Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИММАТБАҲО ТОШЛАР ЗАКОТИ (Мовароуннаҳр фиқҳ манбалари асосида)

ҚИММАТБАҲО ТОШЛАР ЗАКОТИ (Мовароуннаҳр фиқҳ манбалари асосида)

Закот луғатда ўсиш, поклаш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, махсус молларда вожиб бўлган ҳақни махсус кўринишда адо қилишга закот деяди. Закотнинг вожиб бўлишига кишининг мусулмон, оқил, балоғатга етган, моли нисобга етган ҳамда унинг қўлида бир йил айланган бўлиши шарт қилинади. [1, 2\4. 2, 2\372]

Закот мусулмонларга фарз қилинган амаллардан биридир. Зеро Аллоҳ таоло «Ва намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар», дея амр қилган. [3, 24\56] Набий (с.а.в) ҳам: “Ислом беш асос устига қурилган «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан росулуллоҳ» дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо қилиш, закотни бериш, ҳаж қилиш, ва рамазон рўзасини тутиш”, деганлар. [4, 1\49. 5, 1\45]   Закотнинг фарз эканига саҳобаларнинг ижмоси ҳам боғлангандир. [6, 1\481. 7, 2\572. 4, 3\26]

«Бадоэус Саноэ» асари муаллифи Абу Бакр Косоний (ваф. 587 ҳ, 1191 м) закотнинг ислом умматига фарз эканига ақлий далил ҳам бор эканини айтиб ўтади: «Закот бериш бу ночорларга ёрдам бериш қабилидандир. Закот берган одам бу иши билан закотни қабул қилиб олган шахсга Аллоҳнинг бошқа фарз амалларини бажаришга ёрдамлашишдир. Шундай экан фарзни адо қилишга кўмаклашиш ҳам фарз бўлади. Ундан ташқари закот бериш инсоннинг молу давлатини баракасиз йўқ бўлиб кетишидан, мол эгасининг қалбини бахиллик, қизғанчиқлик каби гуноҳ ишларга мойил бўлишдан сақлайди». [2, 2\373] 

Ушбу мақоланинг мавзуси қимматбаҳо тошларнинг закотига доир бўлгани учун аввалига қандай моллардан закот вожиб бўлишига ойдинлик киритиб олишимиз керак бўлади. Мовароуннаҳрлик фақиҳ Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий (ваф.747 ҳ,1346 м) ўзининг «Мухтасарул виқоя» асарида закот вожиб бўладиган молларни уч туркумга бўлинишини айтиб ўтган. У ҳам бўлса қуйидагилардир: Чорва ҳайвонлари (туя, мол, қўй, эчки, от), саман – нақд пуллар (тилло ва кумуш) ва тижорат моллари. [8, 32]

Демак қимматбаҳо тошларнинг закоти иккинчи ва учинчи турли моллардан закот вожиб бўлиш ҳукмларни билишга боғлиқ экан.

Имом Косоний эса кишининг молидан вожиб бўладиган закотлар икки турли бўлишини айтиб ўтган бўлиб, юқорида санаб ўтилган учала турдаги моллар (чорва, саман ва тижорат моллари)ни биринчи тур, ердан чиққан ҳосилдан бериладиган закот (ушр ва хирож)ни иккинчи турга ажратган. [2, 2\371]

«Ҳидоя» асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (511-593 ҳ, 1135-1197 м) қимматбаҳо тошларнинг ичидан тилло ва кумушнинг закоти вожиб эканига барча фақиҳлар ижмо қилганини айтиб ўтади. [9, 2\4] Бу эса бирорта мазҳаб соҳиблари бу масалада ихтилоф қилмаганини англатади. Зеро Аллоҳ таоло Тавба сурасида бундай марҳамат қилган:

Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни (канз қилиб) хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилади ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур”. [3, 192]

Набий (с.а.в) ҳам: «Закотини берган молинг (оятда унинг эгаси азобланиши айтилган) канз — хазина эмасдир», деганлар. [10, 1\390. 11, 1\223]  Яна бир ҳадиси шарифларида эса: «Бирор тилло ёки кумуш эгаси бор экан, агар ҳақ (закот)ни бермаса, қиёмат кунида унинг учун темирлар эритилади, қиздирилади, жаҳаннам оловида унинг устига ташланади, ҳамда унинг ёнлари ва орқа томонларига босилади». [5, 2\280]

Ушбу ояти каримада азобланувчилар канз эгалари экани умумий тарзда зикр қилингач, ҳадиси шарифда уларнинг айнан нақд пул саналмиш тилло ва кумушларнинг закотини бермайдиганлар экани очиқланди. Шунга кўра ҳар қандай молу давлат эгаси азобланади эмас, балки, унинг закотини бермайдиганлар азобланади, маъносида тушуниш керак бўлади.

Тилло ва кумушдан қандай закот вожиб бўлади?

Тилло ва кумушдан закот вожиб бўлишида ҳам бошқа нарсалардаги каби закотнинг умумий шартлари – мол нисобга етган, бир йил айланган бўлиши керак. [9, 2\4] Шунда тилло ва кумушнинг ҳар қандай турида закот вожиб бўлаверади. Бу ўринда уларнинг зарб қилинган ёки қилинмагани аҳамиятсиздир. Истилоҳда зарб қилинган тилло ва кумуш маҳсулотларини айн ва маскук дейилса, ишланмаган, зарб қилинмаган ҳолатдагиларини тибр деб номланади. Демак тилло ва кумуши закот нисобига етган ва унга бир йил айланган шахс ўз молидан закот чиқариши шарт бўлади.

Фақат иккита ҳолат бундан мустаснодир:

Биринчиси тилло ва кумушдан ясалган тақинчоқларнинг закоти бўлиб, унинг вожиблигида фуқаҳоларнинг ихтилофи бордир. Моликий ва шофеийларнинг наздида тилло ёки кумушдан ясалган тақинчоқлар ҳатто ория ёки ижарага берилган бўлса ҳам ундан закот вожиб бўлмайди. Зеро тақинчоқлар кийим-кечак, ишчи ҳайвонлар каби шахсий фойдаланиш учун олиб қўйилган буюмларга ўхшайди. Шахсий эҳтиёж учун олинган буюмларда закот вожиб бўлмаганидек, тақинчоқларда ҳам закот вожиб бўлмайди.

Ҳанафий мазҳаби фақиҳлари эса тилло ва кумушнинг бошқа турларида закот вожиб бўлгани  каби тақинчоқ ҳолига келганларида ҳам закот вожиб бўлади, дейдилар. [6, 1\524.]  

Иккинчиси мустасно ҳолат эса ер остидан қазиб олинган тилло ва кумуш  бўлиб, улар фиқҳий истилоҳда рикоз ёки канз дейилади. Бу дегани рикозлардан закот вожиб бўлмайди дегани эмас, балки, улардан ҳам закот вожиб бўлади. Аммо рикозлардан закот вожиб бўлиши учун ҳавл – бир йил айланиши шарт эмасдир. Зеро буларда қазиб олинган тилло ва кумушнинг миқдори нисобга етса, ундан ўша заҳоти закот вожиб бўлаверади.

Тилло ва кумушнинг нисоби ва ундан закот учун ажратиладиган миқдор.

Жумҳур фақиҳларнинг наздида тиллонинг нисоби йигирма мисқолдир. Бир мисқолнинг оғирлиги 4,25 граммдир. [12, 1\24] Шунга кўра йигирма мисқолнинг оғирлиги 85 грамм бўлади.  Тиллонинг миқдори  20 мисқолдан кам бўлса, закот вожиб бўлмайди. Аммо баъзи ўринларда тиллонинг нисоби бошқа молларни унга қўшган ҳолда тўлдирилиши мумкин. Лекин бу ихтилофли масаладир. Тиллонинг нисоби борасида жумҳур фақиҳларга фақат Ҳасан Басрий (21-110 ҳ, 641-728 м) гина хилоф қилган. Зеро у кишининг наздида тиллонинг нисоби қирқ мисқол экани нақл қилинган. [13, 23\263]     

Фуқаҳолардан Ато (27-114 ҳ, 647-732 м), Товус (634-724 м), Зуҳрий (671-741 м), Сулаймон ибн Ҳарб (140-224 ҳ), Айюб Сахтиёний (66-131 ҳ, 687-748 м) лар тиллонинг нисоби кумушнинг нисобига қиёсланади, деганлар. Шунга кўра қиймати икки юз дирҳамга тенг бўлган тиллодан закот вожиб бўлади, унинг йигирма мисқол ёки ундан камроқ ёхуд кўпроқ экани аҳамиятсиздир. Зеро Набий (с.а.в)дан тиллонинг нисоби борасида саҳиҳ ҳадис собит эмас. Шунинг учун унинг нисоби кумушнинг нисобига таққосланади, дея ўз гапларига изоҳ берадилар. [1\524]

Жумҳур фақиҳлар эса тиллонинг нисобига Набий с.а.в.нинг: «Йигирма мисқолдан кам тиллода икки юз дирҳамдан кам кумушда закот вожиб эмасдир», деган ҳадисларини далил қиладилар. [14, 2\93]

Умар ва Оиша р.а.ларнинг ҳадисларида ҳам: «Набий с.а.в. ҳар йигирма динордан ярим динор, қирқ динордан бир динор закот олар эдилар», дейилган. [15, 1\571]

Кумушнинг нисоби

Луғатда ишлов берилган, шаклга солинган кумушни ورق [вариқун] ёкиرقة  [риқатун] дейилади. Яна бир луғатда эса зарб қилинган бўлса ҳам қилинмаган бўлса ҳам вариқ дейилаверади, дейилган.

Кумушнинг нисоби барча фақиҳларнинг иттифоқига кўра икки юз дирҳам экани айтилган. Бир дирҳамнинг вазни ҳанафий фақиҳларининг наздида 3,125 граммга тенг бўлса бошқа фуқаҳоларнинг наздида 2,975 граммга тенгдир. Шунга кўра кумушнинг вазни ҳанафий фақиҳларининг гапларига кўра 625 граммга етса, бошқа мазҳаб соҳибларининг наздида 595 граммга етганда закот вожиб бўлади. Бу борада Набий (с.а.в)нинг қуйидаги ҳадиси шарифлари ворид бўлган: «Беш уқияга етмаган кумушдан садақа вожиб бўлмайди». [4, 3\323]

Бир уқия қирқ дирҳамдир. Шунга кўра беш уқия икки юз дирҳам бўлади.

Бу борада ҳазрати Анас (р.а)нинг ҳам марфу ҳадислари бор бўлиб, унда: “Кумушда қирқдан бир закот вожибдир. Агар унинг миқдори бир юз тўқсон дирҳам бўлса, то эгаси ўзи хоҳламас экан, ундан ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Бу ерда дирҳам деганда шаръий дирҳам эътиборлидир. Агар дирҳамнинг вазни шаръий меъёрдаги дирҳамдан ортиқча ёки кам бўлса, закот вожиб бўлишида унинг вазни эътиборга олинади. Баъзи ҳанафийларнинг наздида эса кумушнинг закотида ҳар бир шаҳарнинг ўз дирҳамлари сон жиҳатидан ҳисобланаверади, шаръий меъёрдаги дирҳам билан бир хил бўлиши шарт эмас, дейилган. [6, 1\524-522]              

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР
  1. Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. – Покистон: «Мактабатул бушро», 2008. 2\4.
  2. Алоуддин Абу бакр ибн Масъуд Косоний. Бадоэус саноэ. – Байрут: Дорул кутубил илмийя”, 2003. 2\372.
  3. Тафсири Ҳилол. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: «Шарқ», 2008.  – Б. 357.
  4. Аҳмад ибн Али  ибн  Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий шарҳи Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: «Дорул фикр», 2001. 1\49.
  5. Яҳё ибн Шароф Нававий. Саҳиҳу Муслим би шарҳин Нававий. – Байрут: «Дорул фикр», 1\45.
  6. Камолиддин ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳумом. Фатҳул қодир. – Байрут: «Дорул кутубул илмий», 2009. 1\481.
  7. Мавфиқуддин ибн Қудома Мақдисий. Муғний. – Қоҳира: «Дорул котибул арабий», 2010. 2\572.
  8. Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасарул виқоя. – Қозон: «Лито-ТипографияИ.Н.Харитонова», 1911. – Б. 32.
  9. Абдулҳай Лакнавий. Ҳидоя ҳошияси. . – Покистон: «Мактабатул бушро», 2008. 2\4.
  10. Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Ҳоким Найсабурий. Мустадрок алас Саҳиҳайн. – Байрут: «Дорул кутубул илмийя», 1990. 1\390.
  11. Ибн Абу Ҳотим. Илалул ҳадис. «Матобиул ҳумайзий», 2006. 1\223
  12. Муҳаммад ибн Муҳаммад. Иноя. «Дорул фикр», 2006. 1\24
  13. Қувайт вақф ва исломий хайрия ишлар вазирлиги. Мавсуатул фиқҳийя. – Қувайт: «Мактабатул Ол», 1983. 23\263
  14. Али ибн Умар. Сунану Дорақутний. – Байрут: «Оламу кутуб», 2001. 2\93
Рўзимуҳаммад ТЎХТАСИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРСИКА» кафедраси 1-босқич таянч докторанти.
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …