Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ КСЕНОФОБИЯ ВА ИСЛАМОФОБИЯНИНГ ТУРЛИ КЎРИНИШЛАРИ ИНСОН ҲАЁТИГА ТАҲДИД ҚИЛАЁТГАН АСОСИЙ МУАММОЛАРДАНДИР

ДИНИЙ КСЕНОФОБИЯ ВА ИСЛАМОФОБИЯНИНГ ТУРЛИ КЎРИНИШЛАРИ ИНСОН ҲАЁТИГА ТАҲДИД ҚИЛАЁТГАН АСОСИЙ МУАММОЛАРДАНДИР

Бугунги кунда жаҳон сиёсатида экстремизм, диний ксенофобия ва мутаассибона хатти-ҳаракатлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Бундан жабр кўриб, дунёнинг бир қанча нуқталарида нафақат ривожланиш, балки цивилизацияни бир неча ўн йилликлар ортга суриб, жамиятни турли низо ва урушлар ботқоғига тортиб бораётганини гувоҳи бўлишимиз мумкин.

ХХ асрдаги (1940-1950 йй) можароларнинг 25% фоизи дин омили, яъни эътиқод эркинлиги нормаларининг бузилиши, диний ксенофобия билан боғлиқ бўлган бўлса, ХХI асрнинг бошида бу рақам 43% фоизни ташкил қилган. Шунга кўра, ҳозирда содир этилган 50 дан ортиқ низо ва урушлар дин ниқоби остида амалга оширилганлигини қайд этиш лозим. 1990 йиллар бошида 500 га яқин террорчи ташкилот ва экстремистик гуруҳлар рўйхатга олиниб, 2017-2019 йилларда 139 та давлатда 6500 га яқин теракт ва қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган. Шулардан, 35 мамлакатдаги ҳаракатлар ўлимга, 16 тасида эса, оммавий намойишлар ҳамда диний мутаассибларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан агрессив ҳаракатлари натижасида, ўлим ҳолатларига олиб келган. 60 та мамлакатда эса (22%) турли ақидапараст ташкилотлар динни ниқоб қилиш орқали ўз фаолиятини олиб бормоқда. Шунинг билан бирга, фақатгина 2017 йилнинг ўзида дунё бўйлаб, 11774 та террористик ҳаракатлар содир этилиб, у 28000 кишининг ўлими ва 35000 дан зиёд кишиларнинг жароҳатланишига олиб келди. Мазкур терактлар 92 мамлакатда содир этилиб, уларнинг 55% фоиздан ортиғи Ироқ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Нигерияда содир этилган. Ҳалок бўлганларнинг 74% фоизи Ироқ, Афғонистон, Нигерия, Сурия, Покистон ҳиссасига тўғри келади. Аммо барча келишмовчилик ва можароларни ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган экстремистик гуруҳлар билан боғлаш нотўғри албатта. Сўнгги йигирма йил ичида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатларининг аксарияти исломга алоқаси бўлмаган секта ва оқимлар томонидан амалга оширилган. Шунинг билан бирга, 2015 йилнинг ўзида 1 миллиондан ортиқ киши Ўртаер денгизи орқали Европа мамлакатларидан бошпана излаб муҳожирга айланган. Оқибатда, уларни қабул қилишга тайёр бўлмаган Европада исломофобиянинг ортиши ва у билан боғлиқ муаммолар юзага келди[1].

1990 йиллар бошида виждон эркинлиги ҳақидаги муҳокамаларда, фақатгина давлат ва конфессиялар ўртасидаги муносабатлар кун тартибида турган бўлса, ҳозирда бу муаммо глобал аҳамият касб этмоқда. Бу нафақат дин ва давлат, балки жаҳон миқёсидаги хавфга айланган “ИШИД”, “Жабҳад ан-нусра”, “Боко ҳаром”, “Ал-қоида” каби террористик ташкилотларнинг ўзлари душман деб ҳисоблаган барчага ўз тазйиқларини ўтказиб, мамлакат ва давлатлардаги инқирозли вазиятлардан манфаатдор эканликлари маълум бўлмоқда. Ҳозирда, дунёнинг юздан ортиқ мамлакатлари конституциялари ёки асосий қонунларида виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунлар қабул қилинган, яна 20% мамлакатлар бу рўйхатга киришга розилик билдирган. Аммо, бир қанча давлатларда виждон эркинлиги қонун нормаларининг муҳим эканлигини таъкидласада, амалда бу қонунлар ҳимояси тўлиқ таъминланаётгани йўқ.

Тадқиқотчи олима И. Вершининанинг фикрига кўра, ксенофобия жамиятда 10 минг йиллар аввал ҳам мавжуд бўлиб,  ХХ асргача нафақат барча давлат ва маданиятларда тарқалган, балки кундалик ҳаёт тарзига хос хусусиятлардан бири бўлган. Уни олдини олиш эса, ХХ асрдаги жадал глобаллашув туфайли долзарб аҳамият касб эта бошлади. Бағрикенглик тамойиллари таъминланиши охирги ўн йилликларда  муҳим аҳамиятга эга бўлиб, маданиятлар турфалиги ва глобал сиёсий жараёнларнинг асосий мезони сифатида қабул қилинди, аксарият кишилар мазкур ёндашув ғалаба қозониб, халқаро трендга айланган деган фикрда эдилар. “Жадал миграция жараёнлари, Нью-Йорк, Лондон, Берлин каби шаҳарларни турли маданият, дин, дунёқараш, урф-одат вакиллари марказига айлантирди[2]”.

Глобаллашув даврида халқаро маконда кўп тармоқли интеграция, ҳамкорлик алоқаларининг чуқурлашиб, кенгайиб бориши, глобал аҳамиятга молик янги умуминсоний ғояларнинг пайдо бўлиши ва уларни тарғибот- ташвиқот қилиш технологияларнинг такомиллашуви каби омиллар глобаллашувнинг асосий сабаблари сифатида назарий жиҳатдан асосланмоқда[3].

Глобаллашув бевосита ксенофобия ва унинг салбий жиҳатдан намоён бўлишига ўз таъсирини ўтказаётганини таъкидлаш жоиз.

Бағрикенг дея эътироф этилган Европада сўнгги вақтлардаги Яқин Шарқ ва шимолий Африка давлатларидан муҳожирлар оқимининг жадаллашувига муносабатлар, мазкур эътирофлар ўзини тўлиқ оқламаганлигини исботлади. Даниядаги парламент сайловлари натижаларига кўра, ультраўнг Дания халқ партияси ғалаба қозониб, унинг асосий мақсадларидан бири “муҳожирлар оқимини назорат”га олишдан иборат. “Биз … ҳар бир даниялик поезд ёки кўчада муҳожир билан юзма-юз келганда унинг нигоҳида данияликларнинг маданияти ва ҳаёт тарзини қабул қилиш истаги мавжудлигини кўришни истаймиз[4]”. Бундай кайфият бутун Европа бўйлаб тарқалган.

Франция давлати Руминиядан лўли ва косоваликларнинг кириб келишига қарши бўлиб, Британия эса, ўз мамлакатига славян давлатларидан келган муҳожирларнинг кириб келишини хушламайди. Унинг ЕИ таркибидан чиқиши бўйича референдум ҳам айнан Брюсселнинг миграцион сиёсатидан норози бўлганлиги туфайли ҳам амалга оширилган. Италия ҳам Лампедуза оролида саралаш марказини ташкил этиб, у ерда Африка давлатларидан муҳожирлар қабул қилинади. Германияда PEGIDA номли ҳаракат ташкил топиб, мамлакатнинг исломлашувига қарши чиқмоқда, ҳаракат бутун Европа бўйлаб тарқалиб, “биз бир куни уйғониб ўзимизнинг давлатимизда бўлмасликдан қўрқамиз” каби фикрлар билдирилган[5].

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда миграция тўлқинининг ўсиши ижтимоий-иқтисодий соҳалар билан бирга диний-маданий жараёнларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Маданият, динлар ўртасидаги мулоқот ўзаро бир-бирини англашга фурсат қолдирмаётганлиги туфайли баъзида тушунмовчилик ва кескин эътирозларга ҳам олиб келмоқда. Муҳожирлар ҳам ўз навбатида, бир неча йиллар аввал фаровон мамлакатлар қаторида бўлган, ҳозирда терроризм, экстремизм, очарчилик авж олган нотинч мамлакатларнинг тинчликсевар фуқаролари, бошпана излаб бегона юртларда сарсон бўлишга мажбур бўлмоқда. Сурия, Ироқ, Ливия, Яман каби давлатлар шулар жумласидан.

Ксенофобиянинг ортиши сабабларини таҳлил қилар экан, В. Мукомель ҳозирда вазият ўзгариб, 1990 йилларга хос бўлган ресурсларни бой беришдан қўрқиш ўрнига, маданий, “идентиклик”, “маданий ўзига хос”ликни йўқотиш хавфи пайдо бўлганлигини таъкидлайди. Бунда муҳожирлар урф-одатлари, туб аҳолининг маданий ўзига хослигига таъсир этишидан хавфсирайдилар[6]

Мазкур фикрга қарши ўлароқ, И.Вершинина вазият ҳақиқатан ҳам ўзгарган, аммо ксенофобиянинг ижтимоий-иқтисодий асослари, ресурсларни қўлга киритишга интилиш ҳамон давом этмоқда. 90 – йилларда жамиятнинг ночорликдан қутилиш тенденцияси кузатилган бўлса, бугунги кунда ижтимоий юксалишдаги рақобат, нуфузли иш ўринлари, сифатли уй-жой, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қўлга киритишга интилиш кўринишларида намоён бўлмоқда. “Таълим олиш имкониятларининг пастлиги, ишга жойлашиш каби муаммолар, миграция тўлқининг ўсиши натижада ижтимоий таранг вазиятни юзага келтирмоқда….[7]”.

Албатта, инсон, жамият ҳаётида иқтисодий омил асосий ўринлардан бирига айланган. Бугунги кунда барқарорликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини яратиш, иқтисодий-ижтимоий масалаларда ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар, диний – маърифий йўналишдаги вазифаларнинг ечимига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Тобора глобаллашиб бораётган дунёда турфалик ичида инсонларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш масалалари, халқаро ташкилотларнинг ҳам асосий вазифаларидан бирига айланган.

Жамият ҳаётида турли “фобия”, яъни қўрқувларнинг мавжудлиги иқтисодий, ижтимоий, маданий, сиёсий соҳаларда ҳали ҳам ечимини кутаётган масалалар билан боғлиқ. Диний ксенофобия муаммоси ҳам, давлат ва жамият ривожи, барқарорлигига рахна солувчи кучга айланган. Бугунги кунда мазкур масала турли ижтимоий тадқиқот институтлари томонидан ўрганиб келинмоқда. Жаҳоннинг аксар мамлакатлари қонунчилик тизимларида ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ксенофобиянинг ҳар қандай кўринишлари (диний, миллий, ирқий) олдини олиш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг фаровонлик даражаси бағрикенглик ғояларининг ҳаётга нечоғлик татбиқ этилганлиги билан чамбарчас боғлиқ.

Ҳозирда кўплаб мамлакатлар асосий қонун ҳужжатларида, давлатнинг диний ксенофобия, муросасизлик, мутаассиблик ҳаракатларини олиб боришлари қонунан ман этилган. Мисол тариқасида, АҚШ конституцияси биринчи таҳрири[8], Германиянинг асосий қонуни 4-моддаси, Ирландия конституциясининг 44, Эстония асосий қонунининг 40-моддалари, Туркия ва Корея республикалари конституцияларининг 36-моддаларида айнан инсонларнинг диний эркинликлари борасидаги ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

Баъзи давлатлар асосий қонунларида айнан дин билан боғлиқ тартиб-қоидалар мавжуд бўлмаса-да, уларда диний мансубликка нисбатан камситишнинг ҳар қандай кўриниши қонунан ман этилиши белгиланган. Мисол тариқасида, Франция конституциясининг 1-моддаси, Канада ва Миср қонунларининг 40 моддаларида айнан юқоридаги масалалар таъкидланган[9]. Қайд этиш жоизки, юқорида келтирилган конституцион ҳуқуқлар диний ксенофобия, мутаассиблик, диний мансубликка нисбатан камситиш ҳолатларининг олдини олишда барча давлатларда ҳар қандай шароитда унинг тўлиқ амалга ошиш, ошмаслиги турли мамлакатларда ўзига хос фарқларга эга бўлиши мумкин.

Баъзи мамлакатларда, муайян дин ёки динлар, давлат томонидан расмий дин сифатида эътироф этилиши мумкин. Жумладан, Финляндиянинг Евангель-лютеран ҳамда Финляндия православ черковлари мазкур мамлакатнинг давлат черковлари ҳисоблансада, дин ва эътиқод эркинлиги Финляндия конституциясининг 11 моддасида муҳофаза қилинган[10].

Баъзи давлатларда дин ёки Худо номини таҳқирлаш қонунан ман этилган бўлиб, мисол сифатида 2006 йилда Германиялик Манфред ван Х. ислом динига нисбатан амалга оширган ҳатти-ҳаракати туфайли жавобгарликка тортилган[11] бўлиб, мутаассиблик, диний қараш ва атрибутларни таҳқирлаш ўртасидаги алоқа бир динга нисбатан қўлланилганда кўпроқ диний ксенофобияга сабаб бўлиши мумкин.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эътиқод ва дин эркинлиги 18 модда билан ҳимоя қилинган, 2-моддада эса, ҳар қандай диний камситиш ман этилиши қайд этилган. Шунингдек, 18-моддада динни ўзгартириш ҳуқуқи ҳам белгиланган. Мазкур декларация юридик жиҳатдан амалга оширилиши мажбурий бўлмасада, 1998 йил АҚШ да диний эркинлик бўйича халқаро ҳужжат қабул қилинган бўлиб, унга кўра диний эркинлик бўйича халқаро комиссия тузилган. АҚШ ҳукуматида эса, инсон ҳуқуқлари Бутунжаҳон декларациясида қайд этилган ҳуқуқларга қарши бўлган давлатларга нисбатан чора кўриш тўғрисидаги қонун қабул қилинган[12]. Евроиттифоқ барча давлатлари томонидан қабул қилинган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Европа Конвенциясининг 9-моддасида кишилар диний амалиётларини тақиқлаш ва 14-моддада диний камситишнинг қонунан ман этилганлиги қайд этилган.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг нишонлаб келинади. Бағрикенгликдан асосий кўзланган мақсад инсониятни тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундашдир. Мазкур декларацияда таъкидланганидек: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия”.

Тарихдан маълум, аслида барча динларнинг асл ғояси эзгулик, инсонларнинг бир-бирига, бошқа дин вакилларига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, одоб-ахлоқ қоидаларига асосланади. Жумладан, ислом дини дунёдаги халқларнинг келиб чиқишлари аслида бир ота-онадан эканлиги, уларнинг қариндош ва биродар эканликлари ҳақидаги ғояни илгари суради. Ислом динига кўра, дунё аҳолисининг турли ирқ, миллат ва халқлар қилиб қўйилиши, Аллоҳ таолонинг иши эканлиги, шу тарзда яратишдан мақсад уларнинг ўзаро борди-келди қилишлари, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишлари лозим эканлиги таъкидланади. Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Ҳужурот” сураси, 13-оятида: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишинглар (дўст биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир[13]”. Шунингдек, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): “Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз[14]”.

Қуръони карим ўзидан олдинги муқаддас китоблар Забур, Таврот, Инжилни тан олишга, аҳли китобларни, яъни, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилишга тарғиб қилади. Одамларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамкорликка чақириб, фитна, нифоқ ва низоларнинг ҳар қандай кўринишини енгиб ўтишга даъват этади.

Муҳаммаддан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” – дея таъкидлаган. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда, ҳазрати Умар Амр ибн Осни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳни ўзингизга душман қилиб қўйманг” – деб огоҳлантирган. Шунингдек, бошқа самовий дин манбаларида ҳам меҳр-шафқат, муҳаббат тарғиб қилиниб, душманга ҳам яхши муносабатда бўлишга чақирилади[15].

Шубҳасиз, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта ҳаёт кечириши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун, инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг муносабатда бўлиш ксенофобик кайфиятнинг авж олишига тўсқинлик қилади.

Таъкидлаш лозим, ксенофобия жамиятдаги тинчлик ва барқарорликка рахна солувчи куч, у турли дин вакиллари, у билан боғлиқ объект ва тушунчаларга бир ёқлама, яъни салбий ёндашувнинг натижасидир. Ксенофобия субъектив ҳодиса бўлиб, уни келтириб чиқарувчи омиллар сифатида илмсизлик, ҳиссиётга берилиш, омадсизликнинг сабабларини нотўғри англаш каби нохолис ёндашувнинг оқибати, деб баҳолаш мумкин. Ксенофобия қайси кўринишда – диний, миллий, ирқий бўлишидан қатъий назар, нормал бўлмаган ҳолат ҳисобланади.

Хулоса сифатида айтиш лозим, ҳозирга қадар одамзод бошидан турли уруш ва можароларни бошдан ўтказди, аммо бу келишмовчиликлар учинчи минг йилликда ҳам ўз ниҳоясига етгани йўқ. Бу каби можароларнинг аксарияти эътиқод эркинлиги нормаларининг бузилиши, ўзаро тушунмовчилик, ўз дини ва қарашларини устун қўйишдан келиб чиқади. Баъзи фикрларга кўра, иқтисодий ўсиш, ижтимоий-сиёсий, мафкуравий муаммоларга барҳам бера олади. Мазкур қараш ҳам муайян эътирозга эга эканлиги, ривожланган АҚШ, Англия, Франция, Германия, Бельгия, Саудия Арабистони каби мамлакатларда терроризм, экстремизм, ксенофобия, исломофобиянинг турли кўринишлари инсон ҳаётига таҳдид қилаётгани муаммонинг кенг кўламидан дарак беради.

Беҳзод СОИПОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита
Диншунослик экспертизаси бўлими бошлиғи
________________________________________________________________
[1] Лотман Ю.М. Современность между Востоком и Западом//Знамя, 1997, №9; Scollon R., Scollon S.W. Intercultural Communication: a Discource Approach. Maiden, 2001; Лурье C.B. Национализм, этничность, культура. // Общественные науки и современность. 1999, №4.Kymlicka W. Multicultural Citizenship: A Liberal Theory of Minority Rights. Oxford: Clarendon Press, 1995; Kymlicka W. Justice and minority Rights // Contemporary political philosophy. An anthology / Ed. by Goodin R.E. and Pettit P. – Maiden: Blackwell Publishers Inc., 1998; Walzer M. Complex equality // Contemporary political philosophy. An Anthology / Ed. by Goodin R.E. and Pettit P. -Maiden: Blackwell Publishers Inc., 1998; Уолцер M. О терпимости. – M.: Идея-Пресс, Дом интеллектуальной книги, 2000.
[2] Вершинина И.Социология города: истоки и основные направления исследований // Вестник Московского университета. Серия 18: Социология и политология 2012. № 1. ­– С. 204.
[3] Қаранг: Глобаллашув, миллий ғоя ва мафкура: муаммолар, ечимлар, истиқболлар мавзуидаги республика илмий-амалий конференция материаллари/Ўзбекистон Фанлар академияси И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2009. ­– Б.160.
[4] Европа посмотрит в глаза боевику из «евроИГИЛ».  http:www.pravda.ru/world/europe/european/19-06-2015/1263957-igil-0/
[5] Ўша манба.
[6] Мукомель В. Ксенофобия и мигрантофобии в контексте культуры доверия // Мир России 2014.  № 1. – С. 142.
[7] Вершинина И. Павлова В. Образование и глобализация: социологический анализ // Вестник МГУ. Серия 18: Социология и политология. 2011. № 3. – С. 145.
[8] АҚШ конституциясига 27 марта тузатиш ва ўзгартиришлар киритилган бўлиб, айнан биринчи таҳрир инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Биллни ўз ичига олади. Унда жумладан, дин ва эътиқод эркинлигига инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлаги эканлиги таъкидланади.
[9] https://ru.wikipedia.org/wiki
[10] https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%
[11] Германияда дин, диний қарашлар, черковга нисбатан амалга оширилган ҳар қандай кўринишдаги жамият тинчлигига раҳна солувчи камситиш ва таҳқирлаш ҳолатларининг намоён бўлиши мамлакат жиноят кодексининг 166 моддасига мувофиқ таъқиқланади ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Мазкур модда билан 2006 йилда 61 ёшли нафақахўр (хавфсизлик чоралари туфайли судда у Манфред ван Х. деб таништирилган.) ҳожатхона қоғозига “Қуръон, Муқаддас Қуръон” сўзларини ёзиб, мамлакатдаги 22 та масжид ва бир қанча телеканалларга юборганлиги учун 1 йил қамоқ ва 300 соатлик жамоат ишларига жалб қилиниш жазоси белгиланган.
[12] International Religious Freedom Act of 1998, 27 January 1998. http://usinfo.state.gov/usa/infousa/laws/majorlaw/intlrel.htm
[13] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи А.Мансуров. – Т.: ТИУ нашриёт-матба бирлашмаси, 2018. – Б. 517.
[14] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи А.Мансуров. – Т.: ТИУ нашриёт-матба бирлашмаси, 2018. – Б. 61.
[15]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. –Т.: Шарқ, 2010. – Б. 48.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …