Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илм-фан тараққиёти йўлида мақсадлар муштарак

Илм-фан тараққиёти йўлида мақсадлар муштарак

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан XXI АСР: ФАЛСАФА ВА ФИЗИКАНИНГ КУТИЛАЁТГАН УЙҒОНИШИ (РЕНЕССАНСИ)” мавзуидаги халқаро илмий семинар ўтказилди.

Онлайн ва анъанавий тарзда ташкил этилган семинарда Марказ илмий ходимлари, ҳамкор ташкилотлар, юртимиз ва хориждаги илмий доиралар вакиллари, тадқиқотчилар, жамоат ва дин арбоблари иштирок этди.

Семинарни Марказ директори, тарих фанлари доктори, доцент Шовосил Зиёдов кириш сўзи билан очди.

Семинар ишида техника фанлари доктори, Германиядаги Клаустал техника университети ва Қирғизистон Республикасидаги Ўш технология университетлари профессори, астрофизик Талант Риспаев, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Каримов ҳамда фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраевнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.

Маърузаларда илм тушунчасининг моҳияти, асримизда III Ренессанс даврининг бошланиши учун талаб этиладиган мезонлар, диний ва дунёвий илмларнинг тарихан ўзаро боғлиқ жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.

Нотиқлар томонидан мавзуни ёритиш давомида дунё халқлари ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қиладиган ўрта жаҳон тилини яратиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этиш концепцияси ҳамда Қуръони каримни ўрганишнинг патентланган инновацион усуллари намойиш қилинди.

Семинарда Мовароуннаҳр ҳудуди қадимдан инсоният тарихида Уйғониш (Ренессанс) даврлари рўй берган цивилизация марказларидан бири экани, бунда улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг салмоқли ҳиссаси борлиги, шунинг учун кутилаётган Ренессанс ҳам юқори эҳтимол билан Марказий Осиё минтақасида юз бериши мумкинлиги таъкидланди.

Борлиқнинг инсоният томонидан атиги 20 фоизи ўрганилган ҳозирги замонамизда илм-фан тараққиёти билан уйғунлашган навбатдаги Уйғониш даврига бўлган эҳтиёж юқори. Иштирокчилар фикрича, бу борада бугунги кун муаммоларини тадқиқ этишда барча миллат ва элатлар учун умумий бўлган тушунчаларни ифодаловчи назарияларни янада такомиллаштириш талаб этилади. Масалан, Германиядаги Клаустал техника университети профессори, астрофизик Талант Риспаев “билим” ва “фан” ибораларининг ўзаги сифатида “илм” тушунчасига умумжаҳон миқёсида табиий ва маънавий билимларнинг жамланмаси сифатида таъриф бериш таклифини ўртага ташлади. Маънавий дунёқараш масаласи эса эътиқод билан узвий боғлиқ. Хорижлик олим Қуръондаги математик формулаларни келтириб, муқаддас китобнинг кишилик маданияти тарихидаги ўрни ва аҳамиятининг юксаклигини яна бир бор эътироф этди. Шу ўринда фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев ҳам Қуръони каримдаги фундаментал қонуниятларга оид фикрлар мужассамлашган оятлар таҳлилига оид хулосалари билан ўртоқлашди. Олим муқаддас китобда фазо ва вақт хусусиятлари талқини, вақт ва унинг чексизлиги, фазо ва унинг нисбийлиги ҳамда мангулик каби ғояларнинг замонавий фундаментал илмлар даражасида ва ҳатто улардан ҳам юқори поғонада баён қилинганини қайд этди.

Семинарда олимларнинг тақдимотлари юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида маърузаларнинг тўлиқ матнларини “Имом Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журналида чоп этиш юзасидан билдирилган таклиф маъқулланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ахборот сиёсати масъуллари шарафланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни …