Агар ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихига назар ташласак, жамият идеосферасидаги ўзгаришларнинг инсоният тараққиётига таъсирини аждодларимиз қолдирган илмий меросларида кўришимиз мумкин. Буюк алломалар, тарихий шахслар, сиёсий арбоблар ўзларининг ҳаёт сабоқлари, тарих тажрибалари ва ўз олдларига қўйган мақсадларини эътиборга олиб жамият идеосферасидаги ўзгаришлар орқали жамият, миллат тараққиётига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишга ҳаракат қилганларининг гувоҳи бўламиз.
Марказий Осиё халқларининг илмий мероси умумжаҳон фалсафаси тарихида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Ушбу халқлар фалсафаси Ҳиндистон, Хитой, Миср, Юнонистон фалсафаси каби қадимийлиги билан эмас, балки ўз тараққиёти йўлида жаҳон халқлари маънавиятига кучли таъсир этган жамият идеосферасидаги ғоялар эволюциясидан иборатлиги билан ажралиб туради.
IХ-ХII асрлар Марказий Осиёда, жумладан ҳозирги Ўзбекистон заминида яшаган халқлар ҳаётида ижтимоий-сиёсий ҳамда илмий маданий воқеаларга бой даврлардан бири ҳисобланган [1]. Бу даврда диний илмлар соҳаларида минтақа шуҳратини оламга танитган имом Бухорий, имом Термизий, Низомулмулк каби алломалар, дунёвий илмлар соҳасида эса, Форобий, Беруний, Ибн Сино ҳамда тасаввуф маънавий-маърифий таълимоти соҳасида Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа йирик мутафаккирларнинг жамият тараққиёти ривожида жамият идеосферасидаги ўзгаришларнинг беқиёс ўрни ҳақидаги қарашлари бутун жаҳон илмий ва фалсафий тафаккурининг равнақига беқиёс ҳисса қўшди.
Абу Наср Форобий (873-950) жаҳон ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихида “Шарқ Аристотели” (“Иккинчи муаллим”) деган унвонга сазовор бўлган машҳур қомусий олим сифатида танилди. Алломанинг ижтимоий-фалсафий қарашларида жамиятнинг юксалиш йўллари, ахлоқнинг шаклланиши, инсон ва жамиятнинг ўзаро муносабати, инсонийлик, адолатпарварлик, тараққиёт, буюк жамият, комил инсон каби мавзуларни илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этилган.
Форобий талқинича, “…ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирган шаҳар – фазилатли шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси – фазилатли жамоадир.
Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ – фазилатли халқдир. Шу тартибда барча халқлар бахтга эришиш учун бир-бирларига ёрдам берсалар, бутун ер юзи фазилатли бўлади” [2].
Форобий ижтимоий юксалишга ва бахт-саодатга жамият идеосферасидаги ўзгаришлар орқали, яъни илм ва маърифат асосида юзага келадиган ақлий ва ахлоқий фазилатлар орқали эришиш мумкин деган хулосага келади.
Уйғониш даврининг буюк қомусий мутафаккирларидан яна бири Абу Райҳон Беруний (973-1048) ҳисобланади. Беруний талқин этишича, инсоннинг энг олий бахти билишда, чунки у ақлга эга. Бахт ана шу нуқтаи назардан тушунилсагина жамиятга тинчлик ва фаровонлик келтиради. Унинг “Ҳиндистон” асарида шундай бир ҳикоя келтирилади: “Бир киши шогирдлари билан бирга тим қоронғи кечада бир зарурат учун йўлга чиққан, йўл устида тик турган бир қоролтига кўзлари тушган, унинг ҳақиқатини билишга кеча қоронғуси тўсқинлик қилган, шунда ҳалиги киши шогирдларига қараб бирин-кетин улардан у қоролтининг нима эканини сўраганда, биринчиси, нима эканини билолмайман, деган; иккинчиси, нима эканини билолмайман ва билишга қудратим ҳам етмайди, деган. Учинчиси эса, билишнинг фойдаси йўқ, чунки тонг ёриса, у нарса маълум бўлади қўяди, агар қўрқинчли нарса бўлса, тонг отиши билан йўқ бўлади, агар қўрқинчли нарса бўлмаса, унинг аҳволи бизга равшан бўлади қўяди, деган.
Демак, уч шогирдининг маърифати қисқалик қилди. Биринчиси, илмсизлиги сабабли, иккинчиси, ожизлиги ва қурол-органига офат етгани сабабли, учинчиси, ишни кейинга қўйиши ва илмсизликка рози бўлиб туриши сабабли маърифатда қисқалик кўрсатди. Аммо тўртинчиси аниқ билмасдан туриб жавоб бермайди, ўша қоролтинни мўлжаллаб яқин борганида бир-бирига чирмашиб ўралашиб кетган қовоқ палагини кўрди. Шунда у шогирд тирик ва ихтиёри ўзида бўлган инсоннинг ўша чирмашган нарса маълум бўлгунича турган жойида қолмаслигини тушунди ва у қоролтининг жонсиз нарса эканини аниқлади. Бу шогирд устозига аниқ хабар келтирган эди, устози ҳузурида маърифат қозонди” [3].
Юқоридаги ҳикоя шундан далолат берадики, инсон табиатан яширин нарсаларни, тафсилоти номаълум бўлган нарсаларни билишга эҳтирос билан интилади. Берунийнинг жамият идеосферасининг янгиланиб боришида меҳнатнинг, илм-фан, маданият ва маънавиятнинг, инсон омилининг роли ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлайди. Файласуф олим жамият тадрижий ўзгаришлар орқали юксалиши, унда адолат, инсонпарварлик, зулмни бартараф этиш, тинчлик ва иноқлик бош мезон бўлиши кераклигини уқтиради.
Ибн Сино (980-1037) жаҳон халқлари ижтимоий-фалсафий фикрининг буюк намоёндаси, Шарқда “Шайх ур-раис” (олимлар бошлиғи) деган ном билан шуҳрат қозонган қомусий олими – мутафаккиридир [4]. У инсоният тарихида нафақат табиб сифатида танилди, балки ўз даврининг буюк файласуфи, ўзидан кейинги давр илм-фани, маданияти ривожига ҳисса қўшган буюк донишманд сифатида ҳам шуҳрат топди. Ибн Синонинг жамият идеосферасидаги ўзгаришлар ҳақидаги қарашларининг нодир жиҳатлардан бири шунда эдики, аллома қарашларида ўз даврининг жуда кўплаб илғор концепцияларини ифодалай олди. У ўз даври ва ундан олдинги йирик файласуф олимлар қарашларидаги жамият юксалишида маънавий ўзгаришлар муҳим омил эканлигини ўрганиб, ушбу қарашларни илм-фан анъаналари орқали ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди. Ибн Сино жамият ва инсон камолотга эришишининг биринчи асосини билимларга эришишда деб кўрсатади. Зеро, илм-фан борлиқ ва инсоният олдидаги ҳаётий қонуниятларни очиб, аниқлик ва юксалишга йўналтирувчи йўл деб билади. Билим ва маърифат йўлига чиққан инсон, ушбу йўлдаги тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиши лозимлигини таъкидлайди.
Ибн Сино ўз илмий мероси билан инсонларнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун доим илм-маърифатни эгаллаш йўлидан боришларини маслаҳат беради: “Эй биродарлар! Одамларнинг ботири мушкулотдан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан бош тортган киши одамларнинг энг қўрқоғидир” [5]. Демак, маърифатли инсон кучли, ўлимдан қўрқмайдиган, фақат жамият ва инсоният камолоти учун ҳаракат қиладиган инсонни назарда тутади.
Шундай қилиб, Ибн Синонинг илмий-маънавий меросидаги ғоялар нафақат инсон билим ва тафаккурининг юксалишига, шунингдек, жамият ва давлатнинг ривожланишига хизмат қилди. Бу илмий-фалсафий ғоялар ҳозир ҳам жамият идеосферасидаги ижобий ўзгаришларга хизмат қилмоқда.
Низомулмулк (1018-1092) оқилона ва адолатли давлат бошқаруви туфайли Маликшоҳнинг номи тарихда қолди. У адл ва инсофнинг буюк меъмори эди. Унининг “Сиёсатнома” (“Сияр ул-мулук”) асарнинг асосий ғоялари ҳам шундан иборатки, вазир Низомулмулк шоҳ ва ҳокимларни адлу инсофга, сулҳ ва мурувватга, давлатни оқилона бошқариб, қатъий қоида ва тартиб ўрнатишга, амалдорларни виждонли, пок, ҳалол ва имонли бўлишга, мамлакат ободонлиги, унинг аҳли фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш учун ҳаракат қилишга даъват этади: “…давлату дониш ва эзгу расму одат ёруғ шамга ўхшайди. Ва одамлар шу ёруғликда йўлларини топиб, қоронғиликдан чиқадилар” [6].
Низомулмулкнинг жамият идеосферасидаги ўзгаришлар тўғрисидаги ижтимоий-сиёсий қарашларида баркамол авлодни давлат ва жамият ишларида ҳалоллик ва тўғрилик, бунёдкорлик ва маърифатпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Хуллас, юқорида кўриб чиққан жамият идеосферасидаги ўзгаришлар тўғрисидаги мутафаккирларнинг қарашлари нафақат Ўрта Осиё балки жаҳон халқлари маънавий юксалиш тарихининг ажралмас қисмига айланган. Ушбу ғоялар ижтимоий муҳит, инсон муносабатларини ўрганиш, мавжуд оламни билиш ва уни ўзгартишга бўлган узлуксиз интилиш жараёнида шаклланиб, ривожланиб борганини ва халқларнинг илмий тафаккурининг ўсиб бориши, маънавий юксалиб бориши, инсон келажаги ҳақидаги ғояларни олға суриш ва амалга ошириш учун хизмат қилмоқда.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- Юсубов Д.А. Саитходжаев Х.Б. Мавлянов А.А. Фалсафа. –Т., “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси”, 2012. –Б.64.
- Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри (Масъул муҳаррир: М.Хайруллаев, М.Жакбаров). –Т., “Янги аср авлоди”, 2015. –Б.288.
- Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар II. (Масъул муҳаррирлар: Ғ.Жалолов, А.Ирисов)–Т., “Фан”, 1965. –Б.77-78.
- Хайруллаев М. Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихидан. –Т., “Ўзбекистон”, 1995. –Б.59.
- Ибн Сино. Фалсафий қиссалар (Ирисов А.). –Т., “Бадиий адабиёт нашриёти”, 1963. –Б.15
- Низомулмулк. Сиёсатнома (“Сияр ул-мулук”) (Масъул муҳаррир: Шариф Холмурод). –Т., “Янги аср авлоди”, 2015. –Б.21.