Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони карим ва тафсир

Қуръони карим ва тафсир

Қуръони карим мусулмонларнинг эътиқод амалиёт ва диний билимлар асоси бўлиши билан бир қаторда, замонавий илмлар ривожи, ихтиро ва кашфиётларнинг жадаллашувида ҳам катта аҳамиятга молик манба ҳисобланади.

Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилган: “Мен сизларга икки нарсани қолдириб кетаяпман, агар мендан кейин шуларга амал қилсангиз, қиёматгача тўғри йўлдан адашмайсизлар. Бу икки нарсанинг бири Аллоҳнинг Китоби, иккинчиси эса менинг суннатимдир”[1].

Ислом динининг энг муҳим манбаси бўлган, Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари инсонларнинг маънавий тарбияси ва камолотига хизмат қиладиган дастуруламалдир. Бу муқаддас манбалардан илҳомланиб, уларни шарҳлаб, дин асослари, буйруқлари ва қоидалари тўғрисида кўп китоблар ёзилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери ўтган 14 аср давомида бу соҳада араб, форс ва туркий халқлардан етишиб чиққан олимлар яратган  асарларнинг оддий рўйхати ҳам бир неча ўнлаб жилдларни ташкил этиши мумкин. Биламизки, Қуръони каримнинг тафсири ва таржималари билан шуғулланишда жумҳур уламолар бир қатор илмларни пухта эгаллашни шарт деб билганлар.

Тафсир сўзи луғатда “изоҳлаш”, “равшанлаштириш” ва “ҳар бир жумладан кўзланган муродни очиб бериш” маъноларида келади.

“Тафсир деб, Қуръони карим оятларидан Аллоҳнинг муродини инсон ўз ақли даражасида тушуниб, бошқаларга ҳам тушунтириб бера олишини айтилади”.[2]

“Тафсир – оятларнинг нозил бўлиши, унинг сабаблари, қиссалар, Маккада нозил бўлган оятлар билан Мадинада нозил бўлган оятларнинг тартиби, муҳкам (маъноси аниқ) ва муташобеҳ (таъвилга муҳтож)лиги, носих (ҳукмни бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми бекор қилинган)лиги, хусусийлиги ва умумийлиги, мутлақи ва муқайяди, мужмали ва муфассари, ҳалол ҳақидаги ва ҳаром ҳақидаги, ваъда ва ваъид, амр ва наҳий ҳамда ибратли оятларни ўргатмоқдир”.[3]

Ҳанафий мазҳаби намояндалари ҳисобланган аждодларимизнинг ақидавий қарашлари ижтиҳод ва фатволари бевосита Қуръонга асослангани учун аждод алломаларимизнинг аксарияти тафсир билан шуғулланганлар. Шу сабаб турли мафкуралар кураши давом этаётган, одамлар онгини дин орқали эгаллаб олиш жараёни қизғин кетаётган ҳозирги пайтда, Қуръони каримни тўғри англаш ва тўғри талқин қилиш ниҳоятда муҳимдир. Чунки бундай жараёнларда оятлардан далил ва таъсирчан омил сифатида фойдаланиш айрим оқимларга қўл келмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки ҳозирги турли мафкуралар кураши, одамларни дин орқали қалби ва онгини эгаллаб олишга ҳаракатлар кетаётган бир жараёнда, ақида асоси бўлган Қуръони каримни тўғри талқин қилиш ва тўғри етказиш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Бу борада Ҳанафий мазҳабида ва Имом ал-Мотуридий таълимотининг издошлари бўлган аждодларимизнинг, айниқса Абу Ҳафс, Абул-Муъин, Макҳул, Абулбаракот ан-Насафий каби алломаларимизнинг ўлмас асарларини бағрикенглик, инсонийлик ва олийжанобликка чорловчи ғояларни ўрганиш долзарб аҳамият касб этиши билан бирга, бу вазифа бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

“Тафсир” сўзи “фассара” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “баёнлаш”, “кашф қилиш”, “ёритиш” маъноларини билдирган. Истилоҳда “тафсир” Қуръондан кўзланган мақсадни инсон ўз ақли даражасида тушуниб, бошқаларга ҳам тушунтириб бериши, деб таърифланган. Тафсир илми мусулмонларнинг илоҳий Китобини шарҳлайди. Шу боис унинг маъно-мазмунини тушуниш ва ўрганишда тафсирга ҳар бир замонда, жумладан бугунги кунда ҳам зарурат мавжуд. Шундан келиб чиқиб, тафсир илми қуръоний илмлар ичида мўътабар саналиб келинган.

                                               Фойдаланилган адабиётлар

  1. Молик ибн Анас. Муватто. -Миср, Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 2004 –Ж.5. Б.1323.
  2. Раҳмутуллоҳ Обидов. Қуръон ва тафсир илмлари. Тошкент ислом университети. 2003
  3. Имом ас-Суютий. Ал-Итқон. 2-ж. 174б
А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими
 
[1] Молик ибн Анас. Муватто. -Миср, Дор иҳё ат-турос ал-арабий,2004 –Ж.5. Б.1323.
[2] Раҳмутуллоҳ Обидов. Қуръон ва тафсир илмлари. Тошкент ислом университети. 2003
[3] Имом Ас-Суютий. Ал-Итқон. 2-ж. 174б

 

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …