Home / АЛЛОМАЛАР / АБУЛ ҚОСИМ АЗ-ЗАМАХШАРИЙ

АБУЛ ҚОСИМ АЗ-ЗАМАХШАРИЙ

Ҳижрий 5-6 асрлардаги машҳур ёзувчилардан бири.  Маҳмуд ибн Умар ибн Аҳмад ибн аз-Замахшарий ҳижрий 538 йилда вафот этган. Биз уни араб тилидаги энг улуғ муаллифлардан деб ҳисоблаймиз. Илмий ва диний таълифотлари жуда кўп ва жуда машҳур. Замахшарийнинг шуҳрати фақатгина тафсир илмига хос эмас балки Замахшарий араб тили, балоғат ва фасоҳат, араб тили мутахассиси ва шоирликда ҳам тан олинган. Бу олим ҳақида гап бошлашдан олдин, мен уни араб тили илмлари борасида қанчалик фазли улуғлигини баён қилиб ўтсам, шу билан бирга Замахшарий адибларга (тилшуносларга), муҳаддис ва фуқаҳоларга ҳам устозлик қилганини алоҳида эслатиб ўтсам[1].

Замахшарийнинг илми, фазли ва одобига замондошлари гувоҳлик беришади ва ўша замондаги тарихчилар мақтаб улуғлаб ёзишган. Ёқут Ҳамавий[2] у ҳақида айтади: “Тафсир, наҳв ва одоб илмларида имом бўлган. Илми кенг фазли катта, турли хил илмларда итқон билан ўрганган”[3]. Самъоний[4] айтади: “Замахшарий адаб ва наҳв илмида зарбул масал қилинади(ўрнак олинади)”. Ибн Халкон[5]: “Ҳеч бир эътирозсиз ўз замонасининг мутлақ имоми бўлган. Одамлар унга сафарбар бўлишган”.

Қофтий[6] у киши ҳақида айтади: “Ҳар бир илм унга бир учини ташлаб қўйди, ҳар бир тилларни юмшата олди, унинг маконати ва замонати билан ҳамма замон ва маконлар мушарраф бўлди. У яшаган даврда назм ва наср бўйича унга етадиган одам бўлмади. Одоб ва шеър борасида қиличларни чархлайдиган чархга айланди. Унинг фазли билан кишилар ҳидоятга бошланди, унинг ақлининг ростгўйлигига кўпчилик ишонди”.

Имом Суютий[7] ҳам Замахшарий ҳақида: “Илми кўп, фазли кенг, ақл заковатда тенги йўқ эди. турли илмда ижод қилган. Мўътазила мазҳабида бўлган ва шу мазҳабида қаттиқ турган”.

Бошқа олимлар ҳам фикрларини билдирган: Бу фикрларга асосланиб бемалол айта оламизки, Замахшарий ўта теран фикрлаган. Ўзига хос намунага эга бўлган.

Имом Замахшарийнинг мақоматлари ва мақолалари[8] бизни замонимизгача жуда кам етиб келган. Асосан бизга Замахшарийнинг умрининг иккинчи қисми яъни тавба қилгандан кейинги давридаги шеърлари етиб келган.

Ва уни турли хил мақолалари, “Калиматун навобиғ” деган асари ёки кенг тарқалган матнларига қарайдиган бўлсак, уни адабий ёзувчи бўлганини англаймиз. Аммо уни ҳар бир илмга алоҳида ёзган рисолаларини, диссертацияларини эслайдиган бўлсак, уларнинг номи қандайдир китобларда зикр қилинганку, аммо биз у китобларга эга бўлмадик, негаки улар ҳали ҳануз топилмаган, қидирилаётган китоблар ҳисобланади.

Юқорида зикр қилинган рисолалари бизгача етиб келмаган бўлсада, биз етиб келган шеърлари матнлари орқали биз у киши қандай зот бўлганликлари ҳақида бемалол хулоса қила оламиз. Замахшарий ўзидан олдинги адабиётшунос инсонлардан алоҳида ажралган услуби шулки, у ёлғиз насиҳат қилувчи услуби билан ажралиб туради ва Бидийуззамон деган мақоматидан англасак бўлади. Бу мақомат унга таниқли шахсиятни берган. Бу шахсият Исо ибн Ҳишам деган одам бўлган. Ҳаририй қилгани каби қилган. Абу Зайд  бир мақоматга бир шахсият қилган бўлса, Замахшарий у қилган ишни қилмаган, балки ўзи алоҳида бир образ яратган ва ўзининг яхши кўрган лақаби билан хитоб қилган. Масалан мақомотларини “Эй Абул Қосим!” деган хитоб билан бошланган.

Замахшарийнинг ўзидан олдинги шоирлардан ажралиб турадиган хусусияти бу унинг ижодидаги маърузавийлик йўсинидир. Ушбу ижод намуналарида шорининг тавба ва надоматлари энг юксак ҳолатда акс этган ва бу орқали ўзининг гуноҳларига каффорат олиш умиди бевосита ифодаланган. Жаруллоҳ Замахшарий асар муқаддимасида замонаси подшолари шарафига таҳсин айтарди ва уларнинг эътироф-у эътиборига, мукофотларига сазовор бўларди. Маълум вазиятдан сўнг эса шоир подшоларга қилинадиган бундай мақтовлар, сохта хушомад ва такаллуфларни буткул тарк этади ва уларнинг эътиборига ҳалол йўл билан, ўз меҳнати, изланишлари орқали эришишни афзал кўради. Энди Замахшарий замонасининг ҳокимларига мулозаматга тўла ортиқча эътибору эҳтиром кўрсатишдан қайтди. Аксинча, замонаси, заминидаги золим ҳокимлар ўрнига халқ орасидаги оддий,  камтарин кишиларни кўтаришга қатъий азм қилди. Шунинг таъсирида алломанинг бизга етиб келган шеърлари мавъиза — эслатма, насиҳат йўналишида бўлган. Шеърларидаги насиҳатлар шунчаки оддий гаплар эмас, балки чуқур маънога эга бўлган теран мушоҳадалардан иборат. Хусусан, шеърларининг биридан шундай маъно англашилади: «Эй Абулқосим, дунё сени тарк қилишидан олдин сен дунёни тарк қил! Сени ишқалаб туширишидан олдин сен уни тушириб ташлагин». Бундан англанадики, Замахшарий дунёнинг ўткинчи ҳою-ҳавасларига берилиб,  панд емасликни тарғиб қилган. Мақомат китоби умрининг иккинчи ярмида ёзилган ва бунда подшолар ва амирларга таҳсин айтиб ўтган умрига ачиниш, афсус қилиш, надомат чекиш, ўз-ўзини маломат қилиш,  гуноҳларига тавба қилиш ғоялари акс этган шеърлар жамланган. Яна бир шеъри қуйидагича мазмунга эга:

«Эй, динору-дирҳамнинг қули!
қачонгача буларга қарам бўлиб юрасан.
Эй, дунёга харис бўлган очкўз банда! 
қачонгача шу йўсинда юрасан.
Эй, очкўзликнинг қули!
Қачон сен ўз талоғинг ундан оласан.
Қани эди сен тезроқ озод бўлсанг,
Ва йиртилган қарзингни тезроқ узсанг.»

Замахшарийни луғат бойлиги ниҳоятда кенг бўлган олим сифатида эътироф этишимиз мумкин. Ушбу олим араб тили лексикасини жуда яхши бўлган ва сўзларнинг энг нозик жиҳатлари ҳамда синонимларнинг маъноларини ҳам теран англаган.

Олим, ўз навбатида, Ҳаририйнинг мақоматларига жуда юксак баҳо берган ва унга тенг келадиган ашъор (шерлар) битиш мушкуллигини ўз ижод намуналарида таъкидлаган. Бундан ташқари, Замахшарий Жохиз деган олимнинг ижодидан ҳам таъсирланганлигини айтиб ўтган, унинг услубларига эътибор бериб ўтган.

[1] Замахшарда Абу Амр Омир ибр ал-Ҳасан ас-Самир, Табаристонда Абул Маҳосин Исмоил ибн Абдуллоҳ Тулий, Абюртда Абул Маҳосин Абдурроҳим ибн Абдуллоҳ ал-Баззоз, Самарқандда Абу Саъд Аҳмад ибн Маҳмуд аш-Шоший ва бошқалар. Кўриб турганингиздек, ҳақиқатда шогирдлари кўп бўлган ва улар турли юртлардан бўлган. Доктор Ҳуфий ўзининг “Аз-Замахшарий” номли китобидан  катта бир бўлимни Замахшарийнинг шогирдларига бағишлаган. Ким улар ҳақида яна кўпроқ маълумот олмоқчи бўлса қарасин 52 С.
[2] “Мўъжам ул адбоъ” 19:126
[3] “Муқаддиматул адаб” 1:11-18
[4] “Ал-Ансоб” 277 варақа
[5] Вафиятул Аъён 1:108
[6] Ровийларниг огоҳлантириш наҳвчиларнинг  огоҳлантиришидир 3:265
[7] “Буғиятул Виаъа” 2:279.
[8] Бу билан Атвоқуззаҳаб китобларини назарда тутдим
Икром РЎЗИҚУЛОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили
 ва адабиёти университети магистранти

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …