Home / АЛЛОМАЛАР / МОВАРОУННАҲРЛИК ФАҚИҲЛАРНИНГ ИСЛОМ ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИНИНГ РИВОЖЛАНИШИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

МОВАРОУННАҲРЛИК ФАҚИҲЛАРНИНГ ИСЛОМ ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИНИНГ РИВОЖЛАНИШИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Исломий фанларнинг таркибий қисимларидан бири – фиқҳ – ислом ҳуқуқининг соҳаларидан бири бўлган ислом халқаро ҳуқуқининг алоҳида соҳаси ва фан  сифатида шаклланишига ва ривожланишига XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган   Шамсу-Аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл ас-Сарахсий (1004-1096),  Аловуддин Абу Бакр ибн Маъсуд Абу Бакр Косоний (1191 йилда вафот этган), Абдулмаҳосин Фахруддин Қозихон ал-Ҳасан ибн Мансур Маҳмуд Абулазиз ал-Ўзгандий (1196 йилда вафот этган), Имом Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний (1123-1197) кабиларнинг асарларида халқаро ҳуқуққа оид нафақат ўрта асрлар учун долзарб бўлган, ҳатто ҳозирги даврда ҳам ўзининг долзарблигини йўқотмаган, муаммолар кўтарилган ва уларнинг ечими ҳақида диққатга сазовор фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Сарахсий халқаро ҳуқуқ тарихида биринчилардан бўлиб ислом халқаро ҳуқуқига таъриф берган ва унинг ўзига хос хусусиятларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Фақиҳнинг қайд этишича, сияр – ислом халқаро ҳуқуқи – бу  “…мусулмонларнинг душман ҳудудида истиқомат қилаётган даҳрийлар, шунингдeк, мусулмонлар томонидан xавфсизлиги кафолатланган миллатлар ёки индивидлар (мустаъминлар) ёки таслим бўлиш (капитульяция) ҳақидаги шартнома билан ҳимоя остига олинган ҳудудларда яшаётган бошқа дин вакиллари (зиммийлар), муртадлар ва қўзғолончилар билан муносабатларидаги ҳатти-ҳаракати ёки xулқ-атворини ифода этувчи ҳуқуқдир”[1].

Косоний, Бурхониддин Марғилоний ва Қозихонлар сиярнинг луғавий маъноси ва шариатда қандай маъноларда қўлланишига урғу беришган. Косонийнинг фикрига кўра: “Сияр сўзи сийрат сўзининг кўплиги бўлиб, луғатда у икки маънода қўлланилади: Биринчиси: йўл маъносида Иккинчиси:  кўриниш маъносида. Биз келтирган сияр сўзига айнан шу сўз маънодош бўлиб, сияр –уруш йўллари(усуллари) ва унда (уруш иштирокчиларига )ҳуқуқ ва мажбуриятларидан иборат  қоидалар   мажмуи”.[2]

Бурхонуддин Марғинонийнинг  қайд этилишича: “Ас-Сияр” сўзи сийрат сўзининг кўплиги бўлиб, “ишлар борасида тутилган муайян йўл” деганидир. Шариатда сийрат сўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчилик қилган ғазавотларидаги (ғазавот– “уруш”, “жанг” сўзининг кўплиги), “юриш-туришлари”, “хатти-ҳаракатлари”га хос шаклда қўлланилади.[3]

Мовароннаҳрлик фақиҳларнинг  асарларида алоҳида эътибор қаратиладиган масалалардан бири – бу уруш ва тинчлик масаласидир. Уларнинг барчаси, асосан, тинчлик тарафдори бўлишган. Фақиҳларнинг қайд этишларича, уруш (жиҳод) аниқ мақсадга эришиш учун, қатъий белгиланган тартиб қоидалар асосида бошланиши ва амалга оширилиши лозим.

Жумладан, Бурхонуддин Марғинонийнинг қайд этишича: “Жиҳод Аллоҳ таолонинг динини улуғлаш ва инсонлардан ёмонлигини бартараф қилиш учунгина фарз қилинган. Агар ушбу мақсад мусулмон жамиятнинг бир қисм кишилари билан амалга ошса,  қолганларидан соқит бўлади…. Агар жиҳодни ҳеч ким амалга оширмаса, барча(жамиятдаги) мусулмонлар жиҳодни тарк қилганлари учун гуноҳкор бўлишади. Чунки жиҳод барча мусулмонларга фарз бўлган. “Жиҳод” фарзи кифоя бўлганининг сабаби)  жиҳодга ҳамма сафарбар қилинса, қурол яроғ каби жиҳоднинг асосий моддаларини етказиб бериш узилиб қолади. Шунинг учун жиҳод фарзи кифоя ўлароқ фарз бўлган.”[4]

Бурҳонуддин  Марғиноний фикрига кўра, дин ва ватан тақдири хавф остида қолганда, ғайридинлар мусулмонларга қарши ҳужум қилганда, улар исломни қабул қилишдан ва жизя тўлашдан бош тортганларидагина мусулмонлар учун “жиҳод” фарзи айн бўлади, яъни уруш ҳаракатларини душманга қарши амалга оширишда  барча мусулмонлар иштирок этишлари шарт.

Косонийнинг фикрига кўра: “Жиҳод шаръий урфда куч, имконият ва тоқатни ўзи, ёки моли, ёки тили ёки бошқа шу кабилар орқали  Аллоҳ йўлидаги жангда сарфлашни билдиради”. “Жанг бошлашдан олдин жанг қилинаётган тарафга ислом даъватини етказиш зарур. Агар  уларга даъват етиб борган бўлса ҳам бўлмаса ҳам тил билан ислом даъватини қайта етказиш жоиз бўлади. Даъват қилмай туриб жанг олиб бориш ножоиз”.[5] Фаҳруддин Ўзгандий ёзишича, уруш бошлашдан аввал душман тарафни исломга чақириш керак. Агар аввал  исломга чақирилган бўлсалар ҳам такроран бу ишни амалга ошириш керак ва бу афзалдир.[6]

Фақиҳларнинг фикрича, жанговар ҳаракатлар ҳарбий объектларга ва субъектларга қарши қаратилиши мумкин, бундай ҳаракатларни тинч аҳолига қарши қаратиш мумкин эмас. Жанг пайтида ҳарбий ҳаракатлар урушда қатнашмаётган балоғатга етмаган ўғил болаларга, қулларга, кўрларга, чўлоқларга, қўли, қўли ва оёғи кесилганларга, аёлларга, қарияларга, ногиронларга, ақли норасоларга, фалажлар ва роҳибларга қарши қаратилиши ва уларнинг ўлдирилиши мумкин эмас.[7]

Ислом халқаро ҳуқуқнинг алоҳида муҳим институтларидан бири – элчилик институтидир. Фақиҳ юртдошларимиз элчиларнинг дахлсизлигини таъминлаш борасида ҳам ўзининг диққатга сазовор фикр-мулоҳазаларини билдиришган. Хусусан, Сарихсийнинг алоҳида таъкидлашича: «Уларга (давлат фуқароларига – Ж.Т.) зулм қилинишининг олдини олиш  унинг (давлат бошлиғининг – Ж.Т) бурчидир. Мусулмонларнинг хавфсизлиги ҳақида ғамхўрлик қилгандек уларнинг (элчиларнинг) хавфсизлиги ҳақида ҳам ғамхўрлик қилади»[8]. Шунингдек, бошқа бир жойда Сарахсийнинг алоҳида қайд этишича: «Давлат бошлиғи – имом ўзга мамлакатларнинг элчисини ҳимоя қилишга мажбурдир».[9]

Ислом халқаро ҳуқуқининг ўзига хос институти – бу омонликдир. Омонлик деганда ислом давлати бошлиғи ёки мусулмон  киши томонидан душман тараф вакилига мусулмон давлати ҳудудига киришга, маълум бир муддат давомида истиқомат қилишга ва ўз фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш тушунилади.  Сарахсийнинг фикрига кўра, давлат бошлиғи ёки омонлик берган мусулмон, омонлик олган ва шахсий дахлсизлик ёрлиғига эга мустаъмин (ўзга дин, давлат вакили) учун унинг дахлсизлигини таъминлашга бирдек жавобгардир.

Шунингдек фақиҳларнинг асарларида омонлик олган душман тарафи вакилининг шахси, ҳаёти, соғлиғи, никоҳи, оиласи, фарзандлари, мол-мулкларнинг шу жумладан қулларининг дахлсизлиги омонлик берган шахс томонидан кафолатланиши тўғрисида фикр-мулоҳазалар баён этилган.

Ислом халқаро ҳуқуқининг алоҳида аҳамиятли институти – бу шартномалар ҳуқуқи институтидир. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар асарларида  шартнома ҳуқуқига оид фикр-мулоҳазаларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган, Сарахсийнинг фикрига    кўра: “шартнoма” (араб тилида “муҳадана” ёки “мувадаъа”) – ақд (келишув, бoғланиш) шакли бўлиб, ҳуқуқий oқибат туғдириш мақсад қилинган битим, келишувни англатади”.[10] У битимнинг санаси ва амал қилиш муддатини шартнoманинг муҳим шарти, деб қарайди[11]. Шартномалар 2 та нусхада (манбаларга кўра Пайғамбар шундай қиларди), ёзма тарзда, матн ва унинг моддаларида янглиш фикрлар бўлмаслиги ҳамда уларнинг шарҳлари аниқ баён этилиши, шартноманинг тузилган санаси, кучга кириш ва амал қилиш муддати кўрсатилган бўлиши, шартнома предмeти, унинг сифати ва миқдори аниқ кўрсатилган ҳолда тузилиши лозимлигини баён қилади[12]. Одатда, тинчлик шартнoмаларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмайди, бироқ Сарахсий асарларида тинчлик сулҳ шартнoмаларининг узoғи билан 10 йилга тузиш лoзимлиги эслатилади. Шунингдек, Сарахсий xалқаро шартномаларда, жумладан, тинчлик ва сулҳ шартномаларида маҳаллий ёки ҳудудий урф-одатлар эътиборга олиниши кeрак, дeб ҳисоблайди. [13]

Бурхонуддин Марғинонийнинг фикрига кўра, ислом давлати бошлиғи томонидан душман тарафи билан тузилиши мумкин бўлган шартномалардан бири – бу мусулмонларнинг моддий эҳтиёжларини ҳисобга олиб тузиладиган шартномадир.  Фақиҳнинг ёзишича: “Агар ислом аҳли ҳарб билан сулҳ тузишни лозим топса ва шу сулҳ эвазига улардан маблағ олса, зарари йўқдир. Чунки сулҳ маблағисиз ҳам жоиз бўлганидек, маблағ эвазига ҳам жоиз бўлади. Лекин бу иш яъни, имомнинг маблағ олиши мусулмонлар маблағга муҳтож бўлган ҳолларда бўлади. Бироқ, агар (мусулмонларда) эҳтиёж бўлмаса, (сулҳ эвазига маблағ олиш) жоиз бўлмайди, … (яъни, “эҳтиёжи бўлмаганда мол эвазига сулҳ тузиш курашни ҳам маънавий ҳам амалий жиҳатдан тарк қилиш бўлади” деган сўзга ишора)”[14]. Душман билан тузилган сулҳ учун ундан келадиган (олинадиган) маблағ давлатнинг қандай эҳтиёжлари учун ишлатилиши лозимлиги  ҳақида ўз қарашларини Бурхонуддин Марғиноний қуйидагича баён этади: “(Сулҳ эвазига) олинган мол “жизя сарфланадиган ўринларга” (умум давлат харажатлари, жангчилар маоши, кўприк, масжид қурилиши кабилар назарда тутилмоқда – Ж.Т.) сарфланади”[15]. Масалага бундай ёндашувни сабабини тушунтириб фақиҳ ёзади: “Бу иш (яъни, сулҳ эвазига олинган молни жизъя (ўринларига сарф қилиниши) мусулмон жангчилар (жанг учун) уларнинг юртига келиб тушмаган (кирмаган), балки элчи юборган вазиятларда бўлади. Чунки сулҳ эвазига олинган мол жизъя маъносидадир. Бироқ мусулмонлар уларни ўраб олиб, кейин улардан маблағ олишса, олинган маблағ “ғанимат” (ўлжа, ислом жангчилари жангда қўлга киритилган душман мол-мулки – Ж.Т.) … бўлади. Имом унинг бешдан бирини байтулмолга беради, қолганини аскар ўртасида тақсимлайди. Чунки бу куч билан олинган молдир”[16].

Шунингдек, Мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг асарларида душман ҳудудига мусулмонлар нималарни олиб кириши мумкин ва мумкин эмаслиги, жанг пайтида қўлга киритилган душман тарафнинг мол-мулкилари ва қурол-яроғлари тақдири, ислом давлатининг душман ҳудудида истиқомат қилувчи тинч аҳолига ва асирларга оид сиёсати, аҳолидан ундириладиган солиқларнинг турлари, миқдори ва ундириш тартиби, диндан қайтганларга, ислом ҳукмдорига бўйсунишдан бош тортганларга ва исёнчиларга нисбатан ислом давлати бошлиғи томонидан кўриладиган чора-тадбирлар каби масалалар ҳам кўтарилиб, улар ҳақида муаллифларнинг фикр-мулоҳазалари баён этилган.

Хуллас, XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган фақиҳ – юртдошларимиз томонидан “ким зўр бўлса ўша ҳақ”, “давлатлараро низоларни ҳал қилишнинг охирги чораси уруш”, “сен бошқаларни ўзингга  бўйсундирмасанг улар сени бўйсундиради”, “сен бошқа мамлакатлар ҳудудини босиб олмасанг, улар сени босиб олади” каби қоидалар ҳамда турли динлар, диний йўналишлар ва мазҳаблар ўртасидаги курашлар ва низолар  оддий хол бўлган бир шароитда халқаро низоларни сиёсий-ҳуқуқий воситалар ёрдамида ҳал қилиш, уларни ҳал қилишда урушдан охирги зарурат сифатида фойдаланиш, урушни қатъий белгиланган қоидалар асосида бошлаш ва амалга ошириш, уруш ҳаракатларини фақат ҳарбий объектларга ва субъектларга қарши қаратиш, тинч аҳолини қирғин қилмаслик, урушни имкон борича тинчлик сулҳи билан якунлаш, шартнома шартларига оғишмай риоя қилиш, душман ҳудудидаги тинч аҳоли ва асир этилганларга инсоний муносабатда бўлиш ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар нафақат ўрта асрларда, ҳатто ҳозирги даврда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу муносабат билан фақиҳ юртдошларимизнинг халқаро ҳуқуқий қарашларини чуқур ва ҳар томонлама илмий ўрганиш, уларнинг қарашларини ўтмишдошлари, замондошлари, шу жумладан Ғарб ҳуқуқшуносларининг халқаро ҳуқуқий қарашлари билан қиёслаб тадқиқот ишларини амалга ошириш илмий жамоатчилик олдида турган долзарб вазифадир.

[1]  Иқтибос олинди: Юнусов Ҳ. Сарахсийнинг халқаро ҳуқуқий қарашлари ёхуд Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ ватани. Юрист ахборотномаси. Ҳуқуқий , ижтимоий, илмий-амалий журнали.  5-Сон, 1-Жилд 2021. – Б 87; Шунингдек қаранг:  Kitāb al-Mabsūṭ. Li-Shams al-Dīn al-Sarakhsī. Vol.X. Beirut: Dar al-Ma`arif, 1324-1331 A.H./1905-1912 A.D.  – P. 2. Сарахсий таърифининг инглизча матни Ҳусайн Қосим асарида қуйидагича берилмоқда: “…that which describes the conduct of Muslims with the unbelievers of enemy territory as well as the ones who enjoy the promise of security from the Muslims (musta`min) or the dhimmis (inhabitants of the territory protected by a treaty of surrender) in the territory of Islam and with the apostates …and the rebels…”. Қаранг: Kassim, Husain. Sarakhsi – Hugo Grotius of the Muslims: The Concept of Treaties and Mutual Relations and the Doctrine of Juristic Preference in Islamic Jurisprudence. – USA, San Francisco: Austin & Winfield, 1994. – Р. 4.
[2]Имом ал-Косоний ал-ҳанафий. Бадоиъ ус- саноиъ. Қоҳира. Дарул ҳадис. Жилд 9, С. 340.
[3] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя шарҳи бидоятил мубтадий.Ибодатлар қисми. Биринчи жилд. Т.: “Hilol-Nashr. 2020. – Б.293
[4] Ўша асар, Б – 294
[5] Имом ал-Косоний ал-ҳанафий. Бадоиъ ус- саноиъ. Қоҳира. Дарул ҳадис. Жилд 9, С. 346.
[6] Қаранг: Фахруддин Абулмахофир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий. “فتاوى القضيخان” (Қозихон фатвоси), 3-жилд. Ливан: “Дарул кутуб”, 2009. –  С. 495
[7] Қаранг: Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя шарҳи бидоятил мубтадий. Муомалот қисми. Учинчи жилд. Т.: “Hilol-Nashr. 2020. – Б.  306; Юнусов Ҳ. Сарахсийнинг халқаро – ҳуқуқий қарашлари ёхуд Ўзбекистон – халқаро ҳуқуқ ватани. Юрист ахборотномаси. Ҳуқуқий , ижтимоий, илмий-амалий журнали. 5-Сон, 1-Жилд 2021.  – Б. 89; Фахруддин Абулмахофир Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий. “فتاوى القضيخان” (Қозихон фатвоси), 3-жилд. Ливан: “Дарул кутуб”, 2009. –   С. 497
[8] Юнусов Ҳ. Сарахсийнинг халқаро – ҳуқуқий қарашлари ёхуд Ўзбекистон – халқаро ҳуқуқ ватани. Юрист ахборотномаси. Ҳуқуқий , ижтимоий, илмий-амалий журнали. 5-Сон, 1-Жилд 2021. – Б. 88.
[9] Ўша жойда.
[10] Иқтибос олинди: Юнусов Ҳ. Сарахсийнинг халқаро – ҳуқуқий қарашлари ёхуд Ўзбекистон – халқаро ҳуқуқ ватани. Юрист ахборотномаси. Ҳуқуқий , ижтимоий, илмий-амалий журнали. 5-Сон, 1-Жилд 2021.  – Б. 87.
[11] Ўша жойда.
[12] Ўша асар. Б 88.
[13] Қаранг: Ўша жойда.
[14] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя шарҳи бидоятил мубтадий. Муомалот қисми. Учинчи жилд. Т.: “Hilol-Nashr. 2020. – Б. 310-311.
[15] Ўша асар, Б. 311.
[16] Ўша жойда.
Жўрабой ТОШҚУЛОВ,
 юридик фанлари доктори, профессор

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …