Home / МАҚОЛАЛАР / УЙҒОНИШ ДАВРИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ ДУНЁҚАРАШИДА БАҒРИКЕНГЛИК ҒОЯЛАРИ

УЙҒОНИШ ДАВРИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУТАФАККИРЛАРИ ДУНЁҚАРАШИДА БАҒРИКЕНГЛИК ҒОЯЛАРИ

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, бугун Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 январда ПФ-60-сонли Фармон билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»[1]нинг 74-мақсади ҳам айнан жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўрта аср Марказий Осиё мутафаккирлари маънавий меросида халқлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувлик, муросасозлик каби бағрикенглик ғоялари муҳим мавзулар ҳисобланиб, алломалар томонидан бағрикенглик тамойиллари ва мезонлари ишлаб чиқилган. Бу давр мутафаккирлари ўзларининг бағрикенгликнинг назарий-ахлоқий, ижтимоий-фалсафий назарияларини, фикр ва қарашларини баён қилганлар. Дўстона муносабатлар ва муросасозлик ҳақидаги қарашлари ўша даврда тинчлик-осойишталикни таъминлашда муҳим аҳамият касб этган.

Халқлар ўртасидаги тинчлик ва тотувлик муносабатларини ўрнатиш, ҳамжиҳатликда яшаш ғоясини биринчилардан бўлиб изчил ишлаб чиққан буюк мутафаккирлардан бири Абу Наср Форобий(873-950)дир. Олимнинг маънавий меросида инсон, жамият, унинг муҳим хусусиятлари, инсоний қадриятларга оид инсонпарварлик ғоялари диққатга сазовордир.

Форобий илк ўрта асрларда инсонпарварликка асосланган ижтимоий тузум ва давлат бошқаруви, инсонларни бахт-саодатга элтувчи жамоа ҳақидаги таълимотни олға сурди, барча халқларнинг ўзаро ёрдам ва дўстлик асосида яшаши хусусида мулоҳаза юритиб, жамият ва унинг келиб чиқиши омиллари, инсон, унинг мақсади, вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда халқлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик, миллий ва диний бағрикенглик, турли тоифа ва табақа кишилар ўртасидаги дўстона муносабатлар, уларнинг бир мақсад йўлида жамоа бўлиб бирлашуви, идеал жамиятда инсонинг тутган ўрни, дин ва эътиқод, уруш ва дўстлик кабиларни қамраб олган. Мутафаккирнинг бу ҳақдаги қарашлари унинг машҳур «Фозил одамлар шаҳри», «Ихсо ал-улум», «Фазилат, бахт-саодат ва камолот ҳақида» каби асарларида батафсил баён этиб ўтилган.

Форобий инсонлар жамиятда бир-бирларининг ёрдамисиз, ўзаро турли муносабатларда алоқа қилмасдан яшай олмаслигини, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликдагина инсон жамоаларининг вужудга келиши таъкидлаб, жамият барқарорлиги, осойишталиги ва тараққиётининг асосий сабабидир деб билган. Бу ҳақда мутафаккир шундай ёзади: «Инсон ўз табиати жиҳатидан шундай таркиб топганки, ўзининг мавжудлиги ва олий даражадаги камолотга эришуви учун кўп нарсаларга муҳтождир. У буларнинг барчасига бир ўзи эриша олмайди ва уларга эришиш учун кишиларнинг қандайдир жамоасига муҳтож. Бу жамоанинг ҳар бир аъзоси у муҳтож бўлган нарсаларнинг бирортаси билан уни таъминлайди.[2]. Олим яна айтадики «Ана шу ўзаро ёрдам туфайли эҳтиёж қондирилади. Кишилар ўртасидаги ўзаро ёрдам инсон жамоасини келтириб чиқаради».[3] Демак, Фаробий фикрича кишилар бахтга эриши учун бирлашиши ва бир-бириларига ёрдам беришлари керак. Бу эса ҳар бир инсон ва жамоани маънавий камолотга етаклайди дейди: «Кишиларнинг ўзаро ёрдамлашуви, бирлашуви орқали етукликка эришуви мумкин».[4] Шу боис ҳам кишилик жамиятининг пайдо бўлиши, эзгу мақсадларга асослангандир. Зеро, бундай шаҳар (давлат)лар мутафаккир томонидан кишилик бирлашмаларининг энг олий шакли, деб эътироф қилинади.

Шунинг учун ҳам Форобий фозил шаҳар – давлатни соғлом инсон танасига ўхшатиб, тананинг барча аъзолари бир-бирига муҳтож ва боғлиқлиги зарурият эканлигини таъкидлайди: «…тананинг соғлигини ва камолотини таъминлаш учун бир-бирлари билан мустаҳкам алоқада бўлганликлари ва бир-бирларига ёрдам берганликлари каби фозил шаҳар-давлатнинг фуқаролари ҳам бир-бирларига боғлиқдирлар. Уларнинг ҳар бири маълум мавқега эга ва маълум вазифаларни амалга оширадилар[5].

Демак, инсонларнинг жамият бўлиб кишилик жамоасига бирлашиш сабабини, уларнинг маълум бир ирқ, миллат ёки динга мансублиги билан эмас, балки уларнинг ўзаро ёрдам, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка муҳтожлиги билан изоҳлаш лозим. Зеро, инсон ўз моҳиятига кўра ижтимоий мавжудотдир.

Олим инсонларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ва дўстона муносабатда яшаши жамият фаровонлигини таъминласа, ўзаро кўмак, меҳр-мурувватнинг йўқлиги, фитна, фисқу-фасод ҳукмронлиги жоҳил шаҳарнинг асосий хусусияти, сабаби сифатида қайд этади. «Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи асос инсонийликдир, шунинг учун ҳам, одамлар инсоният туркумига бирлашганликлари туфайли ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим»[6] – деган фикрлари ҳам буюк файласуфнинг ижтимоий ҳамкорликни жамият тараққиётини таъминловчи омиллардан бири, деб ҳисоблаганини англаш имконини беради.

Табиий-илмий, ижтимоий-ахлоқий, фалсафий соҳаларда чуқур илмий изланишлар олиб борган Абу Райхон Беруний (973-1048) асарларида ҳам бағрикенглик мавзуси алоҳида ўринга эга. Хусусан, Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», «Ҳиндистон» каби асарларида халқлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро урушларга одамларнинг турли миллат, тил, диний эътиқоди ва ирқда бўлиши сабабчи эмаслигини таъкидлайди. Масалан, мутафаккир кишиларнинг турли ирқ, миллат ва элатларга ажралиши табиий шароит ва уларнинг географик жойлашуви сабаб эканлигини тушунтиради: “Чунки одамлар тузилишларининг ранг, сурат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларнинг турличалигидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва ернинг одам яшайдиган жойларнинг турличалигидан ҳамдир. Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида турли хоҳишларни ифодалаш учун зарур бўлган сўзларга эҳтиёж туғилишидир”[7].

Беруний ҳам ижтимоий қарашларида Фаробий изидан бориб, жамиятнинг пайдо бўлиши асосига кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжини қўяди яъни, одамлар ўз эҳтиёжларини қондириш учун бир-бирлари билан бирлашадилар, ҳамкорлик қиладилар, биргаликда ўзларини ҳимоя қиладилар деб таъкидлайди: «Эҳтиёжлар турли-туман ва сон-саноқсиздир. Фақат уларни бир қанча кишилар биргаликда таъминлай олишлари мумкин»[8]. «Гап шундаки, одам эҳтиёжининг кўплиги, ҳимоя қилиш қуролига эга бўлмаганлиги ва душманнинг кўплиги туфайли, бир-бирини ҳимоя қилиш зарурлиги, ўзини ва бошқаларни таъмин этишга зарур бўлган бирор ишни бажариш учун ўз қариндош-уруғи билан жамиятда бирлашишга мажбур бўлган»[9].

Демак, инсонлар бир-бирларига муҳтож ва ёрдам беришлар учун жамиятга уюшганлар. Аллома бу ҳақда «Минералогия» асарида шундай ёзади: «Инсон эҳтиёжлари шу даражада хилма-хилки, унинг бир ўзи уларни қондира олмайди. Эҳтиёжлар хилма-хил ва жуда кўп. Фақат бир қанча одамлардан ташкил топган жамоа билангина уларни қондириш мумкин»[10].

Халқлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик каби ғоялар «Шайх ур-раис»(олимлар бошлиғи) номи билан машҳур Абу Али ибн Сино(980-1037) дунёқарашида ҳам алоҳида ўринга эга.

Ибн Сино ҳам инсонни ижтимоий ҳайвон деб талқин қилади. Олим инсонларни жамиятдаги тутган ўрни ва вазифасига қараб уч гуруҳга: давлат ишларида хизмат қилувчи, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва давлатни ҳужумлардан қўриқловчиларга бўлиб, булар ўзаро бир-бирларига боғлиқ ва бир-бирларисиз яшай олмайдилар деб таъкидлайди: «Ўзаро боғлиқлик ва алмашув жараёнида инсонлар бир-бирларини қандайдир муҳтожликдан ҳоли этадилар. Бунинг учун инсонлар ўртасида ўзаро келишув зарур бўлиб, бу келишув туфайли адолат қоидалари ва қонунлари ўрнатилади»[11].

Ибн Сино таълим-тарбия, илм олиш, дўстлик, ишонч, садоқат каби инсоний қадриятлар жамият фаровонлиги, одамлар тинчлигининг муҳим пойдеворидир дейди. Буларнинг акси бўлган иккиюзламачилик, ёлғончилик, фитна, хоинлик, инсонлар устидан қилинадиган ҳар қандай зўравонлик каби ғайриинсоний, ғайриахлоқий иллатларни қоралайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Фаробий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг бағрикенгликга оид фикрлари ҳозирги даврда юртимиз ва жаҳонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий, миллий ва диний ўзгаришлар жараёнида, халқлар ва диний муносабатларни мустаҳкамлашди ғоявий омил сифатида хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганларидек, “Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради”[12].

[1] Халқ сўзи. 2022 йил 1 февраль, 23-сон.
[2] Хайруллаев М.М. «Фаробий». – Тошкент: Фан, 1975. – Б. 302-305.
[3] Фараби. Трактат о взглядах жителей доброволного города / Қаранг: С.Н.Григорян. Из истории философии Средней Азии и Ирана VII-XII в.в. –Москва: Наука, 1960. – С. 136.
[4] Хайруллаев М.М. «Уйғониш даври шарқ мутафаккири». – Тошкент: Ўзбекистон, 1971. – Б. 251.
[5] Абу Наср Форобий. «Фазилат, бахт-саодат ва камолот ҳақида». – Тошкент: Ёзувчи, 2001. – Б. 29.
[6] Форобий «Фозил одамлар шаҳри». – Тошкент: Халқ мероси, 1993. – Б.186.
[7] Абу Райхон Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар». I том. Тошкент. ФАН. 1968 й. Б.231.
[8] Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар». Б.236.
[9] Абу Райхан Бируни. Избранные произведения.(Бундан кейин «Геодезия»), том III. Ташкент. 1966. С.83.
[10] Абу-р-Райхан Мухаммед ибн Ахмад ал-Бируни. Собрание сведений для познания драгоценностей (Бундан кейин «Минералогия»), М.: 1963. С.11.
[11] Б.Э.Рыховский. Философские наследие Ибн Сины. Журнал вопросы философии. 1955 г. № 5.
[12] Ш.М.Мирзиёев. 2017 йил 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференциясидаги нутқи. “Халқ сўзи” газетаси 2017 йил 11 ноябрь 228-сон
 
Ғуломжон САПАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …