Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ СИЁСАТ ИЛМИ РИВОЖИДА ИБН МУҚАФФА АСАРЛАРИНИНГ РОЛИ

ИСЛОМ СИЁСАТ ИЛМИ РИВОЖИДА ИБН МУҚАФФА АСАРЛАРИНИНГ РОЛИ

Ислом дини, унинг муқаддас манбалари гўзал бошқарув ва одилона сиёсат юритишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Азал-азалдан давлат ва жамиятни адолат қонун-қоидалари асосида идора қилиш, одил ҳукмдор ғояси ислом мутафаккирлари ижодида асосий баҳс мавзуси бўлиб келган. Чунки жамият ҳаётида вужудга келиши мумкин бўлган аксарият муаммолар тўғри сиёсат юритмаслик, бошқарувда йўл қўйиладиган хатолар натижаси сифатида эътироф этиб келинади. Шу нуқтаи назардан ислом сиёсат илми жамият тепасида турувчи бошқарувчиларни адолатга, ҳалолликка, оқилликка чорлаб келган. Мусулмон олимлари ҳам ўзларининг бебаҳо, дурдона асарлари орқали ислом сиёсат илми ривожига бемисл ҳисса қўшганлар.

Шундай мутафаккирлардан бири, кейинги давр тадқиқотчилари томонидан ислом сиёсат илмининг билимдон вакилларидан бири сифатида эътироф этиб келинувчи олим, таржимон ва ислоҳотчи файласуф Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқаффадир. Ибн Муқаффанинг ҳаёт ва фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, ислом тарихининг энг нотинч, ўтиш босқичида яшаганлигига гувоҳ бўламиз. Зеро, у яшаган VIII аср ислом давлатчилиги тарихида сиёсий воқеаларга, хилма-хилликларга бойлиги билан характерланади. Айнан шу асрнинг ўрталарига келиб давлатнинг сиёсий ҳаётида турли ихтилофлар, зиддиятлар авж олди, жамият қатламлари орасидаги зиддиятлар кучайди. Бунинг натижасида ҳукмрон Умавийлар сулоласининг ҳукмронлиги барҳам топди. Тарих саҳнасига янги сулола, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом авлодлари – Аббосийлар чиқиб келди. Давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги бу каби ўзгаришлар ибн Муқаффа дунёқарашининг шаклланишига катта таъсир қилди. Маълумки, ибн Муқаффанинг асосий фаолияти котиблик бўлиб, дастлаб умавий ҳукмдорлар саройларида, кейинчалик эса аббосийлар хонадони вакилларининг саройларида хизмат қилди[1]. Ибн Муқаффанинг котиблик фаолияти унинг сиёсат илмини чуқур ўрганишига, давлат ҳаётидаги сиёсий жараёнларга холисона баҳо беришига ёрдам берди. Шунингдек, ҳокимият алмашинувининг жонли гувоҳи сифатида ҳокимият таназзулига сабаб бўлувчи ҳолатлар, давлат тараққиёти учун хизмат қилувчи чора-тадбирларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлди. Котиблик фаолиятидан ташқари ибн Муқаффа форс тилидаги китобларни араб тилига маҳорат билан таржима қилувчи ўз даврининг маҳоратли таржимонларидан бири сифатида танилди. У ўз даврида форс тилига таржима қилинган Аристотелнинг мантиқ ва сиёсат илмига доир асарларини, ҳиндларнинг машҳур донишмандлик дурдонаси “Калила ва Димна” достонини, форсларнинг давлатчилик тарихидан ҳикоя қилувчи “Худойнома”, “Китоб ат-тож” каби асарларни араб тилига таржима қилди. Ўз навбатида бу асарларнинг араб тилига таржима қилиниши ислом сиёсат илмининг бошқа халқлар сиёсий билимлари, давлатчилик асослари, бошқарув санъатига доир ютуқлари билан бойишига хизмат қилди. Жумладан, давлатни девонлар орқали бошқариш тизими форс давлатчилиги тажрибаси асосида ислом давлатчилигига жорий қилинган бўлиб, кейинчалик давлатни девонлар орқали идора этиш ислом давлатчилигининг ажралмас хусусиятларидан бирига айланди[2].

Умуман олганда, сарой муҳитига яқинлик, давлатни идора қилувчилар билан ўрнатилган дўстона муносабатлар, таржима санъатидаги маҳорат ибн Муқаффага сиёсат санъати борасидаги дурдона ғояларга бой бўлган “ал-Адаб ал-кабир”, “ал-Адаб ас-сағир”, “Рисола ас-саҳоба” каби асарлар ёзишига ёрдам берди. “Ал-Адаб ал-кабир” асари биринчи навбатда султон ва волийлар, амалдор ва мулозимлар амал қилиши лозим бўлган маслаҳатлар мажмуасидан иборат асар бўлиб, унинг ҳукмдорлар учун ўзига хос ойна вазифасини бажарувчи насиҳатлар тўплами сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқдир. “Ал-Адаб ал-кабир” асарини таҳлил қиладиган бўлсак, асарни ислом сиёсат илмининг дурдонаси сифатида талқин қилиш мумкин. Мазкур асар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм “Бошқарув одоби” деб номланади. Ушбу қисмда мутафаккир давлатни идора қилувчилар, волийлар, сарой мулозимлари ва амалдорлари риоя қилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз тавсия ва таклифларини баён этади. Эътибор берадиган бўлсак, ибн Муқаффа ушбу асари орқали сиёсат илмининг ахлоқ илми билан чамбарчас алоқадор эканлигини, давлатни идора қилишга талабгор инсон сиёсат илми билан бир қаторда, ахлоқ илмини ҳам мукаммал даражада билиши лозимлигини кўрсатиб беришга ҳаракат қилганлигини кўрамиз. Жумладан, мутафаккир султонни бахиллик, маддоҳликдан йироқ, ёлғон, ғазаб, шошқалоқлик, адолатсизлик каби иллатлардан холи бўлиши лозим бўлган шахс сифатида тасаввур қилади. Ҳукмдор ҳокимиятининг мустаҳкамлигига рахна солувчи асосий иллатлардан бири сифатида маддоҳликни келтирган мутафаккир ҳукмдорга ушбу нуқсонга йўл қуймасликни маслаҳат беради:

“Худо ҳаққи, агар сен ҳукмдор бўлсанг ҳамда мақтов ва лаганбардорликни севувчи бўлсанг, халқинг эса бу ҳақида билиб қолса, уларда сенга нисбатан бўлган ишончда ёриқ пайдо бўла бошлайди, сенга нисбатан турли туҳмат, иғво сўзлар тарқалиб, одамлар сенинг устингдан кула бошлайдилар. Билгинки, мақтовни хуш кўрувчи инсон худди ўзини ўзи мақтаётган киши кабидир. Мақтовга учмайдиган, уни рад этишга ҳаракат қиладиган инсон ҳақиқий мақтовга лойиқдир. Шундай экан, мақтовни рад этувчи инсон — унга ҳақиқий маънодаги муносиб инсон, мақтовни хуш кўрувчи, уни қабул қилувчи эса нуқсонли, одоб-ахлоқида камчилиги бор инсондир”[3].

Сиёсат илми тарихидан маълумки, айнан маддоҳлик, яъни ҳукмдорга хос бўлмаган сифатларни нисбат берган ҳолда мақташ бошқарувчининг давлатни тўғри идора этишига халақит қилувчи иллатдир. Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий таъбири билан айтганда: “поранинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳам маддоҳлик”дир[4].

Ибн Муқаффанинг сиёсат санъати борасидаги диққатга сазовор ғояларидан бири давлат бошқарувида дин омилининг муҳимлигига эътибор қаратилганлигидир. Зеро, дин ўзининг интегративлик функциясидан келиб чиқиб, давлат бирлигига, жамият бирлашувига хизмат қулувчи ҳодисадир. Дин омилининг сиёсий жараёнлардаги таъсирини тўғри англаган олимнинг бу мавзудаги қуйидаги фикрлари диққатга молик:

“Дин арбоблари, олижаноб инсонларнинг ҳар бир вилоят, қишлоқ ва қабиладаги обрў-эътибори, ҳурматини яхши билган ҳолда, уларни ўзингнинг биродарларинг, яқин дўст ва ёрдамчиларингга, ишончли инсонларингга айлантиришга ҳаракат қилгин. Сен уларни ўзинг учун хавф-хатар деб билма. Чунки бунинг натижасида одамларда сенга маъқул тушмайдиган турли фикрлар пайдо бўлади. Cенинг фазилат аҳлидан маслаҳат сўрашинг халқда бошқалар фикрига муҳтож эканлигинг борасидаги турли фикрлар келтириб чиқаришидан қўрқма”[5].

Ибн Муқаффанинг сиёсий фикрлари, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётини ислоҳ қилишга қаратилган ғоялари унинг “Рисола ас-саҳоба” номли мўжаз рисоласида ҳам жамланган. Ушбу рисола ҳажман кичик бўлсада, маъно-мазмун жиҳатидан ниҳоятда бебаҳо ғояларга бойлиги билан бугунги кунга қадар кўплаб тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Рисолада ибн Муқаффа ислом жамияти раҳбари – амир ул-мўъмининга мурожаат қилиб, уни давлатни муносиб тарзда бошқаришга, қўшинни ҳам ҳарбий, ҳам ахлоқий жиҳатдан ислоҳ этишга, ҳуқуқ тизимидаги ихтилофларни қонунларни кодификация қилиш орқали бартараф қилишга, солиқ тизимини ислоҳ қилишга, ердан фойдаланиш тизимини тартибга солишга чақиради[6].

Ибн Муқаффа асарларидаги сиёсий тавсияларнинг марказида турувчи ғоялардан бири давлат муассасалари, бошқарув органлари учун муносиб номзодларни танлай билиш заруриятидир. Айнан тўғри танланган хизматчи давлат тараққиётига, унда барча соҳалар ривожига хизмат қилади. Зеро, тўғри ва оқилона тарзда танланган битта хизматчи юзаки ишончга асосланиб танланган мингта хизматчи билан баробардир. Кимки тўғри танланган мулозимлардан бўлса, унинг ўзи ҳам келгусида хизматчиларни тўғри танлай олади. Натижада сиёсий ҳокимият тизимида тўғри танланган хизматчилар сони юқори даражага кўтарилади. Кимки хизматчиларни фақатгина юзаки ишончга ёки аниқ меъёрларга асосланмаган ҳолда танласа, унинг ҳокимияти асоси мустаҳкам бўлмайди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ибн Муқаффа ислом жамияти ижтимоий-сиёсий жабҳаларда дуч келган муаммоларни ўз кўзи билан кўрган ҳолда, бу борада ишончли хулосалар чиқарди. Натижада давлат сиёсатини тартибга солишда дастуруламал бўлиб хизмат қилувчи бир қанча нодир асарлар ва рисолалар ёзди. Бу асарлар эса кейинги давр олимлари томонидан қизғин баҳс ва мунозаралар мавзуси бўлиб хизмат қилди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа. Ал-Адаб ас-сағир ва ал-адаб ал-кабир. – Байрут: Дор Байрут, 1977. – 139 б.
  2. Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа. Асар ибн ал-Муқаффа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1989. – 344 б.
  3. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Гаҳсияри. Китоб ал-вузаро ва ал-куттоб. – Байрут: Дор ал-фикр ал-ҳадис, 1988. – 216 б.
  4. Кристенсен Артур. Эрон дар замони Сосониён. Рашид Ёсимий таржимаси. – Теҳрон: Садои маосир, 1965. – 464 б.
  5. Саид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий. Маориф. – Теҳрон: Теҳрон университети, 1967. – 235 б.

Сарвар САИДОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Гаҳсияри. Китоб ал-вузаро ва ал-куттоб. – Байрут: Дор ал-фикр ал-ҳадис, 1988. – Б. 71.
[2] Кристенсен Артур. Эрон дар замони Сосониён. Рашид Ёсимий таржимаси. – Теҳрон: Садои маосир, 1965. – Б. 106.
[3] Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа. Ал-Адаб ас-сағир ва ал-адаб ал-кабир. – Байрут: Дор Байрут, 1977. – Б. 69.
[4] Саид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий. Маориф. – Теҳрон: Теҳрон университети, 1967. – Б. 127.
[5] Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа. Ал-Адаб ас-сағир ва ал-адаб ал-кабир. – Байрут: Дор Байрут, 1977. – Б. 70.
[6] Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа. Асар ибн ал-Муқаффа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1989. – 344 б.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …