Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

АБДУЛҲАЙ ЛАКНАВИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Уламолардан бир тоифа борки, илми ва дунёқараши кенг бўлгани сабабли ёзган асарлари илм-маърифатнинг турфа-турфа соҳаларини қамраб олади.

Абдулҳай Лакнавий ҳам турли фанларга оид кўплаб асар ёзган. Бу унинг илми ва иқтидори кенглиги, ақл-заковати ва мақомининг улуғлигидан гувоҳлик беради. Аллома қолдирган илмий мерос илмни жамлаш, таҳқиқ ва таҳрир қилингани билан бошқа асарлардан фарқланади. Бу асарларни ўқиган кишида бирор маълумот махфий қолмайди.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда айтади: “Имом Лакнавийнинг асарларини ўқиган киши уларнинг аниқ илмий ҳақиқатлар асосида ёзилганига, нодир нақлий далилларни қамраб олганига, кўтарилган ҳар бир масала тўлиқ ёритилганига гувоҳ бўлади. Китобхоннинг қаршисида бутун умрини илм ва китоб ёзишга бағишлаган аллома гавдаланади”.

Сулаймон Надавий: “Абдулҳай Лакнавий Ҳинд диёрида китобларни таҳқиқ қилиш ва уларни изоҳлаган ҳолда шарҳлаш жараёнида икки янги услубга асос солди. Биринчиси, китоб аввалида унга муқаддима ёзган ва унда матн ва шарҳ соҳибларининг таржимаи ҳолларини ҳамда ушбу мавзуда ёзилган китоблар ҳақида маълумот берган. Иккинчиси, бирор китобни таҳқиқ қилиш ва унга шарҳ ёзишда асарнинг турли нусхаларидан фойдаланган. Синчковлик билан солиштириш натижасида таҳқиқ қилинган ва тўғриланган ягона нусха ҳосил бўлган”, дейди.

Бу қўлёзма асарларни таҳқиқ қилишда алломанинг диққат-эътибори кенглигидан дарак беради. Шу тариқа таҳқиқ олимлари учун янги йўл ва услуб қолдирилган.

Абдулҳай Лакнавий китоб ёзишга жуда катта эътибор қаратган, ҳеч ҳам вақтини аямаган. Ҳатто баъзи китобларини сафар давомида ёзган. Буни алломанинг қуйидаги сўзлари исботлайди: “Акомун нафоиси фи адаили азкари билисанил форсий” китобимни 1867 йилда қишлоғимдан Ҳайдарободга кўчиш чоғида ёзганман”. Шунингдек, “Зажрун наси ала инкари асари ибни Аббос” китобини 1875 йилда, иккинчи бор ҳаж қилиш асносида ёзиб тугатган.

Аллома ёзган асарлар турли илмларни ўз ичига олгани туфайли ўша давр уламоларининг диққат марказида турган. У мукаммал баён қилиш ва далил келтириш бобида кўпларни лол қолдирган. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда алломанинг бир шарҳи ҳақида бундай деган: “Бу шарҳ муаллифнинг замони кейин келган бўлса-да, шу мавзуда ёзилган китоблардан маълумотининг кўплиги ва мукаммаллиги билан ажралиб туради. Муаллиф ниҳоятда чуқур далил келтириш ва шу далилларнинг сабабини баён қилиб бериш билан танилган. Умр бўйи изланишлар олиб бориб, ҳукм чиқариш ва масалаларни ечишда ўрта йўлни танлаган. Аллома ҳанафий мазҳабини маҳкам тутган бўлса-да, айрим масалаларда кучли илмига таянган ҳолда бошқа мазҳабга мойил бўлиб, уни афзал кўрган. Ҳар доим мухолиф тарафга одоб билан муомала қилган ва улуғлаган. Бу олижаноблик мутааххир уламоларда кам учрайди”.

Абдулҳай Лакнавий ўз асарларини таърифлаб, бундай деган: “Ёзганларимнинг бирортасида ноаниқ масала қолмаган. Машҳур манбалардан нусха олинмаган. Имом Шавконий (тав. 1759) ва Имом Ҳарроний (1263-1328)нинг сўзларидан ўзлаштирмадим. Аллоҳдан пиёда ва отлиқни ажрата олмайдиган киши каби ҳўлу қуруқни йиғиб, бировларнинг китобларини кўчиришдан паноҳ тилайман. Ақл эгалари бу ишни сафсата санайди”.

Қуйида Абдулҳай Лакнавийнинг асарларига қисқача таъриф бериб ўтамиз. Аллома асарларининг ададини – Имом Саркисин “Муъжамул матбуотил арабий” асарида – 26та, Закий Мужоҳид “Ал-аъламуш шарқийя” китобида – 44та, Абдулҳай Ҳасаний “Нузҳатул хавотир” асарида – 90та, шогирди Муҳаммад Ҳафизуллоҳ Бундавий “Канзул баракот” асарида – 94та, яна бир шогирди Муҳаммад Абдулбоқий “Такмилату хайрил амал” асарида – 112та деб кўрсатган.

Абул Ҳасан Надавий: “Мутааххир уламолар фахри Абдулҳай Лакнавийнинг асарлари бир юз ўнта, шулардан саксон олтитаси араб тилида”, Абдулфаттоҳ Абу Ғудда эса “Имом Лакнавий бир юз ўн бешта асар ёзган”, деган.

Бу ададлар турлича эканининг асосий сабаби шуки, Имом Лакнавий китобларининг айримларида ўз таржимаи ҳолини келтириб ўтган. Унда асарларининг ададини баъзида қисқартириб, гоҳида тўлиқ баён қилган. Эҳтимол, шу китобгача бўлган асарлари ададини келтирган. Китоблар орқали Имом Лакнавийнинг таржимаи ҳоли билан танишганлар аллома асарларининг ҳаммаси шунча, деб хулоса қилган. Қолаверса, Имом Лакнавийнинг таржимаи ҳоли келтирилган китобидан кейин ёзган китоблари ҳам бўлган.

Абдулҳай Лакнавий ёзган асарлар қайси илмларга тегишли эканини Валиюддин Надавий қуйидагича баён қилган: “Аллома усулул фиқҳ, фароиз, зуҳд ва тақво илмларига бағишлаб биттадан, сийрат, мунозара ва наҳв илмларига – иккитадан, туғилиш ва вафот этиш ҳақида – учта, ақоид илмига бағишлаб – тўртта, сарф илмига оид – бешта, ҳадис илмига – саккизта, тарих ва таржимаи ҳол илмига – ўн олтита, мантиқ ва ҳикмат илмига – йигирма бешта, фиқҳ илмига оид – элликта, жами 120та китоб ёзган”.

Ҳақиқатан ҳам, ўттиз тўққиз йил умр кўрган инсоннинг турли илм соҳаларида 120та китоб ёзиши катта меҳнат талаб қилади. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда айтади: “Уламолар элликта ёки юзта китоб ёзганларни зикр қилганда, пешқадамлар сирасига Абдулҳай Лакнавийни ҳам киритган. Чунки ёзган асарлари сони кўп жилдли китоблари ва бир неча саҳифалардан иборат рисолаларини қўшиб ҳисоблаганда, 110 тадан ортиқдир. Барча китоблари фойдали баҳслар ва мушкул масалаларни ечишга бағишланган. Алломанинг асарлари яшаган умрига таққосланганда, ҳаётидаги ҳар бир кундан унумли фойдаланганидан дарак беради”.

Шу сабабли ҳамма бир овоздан Абдулҳай Лакнавийни кўп китоб ёзган қомусий уламолар қаторига киритган. Бу борада аллома ўзидан олдингилардан ҳам, замондошларидан ҳам ўзиб кетган. Унинг қисқа умри давомидаги йирик меҳнати билан қолдирган бой илмий мероси ҳанафийлик мазҳабини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда узоқ йиллар бирламчи манба бўлиб қолаверади.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …