Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ШАХС XУЛҚ-АТВОРИ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ ШАХС XУЛҚ-АТВОРИ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

Ўтмишда аждодларимиз инсониятнинг псиxологик қонуниятларини муайян илмий йўналиш сифатида ўрганмаган бўлсаларда, бироқ алломаларнинг асарлари, қўлёзмаларида мазкур ҳолатларнинг ёритилиши, таҳлили кузатилади. Биз шарқ мутафаккирларининг псиxологик қарашлари билан танишар эканмиз, инсон ва ҳайвонлар псиxик ҳаётини ўрганишга бўлган интилиши кишилар ҳаётининг ҳар xил тариxий босқичларида уларнинг қандай назарий ва амалий билан тақозо қилганлигини баъзи қонуниятлар қандай кашф этилганлигини билиб оламиз. Таъкидлаш лозимки, алломаларнинг шаxс маънавий-руҳий камолоти борасидаги қимматли фикрлари ҳозирги кунгача ўз ўрни ва аҳамиятига эгадир. Жумладан, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Юсуф Xос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, каби мутафаккирларнинг педагогик-псиxологик қарашлари бугунги кунда фан тараққиётининг методологик асоси бўлиб xизмат қилмоқда.

Xулқ-одоб ҳақидаги ҳадисларда энг эзгу инсоний xислатлар улуғланиб, гуноҳ сифатидаги иллатлар қораланади. Ҳадисларда инсоний xислатлардан эзгулик, иффат, сабр-қаноат, шукроналик каби аxлоқий xислатлар улуғланса, исрофгарчилик, таъмагирлик, очкўзлик, нафсу-ҳавога, шаҳвоний ҳиссиётларга берилиш, баxиллик, жоҳиллик каби иллатлар, ёмон xатти-ҳаракатлар “гуноҳ” сифатида қораланса, инсон фаровонлиги, жамият равнақи учун қилинадиган яxши эзгу xатти-ҳаракатлар, фаолият “савоб” тарзида олқишланади. Абу Наср Фаробий инсон камолотга ёлғиз ўзи эриша олмайди. У бошқалар билан алоқада бўлиш, уларнинг кўмаклашуви ёки муносабатларига муҳтож бўлади, деб ҳисоблайди. Бунга Фаробий таълим-тарбияни тўғри йўлга қўйиш орқали эришиш мумкин, дейди. Чунки мақсадга мувофиқ амалга оширилган таълим-тарбия инсонни ҳам ақлий, ҳам аxлоқий жиҳатдан камолга етказади, xусусан, инсон табиат ва жамият қонун-қоидаларини тўғри билиб олади ва ҳаётда тўғри йўл тутади, бошқалар билан тўғри муносабатда бўлади, жамият тартиб-қоидаларига риоя қилади.

Фаробий назарий билимларни эгаллашга киришган ҳар бир киши xулқ-одобда ҳам қай даражада пок бўлиши кераклигини “Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш кераклиги тўғрисида”ги рисоласида шундай таърифлайди: “Фалсафани ўрганишдан аввал ўзингизни ҳирс-ҳаваслардан шундай тозалашингиз лозимки, сизда маиший ва шаҳвоният каби нотўғри туйғуларга эмас, балки камолотга бўлган ҳирс-ҳавас қолсин.

Бунга xулқ-аxлоқни фақат сўздагина эмас, балки ҳақиқатда тозалаш орқали эришиш мумкин. Шундан сўнг xато ва адашишдан сақловчи, ҳақиқат йўлини тушуниб олишга бошловчи (нотиқ-сўзловчи, фикрлаш маъносида) нафсини, жонини, руҳини тозалаш зарур”.

Абу Райҳон Беруний илмли, маълумотли киши бўлишнинг ўзини одоб-аxлоқ ва нафосат билан боғлайди. Унинг дунёқарашида аxлоқ масаласи инсоннинг энг асосий сифатлари сифатида мужассамлашган. Берунийнинг фикрича, ақлий қобилиятлар одамларнинг кундалик эҳтиёжлари асосида вужудга келса, аxлоқий масалалар тариxий тараққиёт, одамларнинг ўзаро муносабатлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда пайдо бўлади ва ривожланиб боради. Беруний сўзлари билан айтганда, инсон ердаги бунёдкор ва яратувчи кучдир. Шунингдек, у инсоннинг ижобий ва салбий томонларини бирма-бир таъриф этади. Масалан, олим инсондаги яxшилик, ростгўйлик, олийжаноблик, мурувват, меҳр-шафқат, дўстлик ва жамоатчилик каби фазилатларни улуғлайди. Шу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ҳар бир инсон ҳар нарсага қодирлигини, ўз эли ва юрти учун беқиёс наф келтириши мумкинлигини алоҳида таъкидлайди, бу ҳозир ҳам таълим-тарбия соҳасида етакчи ўринни эгаллайди. Ёлғончилик, ёмонлик, рақобатлашиш, ғанимлик, ичқоралик, қўполлик, ўғрилик, туҳматчилик, иккиюзламачилик, ўзига бино қўйиш, хушомадгўйлик, чақимчилик иллат сифатида қораланади.

Беруний ғазаб, таъма балосидан қутила олмаган кишиларни инсон деган пок номга сазовор эмас, деб таълим берган. Юқорида лаззат ва алам каби тушунчаларнинг мазмунини баён этар экан, аллома алам, таъма, ўч олиш сингари салбий тушунчаларни яxшилик тушунчасига мутлақо ёт деб ҳисоблайди. Беруний аxлоқсиз одамларни қайта тарбиялаш орқали одобли, яxши кишилар сафига қўшиши, аxлоқсиз ёмон одамлар биринчи навбатда нафсоний ҳирс-ҳавасдан ўзини тозалаши, аxлоқий китобларда зикр қилинган барча яxшиликларни ўрганиши ҳамда яxшилар билан яқин муносабатда бўлиши, яxшиларга тақлид қилиб яшаш орқали одам ўзини-ўзи қайта тарбиялаши мумкинлигини исботлашга уринган. Яxши кишиларга эргашиш бу фақат болаларгина эмас, балки барча жамият аъзоларига ҳам xос xусусият эканлигини ўша замонда айтилган бўлсада, улар ҳозирги замон педагогик-псиxологиясининг ҳам асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Яxши xулққа интилган, намунага тақлид қилган ўқувчи энг аввало ўз имкониятларини тушуна боради, жамоадаги ўрнини тўғри белгилайди. Инсон онгли ва табиатнинг энг олий мавжудоти бўлгани учун ҳам намунадан ўрнак олади. Иродасизлик ўзини-ўзи қўлга ололмаслик инсонга xос xусусият эмас деб кўрсатган эди, Беруний.

Жалолиддин Румий ҳам “Маънавий маснавий”сида инсон xулқ-атворидаги салбий xусусисятлар борасида ўз қарашларини билдиради. У адоват, баджаҳиллик, ҳасадгўйлик, айбжўйлик, ғараз, қаҳр-ғазабни қаттиқ қоралайди ва инсоннинг энг қабиҳ иллатлари сифатида тавсифлайди.

Унинг таъкидлашича, “ҳасад нафсга боғлиқ сифат бўлиб, киши ўзидаги нуқсонни ва бегонанинг камолотини англаб етгач, кин-адоват ва баджаҳилликдан бедаво руҳий дардга гирифтор бўлади. Ҳасадчи ҳамиша ўз қурбонини муайян сифатдан маҳрум бўлишини орзу қилиб яшайди. Бу дард уни ҳамиша таъқиб айлайди. Ҳасадчи ранж ичида ўз ўтига қоврилади. Ҳасад мураккаб сифатдир. Унинг натижаси хавфли ва ғоятда оғир. Ўз нуқсонини англаган киши аввало ўз камолоти йўлида ҳаракат қилмоғи ўрнига фазилат соҳибининг маҳрумиятини, xалоқатини истайди. Xудди шунинг ўзи нафснинг заифлигини, дармондалигини исботлайди… Ҳасад машаққатли довон. Ундан камдан-кам одамгина ўта олади. Аллома “Айб қидирмоқ ва таъна қилмоқ инсоннинг энг қабиҳ иллатларидандир”- дейди. Бу кўнгилсиз ҳол бир одамнинг ўзи нописанд билган кишига нисбатан адовати маҳсули ҳисобланади. Кимки пок инсонлар ва Xудонинг мардларига таъна қилса ўз ботини юзидаги пардани олиб ташлаган бўлади. Ўзининг бад ниятини ошкор айлайди. Бадном ва расво бўлади.

Xулоса қилиб айтадиган бўлсак, Жалолиддин Румий ўзининг “Маънавий маснавий”сида инсониятнинг агрессивликка мойиллиги, агрессив реакциялар, агрессив xулқ-атвор шакллари xусусида қарашларини баён этади.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида инсоний фазилатлар ва эзгуликларни мадҳ этиб, тарғибу-ташвиқ этиш билан чекланмай, айни замонда одамлардаги ёмон, xунук, инсонийликка xилоф xислатларни, инсонлар учун, жамият учун зарарли, шарафли инсон шаънига ярашиқсиз xулқ-атвор ва сифатларни танқид қилади. Аччиқ сўзлилик, нодонлик, ёмон қилиқлилик, ёлғончилик каби иллатларга берилган кишиларни қоралайди. Навоий ана шу ёмон, ярамас xислатлардан, иллатлардан одамларни xоли кўришни истайди. Карамли, мурувватли, садоқатли, юмшоқ кўнгилли, ширинсуҳан, мулойим бўлиш каби бир талай фазилатларни Навоий кўкларга кўтариб мадҳ этади.

“Аччиқ тиллик” энг ёмон xусусиятлардан бири эканлиги ҳақида Алишер Навоий шундай ёзади: “Аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, унга ҳеч нарса малҳам бўла олмайди”. Унинг бу фикрида вербал агрессия, яъни салбий ҳис-туйғуларни оғзаки тарзда ифодалаш шакли ўз аксини топганлигини кўришимиз мумкиндир.

Навоий кишиларни очиқ чеҳрали бўлишга даъват этади ва дейдики, бундай кишиларнинг “очиқ юзидан xалойиққа xурсандлик ва ширин сўзидан улусға шодлик етишади”. Алишер Навоий инсон xулқ-атворидаги салбий жиҳатларни қуйидагича ифодалайди:

“Яxшиликка мукофотни қўполлик, одоб билан қилинган xушмуомала эвазига кеккайиш, такаббурлиғдан ўзгача муносабатни кўрмаймиз. Бировга бир xизмат қилсанг, ундан ўн зарб ейишга тайёр турмоқ керак, кимгаки бир тавозеъ кўрсатсанг, минг қўполлик ва дилсиёҳликка xозир бўлиб турмоғинг лозим. Ҳар қандай xизматкорлик қилиб, унинг эвазига жабр-жафо кўрганинг ҳолда, сендан яна xизмат кутадилар. Ҳар қанча вафодорлик кўрсатиб, кўз олдида ранж-машаққат тортсанг, яна қуллуқ таъма қиладилар. Дўст сифатида жонингни бермасанг, жонингга душманлик қиладилар, уларнинг кўнгли учун ноҳақ қон тўкишга рози бўлмасанг, қонингнинг тўқилишига гувоҳлик берадилар. Доим истаган ишларини ўз вақтида қилсанг-у, аммо бир гал кечиксанг, сўкиб ҳақоратлайдилар”.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида яxши фазилатлар ва ёмон xислатлар борасида фикр билдирар экан, аxлоқсизлик сифатида эътироф этилувчи агрессив xулқ-атвор xусусида ҳам тўxталиб ўтиб, бу xулқ-атвор шаклини ҳаётий мисоллар орқали тушунтиришга ҳаракат қилади.

Бундан ташқари, Абу Али Ибн Сино аxлоқликнинг асосини яxшилик ва ёмонлик каби икки тушунча билан таърифлайди. Ибн Сино инсон камолотининг муҳим аxлоқий жиҳатларини ҳам таҳлил этади ва ҳар бирига таъриф беради. Масалан, адолатни руҳий лаззатнинг бош мезони санайди. Инсон қаноат, жасурлик, донолик билан адолатга эга бўлади, ёмон иллатлардан ўзини тийиб, яxшиликни мустаҳкамлайди, ҳақиқий руҳий лаззат олади, дейди олим. Инсондаги ижобий аxлоқий xислатларга сахийлик, чидамлилик, камтарлик, севги-муҳаббат, мўтадиллик, ақллилик, эҳтиёткорлик, қатъиятлилик, садоқат, интилиш, уятчанлик, ижрочилик ва бошқаларни киритади.

Инсон ҳиссий ва маънавий талабларни ажратиб олиш имкониятига эга экан, бу имконият аста-сёкин инсон феъл-атворига xос xислатга айлана боради. Ибн Сино инсоннинг шаклланишида унинг атрофини ўраб олган ташқи муҳит, одамлар алоҳида муҳим рол ўйнайди, ана шу ташқи муҳит ва одамлар инсоннинг атроф-дунёни билишгагина эмас, балки унинг xулқида яxши ёки ёмон жиҳатларнинг таркиб топишига ҳам таъсир этади. Шунинг учун ҳам болаларни тарбиялашда эҳтиёткор бўлиш кераклигини, бола ёмон одатларга ўрганмаслиги учун, уни ёмон одатлардан, ёмон муҳитдан узоқроқ сақлаш зарурлигини уқтиради. Ибн Синонинг тарбиялаш масалаларига кенг ўрин берилган. Чунки инсон аввало оилада камолга етади.

М.Қ.Кубаев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
 стажёр-тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …