Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Австрия Фанлар академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди.
1847 йилда билимдонлар жамияти сифатида ташкил этилган Австрия Фанлар академияси бугунги кунда ушбу мамлакатдаги энг йирик илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб, унинг 800 га яқин аъзоси ва 1800 нафар ходими бор. Академия маданият ва санъат, гуманитар, ижтимоий ва табиий фанлар бўйича 25 та инновацион фундаментал тадқиқот институтини бошқаради. Улардан бири Осиё тадқиқотлари ва ижтимоий антропологияга ихтисослашган Эроншунослик институтидир.
Институт форсий маданият ва жамиятларнинг барча жабҳалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради. Изланишлар тарихан форсий тиллар тарқалган ҳудудларни ўз ичига олади. Улар сирасига бугун аҳолиси расман форс тилларда сўзлашувчи давлатлар – Эрон, Афғонистон ва Тожикистон, тарихан – Кавказ, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари киради.
Марказ билан институт ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига ўтган йилнинг ёзида асос солинган. Ўшанда директор Флориан Шварц Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган туркум онлайн семинарлардан бирида маъруза қилган эди. Шундан сўнг профессор Шварц Марказга ташриф буюрди ва у раҳбарлик қилаётган илмий муассаса билан ҳамкорлик ўрнатишга оид музокаралар жараёни бошланиб кетди.
Келишувлар самараси ўлароқ имзоланган Меморандум, ўз моҳиятига кўра, қўлёзмаларни ўрганиш, қўшма илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш, ўзаро илмий ходимлар ва маълумотлар алмашуви борасида икки муассаса саъй-ҳаракатларини бирлаштириш каби тадбирларни назарда тутади.
Истиқболда томонлар илмий ходимлар иштирокида қўшма илмий ва технологик тадқиқотларни амалга ошириб, биргаликда конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, давра суҳбатлари, маърузалар, мастер-класслар, маданият кунлари ва турли таълим ташаббуслари доирасида маҳорат дарсларини ўтказади. Тадқиқот натижалари бўйича дарсликлар, ўқув қўлланмалари нашр қилиш ҳам кўзда тутилган.
Маълумот сифатида айтиш керакки, ушбу Меморандум имзоланиши билан Марказнинг халқаро ҳамкорлари сони 35 тага етди.