Хуросонлик ҳадис ҳофизи (ваф. 244/858)
Аҳмад ибн Маниъ Хуросоннинг Бағшўр шаҳридан бўлиб, Бағовий нисбати билан машҳур бўлган. Алломанинг тўлиқ исми Абу Жаъфар Аҳмад ибн Маниъ ибн Абдураҳмон Бағовий. У машҳур муфассир ва муҳаддис аллома Абулқосим Абдуллоҳнинг она томондан бобоси бўлган. Аҳмад ибн Маниъ дастлабки таълимни Хуросондаги Сўфён ибн Уйайна, Абу Бакр ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Язид ибн Ҳорун каби кўплаб муҳаддислардан сабоқ олган. У ҳадис илмини ўрганиш ва ривоят қилиш бўйича “Ҳофиз” унвонига сазовор бўлган. Кейинчалик ислом оламида машҳур илм марказларидан бири бўлган Бағдод шаҳрига келиб, умрининг охирига қадар бу ерда ҳадис илмидан сабоқ берган. Имом Бухорий, Исҳоқ Соғоний, Ибн Ҳузайма ва набираси Абулқосим Абдуллоҳ Бағовийлар у зотнинг толиби илмларидан бўлган. Имом Бухорий устози Аҳмад ибн Маниъ ривоят қилган ҳадисларни “саҳиҳ” лигини таъкидлаб, уларни асарларига киритгани ҳақида маълумот берган. Уламолар Аҳмад ибн Маниънинг илм-салоҳияти ва қобилиятини замондоши Аҳмад ибн Ҳанбалга тенглаштирган. Алломанинг қирқ йил давомида ҳар уч кунда Қуръони каримни хатм қилгани, шунингдек, барча даромадини илм-фан учун сарфлагани ривоят қилинади. Аҳмад ибн Маниъ саксон тўрт ёшида вафот этган. Унинг китобларидан бошқа мулки атиги йигирма тўрт дирҳам бўлган. Манбаларда алломанинг “Муснад” асари бўлгани келтирилади, аммо бугунги кунда сақланган нусхаси ҳақида аниқ маълумот йўқ.
И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида тайёрланди.