Ўрта асрнинг буюк олими, файласуфи ва мутафаккири Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдуннинг илмий қарашлари ҳамда мероси ҳозирда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ибн Халдун 1332 йилда Шимолий Африканинг Тунис шаҳрида туғилиб, ўз даврининг олимларидан Қуръон, ҳадис, ҳуқуқ, тилшунослик каби фанларни ўзлаштирган. Мутафаккир тарих, тасаввуф, мантиққа доир асарлар ва шеърлар ёзган. Аллома Миср султонлари саройида энг юқори мансаб – ҳожиб лавозимида ишлаган. У моҳир дипломат сифатида Амир Темур билан шахсан учрашиб, суҳбатлашган ва ёзишмалар олиб борган.
Ибн Халдун асарлари, хусусан унинг “Муқаддима” асари ҳар доим Ғарб давлатлари илмий доираларида катта қизиқиш уйғотиб келган. Аллома ўзининг “Китоб ул-ибар” асарига ёзган муқаддимасида инсон жамиятининг тараққиёти, ривожланиш ҳамда таназзули сабаблари тўғрисида асосли фикрларни келтиради.
Ибн Халдун “Муқаддима”да асарида қуйидаги фикрни бир неча бор такрорлайди: “Тамаддун бу инсон жамиятининг якунидир”[1]. Шунда бир савол туғилади, нега тамаддун инсон жамиятининг интиҳоси билан якун топади? Бу саволга қисқа ва аниқ жавоб шуки, тамаддун ва давлат бир-бири билан бевосита боғлиқлигидадир. Биринчидан, улар зоид, яъни ортиқча маҳсулот функциясини намоён этиб, кераклигидан кўра моддий бойликларнинг ортиши билан тамаддун вужудга келади; шу билан бирга давлат бу мулкнинг пайдо бўлиши натижаси ҳисобланади. Мулк эса ўз навбатида, яна ўша ортиқча маҳсулотдан ташкил топади. Иккинчидан, давлат ва тамаддун ҳажм жиҳатидан бир –бирига мос келади. Мулк бўлган ва айни пайтда цивилизацияни акс эттирадиган “замин неъматлари”дан фақат “давлат одамлари” фойдаланиш имкониятига эга, яъни тортиб олинган зоид ўша одамлар ўртасида тақсимланади. Бошқача айтганда, тамаддун “жамият ҳолати” сифатида бутун жамиятни ифодалайди, аммо бу бойликнинг афзалликларидан унинг барча аъзолари фойдалана олмайди, чунки баъзилардан зоид тўловлар, солиқлар, тўғридан-тўғри мусодара қилиш ва бошқа усуллар воситасида йиғиб олинади, бошқалар эса бу зоидларни истеъмол қилади: “Давлат фуқаролардан пул йиғиб олади ва уни ўз одамлари ва қўл остидаги ходимларига сарфлайди… ушбу пуллар фуқаролардан келади, лекин давлат одамларига ва сўнгра улар билан боғлиқ пойтахт аҳолисига кетади”[2].
Инсоният ва тамаддун ҳалокатининг хабарчиси ҳашамат ҳисобланади. Ҳашаматнинг давлат ва жамиятга таъсири зиддиятли ва бир хил эмас. Давлатнинг дастлабки даврида ҳашамат “давлатнинг куч-қудратини оширади… Бунинг сабаби шундаки, агар аҳолида мулк ва ҳашамат пайдо бўлса, бола туғилиши кўпайиб, давлатнинг қамраб олиши ортади, асабийа ошади, шунингдек, “мижозлар”, яъни “ҳимояланган” қатлам ҳам кўпаяди. Уларнинг авлоди фаровонлик ва ҳашаматда тарбияланади, уларнинг мавжуд сонига сон ва қудратига куч қўшилади.
Бироқ, келажакда ҳашамат тобора ортиб бориб, жамият учун салбий рол ўйнай бошлайди. “Маданиятли одамлар”, шу билан бирга “давлат одамлари” ҳисобланиб, заифлаша боради. Улар ўзларини ҳимоялаш учун ёлланма аскар ва қўриқчиларга эҳтиёж сеза бошлайди. “Тамаддун ва ҳашамат билан боғлиқ одоб-ахлоқ – бу асл бузуқликнинг ўзидир, зеро, инсон фойдани билиб, зарардан қоча, шу билан бирга тўғри ахлоққа эга бўлсагина инсон ҳисобланади. Тамаддун одами эса ўз эҳтиёжларини қондира олмайди, бу ё унинг нозиклашиб кетиши оқибатида ожизлигидан, ёки ҳаддан ташқари фаровонлик ва ҳашамат билан боғлиқ ҳолда кибрга берилганлигидан бўлади.
“Давлат одамлари”нинг дабдабали ҳаётга интилиши ва давлат таркибига кирувчи ёлланма қўшин учун харажатлар билан бир қаторда турмушнинг қимматлашишига олиб келади. Натижада иқтисодиёт вайрон бўлади, чунки “бу вақтда давлатларда харажатларнинг ортиши билан янада янги солиқлар жорий этилади”.
Жамият ахлоқий таназзулга юз тута бошлайди. Ибн Халдун шу билан бирга инсон ахлоқини (характер, темперамент) географик, яъни об-ҳаво ёки иқлим билан чамбарча боғлиқлигини таъкидлайди. Ахлоқ яна инсонни тарбияловчи ижтимоий муҳит билан ҳам боғлиқ. Ахлоқий меъёрлар ушбу тарбия натижасида ўзига хос “одатлар”га айланиб, давлатнинг ривожланиши даражасига мувофиқ келади ва фуқароларнинг ахлоқига кучли таъсир кўрсатади. “Билингки, давлат турли босқичлардан ва янги ҳолатлардан ўтади ҳамда ҳар бир босқичда одамлар мазкур босқич билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларга эга бўладилар ва у бошқа босқичдаги хулқдан фарқ қилади”, деб ёзади Ибн Халдун. Давлат ва тамаддун ривожланишининг сўнгги босқичларида ахлоққа бузуқлик, ёлғон, адоват, айёрлик хос ва буларнинг барчаси “исталган усул билан яшаш учун маблағларни қўлга киритиш мақсадида” бўлади. “Сен уларни ёлғон гапиришда, хавфли ўйинларда иштирок этишда, фирибгарликда, алдашда, ўғриликда, кафолатларни бузишда, судхўрликда ва савдо шартномаларига риоя қилмасликларида кўрасан. Сўнгра сен уларнинг янада фирибгарлик ва унинг турли кўринишларида тобора моҳир ва безбет бўлаётганликларини кўрасан, токи улар борики одоб-ахлоқни йўқотиш даражасига етиб борадилар. Буларнинг барчаси ҳатто қариндош-уруғлар орасида ҳам рўй беради”[3].
Шундай қилиб, тамаддун ва ҳашамат инсоният жамиятининг инқирозидан ва якунидан хабар беради. Ибн Халдун ўз фикрини қуйидагича ифодалаб, мисол келтиради: “Агар шаҳарда жуда кўп нордон норинж дарахтини ўтқазсалар, бу унинг ҳалокатидан дарак беради. Шунинг учун кўпчилик оддий одамлар ҳовлисида нордон норинжни экишдан қўрқадилар. Бу норинжнинг ўзига хос хусусиятига боғлиқ эмас, чунки нордон норинж ва ва сарв мевасининг на таъми, на фойдаси бордир. Бироқ, боғлар ва уларни суғориш тамаддун билан боғлиқ бўлиб, қопланганига қарамай, тамаддуннинг интиҳосини англатади, чунки уларни боғларда фақат шакл-шамойили учун ва ҳашаматда дабдабага эришилганидан сўнг экадилар. Айтганимиздек, бу шаҳарнинг ҳалокати ва вайрон бўлишининг бошланиши хавфи мавжуд бўлган босқич ҳисобланади. Худди шундай фикр ҳақида ҳам айтилади”[4].
Жамиятнинг таназзулга учрашининг асосий сабаби, барча иллатларнинг маркази давлат ҳисобланади – бу “Муқаддима” асарининг асосий ғояси. Охир-оқибатда жамиятнинг вайрон бўлишига давлат амалга оширадиган турли хил зўравонлик шакллари олиб келади. Ибн Халдун шундай ёзади: “Адолатсизлик фақат бировнинг мулкини ёки молини бирор бир сабабсиз ҳамда каффоратсиз тортиб олишда деб ҳисобламагин. Бу барчага маълумдир. Адолатсизлик бу анча умумий тушунча. Бировнинг шахсий мулкини ўзлаштирган ёки меҳнати самарасини куч билан тортиб олган, ёки ундан ноқонуний тарзда бирор бир нарсани талаб қилган, ёки унга мажбурий тарзда қонунда кўрсатилмаган ҳар қандай кимса, ўша инсонга адолатсизлик қилган бўлади.
Худди шундай, ноҳақ бўлган солиқ йиғувчилар золим ҳисобланади, бировнинг мулкига тажовуз қилганлар ҳам золим, инсонни талон-тарож қилганлар ҳам золим, одамларни ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишга монелик қилганлар ҳам золим ва умуман мол-мулкни кўпайтирадиганларнинг ҳаммаси золимдир. Бу балоларнинг барчаси жамиятни барбод қилувчи, унинг моҳияти бўлган давлатга бориб тақалади”[5].
Ибн Халдуннинг ўз даврининг давлатига нисбатан салбий муносабати шу қадар аниқ ифодаланганки, араб мутафаккири “феодал давлатнинг аҳамиятини ва султон ёки ҳукмдорнинг ижобий ролини бўрттириб кўрсатган”[6] деган баъзи муаллифларнинг фикрларини аллома қарашлари тўғрисида бехабарликлари билан изоҳлаш мумкин. Ибн Халдуннинг фикрига кўра, давлат кўр-кўрона куч бўлиб, ҳаётга объектив (моддий) сабаблардан келиб чиқиб ёндашади ва шу объектив сабабларга кўра ўзи текинхўрлик қилиб, жамиятни ўлдиради ҳамда ўзи ҳам ҳалок бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ибн Халдуннинг ижтимоий қарашларида биринчи ўринда адолат принципи туради. Мутафаккир адолат ҳукм сурган ва қонунлар устувор бўлган давлатгина мустаҳкам бўлиши тўғрисидаги фикрни илгари суради. Шу жиҳатдан, алломанинг қарашларини илмий тадқиқ этиш ва ўрганиш Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этар эканмиз, бугунги кунда долзарб бўлиб, жуда муҳим аҳамият касб этади.
- Garaudy R. Pour un dialogue des civilisations. L’Occident est un accident. Paris, 1977.
- Lacoste I. lbn Khaldoun. Naissance de l’histoire passee du Tiers-Monde. Paris, 1966.