Қуръони карим Аллоҳ таолонинг энг буюк мўъжизаси бўлиб, замонлар оша мутахассислар томонидан турли жабҳаларда, кўринишларда ўрганиб келиняпти ва кишилар онгини ожиз қолдирган ҳолда янгиликлари тугамаяпти.
Қуръони каримга тааллуқли илмларни ўрганувчи «Улумул Қуръон» фани суралар ва оятларни ўрганишда турли хил жиҳатлардан ёндашади. Нозил бўлиш ўринлари, вақтлар, тартибларига қараб уларни алоҳида таснифлайди ва ҳар бирини ўзига хос тарафидан ўрганади. Қуйида бу борадаги айрим маълумотларни бериб ўтамиз:
Маккий ва Маданий сура ва оятлар
Қуръон сура ва оятлари нозил бўлиш ўринларига қараб маккий, маданийга бўлинади.
Маккий дейилганда луғатда суранинг Маккада нозил қилингани ёки маданий дейилганда Мадинада нозил қилингани тушунилсада, аслида уларнинг барчаси маккий ёки маданий бўлиб қолмайди. Балки, маккий суралардаги баъзи оятлар маданий бўлади ёки аксинча, маданий сураларда эса баъзи маккий оятлар учрайди. Сурадаги оятларнинг кўпчилигига қараб, яъни сурада маккий оятлар кўп бўлса сура маккий, маданий оятлар кўп бўлса сура маданий деб номланади. Шунинг билан бирга «Бу сура маккий суралардан, фақат фалон ояти маданийдир, ёхуд бу сура маданий суралардан, фақат фалон ояти маккийдир» таъкидлаб ўтилади.
Маданий суралар йигирмата:
1.Бақара, 2.Оли Имрон, 3.Нисо, 4.Моида, 5.Анфол, 6.Тавба, 7.Нур, 8.Аҳзоб, 9.Муҳаммад, 10.Фатҳ, 11.Ҳужурот, 12.Ҳадид, 13.Мужодала, 14.Ҳашр. 15.Мумтаҳана, 16.Жума, 17.Мунафиқун, 18.Талоқ, 19.Таҳрим, 20.Наср.
Ихтилофли суралар ўн иккита:
1.Фотиҳа, 2.Раъд, 3.Роҳман, 4.Соф, 5.Тағобун, 6.Мутаффифун, 7.Қадр, 8.Баййина, 9.Залзала, 10.Ихлос, 11.Фалақ, 12.Нос.
Қолган саксон иккита сура Маккий суралар ҳисобланади.
Сафарда ва ўтроқликда нозил қилинган оятлар
Қуръоннинг аксарияти муқимликда, яъни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сафарларда, ғазотларда бўлмаган вақтларида нозил бўлган ва бундай оят ва суралар кўпчиликни ташкил этади.
Сафарда нозил қилинганлари борасида «Бақара» сурасининг 125 ояти, Видо ҳажида, “Анфол” сурасининг аввали Бадр жангининг кетидан, “Тавба” сурасининг 34-ояти, “Ҳаж” сурасининг аввалини ва “Фатҳ” сурасини сафарда нозил бўлганлиги ривоят қилинган. «Ал-Итқон фи улуми-л-Қуръон» асарида сафарда нозилган қилинган оятлардан 44 таси келтирилган.
Тўшакда ва уйқу вақтида нозил қилинган оятлар:
Пайғамбар алайҳиссалом тўшакда ётган вақтларида «Моида» сурасининг 67, «Тавба» сурасининг 118-ояти нозил қилингани ривоятларда айтилади.
Уйқуда нозил қилинганларга «Кавсар» сураси мисол қилинади. Имом Муслим Анас ибн Моликдан қилган ривоятда айтилишича: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турганларида енгил мудрашлик билан ухладилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар. Биз: «Сизни нима кулдирди, эй Аллоҳнинг Расули?» дедик. «Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм: Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик (1), Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй (2), албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг ўзининг орқаси кесик (3)« сурасини қироат қилдилар», дейилган.
Аввалги ва охирги нозил қилинган оятлар
Уламолар Қуръони карим оятлари орасида энг биринчи бўлиб «Алақ» сурасининг 1-5 оятлари нозил қилинганини таъкидлайдилар. Имом Бухорийнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятлари ушбу фикрни қувватлайди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи келган ваҳий уйқуларида кўрган яхши тушлари бўлган. Туш кўрсалар, тонг ёруғлигидек (аниқ) кўрардилар. Кейин у Зотга (Аллоҳ таоло томонидан) танҳо қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорига чиқиб, у ерда бир неча кун ёлғиз ибодат қилар, сўнгра оиласига − Хадичанинг олдига қайтиб, у ерда бироз туриб, кейин егуликларни олиб яна ғорга равона бўлар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида − Ҳиро ғорида турган пайтларида − Ҳаққ келди (яъни Жаброил ) фаришта келиб у Зотга: «Ўқи», деди. У киши: «Мен ўқий олмайман», дедилар. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар): «Шунда мени тутиб ўзига тортди ва менга заҳмат етказди, сўнг қўйиб юбориб деди: «Ўқи». Мен: «Ўқий олмайман», дедим. Сўнг яна мени ушлаб учинчи бор сиққандан кейин деди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни – хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди«. (Алақ сураси. 1−5-оятлар)
Биринчи бўлиб тўлиғича нозил қилинган сура эса «Муддассир» сураси экани айтилган.
Қуръони каримдан энг охири нозил бўлган оят қайси оятлиги ҳақида муфассир уламолардан турли хил сўзлар ворид бўлган. Биринчи қавлга кўра, охири нозил бўлган оят “Бақара” сурасидаги: “واتقو يوما ترجعون فيه إلى الله” “унда Аллоҳга қайтадиганингиз Кундан қўрқингиз!” (яъни мана шу Кун азобидан қутулиш учун солиҳ амаллар билан ҳаракат қилингиз!), ояти ҳисобланади.Иккинчи қавлга кўра, “Нисо” сурасидаги “يستفتونك قل الله يفتيكم في الكلالة” “(эй Муҳаммад), Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: “Аллоҳ калола ҳақида сизларга фатво берур…”, ояти каримаси охири нозил бўлган оят ҳисобланади. Учинчи қавлга кўра Моида сурасидаги: “اليوم أكملت لكم دينكم وأتممت عليكم نعمتي ورضيت لكم الإسلام دينا” “Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим, неъматимни бошингиз узра тугал қилдим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим”, ояти каримаси охирги нозил бўлган оят ҳисобланади. Тўртинчи қавлга кўра “Тавба” сурасидаги “لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ…” яъни “Ахир, сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг тўғри Йўлга келишингизга ҳарис, ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку!”, ояти каримаси охирги нозил бўлган оят ҳисобланади. Бешинчи қавлга кўра “إذا جاء نصر الله والفتح” “Қачонки, Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келса” ояти каримаси билан бошлаувчи сура энг охирги нозил бўлган оятлар ҳисобланади. Шунингдек, муфассирлар ўртасида “Бақара” сурасидаги дайн ояти (қарз масалаларига тааллуқли) ҳам охирги нозил бўлган оятлардан деган сўз бор.
Уламолар мазкур қавллардан биринчи қавлни яъни “واتقو يوما ترجعون فيه إلى الله” “унда Аллоҳга қайтадиганингиз Кундан қўрқингиз!” ояти каримасининг сўнги нозил бўлган оят эканлиги ҳақидаги сўз кучлироқ эканлигини таъкидлайдилар.
Манбалар асосида тайёрланди