МУҲАДДИСЛАР СУЛТОНИ, БУЮК БАТАНДОШИМИЗ АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ АЛ-БУХОРИЙ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲНИНГ “САҲИҲИ БУХОРИЙ” НОМИ БИЛАН ШУҲРАТ ҚОЗОНГАН “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” (“ИШОНЧЛИ ТЎПЛАМ”) КИТОБИ МУСУЛМОНЛАРНИНГ КЎПЧИЛИГИ, АҲЛИ СУННА ВАЛ-ЖАМОА УЛАМОЛАРИНИНГ ИТТИФОҚИ БИЛАН ҚУРЪОНДАН КЕЙИНГИ ЭНГ САҲИҲ КИТОБ СИФАТИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра, ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”, деган эди.
Муҳаддислар султони, буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Бухорий” номи билан шуҳрат қозонган “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) китоби мусулмонларнинг кўпчилиги, аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг иттифоқи билан Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб сифатида эътироф этилган.
Мамлакатимизда ушбу асар ўзбек тилига бир неча бор таржима қилинган. Бироқ уларда ҳадисларнинг шарҳ ва изоҳлари йўқ ҳисоби, фақат айрим ўринлардагина жуда кам ва қисқа изоҳлар мавжуд. Шу маънода, “Саҳиҳи Бухорий” матнларининг қуруқ таржималарини тушуна олмаган омма, хусусан, ёш авлод ўртасида ҳар хил баҳс-мунозара ва тортишувлар юзага келаётгани табиий.
Асарни тушунарли, содда тилда тақдим этиш ҳамда дунё уламолари билан ҳамнафас бўлиш, мазкур манбанинг асл ҳақиқатлари, махфий сирлари ва яширин дурларини намоён этиш ҳамда мусулмон уммати ва ёшларни соф исломий ақида, покиза мазҳаб ва тоза одоб-ахлоқли бўлишга тарғибот ва ташвиқот қилиш мақсадида асарнинг кўп жилдли шарҳи яратилди. Асарни тўлиқ ва муфассал изоҳлашга алоҳида эътибор берилиб, айрим ҳадислар шарҳи ҳатто юз саҳифагача етди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи тақдимоти бўлиб ўтди. Сўзга чиққанлар Имом Бухорий меросини ўрганиш зарурати, аллома асарларининг бугунги кундаги илмий аҳамияти, уларни тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар ҳақида батафсил тўхталдилар.
— Бугунги тақдимотнинг амалий-илмий аҳамияти жуда ҳам юксак, — деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. — Китоб халқимизга муборак, ёшларимизга ибрат бўлсин! Бугун биз Имом Бухорийдек азиз аждодларимиз асарларини изоҳлаб, бутун дунёга танитишга ҳақлимиз. Буюк аждодимизнинг саҳиҳ китоби илк бора ўзбек тилида, мукаммал шаклда тақдим этилмоқда. Китобнинг шарҳи таҳсинга сазовор. Бу борада уламо, олим, мутахассис, тилшунос, диншунос алломаларга машаққатли меҳнатлари учун чексиз миннатдорлик билдирамиз.
“Саҳиҳи Бухорий”да айрим сўз ва ибораларнинг араб тилидаги грамматик қоидалари таҳлили ҳам берилган, бу мадраса толибларига қоидаларни тўлиқ тушуниб олиш ва эски шарҳларни ўқиб, англашда қўл келади. Ўйлаймизки, китоб нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё халқлари учун қимматбаҳо маънавий мерос сифатида қадр топади.
Муножат МУМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 29 ноябрь, 243(765) сон