Home / АЛЛОМАЛАР / БИЗ БИЛГАН БОБУРНИНГ БИЗ БИЛМАГАН ЖИҲАТЛАРИ

БИЗ БИЛГАН БОБУРНИНГ БИЗ БИЛМАГАН ЖИҲАТЛАРИ

Давлатимиз раҳбари 2017 йил Андижонга қилган ташрифида тарихий-маданий бойликларимизни асраб-авайлаб сақлаш, уни илмий тадқиқ этиш борасида, хусусан, улуғ шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Президент 2017 йилни Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили деб эълон қилди[1]. Республикамизда Бобур Мирзо ҳаёти ва бобуршуносликка оид турли хил йўналишларда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Халқимиз ўзининг буюк тарихи ва аждодлари билан ҳамиша ғурурланиб келади. Дунёнинг қайси бурчагига борманг, аждодларимиз меросига рўбарў келасиз. Айниқса, XIV-XV-асрларда Марказий Осиёда вужудга келган ижтимоий-сиёсий муҳит, жаҳон тамаддунида алоҳида саҳифа бўлиб қолди. Соҳибқирон Амир Темур барпо этган буюк салтанатда илм-маърифат, риёзиёт, астрономия, адабий муҳит янада равнақ топди. Темурий шаҳзодаларнинг илм-маърифатга катта эътибор қарагани тарихдан маълум. Астрономия ва фалакиётшуносликда Мирзо Улуғбек ўзидан катта мерос қолдирган бўлса, Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиёти, жуғрофия, тарих воқелигини муҳрлашда катта мавқега эришди. Юртимизда Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва унинг меросини қайта жаҳонга тиклаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Халқаро «Бобур» жамоат фондининг изланишлари таҳсинга лойиқ.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб улуғ аждодимиз меросини тиклашга киришди. Айтиш мумкинки, фонд вакиллари Темурийлар ва Бобурийлар ўтган йўллардан юриб катта илмий-маданий бойликларимиз бўйича аниқ маълумотларни тўплади. Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Россия, Хитой мамлакатлари ҳудудларида мангу қўним топган айрим буюк аждодларимизнинг мақбаралари қайта тикланиб обод гўшага айлантирилди. Экспедиция аъзолари йиллар мобайнида амалга оширилган изланишлари натижасида Андижонда «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи барпо этилди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида хорижий мамлакатларда сақланаётган ўзбек давлатчилигига оид далиллар ва мумтоз адабиётимиз намуналарининг асл нусхаларини қайтариш асосий ишларимиздан бири эканини таъкидлаган эди. Давлат раҳбарининг ўзбек халқининг тарихий ва маданий бойликлари намуналарини Ватанга қайтариш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги делегация Ҳиндистонга ташрифи давомида Деҳли шаҳрида Ҳиндистон Миллий музейига ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида Ҳиндистон Миллий музейи Бош директори Будҳа Рашми Мани Ўзбекистон делегациясига юқорида қайд этилган қўлёзма ва миниатюра нусхаларини расман топширди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-адабий жамоатчиликка кўпроқ шоир, адиб, адабиётшунос, забардаст саркарда, журъатли давлат арбоби, нозиктаъб жамоат, маданият ва руҳоният ҳомийси сифатида машҳурдир. Ҳаммаси бўлиб қирқ етти йилгина яшаш насиб этган бир инсонга шунча фазилату салоҳият қирраларини намойиш қилиш муяссар бўлганлигининг ўзи ундаги юксак илоҳий марҳамат ва иноятдан сўзлайди. «Бобур» – Заҳириддин Муҳаммаднинг адабий тахаллуси. Араб тилидан олинган бу сўзнинг ўзаги «бабр» бўлиб, «йўлбарс» ни англатади. Ҳайвонот оламида йўлбарс зоҳирий кўркамлиги, ботиний қудрати ва журъати билан ажралиб туради.

Қадриятларимиз тарихида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мураккаб шахс сифатида тилга олинишига кўникиб қолганмиз. Ҳар гал адиб номини машҳур этган «Бобурнома» асарини, дилбар ғазалларини, меҳр билан таржима қилган Хўжа Аҳрор Валининг «Волидия» асарини ўқиганда шахсиятидаги замондош ҳукмдорлардан устун жиҳатларини кўрамиз, мақола, китоб ва бошқа изланишларимизда Бобур шахсининг буюклигига оид фикрларни билдириб борамиз ва бу қарашларимизни тўлдириб боришга интиламиз. Аммо унинг шахсияти нақадар мураккаблиги, ҳали айрим жиҳатлари холисона аниқланиши лозимлигини ҳам сезамиз ва бунга киришишдан гоҳида андишага борамиз.

Ҳинд халқининг улуғ фарзанди, катта давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру Бобур Мирзо ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги фаолияти ҳақида тўхталиб, «Бобур-дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар яна ҳам дилбарроқ бўлиб, кўп яхши фазилатга эга бўлган»[2] -дея баҳо берган эди. Яхшироқ мушоҳада қилиб кўрайлик: Бобур Мирзо ҳинд эли учун босқинчи эди. Иброҳим Лўдийларнинг бобурийларга қарши жанги-ватанпарварлик туйғусининг амалдаги нишонасидир. Бобур Мирзонинг буюклиги шундаки, ана ўша туйғу моҳиятини юракдан ва тўғри ҳис қила олди. Босқинчилик ҳирсини оловлантира эмас, балки сўндира борди. Жаҳолатга эмас, эзгуликка, адолатга зўр берди. Тагжой аҳолининг миллий ғурури, удум ва эътиқодига монелик қилмади. Имкон қадар вайроналикдан сақланиб, ободонлик йўлини кенгайтирди, муҳташам обида ва боғлар бунёд этишни бошлаб юборди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистон ерларида ўз давлатини қургач, бу заминда ислом тамаддунининг ўзига хос тараққиёти кузатилди. Олимларнинг фикрича, Бобур ва унинг авлодлари темурийлар сулоласининг муносиб давомчилари сифатида илм-фан ривожи йўлида улкан ишларни амалга оширдилар. Хусусан, бу даврда ислом илмлари янги босқичда ривожлана бошлади. Ҳанафийлик баробарида мотуридийлик таълимоти ҳам ҳинд мусулмонлари томонидан кенг қабул қилинди. Ҳиндистон диёри йирик ҳанафий-мотуридий олимларни ўз бағрида камолга етказди.

Ҳинд мусулмонлари илк даврларданоқ ҳанафий мазҳабига амал қилиб келганлар. Улар ислом динини мазкур мазҳаб асосида таниганлар. Манбаларда қайд этилишича, аббосий халифа Восиқ Ҳиндистон мусулмонлари ҳақида маълумот олиб келиш учун ўз одамларини юборганда, унга бу ердаги мусулмонларнинг барчаси ҳанафий экани ҳақида хабар берилган. Бобурийлар ҳам фиқҳда ҳанафий бўлганлари учун уларнинг даврида ҳанафийлик ҳинд мусулмонлари орасида расмий мазҳаб даражасига кўтарилди. Бобурийлар томонидан қозилик ва муфтийлик лавозимларига ҳанафий фақиҳларнинг тайинланиши ҳинд диёрида ҳанафийликнинг янада чуқур илдиз отишини таъминлади.

Бобурийлар давлатидаги мадрасаларда ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китоблар ўқитилган. Булар қаторида энг машҳурлари Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Абул Баракот Насафийнинг “Манор”, Абул Уср Паздавийнинг “Усул”, Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Шарҳул виқоя” китобларини санаб ўтиш мумкин. Мазкур асарларнинг бари Мовароуннаҳр фақиҳлари қаламига мансуб. Бу эса юртимизда асос солинган илмий мактабларнинг Ҳиндистонда ислом илмлари ривожига таъсири қай даражада юқори бўлганига ёрқин далилдир.

Бобур Мирзонинг илоҳиётга сидқу садоқати тасодифий эмас. Шундай хулосани унинг нақшбандияга эътиқоди хусусида ҳам айтиш мумкин. Ҳаёт ва тақдир чорраҳаларида танг аҳволда қолган, руҳий ёхуд жисмоний жиҳатдан ночор ҳолатга тушган саркарда юзни самога буради, муножот ила ғайбий қудратдан мадад ва нажот тилайди. Муҳаммад қибласини топади, сидқий саждага тушади, пешонасини табаррук заминга теккизиб, жаноби Расули акрамнинг марҳаматига умид боғлайди. Хўжа Ахрор Валий нуроний сиймосини кўз олдига келтираркан, ҳазрат башоратларининг кўмагига муштоқлигини маълум қилади.

Тарихий китобларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳлик, саркардалик ва олимлик истеъдодидан ташқари ислом динига нисбатан қарашлари яъни фиқҳ илмини мукаммал билгани ҳам келтирилади. Жумладан, Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” (севимли зотлар ёдномаси) асарида Бобур ҳақида бундай сўзлар бор: Фиқҳ масалаларини яна бир рисолада мубайян қилганки, ёзувчиси донишмандлигидан нишонадир. Туркий ва форсийда яхши шеърлари бордир. Ўшал фиқҳ рисоланинг номи “Мубаййин” дир.

1521 йил Ҳиндистонга юришлари даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Мубаййин” асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжалланган “Мубаййин”да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган. Шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди.

Бобур Мирзо «Мубаййин»да энг муҳим исломий илмларни саралаб ўзининг дин олими, фақиҳ эканини ҳам кўрсатган. Советлар даврида «Мубаййин» асари халқдан яширилди, фақат истиқлол йиллари изоҳлар билан нашр этилди. «Мубаййин» Ҳиндистон юришлари даврида, ҳижрий 928 (миль. 1521) йили шеърий йўлда тасниф этилган. Асарда аҳли суннат вал жамоат ақоиди равшан баён қилинган. Бобур бу асарни фарзандларига бағишлаган ва бутун китобхонларга етказишни орзу қилган.

«Мубаййин» асари «Ҳамд» — Аллоҳ таолога ҳамду сано, «Наът» — Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифлари, “Китоб назмининг сабаби” каби кириш қисмлардан ва «Эътиқодия», «Китобус салот» («Намоз китоби»), «Китобуз закот», «Китобул ҳаж» каби беш рукнга доир боблар ҳамда «Китоб хотимаси» бўлимидан иборат.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари рўйхатида бир сарлавҳада таъкид этганимиз номнинг йўқлиги сезгир ўқувчиларни таажжубга солиши тайин. Дарҳақиқат, “Китоб ул-ҳаж” мустақил асар сифатида ҳеч ерда эсланмайди. У “Мубаййин” таркибида яшаб келади. Заҳириддин Бобур бошқа ноёб фазилатлари қаторида комил мусулмон ҳам эди. Бу зоти бокарам шахси атрофида қизғин жанглар давом этган қизил мафкура ҳукмронлиги замонида унинг динга муносабати ва илоҳиётга доир асарлари хусусида гапириш имкониятлари чекланган эди. Юқорида таъкидлаганимдек, “Мубаййин” беш қисм ёхуд китобдан тузилган бўлиб, “Китоб ул- ҳаж” унинг охиргисидир. Асарнинг ҳар бир китоби мусулмончиликнинг бир рукни шарҳига бағишланган.

Биз биламизки, мусулмон унвонига сазовор бўлмоқ учун унинг калимайи шаҳодат (Аллоҳдан ўзга илоҳ, ибодат қилишга лойиқ зот йўқлигига ва Муҳаммад (с.а.в) Аллоҳ таолонинг бандаси (тўғри йўлни кўрсатиш учун юборилган) элчиси эканига гувоҳлик бераман), намоз, рўза, закот ва ҳаж каби рукнларини бажармоқ шарт. Шулардан тўрттаси фарз (зарурий), бешинчиси- ҳаж эса жисмоний ва иқтисодий омилларга узвий боғлиқдир. Ислом динида адолат кучли. Унинг барча фарзу суннатлари инсон ва унинг шарафини ҳимоя қилиш, жисмоний ҳамда маънавий камолотни таъминлашга қаратилган, жоҳилларгина ана шу меъёрни бузишлари , мажбурийликка урғу беришлари мумкин. Зикри ўтган жиҳатлар тақозосига кўра саломатлиги йўл азобларига дош берадиган, маблағи етарли муслиму муслималарга Каъба тавофини адо этадилар. Қуръони Каримда «Бақара» сурасининг ўнта ва «Ҳаж» сурасининг ўн иккита ояти каримасида етарли ифодасини топган.

Улуғ маънавий арбоб Заҳириддин Муҳаммад Бобур минг карра ҳақ. У ўзидан муслиму муслималар учун катта хазина қолдирди. Дилида қават-қават армонлари билан фоний аламдан кетган, улкан маънавий арбобнинг гарди энди маҳзун ва муштоқ дийдаларга тўтиёдир. Бугун она юртда унинг шахси ва асарларига муносабатнинг тубдан ўзгарганлиги улуғ бир шукронага боисдир.

Бугун замонавий Ўзбекистон янги юксалиш босқичига қадам қўйган ушбу даврда халқимиз улуғ аждодлари бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни дунёга тараннум этиш асносида энг сўнгги илм-фан ҳамда касб-ҳунар сирларини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Ишонамизки, ушбу йўналишдаги давлатимиз инвестицияси юртимизда Учинчи Ренессанс даврининг бўй кўрсатишига пойдевор бўлажак. Шу маънода, даврнинг турли талотўплари, ихтилофларига дуч келса-да, юксак инсоний туйғуларни сақлаб қола олган, дунё илм-фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган шоҳ ва шоир – Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи умрбод унутилмайди. Шоир қолдирган бой илмий-маънавий мерос, муҳташам меъморий обидалар асрлар оша ёш авлодларни улуғ мақсадларга даъват этиб, маънавий куч-қувват манбаи бўлиб қолади.

Юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихимизни, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёшларни буюк аждодлар қолдирган мерос ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиляпти. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари томонидан қолдирилган бебаҳо илмий ва маънавий-маданий мерос эса буюк бобокалонларимиз билан фахрланиш, юртни, Ватанни севиш туйғуларини янада жўш урдиради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Бобур ва унинг аждодлари билан боғлиқ ҳали очилмай қолаётган масалалар, уларга тегишли тарихий далиллар оз эмас. Бобурийларнинг моддий мероси саналган «Бобур девони»нинг эса қайтарилгани халқимиз учун ажойиб совға бўлди. Бобурнинг авлодларига қолдирган бой ва бебаҳо мероси Марказий Осиё, ҳинд, афғон халқлари ўртасидаги узвий ҳалқа бўлиб келди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз. Т.: Ўзбекистон, 2016. 53б
  2. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан қурамиз. Т.: Ўзбекистон, 2017 484 б
  3. Янги Ўзбекистон газетаси 2022 йил 19 март
  4. Воҳидов Р. Биз билган ва билмаган Бобур. Тошкент. 2008 йил.
  5. Олимов М. Ўзбек бобуршунослиги тарихидан. Ўзбек тили ва адабиёти, 1989.
Фойдаланилган сайт
Гулҳаё ИСМОИЛОВА,
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси
Исломшунослик факультети
Ислом ҳуқуқи йўналиши
3-курс талабаси

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …