Home / МАҚОЛАЛАР / ОБИД НАМАНГОНИЙ ЗАМОНАСИ ҲАҚИДА (“Туҳфат ул-обидин ва анис ул-ошиқин” баёзи асосида)

ОБИД НАМАНГОНИЙ ЗАМОНАСИ ҲАҚИДА (“Туҳфат ул-обидин ва анис ул-ошиқин” баёзи асосида)

ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида юз берган ижтимоий-сиёсий, маданий ўзгаришлар ўзбек адабиётига ўз таъсирини кўрсатди. Ўзбек адабий ҳаракатига янги йўналишлар, янги рух, янги мавзулар кириб келди. Бу даврда ўзбек адабиётида янги номлар пайдо бўлди ва уларнинг ижоди вақтли матбуотда ёритилиб борилди. Уларнинг кўплари баёзлар, тўпламлар, девонлар ҳолида чоп этилди. Ана шу давр маҳсули бўлган “Армуғони Хислат”, “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ”, “Баёзи Ҳазиний”, “Туҳфаи Шавкат”, “Мажмуаи шоирон”, “Баёзи Мирий”, “Баёзи Нодим”, “Баёзи Камий”, “Ҳафт шуаро”, “Баёзи Табибий”, “Тазкираи шуаро” каби кўпгина баёзлар ва тўпламлар қаторида ҳали нашр этилмаган ва ўрганилмаган “Туҳфат-ул обидин ва анис ул-ошиқин” (“Обидлар туҳфаси ва ошиқлар улфати”) баёзи ҳам алоҳида аҳамиятга эга[1].

Бизнинг қўлимизда мавжуд бўлган “Туҳфат-ул обидин ва анис ул-ошиқин” (қуйида қисқартириб: “Туҳфат ул-обидин” деб атаймиз) баёзи 1326 ҳижрий – 1908 мелодий йилда Тошкентда Мулла Ҳасан Орифжонов литографиясида (тошбосмасида) чоп этилган.

Баёзнинг охирида ўша даврнинг характеристикасини ифодаловчи Обид Намангонийнинг “Мухаммас ул-Обид ала-л-Мажрух фий аҳволи аҳли замон (Замон аҳлининг аҳволи ҳақидаги Мажруҳнинг ғазалига Обиднинг мухаммаси)” деб номланувчи мухаммаси алоҳида эътиборга моликдир. Мухаммаснинг номланиши ҳам “Замон аҳлининг аҳволи” деб юритилади. Ушбу мухаммасда Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ва маданий аҳвол маҳорат билан баён этилган ва шарҳлаб берилган бўлиб, арузнинг гўзал намунаси деса бўлади. Жумладан, Туркистондаги ижтимоий-сиёсий аҳвол, турлича тартиб ва низомларнинг ғайримиллий ва ғайридиний кўринишдалиги ҳамда уларнинг оқибатлари ҳақида гап боради. Мухаммас шундай бошланади:

Бўлдилар бизларга носиҳ бефаросатлар чиқиб,
Амри маъруф айлашурлар бетаҳоратлар чиқиб,
Маслаҳатдон бўлди неча безаковатлар чиқиб,
Бўлди Фарғона эликим ғайри сунъатлар чиқиб,
Турфа тартибу низому ўзга бидъатлар чиқиб[2].

Турфа тартиб ва қоидалар ҳамда шариатдан ташқари бидъатлар жорий этилиб, ўзлари бефаросат бўлгани ҳолда, бизга насиҳат берувчилар кўпайди, деб нолийди шоир. Бетаҳоратлар (бу ерда ғайримусулмонлар назарда тутилган – М.С.) келиб бизга амру маъруф қилувчилар, “адаб ўргатувчилар” кўпайганини, ақлсиз нодонлар келиб ақл ўргатишини ва Фарғона эли шундай кишилар қўли остида қолганини афсус билан баён этади.

Ўша даврда маҳаллий миллатларни бўйсундириш учун уларни диний эътиқодидан ва миллий маънавиятидан маҳрум қилиш кераклиги чор Россияси сиёсатининг Марказий Осиёга нисбатан бундай йўли амалда жорий этилганлигини мухаммасдаги фикрлар тизими орқали билиб оламиз. Мухаммасни ўқиганимиз сари ислом динининг қадрига путур ета бошлагани, одамларда ҳамият, яъни дин учун ор-номусни    сақлаш, унинг ривожи учун машаққат чекиш қолмагани, кишиларда бир-бировга биродарлик нишоналари камайиб бораётганлиги ҳақидаги манзаралар тасаввуримизда гавдаланади:

Баъзилар масжид аро эрмас худо учун муқим,
Мадраса ичра мударрис вақфи учун мустақим,
Гар ўзи лутф айламас бўлса худованди Карим,
Мавжа келтурди зинову фисқни баҳригаким,
Зоҳири зоҳидсифат аҳли шароратлар чиқиб[3].

Бу мисраларда Обид Намангоний ташқи кўринишдангина тақводор одамлар, яъни мунофиқлар чиқиб, масжидга қатнаш ҳам шунчаки, кўз-кўз учун, мадрасаларда мударрислар толиби илмларга сабоқ бериш учун эмас, балки мадрасанинг ери ва ундан келадиган даромад учун домлалик қилиб юрганликларини ачиниш билан қаламга олган. Шу туфайли, зинокорлик ва фисқу-фасод денгизи мавж уриб бошлади. Бу эса миллат тақдирининг инқирозга юз тутишига олиб келади.

Мухаммасда миллий мусулмон мактабида таҳсил олмаган саводсиз, маърифатсиз жоҳиллар пайдо бўлиб, улар дину диёнат, шариат, маърифат каби қадриятларимиз таназзулига сабаб бўлганлигини, яъни кишилар дилида гуноҳ ишларга мойиллик пайдо қилгани, одамларда ичи қоралик, ҳасад, фисқу-фасод каби ярамас иллатлар авж олгани, натижада ислом дини анқонинг уруғидек, йўқолиб кетиш даражасига келиб қолганини танқид остига олинган.

Ўзи мунофиқ, мазҳабининг тайини йўқ, кишининг ҳақидан қўрқмайдиган, ташқи кўриниши имому аслида ички дунёси ғариб, бедиёнат, ўғри одамлар шариатга пешво бўлганлигидан афсусланади Обид Намангоний. Ўша замонда шундай бир тоифа одамлар пайдо бўладики, ўзларини гўёки Искандар Зулқарнайн деб биладилар. Аслида буларнинг қилмишлари хайру саховат қилиш ўрнига судхўрлик орқасидан бойлик орттириш, амаллари фақат юлғунчиликдан иборат эканлигининг реал манзараси берилади мухаммасда:

Айлагунг ихлос тўхтовсиз кўриб дийдорини,
Қайси мазҳабдин халифа деб мунофиқ ўғрини,
Ҳақи мардумдин ҳазар қилмас, надур билмам динини,
Хонақоҳда рақс уруб олди нечани кафшини,
Ботини кизбу хиёнат аҳли суҳбатлар чиқиб[4].

Ўша даврда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳволи шу даражага етдики, пулпарастлик барча муқаддас нарсалардан, ҳаттоки, ота-онадан, илмдан, эл ичра эъзозда бўлган пайғамбар авлодларини ҳурматлашдан юқори турар эди. Балки пул учун илмли, фозил кишиларни ҳақоратлаш, ота-оналарни беҳурмат қилиш, ғайридинларни эъзозлаш устун бўлиб қолганлигини мухаммас руҳиятидан билиб оламиз. Обид Намангоний имон-эътиқод, ахлоқ, диёнат ва маърифат билан уйғунлигини, дин асрлар оша кишиларни ҳалолликка, ростгўйликка, камтарликка, меҳр-мурувватга, саховатга чорлаб келганлигини айтиб ўтади:

Хожа, муллони ҳақорат айлагайлар пул учун,
Илм одобини ғорат айлагайлар пул учун,
Волидайнни тарки иззат айлагайлар пул учун,
Кесмаган ҳиндуни иззат айлагайлар пул учун,
Эл аросида отанган аҳли иззатлар чиқиб[5]

Диний қадриятларнинг таназзулини кўрган Обид Намангоний мусулмонларни ундан сақланишга даъват этади, ҳамиша худо йўлида бўлишга, қалбни худонинг маърифати билан безашга чақиради, гуноҳ ишлардан парҳез қилишга даъват этади.

Маълумки, XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида бутун Туркистон ўлкасида худосизлик (атеизм – М.С.) дунёқарашининг кишилар онгида жадал илдиз ота бошлаган даврдир. Бу даврда ҳокимият тепасига Худодан қўрқмайдиган “аҳли донишлар” келиб, кўнглига келган номаъқул ишларни ислом дини номидан тарғиб қилар, янги тартиб-қоидалар ўйлаб топар ва халққа зулм қилар эди. Мухаммасда ушбу жараённинг тадрижий ривожланиш босқичларини кўришимиз мумкин:

Бу Али Сино эрур ҳайрон замон тазвириға,
Кор этурларким, етиб бўлмас ани таъбириға,
Алдабон шайтон элин банд айлагай занжириға,
Ҳеч найранг ўхшамас бу халқнинг тазвириға,
Ушлатур шайтон яқосин аҳли санъатлар чиқиб.
 
Яхшилиқ қилсанг кима қайда санга суд айлагай,
Қайдаги улфатларинг дилшоду хушнуд айлагай,
Сан вафо қилсанг, жафолар бирла нобуд айлагай,
Етмаган ақли шаётин ишни мавжуд айлагай,
Қўрқмаган қаҳри Худодан аҳли ҳикматлар чиқиб[6].

Ниҳоят, мухаммас охирида муаллиф ажалга ҳийла ва бошқа тадбирлар (пора бериб, мансаб бериб узр сўраш ва б. – М.С.) кор қилмаслигини, ҳар ким ўз аъмолига яраша ажрим олиши, гуноҳкорлар ҳам, мўмин бандалар ҳам худонинг назаридан четда эмаслиги ва охир-оқибат барчанинг бу фоний дунёдан бир-бир кетиши муқаррарлигини уқтиради. Ўлим – ҳақ, демак бу фоний дунёда кишилар эзгуликни кўпайтириши керак, деган хулосага келади Обид Намангоний. Ушбу мухаммасда мустамлакачиликнинг илк пайтларида мусулмонлар юртини ўзгалар оёқ ости қилганлари ва халқни дину диёнатдан, миллий қадриятидан, маънавиятидан маҳрум қилинганининг бадиий ифодаси ўз аксини топган. Шоир диний қадриятларни сақлаб қолувчи ватанпарвар инсон сифатида гавдаланади.

Фойдаланилган адабиёт:
  1. Туҳфат ул-обидин ва анис ул-ошиқин. – Тошкент: Орифжонов тошбосмаси, 1908. – 192 саҳифа.
Мадраҳим САФАРБОЕВ,
фалсафа фанлари номзоди, доцент;

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …