Home / МАҚОЛАЛАР / АБУЛ ФАТҲ ШАҲРИСТОНИЙНИНГ “АЛ-МИЛАЛ ВА-Н-НИҲАЛ” АСАРИДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАЛАРИ

АБУЛ ФАТҲ ШАҲРИСТОНИЙНИНГ “АЛ-МИЛАЛ ВА-Н-НИҲАЛ” АСАРИДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАЛАРИ

Сўнги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида юртимиз мутафаккир уламоларининг асарларини илмий асосда ўрганишга кенг имкониятлар яратилди. Уламоларимиз асарларида кўтарилган бағрикенглик, динлараро тотувлик масалаларини илмий ўрганиш бугунги кунда долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, “Бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда”[1], деган фикрлари бунинг исботидир.

Ўрта асрларда мусулмон олимлар томонидан бошқа эътиқодларни ўрганиш борасида кўплаб асарлар ёзилган. Дунё динлари таълимотларини ўрганиш пойдеворини Мовароуннаҳр диёридан чиққан, фундаментал илмлар асосчиси Абу Райхон Беруний яратган. Абу Райхон Беруний 1000 йилда ўзининг “Осорул-боқия анил-қурунил-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини ёзиб тугатган. Ушбу асарда турли халқларнинг диний эътиқодлари, байрамлари, маросимлари тўғрисида қимматли маълумотлар қолдирган. Абу Райхон Беруний “Осорул боқия”да ҳар-бир диний таълимотларни холислик принципи асосида ёритган.

Берунийдан бир аср кейин Хуросон минтақасида яшаб ижод қилган Абул Фатҳ Шаҳристоний ҳам динлар тарихини ўрганишга бағишланган “ал-Милал ва-н-ниҳал” (“Динлар ва фирқалар”) асарини ёзган. Абул Фатҳ Шаҳристонийнинг тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Абулқосим Абдулкарим ибн Абу Бакр Аҳмад[2] бўлиб, у Шаҳристоний нисбаси билан танилган. Шунингдек, олимнинг куняси Абул Фатҳ, лақаби Тожуддин бўлган. Аллома салжуқийлар ҳукмронлиги даврида, 1076 йили Хуросоннинг Шаҳристон шаҳрида туғилган[3].

Олим илмнинг фиқҳ, калом, тафсир каби соҳаларида фаолият юритган. “Ал-Милал ва-н-ниҳал” 1127 йилда ёзилган бўлиб, унда динлар тарихи, таълимотларига бағишланган. Шаҳристоний яшаган даврда ижтиомий-диний вазият мураккаб бўлган. Ислом динидан ажралиб чиққан фирқалар ўртасида муттасил баҳс-мунозаралар бўлиб турган шароитда, аллома салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар буйруғига биноан ушбу асарини ёзган. Асар Берунийнинг “Осорул боқия”сига ўхшаб объектив усулда ёзилган. Беруний асаридан “ал-Милал ва-н-ниҳал”нинг фарқи шундаки, Шаҳристоний фақат динлардаги оқимлар ва фирқалар, фалсафий таълимотларни ўрганади.

Шаҳристоний асарнинг “Муқаддима” қисмида асарнинг ёзилиш сабабини келтириб шундай дейди: “Мен ҳар бир фирқанинг таълимотларини уларнинг китобларида топганимдек, уларга нисбатан мутаассиблик қилмасдан, уларга раддия бермасдан, тўғриси билан нотўғрисини, ҳақ билан ботилини ажратмасдан баён қилишни ўзимга шарт қилиб белгиладим. Зеро, ақлий далиллар ўртага чиққанда, ҳақиқатнинг ифодаси ва ботилнинг бадбўй иси закий ва фаҳм соҳибларидан яширин қолмайди. Ёрдам Аллоҳдандир”[4]. Мана шу сўзлар, олимнинг холис эканининг исботи ҳисобланади.

Аслида, динлардаги мавжуд оқимларни ўрганишда мусулмон олимлари икки ёндашувни қўллаганлар. Булардан биринчиси “калом” (ақида) илми таъсирида, исломни ҳимоя қилиш мақсадида ёзилган “мақолот” (мавзулар), “диёнат” (диний) ва “фироқ” (фарқлар) туридаги асарлар ҳисобланади. “Мақолот” турида ёзилган асарларда, баъзи фирқалар ва исломдан бошқа эътиқодларнинг қарашлари ислом ақидаси билан қиёсланади ва қаттиқ танқид қилинади[5]. Дастлабки “мақолот” туридаги асарлар асосан шиалик эътиқодидаги инсонлар томонидан ёзилган ва улар “асҳобул-мақолот” (фикр эгалари) деб номланган[6]. Бироқ вақт ўтиши билан “аҳли сунна” уламолари ҳам “мақолот” жанрида асарлар ёзишган. Шундай олимлардан энг машҳури Абул Ҳасан Исмоил Ашъарийдир. У зотнинг “Мақолотул-исломиййин ва ихтилафул-мусоллийн” (“Исломий фикрлар ва амаллардаги ихтилофлар”) номли асари ушбу жанрда ёзилган энг машҳур асар ҳисобланади[7].

Динлар ва таълимотларни ўрганиш учун ёзилган асарлардаги иккинчи ёндашув “ал-Милал ва-н-ниҳал” каби асарлар бўлиб, улар объектив усулда ёзилган. Бундай ёндашувдаги асарларда нафақат исломдаги мазҳаблар ва оқимлар, балки бошқа динлар ҳам танқидсиз ўрганилади. Бундай асарлар мавжуд манбаларга ва тажрибаларга асосланган ҳолда динларни тавсифловчи энциклопедик асарлар ҳисобланади. Бу ёндашувда ёзилган асарларнинг энг йириги шубҳасиз “ал-Милал ва-н-ниҳал” асаридир. Дунё динларини тизимли равишда таништириш мақсадида ёзилган ушбу асарнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, ўзидан олдинги асарлардан фарқли равишда унда юнон, ҳинд фалсафий таълимотлари тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилган[8].

“Ал-Милал ва-н-ниҳал” асарининг барча олимлар томонидан қадрланадиган жиҳати шундаки, муаллиф асарда исломдан бошқа динлар ва оқимларни ўрганишда илмий холисликка алоҳида эътибор берган. Бу жиҳат “ал-Милал ва-н-ниҳал”дан аввалги даврларда ёзилган асарларда камдан-кам учрайди. Хусусан, бу борада Шаҳристоний буюк ислом мутаккаллими Имом Ашъарийнинг турли эътиқодларни ўрганиш борасида билдирган қуйидаги фикрини ўзига дастурул амал билган: “Мен динлар ва мазҳаблар тўғрисида асар ёзадиган ёки гапирадиган, ёзганида ёки гапирганида хато излайдиган, рақибининг хато қилишини кутадиган ҳамда рақибини шу хатоси учун атайин ёмонлайдиган, мухолифининг қарама-қарши фикрини баён қилаётганда адашадиган ва ўзини ҳақ деб кўрсатишга уринадиган инсонларни кўрдим. Бу олимлар ва ақлли инсонларнинг йўли эмас”[9].

“Объектив” бўлган Шаҳристоний бошқа олимлардан ажралиб туради. Ўзидан аввалги олимлардан фарқли равишда, ўзи ўрганган эътиқодларнинг асл матнларини ўқиганини ва таҳлил қилганини айтади. Масалан, юнон файласуфларининг эътиқодлар борасидаги фикрлари тўғрисида шундай дейди: “Биздан аввалги мусулмонлар исломдан бошқа эътиқодларни ўрганишда юнон файласуфларининг асарларидан кўп фойдаланишди. Фикрлари қарши келиб қолганда уларни қаттиқ рад этишди. Биз эса, у асарларни ўқиб чиқдик, уларнинг фикрларини синчиклаб текширдик ва таҳлил қилдик”[4:65].

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Абул Фатҳ Шаҳристоний динлар ва эътиқодларни ўрганишда холисликдан четга чиқмаган. Бошқа эътиқодларга нисбатан бағрикенглик тамойилини қўллаган. Ўзга дин вакилларини танқид қилмаган. Бу ёндашув, дин ва эътиқодларнинг фундаментал асосларини ўрганишда, уларнинг тарихий асосларини ёритишда аниқликни таъминлайди ҳамда диний бағрикенглик тамойиллари ривожида муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабдан, Шаҳристоний эътиқодларни ёритишда аввало мантиққа таянади ва уларнинг ислом таълимотига зид ақидаларини маълум услуб доирасидагина кўриб чиқади. Бир сўз билан айтганда Шаҳристонийнинг “ал-Милал ва-н-ниҳал” асари динлар тарихини холис ўрганишда, муқаддас китоблари билан танишишда, ўзга дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг муносабатда бўлишда асосий манба сифатида хизмат қилади.

Мумин Мирзо АБДУПАТТАЕВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси стажер-тадқиқотчиси
[1] Ш.М. Мирзиёев. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз – Тошкент : Ўзбекистон, 2017. – Б. 464.
[2] Ибн Халликон. Вафаётул-аъён. –Байрут: Дорус-содр, 2007. – Ж. 4. – Б. 273
[3] Заҳабий. Сияру аъламу-н-нубало. – Байрут: Муассасату-р-рисала, 1996. – Ж. 20. – Б. 286
[4] Шаҳристоний. Ал-Милал ва-н-ниҳал. – Қоҳира: Мактабату-с-софа, 2017. – Б. 8.
[5] Guy Mannot. Islam at religions (Ислом ва динлар). – Paris: “Maisonneuve et Larose”, 1986. – P. 29-30
[6] Muhammad Tanci. Şehristânî’nin Kitab’ul-Milel ve’n-Nihal’i – Ankara: “Ankara Üniversitesi İlahiyat Fakültesi Dergisi”, 1956. – S. 1.
[7] Hasan Onat. Makalatul-İslamiyyin. Ebü’l-Hasan el-Eşari’nin itikadi İslam mezheplerine dair eseri. // “Islam ansiklopedisi” C. 27. – Ankara: “İslâm Araştırmaları Merkezi”, 2003. S. 406-407.
[8] Bruce B. Lawrence. Al-Shahristani. – New York: “Macmillan Reference USA”, 1987. – P. 199-200.
[9] Абул Ҳасан Ашъарий. Мақолатул-исламиййин. I жилд. – Байрут: “Мактабат ал-асрийя”, 1990. – Б. 3.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …