Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙНИНГ ПАЗДАЛИК ШОГИРДИ

АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙНИНГ ПАЗДАЛИК ШОГИРДИ

Қашқадарё воҳаси қадимдан йирик олимлар, мутафаккирлар, маърифатпарварларни камолга етказган гўшадир. Манбаларда илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият олиб бориб, катта ютуқларга эришган 300га яқин Насафий нисбаси эга олимлар зикр этилади. Шунингдек, воҳанинг яна бир қадимий манзилларидан бири “Пазда” (араб манбаларида “بَزْدَة” – Базда, форсий ва туркий манбаларда “پَزْدَة” “Пазда” шаклида келган( шаҳарчаси бўлиб, кичик ҳудуд бўлишига қарамай илк ўрта асарларда илм-фан марказларидан бири бўлган. Мазкур ҳудудда туғилган ёки маълум муддат яшаган олимларга “Паздавий” (بَزْدَوِي) ёки “Паздий” (بَزْدِي) нисбаси берилган. Ҳозиргача фаннинг турли соҳаларида Паздавий нисбаси билан фаолият юритган ўндай (10) ортиқ йирик олимлар аниқланди. Улар қаламига мансуб йигирмадан ортиқ асарлар бизгача етиб келган бўлиб, ҳар бири ислом ҳуқуқи ва фалсафаси бўйича фундаментал адабиётлар сифатида ҳозиргача амалда бўлиб келмоқда. Шунга қарамай уларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва асарлари ҳақида жуда кам изланишлар олиб борилгани мавзунинг долзарблигини белгилаб беради.

Абдулкарим Самъоний (1113-1167)нинг “ал-Ансоб” (Насаблар), Шамсуддин Заҳабий (1275-1348)нинг “Сияру аъламин нубало” (Машҳур даҳолар сийрати) каби Тарихий-библиографик манбаларда қайд этилишича, паздавий олимларнинг дастлабки вакили араб қўмондони Қутайба ибн Муслим (669-715)нинг дўсти Сулайм ибн Мансур Басрий Паздавий (VIII аср)дир. Маълумки, Қутайба ибн Муслим арабларнинг Ўрта Осиёдаги VIII аср биринчи чорагида олиб борган ҳарбий юришларида қўмондонлик қилган. Сулайм ибн Мансур муҳаддис бўлиб, 704-715 йиллар оралиғида Басрадан Паздага келиб жойлашган ва шаҳар аҳолисига янги дин – ислом таълимотлари ва маърифатидан таълим берган ва ҳудудда муқим бўлиб қолгани учун унга Паздавий нисбаси берилган. Унинг ўғли Азиз ибн Сулайм набираси Аҳмад ибн Азиз ибн Сулайм Паздавийлар ҳам Паздалик олимлар қаторида зикр этилади ва улар асосан ҳадис илми билан шуғулланган. Басра ва Бағдод каби илм марказларидан келган олимлар саъй-ҳаракатлари билан Паздада бир неча янги илмлар ривожланди, жумладан аҳолида ҳадис илмига нисбатан катта қизиқиш пайдо бўлди. Натижада Паздадан бир неча йирик муҳаддислар авлоди етишиб чиқди. Паздалик машҳур муҳаддислар қаторида Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қарийна Паздавий (ваф. 329/941 й. Имом Бухорийнинг шогирди ва асарларининг ровийси), Имом Термизий (ваф. 892 й.)нинг шогирдлари Абу Абдуллоҳ Убайдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳафс ибн Иброҳим Паздавий (ваф. 323/935 й.), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Наср ибн Суҳайл ибн Абдувайҳ ибн Яздод Паздавий ва иниси Абу Сулаймон Довуд ибн Наср Паздавий ҳамда Абу Муслим Юсуф ибн Муҳаммад ибн Одам ибн Исо ибн Баздавайҳ Қассор Паздавийларни қайд этиш лозим.

Паздада ҳадис илмидан ташқари фиқҳ, ақида ва тафсир фанларини ривожланиши Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо Паздавий (ваф. 300/912 й.) ва унинг авлодлари фаолияти билан боғлиқ. Унинг набираси Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Адбулкарим, Муҳаммаднинг икки фарзанди Фахрул-ислом Али ибн Муҳаммад (1009-1089), Садрул-ислом Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий (1030-1100) ва уларнинг фарзандлари Абу Собит Ҳасан ибн Али (1078-1161) Абул Маъолий Аҳмад ибн Абул Юср (1088-1147) Паздавийлар Мовароуннаҳр тарихидаги йирик фақиҳ ва мутакаллимлар бўлиб етишган.

Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо ибн Мужоҳид ибн Абдуллоҳ Паздавий ҳаёти ва илмий мероси ҳақида кам сонли маълумотлар мавжуд. Манбаларда, Абдулкарим Паздавий имом Абу Мансур Мотуридий (870-944)нинг яқин шогирди бўлгани ва устозидан Абу Ҳанифанинг “ал-Олим вал-мутаъаллим” (Устоз ва шогирд) асарини ривоят қилгани зикр этилади. Шунингдек, устозлари силсиласи имом Мотуридий орқали мазҳаббоши Абу Ҳанифага етиб бориши қайд этилади. Тарихчи Тақиюддин Абдулқодир Тамимий (ваф. 1597 й.) “Табақот ас-сания” асарида хабар беришича, Абдулкарим Паздавий илмий сафар билан Басрага борган ва у ерда машҳур муҳаддис Абу Довуд Сижистоний (817-888)нинг шогирди Абу Али Муҳаммад ибн Аҳмад Лулуий (ваф. 945 й.)дан дарс олган ва ҳадислар тинглаган[1].

Тамимий Абдулкарим Паздавийни Имом Бухорийнинг шогирди Абу Талҳа Мансур Паздавий (ваф. 329/941 й.)дан ҳам ҳадис эшитганини хабар берган. Абу Ҳафс Умар Насафий “Китоб ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари ҳақидаги қанддек китоб) асарида устози Фахрул-ислом Паздавийдан, у отаси Муҳаммаддан, у бобоси Абдулкарим Паздавийдан, у муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Самарқандийдан бир ҳадисни ривоят қилган[2]. Бундан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Самарқандийни Абдулкарим Паздавийнинг устози сифатида келтириш мумкин.

Тақиюддин Тамимий бутун Самарқанд аҳли Абдулкарим Паздавийдан ҳадис ривоят қилган деб айтган бўлса-да, манбаларда олимнинг шогирдлари сифатида Хатиб Исмоил ибн Абдуссодиқ ибн Абдуллоҳ, Абу Абдуллоҳ ал-Ғанжор ва набираси Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим номларигина келтирилган[3].

Абдулкарим Паздавий 390/1000 йил Рамазон ойида вафот этган[4].

Абдулкарим Паздавийнинг набираси Муҳаммад ибн Ҳусайн бобоси қўлида таълим-тарбия олиб, етук фақиҳ бўлиб етишган, кейинчалик Бухоро шаҳри қозиси бўлгани ҳақида Ёқут Ҳамавий хабар берган[5].

Муҳаммаднинг фарзанди Абул Юср “Усул ад-дин” асари муқаддимасида шундай дейди: “Бизга шайх, имом падари бузургворим раҳимаҳуллоҳ бобоси шайх, имом, зоҳид Абдулкарим ин Мусо раҳимаҳуллоҳдан Имом Мотуридийнинг кўплаб кароматлари ҳақида эшитган ҳикояларини айтиб берган. Бобом мазҳаб бошиларимиз китобларининг маъноларини тўлиқ эгаллаган ва устози Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид ва “Китоб ат-Таъвилот” асарларини ёд олган эди”. Асарнинг “Қайта тирилиш” мавзусида Абул Юср отаси Муҳаммаддан ушбу ҳадисни ҳам ривоят қилган “Бизга шайх имом Муҳаммад ибн Ҳусан ибн Абдулкарим Расулуллоҳ алайҳиссаломгача етиб борадиган санад орқали ушбу ҳадисни айтиб берди: “Кимки бирор қули (ишчиси)ни ноҳақ қонини тўкса, ушбу қул қиёматгача “у мени ноҳақ ўлдирди” дея жар солиб чиқади”[6].

Садрул-ислом Абул Йуср ибн Муҳаммад ибн Хусайн ибн Абдулкарим Паздавий (1030-1100) Мотуридия ақидавий таълимоти ривожига катта ҳисса қўшган олим бўлиб, “Усулу-д-дин” (Дин асослари) асари билан танилган.

Абул Йуср Паздавий Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қозилик қилган ва жуда кўп шогирдларга дарс бериш билан шуғуллангани ҳақида унинг шогирди Нажмуддин Умар Насафий (1069-1142) шундай дейди: “Абул Юср Мовароуннаҳр илм аҳлининг устози, олимлар раҳбаридир. Дунёнинг турли томонларидан устознинг мажлисида иштирок этишга талабалар интилар эди. Усул ва фуруъда кўплаб китоблар таълиф этганлар ҳамда Самарқанд қозилигига тайинланган ва бир муддат шаҳарда ҳадис имло қилганлар”.

Абул Йуср Паздавийнинг пойтахт Самарқанддаги илмий фаолияти ва кейинчалик Абул Муин Насафий (ваф. 1115 й.), Нажмуддин Умар Насафий (1069-1142), Алоуддин Самарқандий (ваф. 1143 й.), Нуриддин Собуний (ваф. 1184 й.) ва Иброҳим Саффор (ваф. 1139 й.) каби шогирдларининг илмий хизматлари сабаб мотуридия ақидавий таълимоти Мовароуннаҳрдан ташқарига – Хуросон ва Ироқ ҳудудларигача ёйилди ва турли адашган ақидаларни сиқиб чиқаришига сабаб бўлди.

Манбалар Абул Юср Паздавий 493/1100 йил 69 ёшида Бухорода вафот этганини қайд этади. Аллома ҳаёти давомида кўпгина асарлар таълиф этган бўлса-да, бизгача олимнинг ақидага оид “Усулу-д-дин”, фиқҳга оид, “Шарҳу жомеъу-с-сағир”, “Таълиқот”, “ал-Мураттаб”, “ал-Воқиат” ва “ал-Мабсут” ҳамда араб тили грамматикасига бағишланган “Шарҳ ал-ажрумия” асарларигина етиб келган.

Абул Юср Паздавийнинг акаси Фахру-л-ислом Абул Уср Алий ибн Муҳаммад Паздавий (1010-1090)нинг “Абул Уср” (Қийинчилик отаси) куняси билан танилган. Бунга сабаб ёзган китоблари юқори савияли, уларни тушуниш учун муайян илмларни билиш талаб этилгани бўлган. Фарқли равишда укаси Садрул-ислом Муҳаммаднинг асарлари содда, услуби енгил ёзилганидан унга “Абул Йуср” (Осонлик отаси) куняси билан танилган.

Фахру-л-ислом Паздавийнинг усул ал-фиқҳ (ислом ҳуқуқи назарияси) фанига оид “Усул ал-Паздавий”, “Усул кабир” номлари билан танилган “Канзул вусул ила маърифти-л-усул” (Усул илмини ўрганишдаги хазина) асари муаллиф номини бутун дунёга танитган манбадир. Ҳанафий усул ал-фиқҳнинг асосий манбаси ҳисобланган ушбу асарга жуда кўп шарҳлар ёзилган. Шунингдек, Фахрул-ислом Али Паздавий “Тафсиру-л Қуръон” (бир юз йигирма жилдлик), “Шарҳу Жомиъу-л-кабир”, “Сийрату-л-мазҳаб фи сифати-л-адаб”, “Шарҳу Жомиъу-с-саҳиҳ” (Имом Бухорийнинг машҳур ҳадислар тўпламлари “алЖоми ас-саҳиҳ”га ёзилган шарҳ), “Ғиноу-л-фуқаҳо фи-л-фуруъ”, “Кашфу-л-астор фит-тафсир” ва “Мухтасару Тақвиму-л-адилла”, “Шарҳу Жомиъус сағир”, “Зиёдоту-ззиёдот”, “Китоб ал-мабсут”, “Заллату-л-қорий”, “Шарҳу Тақвимул адилла фил-усул” , “Шарҳу Фиқҳул акбар” , “Амолий”, “ал-Муяссар фил калом, “Шарҳу Мухтасару-лҚудурий” номли асарлар ҳам таълиф этган бўлиб, уларнинг аксари бизгача етиб келган.

