф – донишманд киши БТ.) нафси баданга (жисмидаги салбий сифатларга Б.Т.) ҳақорат билан қарайди ва ундан ажралишни истайди. Агар инсон заруратдан бошқада нафсга бўйсунмаса, аксинча, унга ҳоким бўлса, илмсизликдан қутулиб, маърифатга яқинлашган пок зот бўлур эди”[12], деб ёзади. Мутафаккирнинг ушбу мулоҳазаларини инсонда ўз-ўзини ташкиллаштириш тамойили асосида кечадиган ўзига хос камолот йўли сифатида эътироф этиш мумкин.
Мутафаккир наздида илм орқали жоҳилиятдан халос бўлишга эришиш фақат ёмонликдан тийилиш билангина вужудга келади. Ёмонликнинг шохобчалари кўп бўлса ҳам, уларнинг асоси тама, ғазаб ва илмсизликдир. Шу асослар қирқилса, шохобчалар сўлади, у асослар иштаҳа ва ғазаб қувватларининг йўлбошчилигидан келиб чиқади. Бу икки қувват инсонга энг кучли ва энг ҳалокатли душман бўлиб, одамни ҳар турли лаззат ва роҳатлар билан алдайди. Лаззат ва роҳат эса ранж ва гуноҳларга олиб боради. Уларга берилган инсон йиртқич ҳайвонларга, ҳатто иблисга ўхшаб қолади[13]. Мутафаккир инсонларни ёмонликнинг, ёвузликнинг туб илдизлари тама, ғазаб ва илмсизлик эканидан огоҳ этиб, улардан покланишга ва илму маърифатга ошноликка чақиради.
Берунийнинг таъкидлашича, “Ҳақиқий олимга алам ва лаззат таъсир кўрсата олмайди. Ушбу чўққига ҳирс ва ғазабини енгган киши кўтарила олади”. Ҳирс ва ғазабни енгиш учун доимо Тангри зикрида бўлиш тақозо этилади. Ғоят даражадаги матлуб нарса узлуксиз фикр қилишдир. Инсон ахлоқи яхши бўлиб, нафсини шунга одатлантирган, ҳатто нафсида шундай хулқ табиийлашиб, зотий бир сифатга айланган киши аста-секин ўшандай матлубга (комилликка) эришади. Олим деганда ким тушунилади? Албатта, илмли, илмига амал қилувчи тақволи инсонлар назарда тутилади. Демак, киши илм воситасида нафақат маънан юксалади, балки ҳирс, ғазаб каби шайтоний сифатлардан ўзини ҳимоя ҳам қилади.
Мутафаккирнинг қайд этишича, яхши хулқ, дин талаб этадиган одоблар бўлиб, асли ва асоси кўп маъноларни ўз ичига оладиган талай ҳаракат ва феъллардан иборатдир. Хусусан, қотиллик, ўғирлик ва зино каби ўта оғир гуноҳларни қилмаслик, ёлғон гапирмаслик, молу давлатга ружу қўймаслик, доимо покиза юриш, рўза тутиш, Тангрини зикр қилиш[14] шулар жумласидандир. Таъкидланган ушбу эзгу сифат ва амалларни ўзлаштириш орқали киши яхлит тартиблашган тизим сифатида ўзини ўзи ташкиллаштиради ва янада такомиллашади.
Хулоса қилиб айтганда, Абу Райҳон Беруний миллий, диний, ирқий чекланишлардан бутунлай холи бўлиб, ҳар бир масалага кўп муқобиллилик асосида ақлий ёндашган. Турли фан соҳаларига оид фундаментал асарлар яратиб, дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган қомусий олим, буюк мутафаккир ва файласуфдир. Мутафаккир илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш унинг мазмун-моҳиятини тўғри англашга хизмат қилади.