Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон вакилларининг Мисрга амалий сафари самарали бўлди

Ўзбекистон вакилларининг Мисрга амалий сафари самарали бўлди

Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Ж.Нажмиддинов бошчилигидаги делегациянинг Мисрга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу сафар давомида мамлакатимиз делегацияси Мисрдаги қатор ташкилотларда учрашувлар ўтказишди. Бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси масъуллари иштирок этдилар.

Жумладан, Араб қўлёзмалари институти директори ўринбосари Аҳмад Абдулбосит билан бўлиб ўтган учрашувда қўлёзмаларни сақлаш, реставрация қилиш ҳамда уларнинг микрофильм ва электрон нусхаларини яратиш жараёни билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, институтда сақланаётган Моварауннаҳр алломалари қаламига мансуб манбаларнинг электрон нусхаларини олиш, қўлёзмаларни реставрация ва тадқиқ қилиш, замонавий нашрларини яратиш ҳамда ўзаро кадрлар алмашувини йўлга қўйиш йўналишларида Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Ал-Азҳар мажмуаси кутубхонаси фаолияти билан танишув чоғида унинг раҳбари Магдий Маҳран мусулмон оламида муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган ушбу кутубхона 60 мингга яқин қўлёзма, 350 мингдан ортиқ босма асарларни ўзида жамлаган йирик илмий-маърифий маскан ҳисобланишини маълум қилди.

Кутубхона раҳбари билан бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси талабалари учун махсус курслар ташкил қилиш, қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Ушбу кутубхонага Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржимаси туҳфа этилди. Мамлакатимиз делегацияси Ал-Азҳар Экстремизмга қарши кураш обсерваториясиЭлектрон фатволар маркази ҳамда Миср Фатво уйи ҳузуридаги Экстремизмни тадқиқ этиш “Салам” маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Экстремизга қарши кураш обсерваторияси 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади террорчи гуруҳлар томонидан тарқатилаётган экстремистик ғоя ва мафкуралар билан боғлиқ жараёнларни мониторинг қилишдан иборат эканлиги маълум қилинди.

Ушбу жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилиш учун хорижий тилларни мукаммал биладиган 50 нафар ходим турли тиллардаги веб-сайтлар ва ижтимоий медиа воситаларида экстремистик ғоя ва фикрларни кузатиб боришлари баробарида 13 тилда уларга раддиялар ҳам тайёрлайди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари ушбу муассаса билан икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш бўйича музокаралар ўтказишди.

Электрон фатволар маркази раҳбари Усома Ҳошим Ҳадидий ўзбекистонлик меҳмонларга Марказ фаолияти ҳақида сўзлаб берар экан, аҳолидан диний масалалар бўйича келадиган саволлар, уларнинг мазмун-моҳияти, мавзуларга кўра мутахассисларнинг тақсимланиши, шу билан бир қаторда, онлайн равишда берилаётган жавоблар доимий равишда ушбу марказ томонидан назорат қилиб борилишини маълум қилди.

У радикализмга қарши курашда қайси услублардан фойдаланиш самарали бўлиши масаласига тўхталиб, бунда бир қатор омиллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги, жумладан, юзма-юз суҳбатлар олиб бориш ёки ижтимоий тармоқлар орқали маълумотларни кенг тарқатиш яхши натижа беришини айтди.

Экстремизмни тадқиқ этиш “Салам” маркази ижрочи директори Ҳасан Муҳаммад маълумотларига кўра, ушбу марказ экстремизм ва радикализмга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда ҳокимият органларига кўмаклашиш, экстремизм ва радикализм профилактикасининг илмий, маданий, ижтимоий, иқтисодий ва психологик жиҳатларини ўрганиш каби бир қатор муҳим вазифаларни бажаради.

Ўзбекистон делегацияси Марказда экстремизм ва радикализмга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга қаратилган ҳужжатли фильмлар, чиқарилган фатволар, ихтилофли масалаларга тезкор жавоб қайтариш услублари билан яқиндан танишди.

Учрашув якунлари бўйича Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва “Салам” маркази ўртасида амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хусусан, Англашув меморандумини имзолаш, кадрлар алмашувини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда конференция ва илмий семинарлар ташкил этиш, экстремизм ва радикализмга қарши курашишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.

Қоҳира университетининг Олий таълимдан кейинги таълим факультети декани Иман Ҳариди билан учрашув чоғида эса Ўзбекистон Халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда араб тили йўналиши бўйича қўшма дастурларни (duoble degree ва joint degree) йўлга қўйиш, Ислом академиясидаги Битирув малакавий иши (БМИ) ва магистрлик диссертацияларига Қоҳира университети профессорларининг раҳбарлик қилиши, ўзаро ўқитувчи ва талабалар алмашуви, халқаро эътироф этилган тил имтиҳонларини Ислом академияси орқали Ўзбекистонга олиб кириш ҳамда араб тили педагогикаси бўйича қўшма лойиҳа ва илмий тадқиқотларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилишга доир келишувга эришилди.

Юқоридагилар билан бирга, Араб тили таълимини ривожлантириш маркази раҳбари Мустафо Ораби билан араб тили ўқитувчилари учун стажировка ва малака дастурларини ташкил этиш, араб тилини масофавий ўқитиш, қўшма конференция ва илмий анжуманлар ўтказиш, талабалар учун таътил даврида қисқа муддатли курслар ташкил қилиш ва бошқа долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Марказ раҳбари мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини билдириб, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Қоҳира университети ўртасида ҳамкорликка оид меморандумни имзолаш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Манба: «Дунё» АА

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …