Home / МАҚОЛАЛАР / ЖАЛОЛИДДНИН РУМИЙНИНГ ФАОЛИЯТИ ВА ИЛМИЙ МEРОСИНИ ЎРГАНИШНИНГ АЙРИМ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

ЖАЛОЛИДДНИН РУМИЙНИНГ ФАОЛИЯТИ ВА ИЛМИЙ МEРОСИНИ ЎРГАНИШНИНГ АЙРИМ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад ибн Баҳовуддин Валад ал-Балхий Румий номи билан жаҳонга донг таратган алломанинг тахаллуси борасида ҳам фан оламида бир қатор гипотезалар мавжуд. Мавлоно туғилган жойи нисбатига кўра «Балхий», дўсти Шамс Табризий хотирасига «Табризий» ва яшаш маконига кўра «Румий» тахаллуслари остида ижод қилди. Бу номлар орасида эса у кўпроқ Румий тахаллуси билан машҳур бўлди. Асли Марказий Осиёлик Жалолиддин Румийни афғонлар Балхий, форслар Мавлавий, турклар эса Румий деб ардоқлашади. Бугунги кунда турли халқ ва миллатлар ўртасида Румий шахси бўйича кўплаб баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Эронликлар ва турклар, араблар ва афғонлар орасида бўлаётган баҳсларнинг сабаби уларнинг ҳар бири Жалолиддин Румий бизнинг буюк аждодимиздир деган мавзу атрофида музокаралар олиб бормоқдалар. Арабларнинг даъвосига кўра, Румийнинг ота-она авлоди Муҳаммад (с.а.в.) ва халифа Абу Бакр шажарасига бориб тақалади, шу боис, у араблар авлодидандир. Уларнинг бу даъвоси бўйича тарихий аргументлар етарли. Афғонларнинг даъволари ҳам бирмунча асосли далилларга таянган. Румий ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида туғилган ва шунга нисбат берган ҳолда Балхий тахаллуси билан ҳам ижод қилган деган фикрни илгари сурмоқдалар. Шахс ва буюк сўфий шоир сифатида Жалолиддин Румий форс маданий ва адабий анъаналарига таянган ҳолда асосан форсий тильда ижод қилган, унинг деярли барча асарлари форс тилида яратилганлиги жиҳатидан эронликлар ҳам Румий бизнинг аждодимиздир деган гипотезани илгари сурадилар. Жалолиддин Румий ҳаётининг асосий қисмини Кичик Осиёда, яъни Румда ўтказди ва шунга нисбат олган ҳолда Румий тахаллусини олиб, дунё бўйича ҳозирда асарлари энг кўп ўқиладиган ва ўрганиладиган сўфий шоир сифатида донг таратди. Румий тахаллуси уни умр бўйи шу мамлакат тарихи ва маданияти билан боғлаб турди. У Ўрта асрлардаги бир қатор фалсафий оқимларнинг тараққий этишига ҳам сезиларли тарзда ўз таъсирини ўтказди. Форсийлар уни ўзларининг буюк шоири деб атайдилар, турклар эса турк адабиётининг асосчиси деб улуғлайдилар.

Румий – «румлик», «румдан» деган маъноларни билдиради. Румий ўз тахаллусига Рум салтанатининг номини асос қилиб олган, деган қарашлар кўп эътироф этилади. Бироқ, Румий сўзининг сон эквивалентлари йиғиндиси 256 га тенг келишини эътиборга олсак, бу «Нур» сўзининг маъноси илдизига мос келиши маълум бўлади. Араб, эрон ва ўзбек тилларида ушбу илдиз «ёруғлик»сўзининг маъносини беради[1].

Жалолиддин Румийнинг қайси миллат вакили эканлиги хусусидаги баҳсларга 1952 йилда покистонлик олим, профессор Ҳамидулло Хон: «Румий бир халққа тегишли эмас. У башарият шоиридир», дея якун ясамоқчи бўлади, аммо ҳали-ҳануз турли миллат ва элат вакиллари ўртасида Румий асли қайси халқ вакили эканлиги тўғрисидаги мунозаралар тугагани йўқ. Зеро, Баке Муан айтганидек: «Румий ҳаётининг ўзи ажойиб рамзий маънога эга: афғонлар, форсийгўйлар, туркийларни бирлаштириш билан бирга ушбу халқларни бошқа халқлар билан бирлаштиришга муваффақ бўлган зотдир. Қандай қилиб дейсизми? Ахир уларнинг барчаси Румий бизники деган фикрдадирлар»[2]. 2007 йил ЮНEСКО ташкилоти томонидан Румий йили деб эълон қилди ва жаҳон миқёсида кенг нишонланди. Бу тадбир бўйича халқаро ташкилотнинг мурожаатномасида эса шундай сатрлар келтирилган: “Румий ислом цивилизациясининг энг улуғ мутафаккири ва олими бўлиб қолади. Афғонистон, Эрон ва Туркия халқлари уни ўз шоирлари деб ҳисоблайдилар. У эса бутун инсониятга мурожаат қилади ва барчани Пок Парвардигор соясида бирлашишга чақиради… Унинг ўзи айтганидек: «мен учун ошнолару бегоналар, қариндошу қариндош бўлмаганлар орасида фарқ йўқ»”.

Жалолиддин Румийнинг ота аждоди шажараси ҳам, она аждоди шажараси ҳам муқаддас илдизлар шажарасига туташади. Отаси Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Хатиб Баҳовуддин Валад бўлиб, унинг аждодлари Муҳаммад (с.а.в.) вафотидан кейин биринчи халифа этиб тайинланган Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)га бориб тақалади. Онаси Мўмина хотун эса Хоразмлик саййидалардан бўлиб, насаби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га бориб тақалади. Розиуддин Нишопурийнинг хабар беришича, Румийнинг бобоси – Ҳусайн бин Аҳмад Хотибий ҳам ўз даврининг таниқли уламоларидан саналган, бувиси Маликаи Жаҳон Хоразмшоҳлар хонадони вакиласи бўлган. Алишер Навоий ўзининг «Насойим-ул муҳаббат» асарида яна бир қизиқ маълумотни келтириб ўтади: «Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) Хоразмшоҳнинг тушига кириб ишорат қилдиларки, қизингни Ҳусайн Хатибга никоҳ қил! Бу никоҳдан Баҳовуддин Валад дунёга келди. У 2 ёшида отаси оламдан ўтди. Балоғат ёшига этганда дин ва ирфонга оид билимларни чуқур ўзлаштирди. Илмда камоли ул эрга этдики, Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) тушида унга Султон-ул уламо (Олимлар султони) лақабини бердилар»[3]. Ўз даврининг улуғ донишманди ҳисобланган Баҳовуддин Валадни «Султон-ул орифийн» деб ҳам аташганлар. Баҳовуддин Валад ўз даврининг йирик уламоси ва воизи бўлибгина қолмай, Хоразмшоҳлар саройининг ҳам хос кишиларидан ҳисобланган. Унинг «Маориф» номли асари ўша пайтларда жуда машҳур бўлган. Баҳовуддин Валад Нажмиддин Кубронинг муборак қўлидан муқаддас хирқани кийиб, шайхдан муҳрли ижоза олган ва ўз даврининг йирик фиқҳ илми билимдони, фатво соҳиби ҳамда кубравия тариқатининг шайхи сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Жалолиддин Муҳаммаднинг онаси 1222 йилда Караманда хасталикдан вафот этади. Отаси эса 1231 йилнинг 23 февралида Кўнё шаҳрида 73 ёшида оламдан ўтади.

Жалолиддин Муҳаммад болалигиданоқ ўта хаёлчан ва таъсирчан, аммо зеҳни ўткир бола бўлган. У ёш бўлишига қарамай теран заковати, ноёб қобилияти орқали атрофдагилар диққатини тортган. Жалолиддин Румий 5 ёшлигидаёқ у билан ғайритабиий ҳодисалар содир бўла бошлаган. У ёшлигиданоқ ҳар 2-3 кунда ифтор қиларди[4]. Унинг акаси Аълоиддин Муҳаммад ёшлигидан касалманд ва нимжон бўлган, шу сабабли у 19 ёшида хасталикдан вафот этади. Аълоиддин Муҳаммад ва Жалолиддин Муҳаммад тарбиясини Баҳовуддин Валаднинг яқин муридлари бўлмиш самарқандлик Шарафиддин Лоло ва термизлик Саййид Бурҳонуддин Термизийлар зиммаларига олишган, уларга таҳсил беришган. Қувваи ҳофизаси ўткир бўлган Жалолиддин Муҳаммад 12-13 ёшларида Қуръонни ёд билар, шариат илмидан анча-мунча хабардор бўлиб, араб тили грамматикасини ҳам яхши ўзлаштиради. 10 ёшлариданоқ бир қанча улуғ шоирларнинг йирик асарларини мутолаа қила бошлайди, гоҳ-гоҳида шеърлар ҳам машқ қилиб туради. 16 ёшидан бошлаб эса Хомуш тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди. Афлокий Аҳмад Даданинг қайд этишича, отаси Баҳовуддин Валад унга «Худовандигор» нисбасини берган ва ўғлига шундай деб мурожаат қилган. Бу сўзнинг луғавий маъноси эса «сарвар», «жаноб» деган маъноларни англатиб, ўша даврларда маънавий ва ижтимоий соҳаларда юксак мартабага эришган кишиларга нисбатан «Хожа» сўзи ўрнида ишлатилган. Жалолиддин Муҳаммад ёшлигиданоқ юнон тилига қизиққанлиги туфайли бу тилни пухта ўрганади, юнон тилида равон сўзлашишни ўзлаштиради. Кейинчалик эса буюк юнон файласуфи Афлотун асарларини аслиятда ўқиб чиқиб, антик даврлар фалсафаси билан ҳам яқиндан танишади. Орадан йиллар ўтиб ўзининг машҳур «Маснавийи маънавий», «Ичиндаги ичиндадир» асарларида антик давр фалсафасининг йирик файласуфлари Арасту, Афлотун, Гален, Геродот, Эзоп ва Гераклитларнинг номларини, уларнинг фалсафий-ахлоқий қарашларидан туркум намуналарни ҳам келтириб ўтади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Султон-ул Уламо 1218 йилда ҳаж сафарини адо этиш баҳонасида оиласи, шогирдлари, яқинлари ва 10 туяга ортилган ноёб китоблари билан Хуросонни тарк этади ҳамда Туркиянинг Кўнё шаҳрида мангу қўним топади. Баҳовуддин Валад оиласининг Хуросонни тарк этишига қуйидагилар сабаб бўлганлиги манбаларда қайд этилган:

Биринчидан, Баҳовуддин Валад ва калом илми устозларидан Фахриддин Розий диний масалаларда бир-бирига рақиб эдилар, уларнинг фикри ҳамда қарашларидаги зиддиятлар фарқи юқори эди. Хоразмшоҳ ва унинг аъёнлари Фахриддин Розийни қўллаб-қувватлашади, бунинг натижасида мамлакатда турли кўнгилсизликлар авж олади. Баҳовуддин Валаднинг яқин дўсти Мажидиддин Бағдодий сарой аёнларининг фитнаси туфайли фожиали қатл этилади.

Иккинчидан, Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳаддан ташқари кибрланиб, муқаддас ақидалар ва анъаналарни назарга илмай қўяди. У Бағдод халифаси Носирга чопар юбориб, Бағдоддаги барча масжидларда ўз номига хутба ўқитишни буюради. Бу эса Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан бутун халифаликни ўз бошқарувига ўтказиш учун қилинган ошкора ҳаракат эди.

Учинчидан, Чингизхон қўшинлари тобора Хоразмга яқинлашиб келаётган эди, яъни мўғуллар Хоразмшоҳлар давлати Шарқий чегараси бўлган Ўтрор яқинида эдилар. Чингизхон томонидан элчи сифатида Хоразмшоҳлар давлатига юборилган 450 нафар мусулмон савдогарлари Муҳаммад Хоразмшоҳ фармони билан қатл этилади. Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан содир этилган бу кетма-кет кўнгилсизликларнинг оқибатини ҳамда мамлакатда бошланажак мўғуллар урушини сезган Баҳовуддин Валад Ҳаж зиёрати баҳонасида оиласи ва яқинлари билан ўз она диёрини тарк этади. Баҳовуддин Валад карвони Балхни тарк этгач, улар йўлда Нишопур шаҳрига тўхтайдилар. Баҳовуддин Валад ўғли Жалолиддин Муҳаммад билан Нишопурдан унча узоқ бўлмаган бир ғорда узлатда яшаётган буюк шайх Фаридиддин Атторнинг зиёратига боришади. Бу пайтларда Жалолиддин Муҳаммад 12-13 ёшлардаги ўспирин эди. Фаридиддин Аттор ва Баҳовуддин Валад бир-бирлари билан узоқ муддат сукунатда ҳол тилида сўзлашадилар, кейин бир-бирларини бағриларига қаттиқ босиб хайрлашиш олдидан Фаридиддин Аттор ёш Жалолиддин Муҳаммадга ўзининг «Асрорнома» номли китобини туҳфа этади ва Баҳовуддин Валадга қараб шундай илоҳий башорат қилади: «Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солгай». Улар хайрлашиб ортларига қайтишаркан, Баҳовуддин Валаднинг ортидан эргашиб кетаётган Жалолиддин Муҳаммадга ишора қилиб Фаридиддин Аттор: «Во дариғ, бир ирмоқ буюк уммонни ортидан эргаштириб кетмоқда», дея хитоб қилади, деган тарихий маълумотлар ҳам учрайди. Бу икки буюк тасаввуф қутбларининг учрашуви тўғрисида Мавлононинг котиби Ҳусомиддин Чалабий ва Давлатшоҳ Самарқандийлар ҳам маълумот бериб ўтишган. Кейинчалик Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ўзи шундай эътироф этган:

Гирди Аттор гашт Мавлоно,

Шарбат аз дасти Шамс будам нўш.

Яъни: Мавлоно Аттор атрофида айланиб юрди, аммо шарбатни Шамс Табризий қўлидан ичди[5]. Бир ўринда эса Румий шундай ёзади: «Аттор руҳ эдию, Саноий унинг икки кўзи. Биз Саноию Аттор изидан келдик», дея устози Фаридиддин Атторга бўлган эҳтиромини изҳор этади. Румий Фаридиддин Атторни ўзига маънавий устоз деб ҳисобларкан «Аттор этти шаҳар атрофида кезиб юрди, биз эса фақат биргина кўча бўйлаб юрдик»,- дея устозини улуғлайди.

Жалолиддин Муҳаммад ушбу сафар чоғида отаси Баҳовуддин Валад билан бирга Маккада ҳаж зиёрати фарзини ҳам адо этади. 1219 йилда Румга келган Баҳовуддин Валад оиласи ва яқинлари билан Малатя, Сивас шаҳарларида қўним топишади. Орадан кўп ўтмай оила Оқшехирга кўчади ва бу шаҳарда тахминан 3 йилга яқин истиқомат қиладилар. 1222 йилларда Ларенда (ҳозирги Караман) шаҳрига кўчиб келган оила бу эрда 7 йилга яқин вақт умргузаронлик қилишади. Бу даврда Ларендада Амир Мусо ҳукмронлик қилар ҳамда у бу оилага алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Жалолиддин Муҳаммад мана шу йилларда мавжуд динлар ва миллату элатлар тарихи билан қизиқади, турли билимларни ўзлаштиради ҳамда у ўсмирлик чоғидаёқ барча динлар моҳиятан бир-бирига муштараклиги, инсонларнинг барчаси бир ота-онадан тарқалганлиги ва бутун миллат вакиллари аслида ягона бир оила эканлиги ҳақидаги қарашлари юзасидан отаси ҳамда унинг яқин муридлари даврасида баҳс-мунозаралар юритади. 1228 йил Рум султонлиги ҳукмдори Алоуддин Кайқубод I нинг таклифи билан Баҳовуддин Валад оиласи Кўнё шаҳрига кўчиб ўтади ва бу замин ушбу оила учун мангу маконга айланади.

Жалолиддин Румий шахсиятининг бу қадар буюклигида унинг устозлари ва пирларининг ҳам ўрни беқиёс эканлигини қайд этмоқ жоиз. Жалолиддин Румий ўз даврининг йирик маърифий ирфон масканлари ҳисобланмиш Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария ва бошқа кўплаб шаҳарларда бўлади, турли мадрасаларда таҳсил олади. У Ҳалаб шаҳридаги машҳур Ҳалавия мадрасасида атоқли араб олими, фиқҳ илми нуктадони Камолиддин ибн Ал-Адимдан сабоқ олади. Ал Адим унга асосан Яратувчи ва яралмиш ҳақида сабоқ бериб, улар узоқ суҳбатлар қуришади, айни шу сабоқлар натижасида Жалолиддин Румийнинг онтологик қарашлари шаклланади. Кейин эса у илм истаб Дамашқ шаҳрига йўл олади ва у эрда ўз даврида жуда машҳур бўлган Мақдисия мадрасасида Дамашқнинг атоқли донишмандлари Аҳмад Ҳиббатуллоҳ ва Ҳалаб Умарлардан табиий, фалсафий фанлардан таҳсил олади. Шу даврларда у Ибн-ал Арабий билан учрашиб, унинг ваъзларини тинглайди. Шунингдек, Саъдуддин Ҳамавий, Шайх Усмон Нурий, Шайх Авҳадиддин Кирмоний ва Шайх Садриддин Қазнавийлар билан ҳам учрашади, турли йиғинларда ҳамсуҳбат бўлади. Бу илмий муҳосабалар унда инсон моҳияти, ўзликни англаш синоати ва ўз «мен»ини шакллантириш борасидаги концепцияларини яратишда асосий ўзак вазифасини ўтайди. Бу эрларда ўрганган табиий фанларга оид билимлари орқали у инсон-набодот-ҳайвонот оламидаги ўхшашликларни талқин этиб, ўзининг маъдан-ўсимлик-ҳайвон-инсон-фаришта ўртасидаги боғлиқликлар ҳақидаги назариясини яратиб, онтологик ва гносеологик жиҳатдан таҳлил этади. Румийнинг ўзи бу хусусида шундай ёзади: «Борлиқ (вужуд) оғилидан жамоа оғилига, жонсиз борлиқлар оғилидан ўсимлик дунёсига, ундан ҳайвонликка, ҳайвонликдан инсонликка, инсонликдан малакликка ва шу сўнгсиз тарзда илгарилатади. У сенга буларни бир-биридан устун оғиллар борлиғини қабул ва эътироф этмоғинг учун кўрсатилгандир»[6]. Ўша даврларда қадимий Дамашқ «Беҳишти дунёи Шарқ» ёки «Беҳишти рўйи Замин» деб аталарди. Ёш Мавлоно Дамашқда фарғоналик улуғ ватандошимиз Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоят» асарини ва бошқа диний ва ҳамда дунёвий илмларни пухта ўрганади[7].

Жалолиддин Румий сиймоси нафақат ҳайратомуз ижоди билан, балки шахсияти билан ҳам барчани қизиқтириб келади. У 17 ёшида отасининг муридларидан ҳисобланмиш самарқандлик Шарафиддин Лолонинг қизи Гавҳар хотун билан турмуш қуради. Бу аёлидан унинг 2 ўғли дунёга келади. Тўнғич ўғлига отасининг шарафига Султон Валад, иккинчи ўғлига эса акасининг хотирасига Аълоиддин Муҳаммад деб исм беради. Гавҳар хотун ҳижрий 640 йилда вафот этади. Шундан сўнг Мавлоно Кўнёлик Иззатдин Алининг бева қолган қизи Кира хотунга уйланади ва у аёлнинг Шамсиддин Яҳё ҳамда Кимё хотун исмли фарзандларини ўз тарбиясига олади. Мавлононинг завжаси Кира хотун ҳақида олмон исломшунос олимаси Аннимаре Шиммел шундай ёзади: “Машҳур кишиларнинг таржимаи ҳолларини ёзиб борадиган кишилар Ҳазрат Румийнинг иккинчи рафиқаси, насроний оиласидан чиққан Кира хотунга «Иккинчи Робия» ва «Биби Марямга ўхшаш аёл» деб таъриф берганлар”[8]. Мавлононинг Музаффариддин Олим Cҳалабий ва Малика хотун исмли фарзандлари эса мана шу оиласидан дунёга келади. Мавлоно фарзандларига доим шундай деб таъкидлар экан: «Тангри на туғилган, нада туғдирган. На онаси бор, на отаси. Шундай экан, насл-насаб билан мақтаниш хуш эмасдир»,-дея уларга отаси, бобоси ва аждодлари билан мағрурланмасликни насиҳат қилади. Мавлоно ўзининг асранди қизи Кимё хотунни дўсти ва устози Шамс Табризийга никоҳлаб беради, аммо бу қизда ўғли Аълоиддин Чалабийнинг ҳам кўнгли бор эди. Мавлоно эса бу қиз сенинг синглингдир, дея бу никоҳга қаршилик қилади. Оқибатда отасидан ранжиган ва фитначилар тузоғига илинган Аълоиддин Кимё хотуннинг бевақт вафотига сабаб бўлади. Шунингдек, у Шамс Табризийнинг қатл этилишида ҳам иштирок этади деган тахминлар учрайди. Афлокийнинг маълум қилишича, Жалолиддин Румий ўғли Аълоиддин Чалабийни бу қилмишлари учун кечирмайди. 1262 йилда Аълоиддин Cҳалабий безгак касалидан вафот этганда, Мавлоно унинг жанозасида ҳам иштирок этмайди. Бир куни Шамс Табризий Мавлононинг тушига кириб, ўғлини шафоат этишини сўраганидан кейин, у ўғлининг қабрига қалам ва сиёҳдон олиб бориб, шундай сўзлар битади: «Аллоҳ боқийдир. Бу эр Ҳусайн ўғли Муҳаммаднинг ўғли, шайхларнинг шайхи, Ҳақ ва диннинг жамоли, олимлар ва шоирларнинг султони Балхлик раҳматли олим Аълоиддин Муҳаммаднинг тупроғидир. Аллоҳ Жалолиддиннинг баракотини мусулмонларга сочсин, ёйсин, ўғлини ортиғи бирла барча иноятларига мазҳар қилиб, мумтоз қилсин, 603 йил шавволининг сўнгги кунида кўчди»[9].

Меҳмет Ундернинг қайд этишича, Аълоиддин Чалабий бобоси Баҳовуддин Валад мақбарасининг ўнг томонига дафн этилган. Мавлононинг тўнғич ўғли Султон Валад буюк отасининг издоши ҳисобланади. У бутун умрини падарининг ҳаёти, ижоди ва илмий меросини оммага тарғиб қилишга сарфлаган ҳамда отаси вафотидан кейин Мавлавия тариқатининг расмий шайхи этиб сайланган. У отасининг муриди ҳисобланмиш Фаридун Салоҳиддиннинг қизи Фотима хотун билан турмуш қуради ва 12 нафар фарзанд кўради. Аммо улардан фақат Мутаҳҳара, Жалола ва Улуғ Ориф Чалабий исмли фарзандлари яшаб қолган. Унинг ўғлига Улуғ Ориф исмини Мавлоно беради ва «бу исм неварамга менинг маънавий ҳадямдир», дея лутф этади.

Адабиётлар
  1. Мавлоно Жалолиддин Румий. Методик-библиографик қўлланма. Тузувчи У.Тешабоева. — Т.:2007.-Б.21.
  2. Комилов Н. Тафаккур карвонлари. — Т.:Шарқ, 2011.-Б.190.
  3. Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Насойим-ул муҳаббат. — Т.:2013.-Б.355.
  4. Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Насойим-ул муҳаббат.- Т.:2013.-Б.355.
  5. Фаридиддин Аттор. Илоҳийнома.-Т.:Ёзувчи, 1994.-Б.12.
  6. Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадир. — Т.:Янги аср авлоди, 2018.-Б.33.
  7. Ориф Усмон. Жалолиддин Румий. Мулоқот // — 1997.№ 6.-Б.39.
  8. Шиммел А. Жонон менинг жонимда.-Т.:Шарқ, 1999.-Б.156.
  9. Ундер М. Мавлоно. — Жаҳон адабиёти // 2014. № 1.-Б.121.
Мустафо ЮНУСХЎЖАЕВ,
Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …