Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга, йирик давлат ва сиёсат арбоби, моҳир саркарда ҳам саналади. У кенг дунёқараши ва комил ақл-заковати билан Ҳиндистонда маърифатпарвар давлат арбоби сифатида ном қозонган бўлса, “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавислари қаторидан ҳам жой олган. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналаридан саналади. “Мубаййин”, “Ҳарб иши”, “Хатти Бобурий” асарлари ва “Аруз” рисоласи ислом қонуншунослиги, ҳарб санъати, нафис санъат, шеърият ва тил назарияси соҳалари ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Жавоҳарлаъл Неру ўзининг “Ҳиндистоннинг кашф этилиши” китобида: “Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди”, деб ёзган.
“Бобурнома” ўзбек ва умумтуркий адабиётнинг машҳур қомусий асарларидандир. Унда Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистон халқларига оид кўплаб маълумотлар жамланган. Асар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчиси – XV асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёда рўй берган воқеаларни; иккинчиси – XV аср охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида Кобул улуси, яъни Афғонистонда рўй берган ҳодисаларни; учинчиси эса Шимолий Ҳиндистон халқларининг XVI асрнинг биринчи чорагидаги тарихига доир лавҳаларни ўз ичига олади. “Бобурнома” – 1500 га яқин тарихий шахс ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот оламига доир юзлаб нодир маълумотларни ўзида мужассам этган қомусий асар бўлиб, 20 дан ортиқ тилга таржима қилинган.
Мухтасар айтганда, “Бобурнома” ўқувчига Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқлари тарихи, ўша даврда бобурийлар давлатининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти, табиати ва географияси билан танишиш имконини беради.
“Бобурнома”нинг таржима қилган инглиз олими Уильям Эрскин: “Осиёда саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фанга, санъатга меҳри ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди”.
Бобурнинг улкан ижодкорлиги шундаки, асарларида шахсий кечинмаларини баён этиш баробарида юксак ғоялар, умуминсоний қадриятларни олға суради. Унинг ижодида, хусусан, шеъриятида она юртни чин дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, мусофирлик изтиробларидан ҳасрат, ёру диёр соғинчи катта нафосат билан бадиий талқин этилади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётида рўй берган кескинликларнинг, оғир тушкунликларнинг руҳиятга таъсири, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди шеърларида моҳирона тарзда акс этган:
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди?!
Шунингдек, Бобур ўз шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолатга, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақиради:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки, ёмон бўлса, жазо топқусидур.
Бобурнинг 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзилган “Мубаййин” номли асари ўша давр солиқ тизимига доир шаръий қонун-қоидалар баёнига бағишланган. Мумтоз адабиётшунослик қоидаларига бағишланган “Аруз рисоласи”да эса 537 та шеърни таҳлил қилган.
“Хатти Бобурий” деб аталган рисоласида араб алифбоси таълими туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили асосида бирмунча соддалаштириб берилган. Шоир Қуръони каримни ўзи ишлаб чиққан “Хатти Бобурий” алифбосида кўчиртирган.
Бобур шеъриятида кўпчилик мутафаккирлар асарларига хос бўлган жиҳат яққол намоён этилган – инсоннинг ахлоқи ва баркамоллиги масалаларига катта эътибор қаратилган. Шоир инсон қадрини кўтариб, унга улкан ҳурмат билан муносабатда бўлишни ёқлайди. Бунинг зидди бўлган сифатларни қоралайди. Бобурнинг фикрича, худбинлик, иззатталаблик, бахиллик, манманлик ноқобил сифатлардир. Шоир рубоийларида инсоннинг маънавий тарбияси ҳақида қимматли маслаҳатлар беради.
Бобур кўз ўнгида юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни зийраклик билан кузатган. Ўзини қийнаган ҳис-туйғуларни чуқур танқидий таҳлил қилиб, уларни яхшилик ва адолат, ҳақиқат ва гўзаллик тамойилларига хизмат қилишга йўналтира олган.
Адабиёт, тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган Бобур доим олиму фозиллар даврасида бўлган, ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўрсатиб, ҳомийлик (меценатлик) қилган. Шу сабабдан бўлса керак, инглиз тарихчиси Эдуард Холден унга “Бобур феъли-савиясига кўра Цезарга қараганда суюклироқ бўлишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган”, деб таъриф берган. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар эса “Тарихи Рашидий” асарида бундай ёзади: “…У турли фазилатлар билан безанган ва мақтовли хислатларга эга бўлган бир подшоҳ эди. Барча фазилатлари орасида шижоат ва муруввати устунроқ турарди. Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас”.
Ижод ва санъат одамларига бундай меҳрли муносабат бежиз эмас эди, албатта. Бобурнинг ўзи табиатан ижодкор бўлган. Навқиронлик йилларидан умрининг охиригача ижод билан шуғулланган. Ҳеч бир шароит ва вазиятда ижоддан тўхтамаган, натижада авлодларга ҳар жиҳатдан такомилга етказилган бой илмий ва адабий мерос қолдирган.
Бобур буюк саркарда бўлибгина қолмай, ўзининг машҳур асарлари билан кенг фикрли тарихнавис, етук адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган катта олим сифатида дунё илм-фани равнақи ва маънавий-маърифий ривожида муносиб ўрин эгаллайди.