Home / МАҚОЛАЛАР / МАҲМУД ЛОМИШИЙНИНГ “ТАМҲИД” АСАРИДА “АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ” МАСАЛАСИ

МАҲМУД ЛОМИШИЙНИНГ “ТАМҲИД” АСАРИДА “АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ” МАСАЛАСИ

Калом илмидаги мавзулар орасида қиёматда Аллоҳ таолони кўриш масаласи алоҳида ўрин эгаллайди. Тарихда адашган тоифалар томонидан турли талқин қилинган мазкур мавзу бўйича аҳли сунна вал жамоа нақлий ва ақлий далиллар асосида ўз қарашини илгари сурган. Бу борада мутакаллим Маҳмуд Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида шундай дейди: “Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, охиратда Аллоҳ таолони кўриш нақлий ва ақлий далилларга кўра жоиздир”[1].

Аллома Ломиший нақлий далил сифатида Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломдан хабар бериб айтган қуйидаги сўзини келтиради: “Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар қилай!”(“Аъроф” сураси, 143-оят)[2]. Мазкур оятда Мусо алайҳиссалом Раббисидан кўришни сўрамоқда, бу у зотнинг Раббисини кўриш жоизлигини билганига далил бўлади.

Маҳмуд Ломиший фикрича, ким “Аллоҳ таолони кўриш мумкин эмас” деса, “Мусо алайҳиссалом Раббисини танимаган” деган бўлади. Бу эса адашишдир, Аллоҳ таолони кўришнинг жоизлиги Унинг сифатларидандир, ким Аллоҳ таолони сифатлари билан танимаса ёки Уни сифати бўлмаган сифат билан таниса, у Аллоҳни танувчи ҳисобланмайди.

Аллоҳ таоло: “У кунда баъзи юзлар яшнаб турувчи, Парвардигорларига боқувчидир”(“Қиёмат” сураси, 22-23-оятлар), деган. Мазкур оят ҳам Аллоҳ таолони охиратда кўзлар билан кўришнинг собитлигига далилдир.

Шунингдек, Маҳмуд Ломиший Ҳаким Термизийнинг Аллоҳ таолони кўриш борасидаги ҳадис борасида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан йигирма бир нафари иттифоқ қилгани борасидаги фикрини, Абул Муин Насафий ўзининг “Табсиратул-адилла” асарида: “Бу инсонларни ёлғончига чиқаришга ҳеч қандай асос йўқ”, деганини нақл қилиб келтиради.

Мазкур масалага Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилинган: “Раббингизни тўлин кечада ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда бир-бирингизга халал бермайсизлар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Ҳадис матнидаги “تضامَون” сўзи “ضمَ” сўзидан олинган бўлиб, ривоят “янги чиққан ойни кўришнинг акси ўлароқ, тўлин ойни кўришда бўлганидек баъзингиз баъзингизга Аллоҳ таолони кўришда тўсқинлик қилмайсиз” маъносини билдиради.

Бошқа ривоятда “تضامون” шаклида “мим” ташдидсиз келган. Мазкур феъл “ضيم” сўзидан олинган бўлиб “зулм” маъносини билдиради. Яъни, Уни кўришда баъзилар кўриб, баъзилар кўрмай қолишдек зулм йўқ.

Маҳмуд Ломиший ақлий далил сифатида кўришни мавжудликка боғлайди: “Кўриш мавжудликка боғлиқ, жисм, араз ёки жавҳарликка эмас. Чунки биз жисм, араз, жавҳарларни кўрамиз. Агар кўришга сабаб жисмлик хусусияти бўлса, аразларни кўриб бўлмайди. Агар кўришга сабаб аразлик хусусияти бўлса, жисм ва жавҳарларни кўриб бўлмайди. Чунки араз ва жавҳарда жисмлик хусусияти, жавҳар ва жисмда аразлик хусусияти йўқ”[3]. Бундан маълум бўладики, кўришни тақозо қиладиган ягона иллат(сабаб) бу мавжудликдир. Чунки у жисм, араз, жавҳардан фарқли ўлароқ барчасига умумий сифатдир. Аллоҳ таоло эса доимий мавжуд, демак Уни кўриш жоиз.

Мўтазила, хорижий, нажжория, ровандия ва зайдия[4] тоифалари: “Аллоҳ таолони кўриш имконсиз, Уни ҳеч ким кўрмайди”, дейишган. Улар Аллоҳ таолони кўриш мумкин эмаслигига қуйидаги оятни далил қилишган: “Кўзлар Уни идрок этмас. У кўзларни идрок этар” (“Анъом” сураси, 103-оят)[5]. Уларнинг фикрича, Аллоҳни дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриб бўлмайди. Ушбу тоифаларнинг ақлий далилига кўра, бирор воситага боғлиқ кўришда кўрувчи ва кўрилаётган нарса ўртасида масофа, бир-бирига юзланиш бўлиши, кўрувчининг кўзидан чиққан нур кўрилаётган нарсага етиб бориши, тарафнинг бўлиши, кўрилаётган нарса ҳаракатсиз ёки ҳаракатли бўлиши, бирор-бир рангда бўлиши, бирор нарсага қўшилган ёки ажралган бўлиши, барчаси ёки баъзи қисми кўринадиган бўлиши лозим.

Буларнинг барчаси Аллоҳ таолога муносиб эмас, чунки У бирор восита билан кўрмайди. Улар аҳли суннанинг дастлабки оятни далил қилишига қуйидагича эътироз билдиришади: эҳтимол Мусо алайҳиссалом Раббисидан Уни танитадиган оят (мўжиза, белги) сўрагандир, яъни “Менга бир мўжиза кўрсат, у билан Сени зарурий равишда таний” дегандир. Бу худди инсон бир нарсага қараш орқали уни зарурий равишда билганга ўхшайди. Унинг Аллоҳ таолодан кўришни сўраши кўришнинг жоизлигига далил бўлса, Аллоҳ таолонинг “لَنْ تَرَانِي”, яъни “Мени кўра олмайсан” деган сўзи кўришнинг жоиз эмаслигига далил бўлади, чунки “لَنْ” сўзи абадийлик маъносини ифода қилади.

Аҳли сунна уламоларининг фикрича, бу нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло “Мени кўра олмайсан” деяпти, “Менинг оятларимни кўра олмайсан” демаяпти. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом “Сенга бир назар қилай!” деяпти, “Унга (мўжизага) назар қилай” демаяпти. Унга назар қилиш Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолони танишига далил бўларди.

“لَنْ” сўзи ҳам уларга далил бўлмайди, чунки бу сўз абадийликни ифода қилиш билан биргаликда вақтни тайин қилишга ҳам ишлатилади, бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далил бўлади: “Ўз қўллари тақдим этган нарса (гуноҳ) сабабли улар уни (ўлимни) сира орзу қила олмайдилар” (“Бақара” сураси, 95-оят), бу ерда “لَنْ” сўзи абадийликни эмас, балки муайян вақтни ифодаламоқда. Чунки улар қиёматда ўлимни орзу қиладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далил бўлади: “Улар (дўзах фариштасига): “Эй, Молик! Парвардигоринг бизга Ўз ҳукмини қилсин (жонимизни олсин!)”, – деб нидо қилганларида” (“Зухруф” сураси, 77-оят).

Улар аҳли сунна далил қилган иккинчи оятга эътироз билдириб айтишадики, “النَّظَر” сўзи “кутиш” маъносида ҳам келиши мумкин. Демак Аллоҳ таолонинг “نَاظِرَةٌ” деган сўзининг маъноси “интизор бўлиб кутувчи”дир.

Маҳмуд Ломиший уларнинг эътирозига жавобан қуйидаги фикрларни келтиради: “Бу ҳам нотўғри. Чунки жаннат унда қийинчилик ва машаққат бўлмаслиги сабабли мунтазирлик ҳовлиси эмас. Аллоҳ таоло назарни “إلى” сўзи билан бирга зикр қилди, “إلى” сўзи билан бирга ишлатилганда ҳосил бўладиган назар махсус восита билангина бўлади. Ўша махсус восита эса кўздир”[6].

Маҳмуд Ломишийнинг таъкидлашича, уларнинг оятдан келтирган далили ҳам нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло ояти каримада кўришни эмас, идрок қилишни инкор қилган. Аҳли сунна уламолари шундан келиб чиқиб айтадики, Аллоҳ таолонинг зоти идрок қилинмайди. Чунки идрок бир нарсани барча томонлари билан қамраб олишдир. Аллоҳ таоло бундан покдир.

Олимнинг фикрича, улар Аллоҳ таолонинг бандаларни кўриши борасида келтираётган ақлий далиллари ҳам нотўғридир. Чунки У бизни масофасиз, тарафсиз, юзланишсиз кўради. Агар мазкур нарсалар кўриш учун лозим бўлган шарт-шароитлар бўлганда кўриш уларсиз тасаввур қилинмас эди. Тасаввур натижасида улар кўриш учун лозим бўлган шарт-шароитлар эмаслигини билдик. Уларга агар кўриладиган нарса бирор маконда бўлса, ўшанда эҳтиёж пайдо бўлади. Аллоҳ таоло эса макондан беҳожатдир[7].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ғоялар кураши авж олган ҳозирги даврда аҳли сунна вал жамоа, хусусан, мотуридий таълимотини изчил тадқиқ қилиб бориш ҳамда аждодларимизнинг бу борадаги бемисл илмий меросини кенг жамоатчиликка етказиш жамият барқарорлигига рахна солаётган турли ақидапараст оқимларнинг нотўғри қарашларига қарши тура олишда, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

[1] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-тамҳид ли қоваъидит-тавҳид (Усмон Оркач таҳқиқи). – Истанбул, Erenler vakfi, 2021. – Б. 119.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. // А.Мансуров. –Тошкент: “Тошкент ислом университети”, 2009. – Б. 167.
[3] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-тамҳид ли қоваъидит-тавҳид(Усмон Оркач таҳқиқи). – Истанбул, Erenler vakfi, 2021. – Б. 121.
[4] Мазкур ўринда муаллиф зайдия тоифасини рофизийлардан дея зикр қилган. Аслида бу тоифа рофизийлардан эмас, чунки рофизийлар икки шайх (Абу Бакр ва Умар (р.а.))ни тан олмайдилар, зайдийларда эса бундай ғоя мавжуд эмас.
[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири// А.Мансуров. –Тошкент: “Тошкент ислом университети”, 2009. – Б. 141.
[6] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-тамҳид ли қоваъидит-тавҳид(Усмон Оркач таҳқиқи). – Истанбул, Erenler vakfi, 2021. – Б. 126.
[7] Ismail Şik. Hanefi-Maturidi Gelenegin Usulu’d-Din Anlayişi. – Анқара: ASIL YAYIN DAǦITIM, 2009. – Б. 169-170.
Абдулло ҒУЛОМОВ,
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси,
ЎзХИА мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …