Home / МАҚОЛАЛАР / МУСНАД КИТОБЛАР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

МУСНАД КИТОБЛАР ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Муснад деб, луғатда ердан кўтарилган ва сатҳдан баланд нарсага айтилади. Истилоҳда эса, муҳаддислар уни икки хил маънода талқин қилган:

Биринчиси муснад ҳадиснинг ровийларнинг занжири, деб таърифланади. Чунки муснад бу ўринда ровийларни боғлайдиган нақлдир. Бу ибора асосан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилганда ишлатилади. Гарчи, ровий ўзидан олдинги ровийдан тинглаганини баён қилмаган бўлса-да, анъанага кўра, ҳар бир ровий ҳадисни охиригача ўзидан юқоридаги кишидан эшитади.

Баъзи мусаннифлар ўз китобларида мана шу маънони ишлатган. Асарларининг номи муснад аталмаса ҳам, ҳадиснинг санади жиҳатидан “муснад” деган. Масалан, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъус саҳиҳ”, Имом Доримийнинг “Сунануд Доримий”, Ибн Хузайманинг “Саҳиҳи Ибн Хузайма”, Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.

Иккинчиси муснад китоблар бўлиб, унда бир саҳобадан турли мавзудаги ҳадислар бирин-кетин келтирилади. Шу ровийнинг ҳадислари тугагач, бошқасининг ҳадислари билан давом эттирилади. Бундай китобларга мисол тариқасида Имом Аҳмад, Абу Яъло Мавсулий, Ҳумайд Кеший каби алломаларнинг “Муснад”ларини кўрсатиш мумкин.

Уламолар муснад асарларининг бир неча хил ёзилиш усулларини айтиб ўтган. Биринчи усул ҳар-бир саҳобий алифбо бўйича давом этган. Кейинги усул қабилалар тартибига кўра бўлиб, Бани Ҳошимдан бошланган. Сўнг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроғи билан давом эттирилган. Яна бир усули саҳобанинг исломга кириш навбати ва диндаги мавқеи бўйича, масалан, жаннатга башорат қилинган ўн саҳобадан бошлаб, улардан кейин Бадр жангида қатнашганлар, сўнг Ҳудайбияда байъат қилганлар, кейин навбатдаги ўринда турадиганлар олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилган.

Тарихчи Хатиб Бағдодийнинг таъкидлашича, охирги усул муснад китобларни тузишдаги энг яхшисидир.

Ҳадисларни жамлаб, тасниф этиш халифа Умар ибн Абдулазизнинг ташаббуси билан бошланган. Халифа ҳижозлик олим Муҳаммад ибн Шиҳоб ибн Муслим Зуҳрий Маданийга ҳадисларни ёзма равишда тўплашни буюрганидан сўнг, у ҳадисларни тўплаб, бир китобга жамлаган. Бу илк расмий ҳадис тўплами бўлган.

Муснад асарларининг таснифи босқичма-босқич ривожланиб борган. Улар саҳобалар, кейин тобеинлар ва табаъ тобеинлар даврида ўзига хос услубларда ёзилган. Муснад йўналишида тасниф этилган асарлар даврларга қараб қуйидагича шаклланиб борган:

– Саҳобалар даврида ёзилган муснад асарлар: “Муснади Аби Бакр”, “Муснади Умар ибн Хаттоб”, “Муснади Оиша бинти Аби Бакр”, “Муснади Билол ибн Рабоҳ”, “Муснади Саид ибн Ваққос”;

– Тобеинлар даврида ёзилган муснад асарлар: “Муснади Умар ибн Абдулазиз”, “Муснади Аби Ҳанифа”.

Табаъ тобеинлар ва улардан кейинги даврларда ёзилган муснад асарлар:

  • “Муснади Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий” (ваф. 181/797 й.);
  • “Муснади Аби Давуд Таёлисий” (ваф. 204/819 й.). Бу аллома вафот этган йили эътиборидан “Муснад” асарини биринчи бўлиб ёзганлардан деб таъкидланган;
  • “Муснади Аби Бакр ибн Аби Шайба” (ваф. 235/849 й.);
  • “Муснади Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий” (ваф. 238/852 й.);
  • “Муснади Имом Аҳмад ибн Ҳанбал” (ваф. 241/855 й.). Бу асар муснадлар орасида энг катта ҳажмлидир;
  • “Муснади Аҳмад ибн Иброҳим Даврақий” (ваф. 246/860 й.) ;
  • “Ал-Мунтахаб мин муснади Абд ибн Ҳумайд Кеший” (ваф. 249/863 й.);
  • “Муснади Яқуб ибн Шайба Давдусий” (ваф. 262/876 й.) ;
  • “Муснади Аҳмад ибн Иброҳим Тарасусий; (ваф. 273/886 й.).

Мазкур асарлар муснад йўналишида ёзилган энг аҳамиятли ҳадис тўпламлари саналади.

Шунингдек, “Муснади Мусаддад ибн Мусарҳад” (ваф. 228/843 й.), “Муснади Муҳаммад ибн Яҳё Аданий” (ваф. 243/857 й.), “Муснади Аҳмад ибн Маниъ Бағавий” (ваф. 244/858 й.) каби илмий меросимиздан йўқолиб, фақат номи қолган асарлар ҳам мавжуд бўлган.

Ҳадис илми билан шуғулланган алломалар хизмати бениҳоя буюкдир. Уларнинг энг юксак мартабалилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқлари бўлган. Улар ҳадисларни умумий жамлаб, тартибга солиб, кейинги муҳаддисларга кашфиёт эшиклари очилишини осонлаштириб берган.

Бу буюк муҳаддисларнинг ҳаёти, ижоди ва ёзган асарлари ибрат мактабидир. Улар қолдирган бой илмий-маънавий меросини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш ҳам илмий, ҳам амалий аҳамиятга молик долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …