“Марказий Осиё – Ислом санъати ўчоғи” номли Халқаро форумнинг иккинчи иш куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида очилди.
“Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида ўтказилаётган форумнинг асосий тадбирлари сирасидаги “Қуръони каримнинг Ўзбекистонда сақланаётган қадимий нусхалари кўргазмаси” ҳамда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Кўргазма очилишида сўзга чиққанлар форум тадбирларининг моҳияти, шунингдек, кўргазмада намойиш этилаётган ишлар нусхаларининг аҳамияти ва нодир қиймати ҳақида маълумотлар беришди.
Кўргазмада Қуръони каримнинг Ўзбекистонда сақланаётган 50 га яқин қадимий нусхалари, ИРСИКА ташкилоти томонидан ҳар йили Туркияда ўтказиладиган хаттотлар мусобақаси ғолибларининг 40 дан зиёд ишлари ҳамда юртимиздаги тарихий обидалар пештоқларидаги битиклар мазмунига оид Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган 10 дан ортиқ тўплам намойиш этилди.
Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари кўргазмасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юртимиз узоқ тарихдаёқ миллий ва диний қадриятлар, илм-фан, цивилизациялар маркази бўлганини яна бир бор кенг жамоатчиликка, халқаро илмий доира вакилларига намоён этишдан иборат. Кўргазмада Тошкентда сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг терига кўчирилган нусхаси, Катта Лангар Қуръонининг кўчирилган ва факсимиле нусхалари ҳамда юртимиз фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари намойиш қилинди.
Ушбу кўргазма ҳамюртларимиз қалбида алоҳида фахр уйғотишига шубҳа йўқ. Негаки, дунёда Мусҳафи шарифнинг илк нусхаларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мамлакат, қолаверса, ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом каби исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалари бор халқ камдан-кам топилади. Кўргазмага ташриф буюрганлар мутафаккирларимиз нафақат математика, география, астрономия, фалсафа, тиббиёт, грамматика, этнография каби дунёвий илмлар, шунингдек, меъморлик, наққошлик ва рассомлик сингари нафис санъат бобида, балки диний илмлар соҳасида ҳам яратган ўлмас асралари орқали юксак натижаларга эришганига яна бир карра ишонч ҳосил қилди. Ушбу тадбир орқали IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг “олтин даври”га айланишида айнан Мовароуннаҳр олимларининг ҳиссаси беқиёс бўлгани ҳам тарғиб этилди.
Айни пайтда ушбу кўргазма халқаро жамоатчилик, хориждаги манфаатдор илмий доиралар учун ҳам ғоят фойдали тадбир бўлди. Чунки, чет элликлар Қуръони каримнинг энг қадим нусхалари билан танишиш баробарида, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларга садоқати, буюк аждодлар хотирасига ҳурмат-эътибори, илм-фанга бўлган муносабатига гувоҳ бўлишди. Янги Ўзбекистонда ёш авлодни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар этиб вояга етказиш борасидаги ютуқлар, миллий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлар бераётган юксак натижалардан баҳраманд бўлишди. Форум тадбирлари давом этяпти.