Home / ЯНГИЛИКЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁ — ИСЛОМ САНЪАТИ ЎЧОҒИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ — ИСЛОМ САНЪАТИ ЎЧОҒИ

Шу йил 1 — 3 ноябрь кунлари Самарқандда “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида “Марказий Осиё — ислом санъати ўчоғи” мавзуида халқаро форум ўтказилади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (1ВС1СА) ҳамда қатор мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган тадбирдан кўзланган мақсад ислом тарихи ва маданиятига оид қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари, бу борада Ўзбекистон ва хориж тажрибаси, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатларини тиклаш ва ўрганишга доир замонавий илмий тадқиқот натижалари билан танишиш хамда тажриба алмашишдан иборат.

Кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат халқимиз, балки халқаро эксперт ва мутахассислар, бутун ислом оламининг машҳур вакиллари томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан очилган халқаро даражадаги илмий-тадқиқот марказлари дунёнинг энг нуфузли илмий марказлари билан алоқалар ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни юксалтириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш йўналишида ҳамда асрлар давомида шаклланиб келаётган маданий мерос, хаттотлик санъати ва ҳунармандлик каби соҳалар яна қайтадан тикланмоқда.

Халқаро форум доирасида ўтказиладиган тадбирлар шу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшади. Уларда маҳаллий ва етакчи нуфузли хорижий ташкилотлар, илмий муассасалар раҳбар ҳамда тадқиқотчилари, соҳа мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хаттотлар, кулоллар, наққошлар, қоғоз ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари, таниқли исломшунос олимлар қатнашади.

Форум Самарқандцаги “Боқий шаҳар” мажмуасида “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзуида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва савдо ярмаркаси билан бошланади. Ушбу тадбирларда мамлакатимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондан 30 нафарга яқин ҳунарманд усталар ишлари намойиш этилади.

Тарихдан маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиёти учун катта хизмат қилган. Дастлаб Қуръони карим тери, сопол, ёғоч ва қоғозларга кўчирилиб жамланди. Ўрта асрларда, ҳали китоб чоп этиш ихтиро қилинмаган маҳалда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китоб ҳолига келтирилган. Шу боис китоб кўчириш ўша даврда энг эътиборли ҳунар ва санъат ҳисобланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб ном олиб, кўплаб алломаларимиз ҳам ўз асарларини шу касб эгаларига кўчиртирган. Натижада қоғоз ишлаб чиқариш, хат турлари, терига ишлов бериш, ёғоч ва буюмларга нақш солиш каби бир қанча исломий санъат турлари шаклланди. Араб ёзуви турли санъат намуналарига кўча бошлади.

Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидаларимиз, масжид ва мадрасаларимизнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъат туридир. Марказий Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага Қуръони карим нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Бу санъат азалдан Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган.

Давлатимиз тарихида Бухоро, Хива, Қўқон, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланган. Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъати, жумладан, абру, кулолчилик, кандакорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги ва зардўзликда ҳам кенг фойдаланилган.

Фестивапь ва савдо ярмаркаси ҳам асрлар давомида ота-боболаримиздан бизгача етиб келаётган хаттотлик, абру, кулолчилик, кандакорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, қоғоз ишлаб чиқариш, миниатюра, зардўзлик, каштачилик, пичоқчилик, гиламдўзлик санъатини янада ривожлантириш, юртимизнинг турли ҳудудларида мазкур санъат мактабларини ташкил этиш ва бу соҳаларга қизиқувчилар орасида ушбу санъатни кенг тарғиб қилиш мақсадларини кўзлайди.

Араб каллиграфияси бўйича маҳорат дарси ва ислом санъатига оид давра суҳбати форумнинг навбатдаги тадбири ҳисобланади. “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтадиган тадбирларда Туркияда ўтказилган хаттотлик мусобақасининг 10 дан ортиқ ғолиблари томонидан маҳорат дарси ва давра суҳбати олиб борилади. Иштирокчилар амалий машқлар асосида хаттотлик санъати намуналарини яратиш кўникмалари ҳамда ислом санъати борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлишади.

Форум дастуридан Халқаро ислом хаттотлик кўргазмаси, Қуръони каримнинг қадимий нусхалари намойиши, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тайёрланган “Катта Лангар Қуръони: кеча ва бугун” лойиҳаси тақдимоти ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари кўргазмасини ўтказишдан кўзланаётган асосий мақсад юртимиз узоқ тарихдаёқ миллий ва диний қадриятлар, илм-фан, цивилизациялар маркази бўлганини яна бир бор кенг жамоатчиликка, халқаро илмий доира вакилларига намоён этишдан иборат. Кўргазмада Тошкентда сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг терига кўчирилган нусхаси, Катта Лангар Қуръонининг кўчирилган ва факсимиле нусхалари ҳамда юртимиз фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари намойиш қилинади.

Ушбу кўргазма ҳамюртларимиз қалбида алоҳида фахр уйғотишига шубҳа йўқ. Негаки, дунёда Мусҳафи шарифнинг илк нусхаларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мамлакат, қолаверса, ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом каби исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалари бор халқ камдан-кам топилади. Кўргазмага ташриф буюрганлар мутафаккирларимиз нафақат математика, география, астрономия, фалсафа, тиббиёт, грамматика, этнография каби дунёвий илмлар, шунингдек, меъморлик, наққошлик ва рассомлик сингари нафис санъат бобида, балки диний илмлар соҳасида ҳам ўлмас асарлар яратиб, юксак натижаларга эришганига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Ушбу тадбир орқали IX — XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг “олтин даври”га айланишида айнан Мовароуннаҳр олимларининг ҳиссаси беқиёс бўлгани ҳам тарғиб этилади.

Айни пайтда ушбу кўргазма халқаро жамоатчилик, хориждаги манфаатдор илмий доиралар учун ҳам ғоят фойдали тадбир бўлади. Чунки чет элликлар Қуръони каримнинг энг қадим нусхалари билан танишиш баробарида, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларга садоқати, буюк аждодлар хотирасига ҳурмат-эътибори, илм-фанга бўлган муносабатига гувоҳ бўлади.

Янги Ўзбекистонда ёш авлодни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар этиб вояга етказиш борасидаги ютуқлар, миллий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлар бераётган юксак натижаларга яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Форум доирасида бўлиб ўтадиган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқэтиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзуида халқаро конференция ҳам эътиборга молик.

Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги қарорига асосан қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқэтиш тизими такомиллаштирилди. Қарорда қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш ва уларни консервация ҳамда реставрация қилиш вазифалари белгилаб берилди.

Халқаро конференция ҳам қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимидаги мавжуд муаммоларни амалий фаолият асосида бартараф қилиш, нодир манбаларни консервация ва реставрациялашни янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон ҳамда хориж тажрибасини мувофиқлаштириш, уни қадимий ёзма манбалар реестрини тузим ва рақамлаштириш ишида амалиётга кенг кўллаш мақсадларини кўзлайди.

Анжуман давомида тизимдаги муаммолар аниқланиб, ютуқ ва камчиликлар белгилаб олинади ҳамда соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф ҳамда мулоҳазалар ишлаб чиқилади.

Конференция якунларига кўра мамлакатимиздаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузиш ва доимий мониторингини юритиш бўйича соҳа мутахассисларининг кўникмалари оширилади. Давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари бўйича (қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар) каталоглар ва электрон нусхаларини яратиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил этилиб, манбалар консервацияси ва реставрацияси билан шуғулланаётган ходимларнинг мунтазам равишда касбий салоҳиятини ошириш бўйича Ўзбекистон ва хориж тажрибаси ўрганилади.

Иштирокчиларда музейлар, кутубхоналар ва давлат ташкилотларидаги ёзма манбаларга оид маълумотлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мажбурий тартибда, бошқа шахслар (фуқаро ва шахсий қўлёзма фонд эгалари) эса ихтиёрий асосда тақдим этиш тартиби бўйича кўникма ҳосил қилинади. Шунингдек, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасидаги ишлар кенг жамоатчиликка етказилади. Конференцияда кўрилган масалалар ва тингланган маърузалар асосида хулосавий тўхтамга келинади.

Халқаро форум сўнгида иштирокчиларнинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганишнинг аҳамиятини ёритувчи якуний баёнот қабул қилинади.

Бундай тадбирлар Ўзбекистоннинг ислом санъати ўчоғи бўлганлигини яна бир бор намойиш этиш билан бирга, юртимизда зиёрат туризмини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, доцент.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 1 ноябрь, № 235 (8297)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …