Мустақилликнинг илк кунлариданоқ миллий қадрйатларимиз билан бирга, юртимиздан чиққан алломаларнинг улуғ номлари қайта тиклашга давлатимиз томонидан катта эътибор берилмоқда. Юртимиз алломалари жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганини бутун дунё тан олмоқда.
Мовароуннаҳр фақиҳларнинг аксарияти Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида тўпланган эди. Лекин, уларнинг сафи турли вилоятлардан келган янги кучлар ҳисобига тўлиб борган. Бу эса ўз навбатида Мовароуннаҳр кичик шаҳарларида ҳам диний-маърифий ҳаётнинг юқори даражада бўлганидан дарак беради. Бу каби шаҳарлар орасида Марғилон, Насаф, Косон, Уструшана, Исфижоб, Ахсикат, Ўзганд, Риштон, Ўш кабиларни санаб ўтиш мумкин.
Мовароуннаҳрнинг машҳур шаҳарларидан бири Насаф шаҳри исломнинг турли илмларини ўзида мужассам этган забардаст олимларни вояга етказди. Насаф шаҳри ўзининг фақиҳлари билан кўпроқ шуҳрат топган. Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий, Бурҳон Насафий, Қози Абу Али Насафий, Абул Баракот Насафий каби етук фақиҳлар Мовароуннаҳрда фиқҳ илмини ривожланишида хизматлари беқиёсдир.
Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (461-537 ҳ.) ҳанафий мазҳабининг йирик намоёндаларидан бири, фиқҳ, усулул-фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом, араб тили ва адабиёти бўйича салоҳиятли ва иқтидорли олим эди. У фиқҳ илмини машҳур ҳанафий фақиҳ ҳисобланган Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавийдан (в.493/1099-1100 й.) олган. Шунингдек, ўғли Абул-Лайс Аҳмад Насафийни фақиҳ даражасига етказиб тарбиялаган.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, у юзга яқин китоб таълиф этган. Жумладан, «Ал-Қанд фи зикри уломои Самарқанд», «Бухоро тарихи», «Китобул-мавоқит», «Тафсирут-тайсир», «Ақоидун-Насафия», «Тилбатут-талаба» (ҳанафий мазҳабида ишлатиладиган фиқҳий атамаларни изоҳлаш мақсадида ёзилган) кабиларни келтириш мумкин. Унинг машҳур асари «Ал-Қанд фи зикри уломои Самарқанд» ҳисобланади. Унда XI aсргача яшаган Самарқандлик муҳаддислар ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
Насафлик яна бир фақиҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад Абдул-Фазл Насафий атоқли имом, юксак фазилатлар эгаси, тафсир, ҳадис усул ва калом илмлари соҳасидаги йирик олим эди. Унинг «Муқаддима» асари хилоф илми бўйича ёзилган машҳур асарлардан саналади. Шунингдек, Лакнавийнинг таъкидлашича ақоид бўйича Умар Насафийнинг китобини унинг қаламига мансуб. У ҳижрий 600 йилда вафот этган. Уни Абу Ҳанифанинг қабри ёнига дафн этилганлиги ҳақида ривоятлар мавжуд.
Ҳусайн ибн Хизр Қозий Абу Али Насафий ҳам Насафдан чиққан етук фақиҳлардан саналади. У фиқҳ илмини Абу Бакр Муҳамма ибн Фазлдан олган. Қози Абу Али ўз даврининг имоми бўлиб, фиқҳий масалаларга оид «Фавоид» ҳамда «Фатаво» номли асарлар ёзган. Олим жуда кўп шогирдлар чиқарган ҳамда ундан кўп кишилар ривоят қилган. 424 ҳижрийда Бухорода вафот этиб, Калабоз қабристонида дафн этилган.
Самарқандда «қозиул-қуззот», «хожалар хожаси», «Мовароуннаҳр шайхи» номлари билан машҳур бўлган Абул-Юср Қозий Садр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Мужоҳид Паздавий Насафий (421-493/1030-1100) Мовароуннаҳрнинг йирик фақиҳларидандир. Абул-Юср Самарқандда ҳанафий фиқҳининг ривожланишида катта хизмат қилган. Кўплаб асарлар муаллифларининг берган маълумотларига қараганда Абул-Юср кўп қиррали олим бўлган. У фаннинг анчагина соҳаларида фаолият олиб борган. Фиқҳ илмининг кенг ақл-заковат, зукколик талаб этувчи усул ва фуруъ соҳаларида илмий изланишлар олиб борган. Буни Бағдодий берган маълумотга кўра, унинг фиқҳга оид «Кенгайтирилган» (Ал-Мабсут) ва «Воқеалар» асарларидан кўриш мумкин. Бу ҳар икки асар ҳам фуруъ соҳасида ёзилган бўлиб, асосан ўша даврда мавжуд бўлган фиқҳий муаммоларни ўз ичига олган. Чунки бу асарларнинг таркибий мазмуни манбалардан маълум бўлса-да, ҳар иккиси ҳам, афсуски, бизгача етиб келмаган. Шунингдек унинг яна бир «Қорилар томонидан йўл қўйиладиган хатолар» (Зиллатул-қори) номли Қуръонни тўғри ўқиш қоидаларига доир асари ҳам мавжудлиги ҳақида манбаларда маълумотлар мавжуд.
Абул-Юср машҳур Паздавийлар сулоласига мансуб бўлиб, Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Паздавийнинг (ваф 390/999 й.) авлодларидандир. Шунга кўра Самарқандий Абул-Юсрдан фиқҳнинг фуруъ ва усул фанларидан ҳамда яна ақоид илмидан ҳам таҳсил олган дейиш мумкин.
Умуман олганда Абул-Юср фиқҳ ва ақоид илмлари борасида етук олим бўлган. Бир китобида у ўз бобосини эслаб, унинг (бобосининг) Мотуридий ҳақидаги ҳикоялари авлоддан-авлодга ўтиб келганлигини ёзган.
Абул-Юср Паздавий 493/1099-1100 йили Бухорода вафот этган. Паздавий фақиҳлар. Бу авлодда бир неча фақиҳлар бўлиб, аксарияти қозилик ва мударрислик фаолиятида, дин ва давлат ишларида катта мансаблар соҳиби бўлганлар. Бу сулоланинг йирик намоёндаларидан «Фахрул-ислом» номи билан машҳур бўлган Абул-Уср Али ибн Муҳаммад Паздавийдир. Абул-Уср Пазда[1] шаҳрида яшаган, бир оиладан етишиб чиққан икки ака-ука фақиҳнинг биридир. У 400/1009 йилда туғилган бўлиб, фиқҳнинг фуруъ ва усул борасида илмий фаолият олиб борган ва шу соҳада қўлланма асарлар соҳиби бўлганлиги сабабли «усулий» дея танилган.
Унинг вафоти тўғрисида 482/1089, 483/1090, 484/1091 ва 557/1161 саналари келтирилади. Тўғрироғи 482/1089 йил бўлиб, Кешда вафот этган. Манбаларда унинг жасади Самарқандга келтирилиб, масжид эшиги ёнига дафн этилган, деган хабар берилади.
Паздавийнинг фиқҳга оид кўплаб асарлари бизга қадар етиб келган. Жумладан, «Канзул-вусул ила маърифатул-усул», Китабул-мабсут», «Рисала фи қироъатул-мусалли», «Шарҳул-жомиъус-сағир», «Аз-Зийодот» ва «Зийодотуз-зийодот» кабиларни санаш мумкин.
Насафлик яна бир буюк муфассир ва фақиҳ Абул-Баракот Насафийдир. Унинг тўлиқ исми – Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий ал-ҳанафий бўлиб, Муҳаммад Шафиқ Ғирболнинг таъкидлашича 1232 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган[2].
Олимнинг ёшлиги Бухоро шаҳрида ўтган. Кейинчалик, илм олиш мақсадида жуда кўп шаҳарларни кезади ва шуҳрат қозонади. Тахминан 1280 йилларда Кирмон шаҳридаги мадрасада мударрислик қилган. Сўнг, ўша даврда йирик илм марказларидан ҳисобланган, Бағдодга бориб, у ерда илм мажлислари ташкил қилиб, талабаларга таълим берган. Олим ҳақида Ибн Камол Бошо шундай дейди: “У билан ижтиҳод даври тугаган, ундан кейин мазҳабда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид қолмаган.” Насафий 1310 йилда вафот этган ва Бакиристоннинг Айжаз шаҳрида дафн этилган[3].
Тадқиқотчилар муаллифнинг асарлари фақат диний илмларга оид бўлганини қуйидагича изоҳлайдилар: Муғиллар даврида ҳамма соҳа сингари диний соҳада ҳам инқироз кузатилди. Шунинг учун Насафий сингаи олимлар дин илмларини жонлантириш эҳтиёжидан келиб чиқиб шундай асарлар таълиф этганлар. Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та илмий асари борлиги ва уларнинг барчаси бизгача етиб келгани аниқланган. Улардан 5 таси фиқҳга, 4 таси каломга, 3 таси усулул фиқҳга ва биттаси тафсирга бағишланган. Бу асарларнинг 6 таси нашр этилган[4].
Насафийнинг энг машҳур асари «Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил» (Қуръон моҳияти ва таъвил ҳақиқатлари)дир. Асар Базовий ва Замахшарийнинг тафсирларидан қисқартириб олинган. Лекин муаллиф «Ал-Кашшоф»даги мўтазила эътиқодига мувофиқ масалаларни чиқариб ташлаб, уни аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мос равишда ёзган. Асарни босма нусхалари Ҳиндистон, Миср, Туркиядаги кутубхоналарда мавжуд. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида ушбу мўтабар тафсирнинг ўнлаб нусхалари сақланади. Ҳинд олимларидан Муҳаммад Абдулҳақ асарга ҳошия ёзган ва 4 жилдда Ҳиндистонда босиб чиқарилган. Асар раъйга оид тафсир ҳисобланиб, унда луғат имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Қуръон сўзларини очиб беришга ҳаракат қилинган.
Муаллифнинг фиқҳий асари ҳам тафсири сингари шуҳрат қозонган. Аксар муаллифлар ва халқ орасида «Канз» деб танилган «Канзуд-дақоқиқ» (нозик масалалар хазинаси) асари фуруъ масалаларига бағишланган. Асарда Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари, Имом Молик, Имом Шофеъий сингари мужтаҳидларнинг қарашларини келтирган. Эътиборли жиҳати шундаки асарда учрайдиган машҳур мужтаҳидларнинг исмлари белги сифатида берилган холос. Масалан, Абу Ҳанифа «ح» «ҳа», Абу Юсуф «س» «син», «م» имом Муҳаммад «мим» каби ҳарфлар билан берилган. «Канзуд-дақоқиқ» олимлар назнида «Мухтасарул-Қудурий»дан кейинги иккинчи мўтабар китоб ҳисобланади. Бу асар Абдуллоҳ ибн Абдураҳим томонидан урду тилига, Муҳаммад ибн Жаммод томонидан эса форс тилига таржима қилинган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Британия (30 та), Покистон (1 та) кутубхоналарида сақланмоқда. Шунингдек, ЎзР ФА ШИда 7 та қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Насафийнинг шунингдек, «Манор» (Усулул-фиқҳ), «Ал-Кафи», «Ал-Мусаффа фи шарҳ ал-манзумат ан-Насафия фил-хилаф» каби асарлари ҳам мавжуд.
Мовароуннаҳр, хусусан Насафлик олимлар умумислом назарий мафкурасини ривожлантиришдаги роли беқиёс хизматлари исбот талаб этмайдиган масаладир. Айниқса бунда Насаф фақиҳларини алоҳида таъкидлаш ўтиш лозим. Бу ҳақда уларнинг юзлаб асарларининг жаҳон қўлёзма хазиналаридаги минглаб нусхалари, энг замонавий матбааларда бу асарларнинг қайта-қайта илмий нашр этишлари сўзлаши мумкин.
Ўз даврида насафлик олимлар дин илмларини қайтадан жонлантиришга ҳаракат қилдилар. Уларнинг асарлари нафақат ўз даврининг масалаларига балки, бугунги кундаги ўта долзарб муаммоларга ҳам калит бўла олади. Глобаллашув шароитида динни ниқоб қилиб олиб, мамлакатимиз ҳудудига турли оқимларни кириб келиши кузатилмоқда. Шундай шароитда қадимдан Мовароуннаҳрда ривож топган ҳанафий мазҳабини ўрганиш ва унинг манбаларини таҳлил қилиш орқали ана шундай оқимларга қарши маънавий иммунитет ҳосил қилиш айни мақсадга мувофиқ дейиш мумкин.
Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси