Home / МАҚОЛАЛАР / Одамлар ўртасидаги муносабатларни ислоҳ қилиш

Одамлар ўртасидаги муносабатларни ислоҳ қилиш

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни имон таркибига киритганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимлари – Абу Ҳамза Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга яхши кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз”, – деганлар”[1]. Қуйида бир-бирлари билан низолашиб қолганда нима қилиш ҳақидаги ҳукмни билиб оламиз.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

وَإِن طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا ۖ فَإِن بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَىٰ فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّىٰ تَفِيءَ إِلَىٰ أَمْرِ اللَّهِ ۚ فَإِن فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا ۖ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ.

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ.

Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир”[2].

Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”[3].

Ушбу оятларнинг нозил бўлишига қуйидаги ҳадисда келтирилган воқеа сабаб бўлган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Абдуллоҳ ибн Убайнинг олдига борганингизда эди” – дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эшакка миниб унинг олдига жўнадилар. Саҳобалар ҳам яёв юриб у зот билан жўнадилар. У жой шўрхок ер эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнига етиб борганларида, у: “Мендан узоқ тур! Аллоҳга қасамки, эшагингнинг қўланса ҳиди, менга азият берди”, – деди. Шунда ансорлардан бири: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшаклари сендан кўра хушбўйроқдир” – деди. Абдуллоҳ ибн Убайга ўз қавмидан бир киши ғазаб қилиб, нариги кишини сўкди. Шунда ҳар иккисидан дўстлари ғазабланди. Улар калтак, қўллари ва ковушлари билан уришишди. Биз шу ҳолатда эканимизда “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг” ояти нозил қилинибди”, – деб етказишди[4].

Аллоҳ таоло бир-бирларига зулм қилган мусулмонларнинг ўртасини тузатиб қўйишга буюриб бундай дейди: “Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг” одиллик билан ислоҳ этинглар. Улар бир-бирларига қарши урушганларига қарамасдан мўминлар деб саналмоқда. Бунга Бухорий ва бошқа муҳаддислар айтадики мўмин киши гуноҳ қилиши орқали имондан чиқмаслигига далил келтиришган. Абу Бакрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбар устида кўрдим ва Ҳасан ибн Али унинг ён томонида эди. У зот бир бор одамларга, бир бор унга юзландилар ва: “Бу ўғлим саййиддир. Шоядки, Аллоҳ у туфайли мусулмонлардан икки гуруҳ ўртасини ислоҳ қилса”, – дедилар”[5]. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, “мусулмонлардан икки тоифа” деганлари, бир-бирлари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан вақтларида имондан чиқиб кетмасликларига ишорадир. Кейинчалик узоқ урушдан сўнг, Расулуллоҳ айтганларидек, Ҳасан розияллоҳу анҳу Шом ва Ироқ аҳлининг ўрталарини ислоҳ этганлар.

Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса” келишиб кетишга кўнмасдан тажовузида давом этаверса, “сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг”. Яъни ҳақга қулоқ солиб, унга итоат этгунича уларга қарши туринглар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингиз хоҳ золим ва хоҳ мазлум бўлсин, унга ёрдам беринг!” – дедилар. Айтишди: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазлум бўлганда-ку ёрдам берамиз? Золим бўлган ҳолда унга қандай ёрдам берамиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қўлидан ушлайсан” дедилар, яъни зулм қилишидан қайтарасан[6]. “агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир”. Ҳукмларида адолат қиладиганларни Аллоҳ яхши кўради. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёда одиллик қилганлар қиёмат кунида, одилликлари сабабли Раҳмоннинг ҳузурида нурдан бўлган минбарлар устида бўлади”, – дедилар[7]. “Албатта, мўминлар биродардирлар” яъни динда барча одамлар бир-бири билан ака-ука ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У ўз мусулмон биродарига зулм қилмас ва уни зулмкор қўлида қолдирмас!”[8], – деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда биродарига ёрдам бериб тураркан, Аллоҳ ҳам унга ёрдам бериб туради”[9], – дедилар. Бу ҳақда жуда кўп ҳадислар мавжуд. Шундай экан ҳамиша мўмин биродарларимизга ёрдам қўлини чўзиб турайлик. “бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг” жанжаллашиб қолганларнинг орасини “Аллоҳга тақво қилинг, яъна барча қилаётган ишларингда Аллоҳдан қўрқинглар “шоядки, раҳм қилинсангиз”, тақво қилганлар Аллоҳнинг раҳматига эришади.

Келишмай қолганларнинг ўртасини тузатиб Аллоҳнинг розилигига эришайлик!

(Табарий, Ибн касир ва Ал-Васийт тафсирлари асосида тайёрланди)

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқшунослик шўъбаси илмий ходими
Қодирхон Маҳмудов

[1] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. –Т.: “Ўзбекистан миллий  энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти,  2008. 13-ҳадис. –Б.12.

[2] Ҳужурот сураси: 9-оят мазмуни.

[3] Ҳужурот сураси: 9-10-оятлар мазмуни.

[4] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. –Т.: “Ўзбекистан миллий  энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти,  2008. 2691-ҳадис. –Б.460-461.

[5] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. –Т.: “Ўзбекистан миллий  энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти,  2008.  2703-ҳадис. –Б.463.

[6] Ўша манба. 2244-ҳадис. –Б.410.

[7] Насоий. Сунани-н-Насоийи-л-кубро. Ж.3. Дору-л-кутуби-илмия. Байрут, 1991. 5917-ҳадис. –Б.460.

[8] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ж.1. –Т.: “Ўзбекистан миллий  энциклопедияси”  Давлат илмий нашриёти,  2008.  2442-ҳадис. –Б.410.

[9] Муслим. Саҳиҳи Муслим. Ж.8. Дору-л-офоқи-л-жадида. Байрут. 7028-ҳадис. –Б.71.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …