XIII-XIV асрлар Озарбайжон халқининг тарихида бунёдкорлик даври бўлди. Унинг ҳудудида ҳунармандчилик ва савдо, архитектура иншоотлари (масжид, мадраса, кўприклар, карвонсаройлар), шунингдек янги очилган мадрасаларда илоҳиёт билан бир қаторда дунёвий фанлар ўқитилиб кутубхоналар қуриб битказилди. Бу даврнинг энг муҳим ютуқлари турли фанлар жумладан, математика, астрономия, тиббиёт, мантиқ, фалсафа, ҳуқуқшунослик ва ҳоказолар соҳасидаги муваффақиятлар шиддати билан кўзга ташланар экан,бу борада ўз даврининг буюк олими бўлган Насириддин Тусийнинг илмий меросини ҳар томонлама ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Муҳаммад Насириддин Тусий (Абу Жафар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Насириддин ат- Тусий)- XIII асрнинг буюк Эрон, Озарбайжон ва Ўрта Осиё илмий ва фалсафий ғояларининг ривожланишида марказий ўрин эгаллаган буюк қомусий олим ва кўплаб асарлар муаллифидир. У 1201 йил 18 февралда Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилган.
Насириддин Тусий фаолиятининг турли жиҳатларига бағишланган маҳаллий ва хорижий олимларнинг кўплаб асарлари мавжуд бўлиб, буларга (Шмид 1913 йил, Розенфельд 1953 йил, Браун 1956 йил, М.Н.Болтаев 1965 йил, Мамедбейли 1961 йил, М.Диноршоев 1968 йил, Маделунг 1974 йил, Иқбол 1976 йил, Бади 1977 йил, Эйвазов 1980 йил ва бошқаларни мисол келтириш мумкин). Бу олимларнинг кўпгина асарларида буюк мутафаккирнинг илмий мероси ўз аксини топган. Жумладан, Г.Мамедбейлининг “Мароға обсерваториясининг асосчиси Муҳаммад Насириддин Тусий” номли фундаментал монографияси муҳим аҳамиятга эга бўлиб, муаллиф Тусийнинг астрономия,тригонометрия, география ва бошқа фанларга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.[1]
Қомусий олим Насириддин Тусийнинг илмий мероси Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, шунингдек, Ғарбий Европанинг кўплаб олимларига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Шу билан бирга алгебра, тригонометрия, этика, космология, тарих, ҳуқуқ, ахлоқ, мантиқ, тиббиёт, минерология, илоҳиёт, хаттотлик соҳаларида мутафаккирнинг асарлари етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. [2]
Насириддин Тусий бутун умри давомида турли хил китоблар ёзиш билан бирга, унинг дунёқарашининг кенглиги ва юнон тилини мукаммал билиши унга кўплаб манбалардан фойдаланиш имконини берди. У қадимги юнон олимлари Архимед, Евклид, Теодосий, Аристарх, Птоломей ва бошқа бир қатор файласуфларнинг асарларини таржима қилиб, уларнинг ранг-баранглигига ўз ҳиссасини қўшди. [3]
Насириддин Тусий ўз таржимаи ҳолида илм ўрганиш мақсадида жуда кўплаб олимлар билан учрашганлиги ва улардан олган сабоқлари сабабли фанларнинг турли соҳаларини такомиллаштиришда давом этганлигини таъкидлаб ўтади.
У илм олган устозлари ҳақида тўхталар экан, математика, астрономия, тригонометрия бўйича Камолиддин Абдул Фаттоҳ Мусо Мосулий, фалсафа илмини Қутбиддин Мисрий, мусулмон фиқҳини Шайх Мўйниддин, мантиқ илмини Фаариддин Дамад ва бошқалардан ўрганлигини эътироф этади.[4]
Аламутда исмоилийлар ҳукмрони қўл остида хизмат қилиб юрган Насириддин Тусий исмоилийларнинг сўнги ҳукмдори Ҳур Шох Рукн ад-дин ибн Алод-дин III га мўғулларга қаршилик кўрсатиш фойдасиз эканлигини исботлаб ҳукмдорни мўғул хони Хулагухонга таслим бўлишга кўндиради ва исмоилийлар ҳукмдори 1256 йилда Хулагухонга таслим бўлади.[5]
Мўғул хони Хулагухон мутафаккир Насириддин Тусийнинг илмини, сиёсатни чуқур тушунадиган қобилиятини жуда қадрлаган. Файласуфнинг хон ишончини қозонишга сазовор бўлиши исмоилийлар кутубхонасини сақлаб қолишига жиддий сабаб бўлган эди.
Насириддин Тусийнинг илм-фандаги тарихий хизматларидан бири Мароға шаҳридаги Фанлар Академияси номи билан машҳур бўлган асторомик расадхонага (1259-1260) асос солишидир. Бугун жанубий Озарбайжон ҳудудида жойлашган ва ўз даврининг энг йирик илмий маркази бўлган бу расадхона кўпчилик мамлакатлар астрономиясининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
Мароға расадхонасида турли мамлакатлардан олимлар келиб, бир қанча астрономик асбобларни ихтиро қилишар экан, улар орасида қум соатлари, сув ва мойли соатларини мисол келтириш мумкин. Бундан ташқари расадхонада ер ва самовий глобуслар тайёрланган. Бугунги кунда бундай асбоблар экспонати Германиянинг Дрезден шаҳридаги математика ва физика бўйича ташкил этилган музейда сақланмоқда ва оммага кўргазмага қўйилган.
Мароға расадхонасида ва кутубхонасида юздан ортиқ олимлар, ходимлар ва ёш тадқиқотчилар Насириддин Тусий билан бирга ишлаган ва илмий амалиётни ўтаган. Алломанинг ўзи эса фалсафа, каллиграфия, математика, астрономия ва бошқа фанлардан машғулотларини олиб борган. Бу даргоҳда таҳсил олган ҳар бир мутахассис олимлар ўз ватанига қайтгач олган илми ва эгаллаган тажрибаси бўйича ўз юртининг илм-фанини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшган. Мароға астраномларининг мутафаккир раҳбарлигида олиб борган 12 йиллик (1259-1271 йиллар) кузатуви натижасида “Зич Илхоний” жадвали яратилди. Бу машҳур жадвалда 256та шаҳарнинг жуғрофий координаталари ҳамда қуёш ва сайёралар каталоги мавжуд.[6]
Таниқли инглиз математиги ва иқтисодчиси Артур Берри шундай деб ёзади: “Астрономиянинг Европадаги муваффақиятларини кўриб чиқишга ўтишдан олдин биз варвар халқлари орасида илмий қизиқишларнинг ниҳоятда тез ўсишини тавсифлаган Шарқдаги яна иккита астрономик мактаб ҳақида эслатиб ўтишимиз лозим…..бу ерда фаолият олиб борган олимлар фойдаланган астрономик жиҳозлар ўзининг маҳобати ва конструкциясининг яхлитлиги билан ўша даврда Европада ишлатилган Коперник даври ва Тихо Брага давридаги жиҳозлардан фарқланиб энг яхшилари эди.”[7]
Шундай қилиб, Насириддин Тусий асос солган Мароға расадхонаси ўзининг илмий салоҳияти, профессионал астрономик асбоблари ва энг бой кутубхонаси билан XIII асрнинг жаҳон аҳамияти учун энг йирик илмий маркази сифатида “Ўрта асрлар Фанлар академияси”си эди.