(ваф.543/1149)
Бухорий нисбаси билан тарихда қолган шахслардан бири шоир Амиқ Бухорийдир. Алломанинг тўлиқ исми Абу Нажиб Шиҳобиддин Амиқ Бухорий. У дастлабки илмни Бухородаги уламолардан таҳсил олган. Фалсафа, математика, астрономия ва адабиётнинг етук билимдони бўлган. Амиқ Бухорий 1068 йил Самарқандга боради. Нуктадон шоир бу ерда Қорахоний хонларидан Ҳизрхон (1080-1081 й) саройида катта эҳтиромга сазовор бўлиб, “Амируш шуаро” унвонини олган шоирлардан бирига айланади.
Шунингдек, аллома салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжарнинг ҳам илтифотига сазовор бўлган. Султон Санжар 1129 йилда вафот этган қизи Моҳмалак Хотунга атаб марсия ёздириш учун Мовароуннаҳрдан Амиқ Бухорийни саройга чақиради. У ҳукмдорнинг таклифини бажариб, қизига атаб марсия ёзиб беради. Қасидадан мутаассир бўлган Султон Санжар унга юксак даражада эҳтиром кўрсатади.
Унинг кейинги ҳаёти ва вафоти ҳақида маълумотлар манбаларда учрамайди.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, аллома кейинчалик ноъмалум сабабларга кўра жамиятдан узоқлашиб, ёлғиз яшаган.
Шоирнинг етти минг ташбеҳлардан иборат девони ва шеърларидан фақат баъзи парчаларгина сақланиб қолган. Унинг шеърларини Саид Нафисий 1960 йил “Девони Амиқ Бухорий” номи билан нашр эттирган. Девон 806 байтдан иборат, шундан 614 байт Амиқ Бухорийга тегишли дейилади. Чунки у ерда келтирилган қасидалардаги тарихий шахслар шоир яшаган даврга тўғри келган. Қасидаларда Шамсулмулк Наср ибн Тамғачхон, Иброҳим ибн Наср, Ҳизрхон ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳизрхон, Маҳмудхон ибн Шамсулмулк Наср, Рукниддин Абу Музаффар Тамғачхон Масъуд ибн Ҳасан, Қодирхон Жаброил ибн Умар ибн Аҳмад, Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон, Абу Маолий Ҳасан Такин Қилич Тамғач ибн Али ибн Довуд ва Султон Санжар синглисининг ўғли Рукниддин Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Сулаймон каби бир неча ҳукмдор ва давлат арбобларининг номлари мадҳ этилиб келтирилган. У Қорахонийлар ҳукмдорларининг ҳурмат ва эътиборидаги шоир бўлгани учун бошқа шоирлар уни эҳтиром қилишлари шарт бўлган.
Амиқийнинг Шарқ адабиётида кенг тарқалган санъатлардан бири “ўхшатиш” санъатини қўллашда юксак маҳоратга эга бўлган. Шунинг учун устози Анварий уни “Устозу суҳон” деб атаган.
И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида тайёрланди.