Home / АЛЛОМАЛАР / ИФТИХОРИДДИН БУХОРИЙ – ЕТУК ФАҚИҲ АЛЛОМА

ИФТИХОРИДДИН БУХОРИЙ – ЕТУК ФАҚИҲ АЛЛОМА

Мовароуннаҳр диёри ўз бағрида кўплаб забардаст уламолар, фуқаҳолар ва муҳаддисларни етиштирган. Муқаддас ислом дини кириб келиб мустаҳкам томир ёйган кезлардан то ислом уйғониш даврининг сўнги асрига қадар юртимиздан диний ва дунёвий соҳаларда пешқадам бўлган қомусий алломалар ҳамда етук уламолар етишиб чиқдилар. Уларнинг ҳар бирлари ўз соҳалари билимдони бўлибгина қолмай, фаннинг турли жабҳаларида бутун дунё ҳавас қилса арзигулик илмий мерос қолдириб кетдилар. Ифтихориддин Бухорий ана шундай забардаст авлоднинг вакилларидан эди.

 Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Ифтихориддин Бухорий чуқур тафаккурли, замонасининг кўзга кўринган имоми, Мовароуннаҳр диёридаги мужтаҳид имомларнинг пешвоси бўлган. Тоҳир Бухорий 482-542-ҳижрий, 1090-1147-милодий саналарда яшаб, ижод қилган.  Бухорода таваллуд топганлиги боис “Бухорий” нисбасини олган. У зот яшаган йиллар Мовароуннаҳрда Қорахонийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Айнан мана шу босқич илк ислом уйғониш даври (IX-XII-асрлар)ни ўз ичига олади. Ифтихориддин Бухорий ўз замонасида бемисл, ҳанафийлик фиқҳининг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди. [1:3]

Ўша кезларда давлатни бошқарган Қорахонийлар ва уларга туташ ерларда ҳукмрон бўлган барча сулолалар давлат бошқарувида ислом шариати асосларига таянган ҳолда ҳанафий мазҳаби кўрсатмалари асосида сиёсат олиб борадилар. Негаки, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида аҳли сунна вал жамоанинг ҳанафийлик йўналиши кенг ёйилган эди. Бу эса бевосита халқ орасидан етишиб чиққан юқори савияли ўта билимдон фақиҳларнинг давлат бошқарув ишларида фаол ва фидокорона хизмат қилганидан дарак беради. Шунингдек, уларнинг султонлар ҳузуридаги мавқелари ҳам юқори ўринда турган.

Манбаларда таъкидланишича, Қорахонийлар давлат раҳбарлари, айниқса, Иброҳим Маҳмуд Тамғочхон диёнатли киши бўлиб, фақиҳлар фатвосини олмагунча ҳеч бир жиноятчини жазоламас, мол-мулкини мусодара қилмас эди. У Бағдод халифаси билан яхши ва дўстона муносабатда бўлиб, унга Имомуд-давла, Тожул-милла, Каҳфул-муслимин, Маликул-машриқи вассин Тамғоч Буғрохон (давлат имоми, миллат тожи, мусулмонлар паноҳи, шарқ ва Хитой ҳақони Тамғоч Буғрохон) каби унвонлар берилган эди. [3:180]

Муҳаммад Авфий «Либобул-албоб»да келтиришича, Иброҳим Маҳмуд Тамғочхон диний олимларга иззат-ҳурмат кўрсатиб, ислом қонун-қоидаларига жиддий риоят қилар экан. Манбада айтилишича, мазкур ҳукмдор халқ тинчлигини сақлаш, молу-мулклари дахлсизлигини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиб, жиноятчиларни шафқатсиз жазолар экан. Бир неча безори Самарқанд дарвозаси деворига «Биз пиёз кабимиз, бошимизни ҳар қанча кессангиз ҳам яна ўсиб чиқаверамиз», деб ёзиб кетган экан. Бундан хабар топган Хон ўша жойга «Мен ҳам боғбон каби сиз қаердан бош кўтарсангиз, ўша ердан таг-тугингиз билан қўпориб ташлайман» деб ёзиб қўйдирган экан. [6:159]

Ифтихориддин Бухорийнинг фақиҳлар оиласида униб-ўсади. Ота-боболари ҳам ҳанафийлик фиқҳида кўзга кўринган фуқаҳолардан саналганлар. Отаси Аҳмад ибн Абдуррашид уламолар томонидан “Қовамуддин” (Диннинг қуввати) дея эътироф этилган. Илк таҳсилни отасидан, отаси эса, ўз отаси, яъни Ифтихориддин Бухорийнинг бобоси Абдуррашид ибн Ҳусайндан олган. Шунингдек, етук фақиҳ Ҳаммод ибн Иброҳим Саффордан ҳам таълим олганлар.

Ифтихориддин Бухорийнинг ҳанафийлик фиқҳидаги устозлар силсиласи қуйидаги тартибда келтирилади:

Ҳаммод ибн Иброҳим Саффор – Исмоил Саффор – Абу Яъқуб Саёрий – Ҳоким Навқандий – Абу Жаъфар Ҳиндувоний – Абу Бакр Искоф – Муҳаммад ибн Салама – Абу Сулаймон Жузжоний – Имом Муҳаммад Шайбоний раҳимаҳумуллоҳлар.

Яна шунингдек, ўз тоғаси Зоҳириддин Ҳасан ибн Али Марғилоний ҳамда Қозихон Ҳасан ибн Мансурлардан ҳам таҳсил олади. Қозихондан Имом Муҳаммадгача бўлган силсила қуйидагича:

Қозихон – Бурҳониддин Кабир Абдулазиз ибн Имрон Моза – Сарахсий – Ҳалавоний – Насафий – Абу Бакр ибн Фазл – Сабзамуний – Абу Ҳафс Сағир – Абу Ҳафс Кабир – Имом Муҳаммад Шайбоний раҳимаҳумуллоҳлар. [2:84]

Аллома 542-ҳижрий, 1147-милодий сана жумадул аввал ойида 61 ёшида Сарахс шаҳрида вафот этади ҳамда Бухорога олиб келиниб шу ерга дафн қилинади. [1:3]

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

  1. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий. Хулосотул фатаво маъ мўъжамул фатаво. Девбанд, Ҳиндистон. – Б. 3.
  2. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий.Фавоидул баҳийя фи тарожимул ҳанафийя. Миср: Дорул китоб, 1992. – Б. 84.
  3. А.Ш.Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги. Т:. “Тошкент ислом университети нашриёти”, 2002. –Б. 180.
  4. Л.Асророва. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва Ҳанафий фиқҳи. Т:. “Тошкент ислом университети”, 2014. –Б.98.
  5. Ҳ. Аминов, С.Примов. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари . – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2017. – Б. 173-174.
  6. Авфий. Жавоми ал-ҳикоёт. З.Сафо иқтибоси асосида. Теҳрон.: Эронда адабиёт тарихи, 2. Ж. 159. Б.
 Шавкатжон ХАЛИЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …