Home / АЛЛОМАЛАР / ЛАКНАВИЙНИНГ УСТОЗЛАРИ

ЛАКНАВИЙНИНГ УСТОЗЛАРИ

Салаф уламолари даврида таълим олиш шогирд устозига рўбарў бўлиб, ўз оғзидан эшитиш орқали амалга ошган. Бунга китобларнинг озлиги ҳамда хато ва тўқима илмдан эҳтиёт бўлиш сабаб бўлган. Бу билан шогирд фойдали илмга эришган ва ривоятлар санадини сақлаб қолган. Шу йўлда барчаси бир-бирига эргашиб, омонатни кейинги авлодга асраб-авайлаб етказган. Улар илм йўлида узоқ сафарлар қилиб, устозларга кўпроқ йўлиқишга интилган. Ҳатто бир шогирднинг бир қанча устози бўлиши ислом оламида шариат илмларининг кенг ёйилишига олиб келган. Шогирдлар устозларининг кўплигидан фахрланиб, улар учун катологлар тузган.

Аммо вақт ўтиши билан босмахоналарда китобларнинг кўп ададда нашр этилиши йўлга қўйилди. Оқибатда салаф уламоларининг илм олишдаги услуби аста-секин диққат-эътибордан четда қола бошлади. Натижада шогирдлар илм таҳсил қилишда китобларга устозлар қаторида суянадиган бўлди. Қолаверса, мутақаддим уламолар наздида аҳамиятли саналган санад илмига ҳам эътибор сусайиб кетди. Бу пайтда шогирдлар илм талаб қилишда мутааххир уламолар томонидан қабул қилинган йўлни, яъни бир соҳадаги иқтидорли устозни ёки турли илмларни олиш учун узоқ муддатда бир неча устозни лозим тутишни афзал билди.

Абдулҳай Лакнавий ҳам китобларнинг нашрлари кенг ёйилган даврда туғилиб вояга етган. Унинг илм олишига мутааххир уламоларнинг услуби ўз таъсирини кўрсатган. Шунинг учун ҳам бевосита устозларини бармоқ билан санаса бўлади. Бироқ устозларининг озлиги Лакнавийнинг илмий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаган. Балки аллома илмда, қўлёзмаларни таҳқиқ этиш, китоблар таълиф қилиш ва дарс беришда юқори чўққиларни эгаллаган. Бунга у кишининг устозлари ва асрдош дўстлари ҳамда қиймати баланд китоблари гувоҳлик беради.

Алломанинг бевосита илм олган устозларидан биринчиси ўз отаси Абдуҳалим ибн Муҳаммадамин бўлиб, ўғлининг илмий салоҳиятига катта таъсир этган инсондир. У 1239/1823 йил Лакнав шаҳрида туғилган. Ўн ёшида Қуръони каримни ёдлаб тугатгач, отасидан араб тили грамматикасига оид қоидаларни ўрганган. Кейинчалик она томондан бобоси Муҳаммад Зуҳуруллоҳдан (ваф. 1256/1840), отасининг амакиси Муҳаммад Асғордан (ваф. 1255/1839), тоғаси Неъматуллоҳдан (ваф. 1290/1873) дарс олган.

Нақлий ва ақлий илмларни ўзлаштиргандан сўнг “Имамийятул ҳанафийяту” мадрасасида талабаларга дарс берган. 1279/1862 йилда ҳаж зиёрати учун Макка ва Мадина шаҳарларига боришга муяссар бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, муҳаддис ва муфассир олим Жамол ибн Умар Ҳанафийдан (ваф. 1284/1867), фақиҳ Аҳмад ибн Зайнийдан (ваф. 1304/1887), Набавий масжидининг мударриси Муҳаммад ибн Муҳаммад Шофеийдан, Мавлоно Абдурашид ибн Аҳмад Деҳлавий (ваф. 1296/1879) каби уламолардан ижоза олган.

Абдулҳай Лакнавийнинг отаси 1285/1868 йил Шаъбон ойида 46 ёшида вафот этиб, Ҳайдарободда дафн этилган.

Абдулҳай Лакнавийга отаси бу тарзда ижоза берган: “Мен кўзимнинг қорачиғи, Қуръон ҳофизи Абул Ҳасанот Муҳаммад Абдулҳайга таълим бердим. Аллоҳ таоло уни очиқ-ойдин шариатнинг ёювчиси қилсин ҳамда ақлий ва нақлий илмларнинг барчасида кучли зеҳн билан қувватласин. Ўғлим мендан ақлий ва нақлий далилларни, фуруъ ва қоидаларни ўз ичига олган китоблардан ижоза беришимни қатъият билан сўради. Мен унга мана шу илмларда ижоза бердим”.

Яна бир устози Неъматуллоҳ ибн Нуруллоҳ ибн Валийюллоҳдир. У Лакнав шаҳрида туғилиб ўсган. Шариат илмларини отаси ва амакиси Зуҳуруллоҳдан дарс олган. У ўз даврининг улуғ олимларидан бўлиб етишиб, Лакнав шаҳридаги мусулмонлар диний идорасининг фатво бўлимига бошчилик қилган. Абдулҳай Лакнавий ундан фиқҳий китобларга ёзилган шарҳларни, Тусийнинг “Устурлоб” рисоласини, Саййид Журжонийнинг “Шарҳут тазкира” асарини ва Хуфрийнинг унга ёзган шарҳини ўқиган.

Неъматуллоҳ ибн Нуруллоҳ 1290/1873 йилда Банорис шаҳрида вафот этган.

Учинчи устози – Муҳаммад Ҳусайн Музаффар Фурий. У Фур вилоятининг Баҳор шаҳрида туғилган. Алломанинг отаси Абдуҳалим Лакнавийдан шариат илмларини ўрганган. Қисқа муддатда устозининг хос шогирдига айланиб, унга шаҳарда ҳам, сафарда ҳам ҳамроҳлик қилган. Абдулҳай Лакнавий “Сиоя” китобининг муқаддимасида бу сўзларни айтган: “Мен отамнинг шогирди, хос дўсти, шаҳарда ҳам, сафарда ҳам ҳамроҳи Муҳаммад Ҳусайн Музаффар Фурийдан дарс олдим”[1]. Аллома бу устозидан шариат илмлари билан бирга, форс тили ва математикадан ҳам таълим олган. Муҳаммад Ҳусайннинг аҳамиятли ишларидан бири Абдулҳай Лакнавийнинг вафотидан кейин қўлёзма асарларининг йўқолиб кетишидан ва шикастланишидан сақлаб, уларнинг нашр этилишига ўз ҳиссасини қўшганидир.

Бундан ташқари, Абдулҳай Лакнавий нақлий ва ақлий илмларда Абу Аббос Аҳмад ибн Зайний, Али Ҳаририй, Абдулғани ибн Абусаид, Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Али Усмон каби ўз даврининг етук уламоларидан ижоза олган. Улар алломанинг илмини мақтаб, фазилатли инсон эканига иқрор бўлган, турли илмларда ижоза олишга ҳақли инсон деб топган. Алломага берилган ижозаларда келган ибораларга синчиклаб қаралса, устозлари ҳам унинг пухта илми ва нозик фаросатидан фойда олганига гувоҳ бўламиз.

Отабек БАХРИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Абдулҳай Лакнавий. Муқаддиматус Сиоя. – Б. 41.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …