Хоразмшоҳлар саройидаги фозиллар уйида табобат илми билан шуғулланган олимлардан бири Абу Иброҳим Исмоил ибн Ҳасан Журжонийдир. У 1045 йилда Журжон (Каспий денгизи жанубида жойлашган шаҳар)да таваллуд топган. Журжоний 1111 йилда Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганжга кўчиб то умрининг охиригача шу ерда яшаган. Хоразмшоҳлар саройида шифокор табиб бўлиб ишлаш билан бирга сарой қошидаги фозиллар уйида табобат илми бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борган. Журжоний ўз ижодида Ибн Сино ва Абу Бакр Розий асарларидан кўп фойдаланган, уларни ўзига устоз деб билган. Устозларнинг илмий ғояларини ўз билими ва тажрибаси билан бойитиб, тиббиётга доир кўпгина асарлар ёзиб қолдирган. Шулардан бизгача етиб келган асари энг машҳур “Заҳираи Хоразмшоҳий” номи билан юритилади. Бундан ташқари олимнинг тиббиётга доир араб ва форс тилида ёзилган “Табобат вазифалари ва олий тадқиқотлар (“Ал-ағроз ат-тиббия вал мабоҳис ал-алоҳия”), “Табобат фанининг қаймоқлари” (“Зубдат фит тибб”), “Табобат санъатида энг шарафли эсдалик китоб” (“ат-Тазкират ал-ашрафия фи синоат ат-тиббия”) ва бошқа асарлари бор. Олимнинг форс тилида ёзилган “Хоразмшоҳ заҳираси” (“Заҳирайи Хоразмшоҳий”) асари ўз мазумунига кўра қомусий асар бўлиб, у кириш сўзи ва 9 бобдан иборат. Китоб Қутбиддин Муҳаммад (1097-1127) га бағишлаб ёзилган.
“Заҳирайи Хоразмшоҳий” китобининг сўз бошида муаллиф Хоразмнинг ўша даврдаги табиий иқлим шароити, табиат билан инсоннинг ўзаро муносабатлари, экологик муҳитнинг соғлиққа таъсири ҳақида илмий асосланган фикрларни баён қилган. Исмоил Журжоний ушбу асарни фақат табобат мутахассислари учун эмас, оддий фуқароларнинг фойдаланишини ҳам ҳисобга олиб, содда ва тушунарли тарзда ёзган.
Асарнинг биринчи ва иккинчи бобларида тиббиёт фани ва унинг аҳамияти, инсон организми анатомияси, инсон баданидаги ҳар бир аъзонинг ўзига хос фаолияти, инсонда содир бўладиган касалликлар ҳамда уларни аниқлаш усуллари ҳақида сўз юритилади.
Учинчи ва бешинчи бобларида инсонларда юз берадиган касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари, атроф муҳит мусаффолигини сақлаш, касалликни аниқлаш усуллари, тутқаноқ касали, унинг белгилари ва бу касалга чалинган беморларни даволаш усуллари ва бошқа масалалар ҳақида маълумотлар ва маслаҳатлар берилади.
Китобнинг қолган бобларида инсон организмидаги турли хил оғриқлар, шунингдек чиқиш, синиш, турли яралар ва бошқа жароҳатлар, уларни даволаш усуллари, заҳарланишга қарши чора-тадбирлар ҳақида назарий ва амалий маълумотлар келтирилган.
Олимнинг “Заҳирайи Хоразмшоҳий” асари Шарқ мамлакатларидаги тиббиёт ходимлари орасида жуда кенг тарқалган. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида ушбу асарнинг XVII-XIX асрда кўчирилган қўлёзма нусхаси мавжуд. “Заҳирайи Хоразмшоҳий” ва бошқа асарлари Шарқ мамлакатлари тиббиёт ходимлари қўлида ҳозирги кунда ҳам нодир қўлланма сифатида хизмат қилиб келмоқда. 1965 йил Теҳронда Журжонийнинг “Заҳирайи Хоразмшоҳий” асарининг биринчи жилди нашрдан чиқарилган. Табобат илмининг ноёб асари бўлган “Заҳирайи Хоразмшоҳий” нинг ўзбек тилидаги изоҳли таржимасини тайёрлаш Республикамиз олимлари олдида турган долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.