Фахрул-ислом Паздавий узоқ муддат Самарқандда қозилик ва талабаларга устозлик қилганидан сўнг 482/1089 йили Кешда вафот этди ва шогирдлар томонидан Самарқандга олиб келиниб, Чокардиза қабристонига дафн этилди[7]. Жуда кўп сонли талабалар Паздавийдан дарс олгани шубҳасиз бироқ, манбаларда улардан баъзиларининг номлари қайд қилинган. Жумладан, Хатиб Абул Маъоли Муҳаммад ибн Наср ибн Мансур Мадиний (1060-1163), фарзанди Абу Собит Ҳасан ибн Али Паздавий (ваф. 1155 й.), Заҳириддин Абул Маъолий Зиёд ибн Илёс (ХI-ХII аср), Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (ваф. 539/1144 й.), Абул Муҳомид Муҳаммад аз-Золий Балхий (ваф. 518/1124 й.), Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1069-1143)лар Фахрул-ислом Паздавийнинг шогирдлари сифатида танилган[8].

Фахрул-ислом Али Паздавийнинг фарзанди Абу Собит Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Паздавий 470/1078 йил Самарқандда туғилган. Ўн икки ёшигача отасидан дарс олган. 482/1089 йил отаси вафот этганидан сўнг амакиси Абул Юср Паздавий ўз қарамоғига олиб ўғли Абул Маъолий билан бирга тарбиялади. Абу Собит бир муддат Марвда истиқомат қилиб, шаҳардаги олимлардан дарс олган. Бир неча йиллик таълимдан сўнг йирик фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишган ва Самарқанд қозилигига тайинланган. 542/1146 йили амакиваччаси Абул Маъолий Аҳмад вафот этганидан сўнг унинг ўрнига Бухоро қозиси бўлган. Умрининг охирларида Пазда шаҳрига кўчиб ўтиб вафоти (ваф. 557/1161 й.)га қадар ибодат ва ҳадис илмидан талабаларга дарс бериш билан машғул бўлган[9].

Абу Собит Ҳасан Паздавийдан Сирожиддин Али ибн Усмон Уший (ваф. 575/1175 й.) ва Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (1163-1167) каби машҳур олимлар дарс олган. Сирожиддин Уший устози Абу Собит Ҳасан ҳузурида Абу Абдуллоҳ Тоҳир Марвазий (ваф. 410/1019 й.)нинг “Уъюн ал-Мажолис” ва Абу Мутиъ Макҳул ан-Насафий (ваф. 218/833 й.)нинг “ал-Луълуиёт” асарларини, Абдулкарим Самъоний эса Али ибн Абдулазиз ал-Бағавий (286/900)нинг “Муснад ал-кабир” номли ҳадис тўпламини тўлиқ ўқиб дарс олганини хабар берган[10].

Абу Собитнинг амакиваччаси Абул Маъолий Аҳмад ибн Абул Юср Паздавий ҳам забардаст олим бўлган ва “Қози садр” номи билан шуҳрат қозонган. У 481/1088 йили Бухорода туғилган[11]. Абул Маъолийнинг йирик олим бўлиб етишида отаси ва устозлари Абул Маъийн Маймун ибн Муҳаммад Макҳул ва Абу Мансур Самарқандийлар хизмати катта бўлган.

Фақиҳ бир муддат Бухорода қозилик қилган ва кейинчалик ҳаж зиёрати мақсадида йўлга отланиб, сафар давомида Марв ва Бағдод шаҳарларида бир муддат ҳадис илмидан талабаларга сабоқ берган. Ҳаж амалини бажариб, юртга қайтаётганида 542/1147 йили Сарахсда қароқчиларнинг ҳужуми сабаб карвондаги кўп сонли жамоат билан бирга ўлдирилган. Аммо жасадлари Бухорога олиб келиниб дафн этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Абдулкарим Паздавий устози Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини аввало фарзандлари ва авлодларига, қолаверса бутун Насаф ва Пазда шаҳри аҳолисига етиб боришига беқиёс хизмат қилди. Унинг авлодларидан етишиб чиққан бир неча йирик фақиҳлар мотуридия ақидавий таълимоти ва ҳанафийлик мазҳаби ривожига ўзларининг қимматли асарлари билан катта ҳисса қўшдилар. Биргина Абул Юср Паздавийнинг “Усул ад-дин” асари мотуридийлик ақидавий таълимотини ўрганишда муҳим қўлланмалар бири бўлса, Фахрул-ислом Паздавийнинг “Канзул вусул ила маърифатил усул” китоби ҳанафий усул ал-фиқҳининг асосий манбаси ҳисобланади. Паздавий олимларнинг ҳар бирини алоҳида тадқиқот мавзуси сифатида ўрганиш орқали тарихий илдизларини топиш ва уларнинг барҳаёт асарларини тадқиқ этиш билан ҳозирги куннинг долзарб масалаларига ечим топилиши шубҳасиз.

[1] Тамимий. ат-Табақоту-с-саниййа фи тарожими-л-ҳанафиййа. IV. – Б. 429-430.
[2] Нажмиддин Насафий. Ал-қанд фи зикри уламаи Самарқанд. – ар-Риёд: 1991. – Б. 415.
[3] Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. ал-Ансоб. – Қоҳира. Дор ал-Жинон, 1988. – Ж. 2. –­ Б. 340.
[4] Абдулқодир Қураший. Жавоҳир ал-музийя фи табақотил-ҳанафийя. – Қоҳира: Дор Иҳяил кутуб илмия, 1993. – Ж-II. – Б. 595.
[5] Муҳаммад Хузарий. Тарих ат-ташриъ ал-исламий. ­– Миср, 1934. – Б. 362.
[6] Абул Юср Муҳаммад Паздавий. Усул ад-дин. ­– Миср, Мактаба ал-Азҳария лит турос, 2003. – Б. 14; 159.
[7] Нажмиддин Насафий. Ал-қанд фи зикри уламаи Самарқанд. – ар-Риёд: 1991. – Б. 415.
[8] Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. ал-Ансоб. – Қоҳира. Дор ал-Жинон, 1988. – Ж. 5. – Б. 539; Ёқут Ҳамавий. Мўъжаму-л-булдон. – Байрут: Дору Содр, 1977. – Б. 409; Абдулқодир Қураший. Жавоҳир ал-музийя фи табақотил-ҳанафийя. – Қоҳира: Ҳижр, 1993. – Ж. II. – Б. 312.
[9] Абдулҳай Лакнавий. ал-Фавоиду-л-баҳийа. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1998. – Б. 108.
[10] Сирожуддин Уший. Нисоб ал-Ахбор. – Қўлёзма. Истанбул: Сулаймония кутубхонаси, №1504. – В. 3а; Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. Китоб ал-Ансоб. ­ – Қоҳира. Мактабату Ибн Таймия, 1980. – Ж. I. – Б. 339.
[11] Абдулқодир Қураший. Жавоҳир ал-музийя. – Қоҳира: Ҳижр, 1993. Ж: I. – Б. 118.
Саидаҳмадхон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …