Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШДАГИ ИЛМИЙ ЁНДАШУВЛАР

АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШДАГИ ИЛМИЙ ЁНДАШУВЛАР

Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли, олиб борган фаолиятлари ва асарлари хусусидаги маълумотлар бир қанча илмий ишларда мавжуд бўлиб, шулардан дастлабки тўлиқ маълумотлар унинг ўғли Қутлуғхон Шокиров – Эдиқут томонидан берилган. У 1992 йил “Шарқ юлдузи” журналида нашр этилган “Икки Туркистон ғурури” номли мақоласи орқали отаси ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бера бошлаган[1]. Мақоланинг дастлабки қисмларида Амир Темур Тарағай Баҳодир ўғлининг “Темур тузуклари”, Аҳмад Донишнинг “Наводир ал-вақое”, Дарвешали Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” каби асарлар Соғуний томонидан ўзбек тилига таржима қилингани ҳақида маълумот келтирилган. Давомида эса Алихонтўранинг халқ томонидан қанақа аталганлиги, туғилган жойи, йили, ота-онаси ва болалик даврида у билан содир бўлган ғаройиб ҳодисалар баёни келтирилган. Алихонтўра Соғунийнинг сиёсий ва илмий фаолиятлари, тутқунлик ва тазйиқ дамлари ҳамда шеърлари мақоланинг давомида мухтасар шаклда, тушунарли тарзда баён этилган.

Алихонтўра Соғунийнинг набираси Увайсхон Шокиров отаси Асилхонтўра хотираларига таянган ҳолда “Алихонтўра Соғуний”[2] номли асар битган. Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” номли асари илк бор Тошкентда нашр қилинганида, унда 1938 йилгача содир бўлган воқеа-ҳодисалар акс эттирилган[3]. Асилхонтўра хотиралари эса ушбу асарнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинади.

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг кенг халқ оммаси учун мўлжалланган “Соғуний: Уч китобдан иборат Маноқиб”[4] номли асари Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятини тарихий факт ва хотиралар асосида ёритиши жиҳатидан жуда муҳим ҳисобланади. Чунки муаллиф бу асардаги маълумотларни Соғунийнинг фарзандлари ва у кишини таниган инсонлардан оғзаки эшитиш ҳамда мактублар шаклида олган. Асардаги жумлаларни тузишда муаллиф “Тарих” деб, ортидан тарихий маълумотларни келтирган, шунингдек, муаллиф ўзи, суҳбатдошлари ва энг муҳими Соғунийнинг тилидан олиб воқеаларни баён этган. Мазкур асарда дастлаб, Алихонтўра Соғуний яшаган даврда дунёда содир бўлган воқеа-ҳодисалар Советлар давлати сиёсати билан боғланган ҳолда ёритилган. Чунки, бунга тарихий асос мавжуд. Шинжонг ҳудуди XX асрнинг 30-40 йилларда гарчи Чанг Кайши ҳукуматига итоат этса-да, аслида унинг ўз пули ҳам мавжуд эди[5]. Бу валютанинг барқарорлигини эса собиқ Совет Иттифоқи таъминлаб турган. Ҳатто ўлканинг Хами шаҳрида самалётсозлик заводи қурилиб, Советлар ҳудудида чиқарилувчи Ил-16 русумли ҳарбий самалётлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Шинжонг волийси Шенг Шицаи ҳам советларнинг доимий қўллаб-қувватлови остида иш юритган. Буни унинг Аллен С.Уайтинг билан ҳамкорликда ёзган асари орқали ҳам билиш мумкин[6]. Ё.Хўжамбердиев ўз асарининг давомида Соғунийнинг диний илми, сиёсий фаолияти ва илмий меросини бунёд этиш жараёнлари хусусида қимматли маълумотлар бериб ўтган. Мисол учун, “Тарихи Муҳаммадий”дан ташқари барча асарлари ва таржималарининг ёзилиши ва нашр этилиш тарихини келтирган.

Соғуний ҳақида хотиралардан иборат Шамил Алмазбеков томонидан ёзилган асар ҳам мавжуд бўлиб, у “Беназир устоз ёхуд Алихонтўра Соғуний тиббиёт меросига бир назар”[7] деб номланади. Муаллиф Ш.Алмазбеков ёшлигида шахсан Алихонтўра Соғунийнинг ўзиддан тиббиёт илмига доир билимларни олган. Шу нуқтаи назардан ушбу асар Соғунийнинг тиббиёт илмига оид меросини ўрганишда муҳим саналади.

Мазкур тадқиқот мавзусига алоқадор баъзи жиҳатлар Европа, Россия, Туркия ва Хитой тадқиқотчилари томонидан ҳам амалга оширилган бўлиб, уларнинг аксарият қисми Алихонтўра Соғунийнинг Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсий фаолиятлари ҳақида маълумотлар берган холос. Шулардан бири А.Д.В.Форбеснинг 1986 йилда нашр этилган “Warlords and Muslims in Chinese Central Asia”[8] (“Хитойнинг Марказий Осиёсидаги ҳарбий йўлбошчилар ва мусулмонлар”) номли китоби бўлиб, унда Шарқий Туркистоннинг 1911-1949 йиллар оралиғидаги сиёсий тарихи баён этилган. Ушбу асарда шунингдек, Хитойнинг умумий сиёсати ва унинг Шарқий Туркистонга таъсири каби жиҳатлар ҳам ёритилган. Лекин ундаги асосий урғу Шарқий Туркистонда яшовчи туркий ҳамда мусулмон аҳоли ҳаёти, уларнинг йўлбошчилари ва улар томонидан тузилган республикаларга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, Алихонтўра Соғунийнинг Шарқий Туркистон Республикасидаги президентлик даври ва у билан содир бўлган сиёсий жараёнларга ҳам китобнинг еттита жойида мурожаат этилган. Лекин ушбу маълумотлар ичида Соғунийнинг илмий фаолияти ва меросига доир маълумотлар келтирилмаган.

Алихонтўра Соғуний яшаган даврда Советлар ҳукуматининг   Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсатини тўғри тушунишда ёрдам берадиган асарлардан бири Аллен С.Уайтинг ва хитойлик генерал, Шарқий Туркистон волийси Шенг Шицаилар томонидан ҳамкорликда ёзилган бўлиб, у “Sinkiang: Pawn or Pivot?”[9] (“Шинжонг: пиёдами ёки ўқ?”) деб номланади. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда 1933-1949 йиллар оралиғида советларнинг Шинжонгдаги стратегияси ҳақида сўз юритилган. Иккинчи бўлим эса Хитой ва советлар давлати ўртасида воситачиликни бажарган хитойлик генерал Шенг Шицаининг хотираларидан иборат. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур асарда Алихонтўра ҳақида алоҳида маълумотлар мавжуд эмас.

Рус тадқиқотчиларидан Виктор Петров ўзининг “Мятежное “сердце” Азии. Синьцзян: краткая история народных движений и воспоминания”[10] (Осиёнинг исёнкор юраги. Шинжонг: халқ ҳаракатлари ва хотираларининг қисқача тарихи”) номли асари орқали Соғуний ҳақида баъзи нотўғри маълумотларни илгари сурган. Лекин, шундай бўлишига қарамай В.Петров Шарқий Туркистон миллий армиясига қарши жангларда шахсан қатнашганлиги боис унинг мазкур асари тадқиқотчилар наздида эътиборли саналади.

Ўзининг ҳарбий ҳаракатлари билан машҳур бўлган бошқа бир рус тадқиқотчиси  Вадим Обуховнинг “Схватка шести империй. Битва за Синьцзян”[11] (“Олти империя олишуви, Шинжонг уруши”) номли асари мавжуд бўлиб, унда Шарқий Туркистонга кўчиб келган рус миллатига мансуб аҳоли ва уларнинг Шарқий Туркистон Республикасидаги ўрни ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Шу билан бир қаторда Соғуний ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

Шарқий Туркистон озодлиги курашчиларидан бир нечтаси ҳам ўз хотираларини китоб шаклида нашр этган бўлиб, уларда Алихонтўра Соғуний ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилган. Шулардан бири Шарқий Туркистон Ислом Республикаси ташкилотчиларидан, уйғур сиёсатчиси Меҳмед Амин Буғро бўлиб, у ўз хотираларини “Doğu Türkistan: Tarihi, Coğrafi ve Şimdiki Durumu”[12] (“Шарқий Туркистон: Тарихи, географияси ва ҳозирги аҳволи”) номли китобга туширган. Муаллиф унда Алихонтўра фаолияти, шунингдек, Шарқий Туркистон сиёсатига русларнинг аралашуви билан боғлиқ маълумотларни берган. Шарқий Туркистон Республикасининг бош котиби лавозимида ишлаган Исо Юсуф Алптегин ҳам ўз хотираларини китоб ҳолига келтирган бўлиб, у “Esir Doğu Türkistan için”[13] (“Тутқунликдаги Шарқий Туркистон учун”) деб номланади. Мазкур китобда Шарқий Туркистоннинг умумий аҳволи ва Алихонтўра Соғунийнинг сиёсий фаолиятларига доир қимматли маълумотлар мавжуд.

Турк тилида ҳам Алихонтўра Соғуний ҳаёти, сиёсий ва илмий фаолиятларига доир бир нечта илмий ишлар амалга оширилган бўлиб, улардан энг машҳури Йилмаз Пўлат томонидан ёзилган “Şerqi Türkistanın Azadlığı Uğrunda Mübarizede Ali Xan Töre Saquninin Tarixi Rolu”[14] (“Шарқий Туркистон озодлиги йўлидаги курашда Алихонтўра Соғунийнинг тарихий рули”) номли асаридир. Муаллиф ушбу мавзу доирасида дастлаб, Озарбайжон Кавказ университетида докторлик ишини амалга оширган[15], сўнгра илмий ишини китоб ҳолида Истанбулда нашр эттирган. Шунингдек, П.Йилмаз Соғунийнинг илм ва давлат арбоби эканлиги ҳамда Шарқий Туркистон Республикаси президенти сифатидаги фаолиятларини ёритувчи мақолалар муаллифи ҳам саналади[16].

Хитой манбаларидан (“Хитойнинг Хинжианг минтақаси: ўтмиши ва ҳозирги аҳволи”) номли китоб Алихонтўра Соғуний ва унинг Шарқий Туркистонда олиб борган ҳарбий-сиёсий фаолиятларига Хитой томони қандай муносабатда эканлигини билиш нуқтаи назаридан муҳим саналади. Ушбу китоб бир нечта хитойлик тарихчиларнинг маълумотларига асосланиб ёзилган. Шуниси қизиқки, мазкур китобда собиқ Советлар империяси ҳудудида муомалада бўлган “пантуркист”, “панисломист” атамалари Хитой томонидан Алихонтўрага нисбатан қўлланилган. Унинг баъзи сафдошлари эса қаҳрамон сифатида талқин этилган. “شىنجاڭ تارىخ ماتېرىياللىرى”[17]  (“Шинжонг тарих материаллари”) тўпламида ҳам Алихонтўра яшаган давр воқеалари бугунги Хитой мафкураси асосида ёритилган.

[1] Қ. Шокиров. Икки Туркистон ғурури. // “Шарқ юлдузи” журнали. – Тошкент, 1992. № 7. – Б. 3-18.
[2] У.Шокиров. Алихонтўра Соғуний. – Тошкент: Истиқлол нашриёти, 2009.
[3] Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. Тошкент: Шарқ нашриёти, 2003.
[4] Ё.Хўжамбердиев. Соғуний: Уч китобдан иборат Маноқиб. – Тошкент: Шарқ, 2018. 464 б.
[5] И.Тўхтиев. Тангалар тилга кирганда. – Тошкент: Фан, 1989. – Б. 28-29.
[6] Allen S.Whiting, Sheng Shih-ts’ai. Sinkiang: Pawn or Pivot?. – East Lansing: Michigan State University Press, 1958. 314 pp.
[7] Ш.Алмазбеков. Беназир устоз ёхуд Алихонтўра Соғуний тиббиёт меъросига бир назар. – Тошкент: Навруз, 2015.
[8] Andrew D.W. Forbes. Warlords and Muslims in Chinese Central Asia (Political history of Republican Sinkyang 1911-1949). – London: Cambridge University Press, 1986. 376 pp.
[9] Allen S.Whiting, Sheng Shih-ts’ai. Sinkiang: Pawn or Pivot?. – East Lansing: Michigan State University Press, 1958. 314 pp.
[10] В.Петров. Мятежное “сердце” Азии. Синьцзян: краткая история народных движений и воспоминания. – Москва: Крафт, 2003.
[11] В.Обухов. Схватка шести империй. Битва за Синьцзян. Москва: Вече, 2007.
[12] Mehmet Emin Buğra. Doğu Türkistan: Tarihi, Coğrafi ve Şimdiki Durumu. – İstanbul: Güven basımevi, 1952.
[13] İsa Yusuf Alptekin. Esir Doğu Türkistan için. – İstanbul: Berikan yayınları, 1985. 583 s.
[14] Polat Yılmaz. Şerqi Türkistanın Azadlığı Uğrunda Mübarizede Ali Xan Töre Saquninin Tarixi Rolu. – İstanbul: Sembol Group, 2013.
[15] Polat Yılmaz. Ali Xan Töre ve Onun Şerqi Türküstan Azadlığı Uğrunda Mübarizesi. Doktora tezi. – Bakü, 2000.
[16] Polat Yılmaz. Alihan Töre Sağuni Türkistanın son yüzyılda önde gelen mücadeleci, ilim ve devlet adamı // Altay Dünyası Beynelhalk Jurnalı, sayı 1-2. – Bakı, 1997. 105-115 s.; Doğu Türkistan İslam Cumhuriyeti Cumhurbaşkanı  (1944-1949) Ali Han Töre Saguni // Journal of Qafqaz Universit, C III, sayi I. – Bakı, 2000. 57-68 s.
[17] شىنجاڭ تارىخ ماتېرىياللىرى. ىشىنجاڭ خەلق نەشىرىياتى. ﺋﯜﺭﯛﻣﭽﻰ، 1996. 444 ب.
Зарифжон AРСЛОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …