Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов Мирзо Бобурнинг ибратли ҳаёт йўли, юксак инсоний фазилатлари, асарларида тараннум этилган ғоя ва туйғулар ҳақида сўз юритди.
Илмий ходим Жонибек Жумаев аллома сийратига оид маълумотлар билан ўртоқлашди.
Барчамизга яхши маълумки, Бобур жуда ёшлигидан кўп савдоларни бошдан кечирган. Айниқса, 12 ёшида бутун бошли давлатни бошқаргани кишида ҳайрат уйғотади. Самарқандни эгаллаш чоғидаги қийинчиликларни, хиёнат ва разолатни сабот билан енгиб ўтгани эса таҳсинга сазовордир. Шайбонийхон “Мен кўп жанг қилганман, лекин жасур, енгилмас, елкаси курашга тўймас Бобурдек ўғлонни энди кўрдим ва фақат у билан бўлган муҳорабаларнигина ҳақиқий уруш ҳисоблайман” деб бежиз айтмаган.
Ҳар томонлама қақшатқич зарбаларга учраган, она диёрига сиғмаган, энг қийин вазиятда умр йўлдоши ҳам юз ўгирган Бобур Мирзо ноиложликдан Ҳиндистон сари отланиб, кейинчалик эришган муваффақиятлари ҳақида бундай ёзади: “Мен барча душманларимдан ва қилган жангларимнинг ҳар биридан илми ҳарбнинг янги усулларини ўрганганман, шунинг учун Иброҳим Лўдий билан бўлган даҳшатли муҳорабада ғалаба қозондим”.
Бобур инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсатига таяниб ўзининг марказлаштирилган, яхлит, гуллаб-яшнаётган давлат барпо қилиш мақсадини рўёбга чиқара олди. Шунинг учун ҳинд халқи унинг бу борадаги хизматларини ҳозир ҳам алоҳида ҳурмат билан эътироф этади.
Маърузачи “Бобурнома”нинг бой маънавий ва юксак илмий қийматига ҳам тўхталди. Бобурнинг мемуар жанридаги бу асари ўзбек ва умумтуркий адабиётига оид дунёга машҳур қомусий асар бўлиб, нафақат юксак бадиияти, балки қимматли тарихий манба сифатида ҳам ўлмас саналади.