Қадим-қадимдан барча халқларда китоб яхшиликка етакловчи эзгулик манбаи сифатида қадрлаб келинган. китоб сўзи Қуръони карим оятларида 200 дан ортиқ ўринда келган, унинг маъносига далолат қиладиган оятлар ҳам жуда кўп марта зикр қилинган.
Китоб сўзи арабча бўлиб, «ўз ичига жамламоқ», «тўпламоқ» каби маъноларни англатади. Араблар бирор катта оилага тегишли барча ўғил-қизлар ва невара-чеваралар ота ҳовлига тўпланса, «Такаттаба бану фулан», яъни «Фалончининг авлодлари тўпланибди», дейишади. Шунингдек, бу сўз бир нарсанинг қатор-қатор қилиб терилишига ҳам ишлатилади.
Китоб маданият ва маърифат, тараққиёт манбаи, ундаги илм ақл камолоти, қалб ва руҳ сокинлиги озуқаси, шунингдек, башариятни эзгулик сари етакловчи сарбондир.
Китоблар оламида бебаҳо бойлик бўлган, бугунги тараққиётимизнинг илк манбаси, илдизи бўлган қўлёзма нусхалар мавжуд. Улар фондларимиздан жой олгунга қадар нене оғир кунларни кечирган, табиий ва сунъий талафотлар уларнинг катта қисмига жиддий зарар етказган.
Заҳматкаш ота-боболаримиз бу бебаҳо хазинани вужудга келтириш учун қанча кўз нурларини кетказган. Биргина Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳ ал-жоме” тўплами ўн беш йиллик меҳнат самарасидир. Ибн Ҳажар Асқалоний “Саҳиҳ алжоме”га шарҳ ёзиш учун ўттиз йил умрини сарф қилган.
Бугун биз буюк алломалар ворислари сифатида ана шу хазиналарни муносиб сақлаб, энг муҳими, уларнинг ичидаги дунёю охират саодатига элтувчи илму маърифатни эгаллаб ўрганяпмизми? Бугун илму маърифат учун ҳамма куч сафарбар қилинмаса, тобора мураккаблашиб бораётган муаммоларга ечим топа олмаймиз.
Қўлёзма китоблар ўзига хос сирли хусусияти билан босма китоблардан ажралиб туради. Уларни мутолаа қилар экансиз, ҳар бир сатри, ҳар бир ҳарфи орқали буюк аждодларимиз нақадар холислигига гувоҳ бўласиз. Боболаримиз келажак авлодлар учун бор имкониятларини ишга солган. Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек:
Айрим қўлёзма китоблар инсоният тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эга бўлишига қарамай, уларнинг хокисор муаллифлари номларини ҳам ёзиб қолдирмаган. Муаллиф номи қайд этиладиган жойга «Аллоҳнинг раҳматига муҳтож банда номидан», деган холисона сатрларни битиб қўйишганини кўриб, беихтиёр кўзингизга ёш келади.
Мана шундай бебаҳо қадриятимизга айланган қўлёзма китобларнинг энг қадимгиси 1400 ёшдан ошмоқда. Шу нуқтаи назардан уларнинг кўплари қайта таъмирга муҳтож. Бу иш билан эса китоб «табиблари» – реставраторлар шуғулланади. Бу касб эгалари ўз хизмати билан ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради.
Бугунги кунда айни соҳанинг қайта жонланиши Ғарбу Шарқда анча жадал тус ола бошлади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу соҳада бир неча лаборатория фаолият юритмоқда. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Марказий давлат архиви ва юртимизнинг кўплаб тарихий музейларида қадимги қўлёзмалар, васиқа ва ҳужжатлар, шунингдек, насабнома ва шажаралар каби маънавий осори атиқалар сақланади. Айни пайтда бу бебаҳо меросимизни ўрганиш билан бирга, турли сабабларга кўра талафот кўрган китоблар имкон қадар қайта тикланмоқда.
Қўлёзма китобнинг вужудга келишида бир неча киши, жумладан, қоғоз ясовчи, муаллиф, сўнг хаттотлар, котиблар, варақларни (курросаларга) жойлаб тикувчи ва муқоваловчи саҳҳофлар иштирок этган.
Бугунги кунда қадимги китоблар 3 та асосий усул – махсус замонавий жиҳозлар ёрдамидаги механик усул, иссиқлик энергияси воситасидаги махсус жиҳозлар ва қўл меҳнати орқали таъмирланмоқда.
Механик усул орқали таъмирлаш, асосан, тошбосма китобларни тиклашда қўлланади. Бу усулда замонавий технологиялар ёрдамида табиий ашёлардан олинган турли кукунлардан фойдаланилади. Аввало, кукунлардан қоғоз рангига қараб муносиб ранг танланади, шунингдек, қоғознинг қалин ёки юпқалигига қараб кукун миқдори ҳам белгиланиб, сувли эритма тайёрланади. Китобнинг зарар кўрган саҳифалари алоҳида ажратиб олингач, махсус идишларга жойлаштирилади. Идишларнинг ост қисми жуда ҳам майда тешикчалардан иборат бўлиб, керакли пайтда ичидаги қоришмали сув шу ўта майда тешиклар орқали тушириб юборилади, натижада саҳифалардаги йиртилган, бўш жойларга кукун қуйқалари тўлиб, улар бусбутун ҳолга келади.
Кейинги усул, яъни иссиқлик энергияси орқали кўпроқ тошбосма китоблар таъмирланади. Замонавий махсус аппаратда кенг ва узун тасмалар бўлади, шу тасмалар юзасига китобнинг талафот кўрган саҳифалари териб чиқилади ва устидан махсус елимли қоғоз ёпилади. Тасма варақларни юқори ҳароратли печга олиб киради, натижада зарар кўрган варақлар елим ва қоғоз орқали тикланади. Юқоридаги икки усул орқали таъмирлаш жараёнида китоб қоғозлари муайян даражада зарарланиши мумкин, айниқса, нодир қўлёзма китоблардаги ноёб қоғоз ва ёзувларга жиддий зарар етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун қўлёзмаларни бу усул орқали таъмирлаш тавсия этилмайди.
Учинчи усул, яъни қўл меҳнати орқали таъмирлаш энг қадимийсидир. Бу усулда таъмирлашда қўлёзманинг асл нусхасига умуман салбий таъсир бўлмайди. Дастлаб таъмирталаб қўлёзманинг барча саҳифалари рақамланади ва алоҳида ажратилади. Йиртилган ёки куйган, биологик зараркунандалардан зарар кўрган саҳифалар таъмир столига ажратиб қўйилади. Китоб саҳифасининг ҳажмига тенг, айни шу саҳифа сифатига яқин келадиган қоғоз тайёрланади ёки матни мутлақ талафот кўрган китобларнинг, бўш қоғозлари матн четларидаги тоза қоғозларидан фойдаланилади. Китобнинг йиртилган варағига янги қоғоз табиий елим билан ёпиштирилади. Сўнг янги қоғознинг ортиқча қисмлари махсус пичоқча ёрдамида олиб ташланади, четлари майин қумқоғоз ёрдамида текисланади ва натижада яхлит саҳифа вужудга келади.
Саҳифадаги йўқолган матнлар бошқа нусхаларда мавжуд бўлса, хаттотлар ёрдамида тўлдирилади. Саҳифаларни териш, тиклаш, жамлаш, муқовалаш – таъмирдаги бу тўрт жараён китобнинг талафот кўрганлик даражасига қараб кечади. Саҳифалар чокидан чиқиб чалкашиб кетган бўлса, тартиблаш «тадъим», йиртилиб бир парчаси йўқолган бўлса «тармим», курросалар сўкилган бўлса, жамлаб чиқиш ва тикиш «тажми», мустаҳкам муқовалаш «тасбит» дейилади.
Нодир манбалар таъмири жуда масъулиятли иш. Зеро, қўлёзмаларнинг умрини узайтириб, дунё ва охират саодати учун хизмат қилишдек хайрли амалларни масъулиятсиз бажариб бўлмайди. Энг муҳими, бу соҳанинг фидойи мутахассислари отабоболарининг бебаҳо меросини омонат билиб, авлодларга соз ҳолда қолдиришдек шарафли вазифасидан фахрланади.